Бизга боғланинг
«Ҳиснул муслим» шарҳи (19): Янги кийим кийганда ва янги кийим кийган кишига айтиладиган дуолар
2- دعاء لبس الثوب
Кийим кийиш дуоси
5 – [الحمد لله الذي كساني هذا (الثوب) ورزقنيه من غير حول مني ولا قوة]
“Алҳамду лиллаҳил–лазий касааний ҳааза ва розақонийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва лаа қувваҳ”[1].
Маъноси: «Менга бу кийимни кийдирган ва уни менга менинг куч-қудратимсиз насиб этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин«[2].
Бу ҳадисни Муоз ибн Анас Ансорий разияллоҳу анҳу ривоят қилган.
“…менга менинг куч-қудратимсиз насиб этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин”. Яъни ҳеч бир мустақил ҳаракатим ва устомонлигимсиз менга Ўзининг марҳамати ила ушбу кийимни ато этган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
3 – دعاء لبس الثوب الجديد
Янги кийим кийганда ўқиладиган дуо
6-[اللهم لك الحمد أنت كسوتنيه أسألك من خيره وخير ماصنع له وأعوذ بك من شره وشر ما صنع له [
“Аллоҳумма лакал ҳамду анта касавтанийҳи асъалука мин хойриҳи ва хойри маа суниъа лаҳу ва аъузу бика мин шарриҳи ва шарри маа суниъа лаҳу”[3].
Маъноси: “Парвардигоро! Ўзинга ҳамдлар бўлсинки, сен бу либосни менга кийдирдинг. Мен Сендан унинг яхшилигини ва унга берилган яхшиликни сўрайман ва Сендан унинг ёмонлигидан ва унга берилган ёмонликдан паноҳ тилайман”[4].
Ҳадисни Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилган.
“Мен сендан унинг яхшилигини”. Яъни ушбу кийим пок ва чидамли бўлишини ҳамда зарурат ва эҳтиёжларимга кийишимни насиб этишингни сўрайман.
“…ва унга берилган яхшиликни”. Кийимга берилган энг яхши нарса зарурат учун кийилишидир. Зарурат деганда иссиқ ва совуқдан сақлаш, авратни тўсиш каби кийим тикилишидан кўзланадиган асл мақсад тушунилади.
Бу ерда мазкур ишларда энг яхшисини беришини ҳамда кийимни ундан кўзланган асл мақсадга етказишга хизмат қилишини Аллоҳдан сўраш ирода қилинган. Зеро, кийимдан кўзланган асл мақсад тоат-ибодатга ва Яратган итоатига восита бўлишидир.
“…сендан унинг ёмонлигини ва унга берилган ёмонлигидан паноҳ тилайман”. Кийимнинг ёмонлиги ва унга берилган ёмонлик юқорида айтилганларнинг аксидир. Яъни ҳаромдан, нопок нарсадан бўлиши, чидамсиз бўлиши ёки гуноҳ-маъсиятга, ёмонликка, мақтанишга ва ўзига маҳлиё бўлишга, мағрурланишга ва қаноатсизликка сабаб бўлишидир.
4 – الدعاء لمن لبس ثوبا جديدا
Янги кийим кийган кишига айтиладиган дуо.
7 – [تبلي ويخلف الله تعالى]
“Тублий ва юхлифуллоҳу таалаа”[5].
Маъноси: “Кийимингизни эскиртираверинг ва Аллоҳ таоло яна янгисини насиб этаверсин”.
Ҳадисни Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилган.
“Эскиртираверинг”. Яъни умрингиз узоқ бўлиб, ушбу кийимни эскириб, тўзгунча кийинг, деган маъно ирода қилинган.
“Аллоҳ таоло яна янгисини насиб этаверсин”. Яъни Аллоҳ таоло унинг ўрнига янада яхшироғини бераверсин.
Бошқа ривоятда:
8 – [البس جديدا وعش حميدا ومت شهيدا]
“Илбас жадийдан ва иш ҳамийдан ва мут шаҳийдан”[6].
“Янги кийинг, мақтовга сазовор ҳолда яшанг ва шаҳид бўлиб дунёдан кўз юминг”[7].
Ҳадисни Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳумо ривоят қилган.
“Янги кийинг”. Буюруқ кўринишида айтилган бўлса-да, лекин дуо ирода қилинган. Яъни Аллоҳ таоло янги кийим ато этсин, деган маънода. Чунки Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу дуони Умар разияллоҳу анҳунинг устида оқ кўйлакни кўрганларида айтганлар. Бир куни у зот саллаллоҳу алайҳи ва саллам Умардан: “Устингдаги кийим ювилганми ёки янгими?”, деб сўрадилар. У: “Йўқ, ювилган”, деб жавоб берди. Шунда Пайғамбаримиз: “Янги кийинг…”, дея ушбу дуони айтган эканлар.
“…мақтовга сазовор ҳолда яшанг”. Бу жумла ҳам буйруқ кўринишида бўлгани билан, бироқ дуо маъносида айтилган. Яъни ҳаётингиз Аллоҳ таолонинг тоат-ибодати билан ўтсин. Натижада, Раббингизга ҳамд-мақтов айтган ва У зотнинг ва одамларнинг олдида мақтовга сазовор ҳолда яшаган бўласиз.
“…шаҳид бўлиб дунёдан кўз юминг”. Бу ерда ҳам дуо маъноси ирода қилинган. Яъни Аллоҳ таоло чиройли хотимани насиб қилсин. Албатта, энг гўзал хотима Аллоҳ йўлида шаҳид бўлишдир.
[1] Насоийдан ташқари барча “Сунан” китобларида ривоят қилинган. Абу Довуд (4023), Термизий (2458), Ибн Можа (3285). Мазкур ҳадис матни Абу Довудга тегишли. Қаранг: “Ирво ал-ғалил”, 7/47. (Қ).
[2] Изоҳ: Яъни банда кийим кийишидан аввал шу кийимни инъом қилган Аллоҳга ҳамду санолар айтиши ва ўзини ҳеч нарсага қодир бўлмаган ожиз қул эканлигини изҳор қилиши лозим. Маълумки одам алайҳиссалом жаннатдан чиқарилиб, ерга тушган вақтларида авратлари ёпиқ ҳолатда бўлган эди. Балки Аллоҳ таоло у зотга жаннатда бир дарахтнинг мевасидан тановул қилишни ман этганда, илоҳий тақдирнинг ҳукми ила шайтоннинг васвасасига учиб бу таомдан еб қўйганликлари жаннатдан чиқишларига ҳам сабаб бўлган эди. Яъни бу дарахтнинг мевасидан еганларидан сўнг ҳожат чиқаришга мажбур бўлиб қоладилар. Демак даҳрийларнинг инсонлар ибтидоий даврда кийимсиз бўлган деган назариялари мутлақо далилсиз ва шайтоннинг васвасасидан ўзга нарса эмас экан. Аллоҳ бундай эътиқодлардан барчамизни ўзи асрасин.
[3] Абу Довуд (4020), Термизий (1767) ва Бағавий ривояти. Қаранг: Албоний, “Мухтасар шамоил ат-Термизий”, 47-бет. (Қ).
[4] Изоҳ: Кийим неъматига ҳамд айтгандан сўнг Аллоҳ таолодан у кийимдан унумли фойдаланиш тиланади, яъни авратларни беркитиши, совуқ ва иссиқдан сақлаши каби талай яхши ишларга ишлатиш мақсад қилинади. Кейин эса бу кийимни ёмон йўлларга ишлатишдан паноҳ бериши сўралади. Кибру ҳаво, фахр-ғурур йўлида безанишлар маъсиятлар жумласидандир! -дейди бу ҳадисни шарҳлаган уламолар.
[5] Абу Довуд (4020). Қаранг: “Саҳиҳи Абу Довуд” (2/760). (Қ).
[6] Ибн Можа (3557) ва Бағавий (12/41) ривояти. Қаранг: “Саҳиҳи Ибн Можа” (2/275).
[7] Изоҳ: Бу мусулмон кишининг одоб-ахлоқидан бўлиб, қачонки биродарида янги кийим кўрса унга ҳасад қилишнинг ўрнига мана шундай дуолар қилади. Натижада бу дуолар унинг қалбидаги гина-кудуратларни йўқотишга ҳам сабаб бўлади.