Жаннатга элтувчи амаллар (1)


    Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

    Аллоҳ таолога ҳамду санолар, У буюк зотнинг Пайғамбари ҳазрати Муҳаммадга ва у кишининг аҳли байтларига, саҳобаларига ҳамда тобеинларига салавоту саломлар бўлсин!

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (саҳобаларга савол қилиб): “Бугун қайси бирингиз рўзадор бўлиб тонг оттирди?” — дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Мен”, — деди.

    — ″Бугун қайси бирингиз жанозага эргашди?” (яъни, жаноза маросимида иштирок этди?) — дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: ″Мен″, — деди.

    — ″Бугун қайси бирингиз камбағал-бечорани таомлантирди?″ — дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: ″Мен″,— деди.

    — ″Бугун қайси бирингиз касал кўргани борди?″ — дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: ″Мен″ — деди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ″Кимда мана шу амаллар жамланса, албатта у жаннатга киради″ — дедилар» (Имом Муслим ривояти).

    Бу ҳадис ўзида гўзал хислатларни жамлаган улуғ ҳадисдир. Ҳадиси шарифда баён қилинган мазкур гўзал хислатларга эга бўлган шахс (Аллоҳнинг марҳамати билан) албатта жаннатга киради. Жаннатга элтувчи бу гўзал хислат (амал)лар Аллоҳ таоло осон қилган кишиларга осондир. Инсон нафсини жиловласа бас, нафснинг зиддига бундай амал қилишнинг натижаси жаннатдир. Жаннат эса Аллоҳ таолонинг матоси. “Огоҳ бўлинг! Аллоҳнинг матоси қимматбаҳодир! Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг матоси жаннатдир!

    Шундай экан, эй азиз биродарлар, Раҳмон таолонинг қимматбаҳо матоси жаннатни харид қилиш учун саъй-ҳаракат қилайлик!

    Дўстлар! Нафл рўза, жанозага қатнашиш, бечора-камбағални таомлантириш ва касал кўриш каби солиҳ амаллар буюк фазл соҳиби бўлмиш Аллоҳ таолонинг биз мўмин бандаларига бўлган фазли карамидандир. Юқоридаги ҳадиси шарифда айтиб ўтилганидек, қайси бир мусулмон шахс ушбу улуғ амалларни бир кун ичида амалга оширса, у шубҳасиз жаннатга киради.

    Муҳтарам ўқувчи! Иншааллоҳ биз ушбу суҳбатимизда, мана шу тўрт хислат; рўза, жаноза, камбағал-бечорани таомлантириш ва касал кўриш ҳақида алоҳида-алоҳида тўхталиб, уларнинг фазилати ҳақида сўз юритмоқчимиз.

    Биринчи: рўза

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

    «Аллоҳ азза ва жалла айтди: ″Одам фарзандининг барча амали музоаф этилади (яъни, савоби зиёда этилиб, кўпайтирилади) – қилинган биттагина солиҳ амал ўн баробардан етти юз баробаргача музоаф этилади. Магар рўза (ундай эмас). У Мен учундир, унинг мукофотини Ўзим бераман, (чунки, бандам) Мен учун шаҳватини, таомини тарк этади. Рўзадорга икки шодлик бор: бир шодлик ифтор пайтида, яна бири Парвардигорига учраган пайтда. Унинг оғзидаги (рўза сабабли пайдо бўладиган) ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк-анбар ҳидидан кўра хушбўйроқдир» (Бухорий ва Муслим ривояти).

    Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

    «Рўза ва Куръон қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза айтади: ″Эй Роббим! Мен бу бандангни кундузлари таоми ва шаҳватидан ман қилдим. Энди мени унга шафоатчи қилгин!″. Қуръон айтади: ″Мен уни тунлари уйқудан қўйдим (яъни, тунлар мени тиловат қилиб уйқудан қолган) менинг унга қилган шафоатимни қабул қилгин!″ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: ″Иккисига ҳам шафоатга рухсат берилади» (Имом Аҳмад ривояти).

    Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

    «Қайси бир банда Аллоҳ йўлида (яъни, холис Аллоҳ таоло учун) бир кун рўза тутса, Аллоҳ таоло шубҳасиз, мана шу кун баробарига унинг юзини дўзахдан етмиш йиллик масофа йироқлаштиради» (Муттафақун алайҳ).

    Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

    «Жаннатда бир эшик бор, у ″Раййон″ деб аталади. Қиёмат куни ана шу эшикдан фақатгина рўзадорлар киришади, улардан бошқа биров бу эшикдан кирмайди. “Рўзадорлар қаерда” деб нидо қилинади, улар ўринларидан турадилар, улардан бошқа биров бу эшикдан кирмайди. Улар киришгач бу эшик ёпилади ундан бошқа биров кирмайди» (Муттафақун алайҳ).

    Қаранг дўстим! Аллоҳ таоло ушбу солиҳ амал бўлмиш рўзанинг ажру-савобини Ўзим бераман деб ваъда қилди. Ушбу ибодат нақадар буюк ибодат эканлиги ва унга бериладиган ажру-савобнинг нақадар улканлиги ҳақида сира сўраманг! Бу Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига ато этган буюк фазли-карамидир!

    Рўзанинг фазилатлари жуда кўп. Жумладан:

    1 – Рўза дўзахдан қалқон;

    2 – Рўза шаҳватни жиловловчи омил;

    3 – Рўза жаннатга элтувчи йўл;

    4 – Рўза рўзадорни қиёмат куни шафоат қилади;

    5 – Рўза гуноҳларнинг мағфират этилишига сабаб ва уларга каффорат ҳамдир;

    6 – Рўза банданинг икки дунёда бахт-саодат топмоғига сабаб бўладиган омиллардандир;

    7 – Рўзадор оғзида пайдо бўладиган ҳид Аллоҳ таоло наздида мушки-анбардан ҳам кўра хушбўйроқ;

    8 – Рўзадорлар то ифтор қилгунларига қадар фаришталар уларнинг гуноҳларига мағфират тилаб, дуо қилиб турадилар.

    Иккинчиси: жанозага эргашишнинг фазилати

    Ибтидо интиҳо билан, учрашув айрилиқ билан тугамоғи ва тирик жонзотнинг бир кун келиб вафот топмоғи содир бўлиши муқаррар ва инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир» (Оли Имрон, 185). Ўлим барча тирик жонзотнинг ниҳоясидир. Инсон ўлимдан кейин бу дунёда қилган амаллари қошига, ҳақиқий манзилига равона бўлади. Шундай экан, ″Доно ўзини ўзи тергаган, ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган кишидир″. Ушбу ҳикмат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзларидир.

    Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ким (ҳаётида) зарра мисқолича яхшилик қилса, (қиёмат куни) ўшани кўрур. Ким зарра мисқолича ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!» (Залзала, 7-8 оятлар).

    Мусулмон кишининг ҳуқуқларидан бири вафот топганидан кейин унинг жанозасида ҳозир бўлишдир (яъни, бу тирикларнинг вазифасидир).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

    «Мусулмоннинг бошқа мусулмон биродари устидаги ҳаққи олтитадир:

    1 – Унга учрашганингда салом бер!

    2 – Сени (зиёфат учун) чақирса, унга ижобат эт!

    3 – Сендан насиҳат сўраса, унга насиҳат қил! (яъни унга холис маслаҳат бер!)

    4 – Акса уриб, «алҳамдулиллоҳ» деса, сен унга (жавобан) «ярҳамукаллоҳ» де!

    5 – Агар тоби қочиб касал бўлса, уни кўришга боргин!

    6 – Агар вафот топса, унинг жанозасига эргаш! (яъни, унинг жанозасида иштирок эт!) (Муслим ривояти).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

    «Ким иймон билан, савоб умидида мусулмоннинг жанозасига унга намоз ўқилиб, дафн қилингунга қадар қатнашса, икки қийрот савоб билан қайтади. Ҳар бир қийротнинг миқдори Уҳуд тоғичадир. Жаноза намозини ўқиб, дафндан аввал қайтса, унинг савоби бир қийротга тенгдир» (Бухорий ривояти).

    Ҳурматли ўқувчи! Мана, ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек, Аллоҳ таоло мусулмоннинг ҳаққини шу даражада эътиборга олдики, ҳатто унинг вафотидан кейин ҳам қолган мусулмонлар устларида ҳаққи бор эканини баён қилди. Уларни ана шу ҳақни адо этишларига тарғиб этиб, уни бажаришга саъй-ҳаракат қилган мусулмонга улкан савоблар ваъда қилди.

    (Давоми бор)

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963