Ислом Нури

«Ҳиснул муслим» шарҳи (20): Кийимини ечганда, ҳожатхонага кирганда ва ҳожатхонадан чиққанда ўқиладиган дуолар

5 – مايقول إذا وضع ثوبه

Кийимини ечганда ўқийдиган дуо

9 – [بسم الله]

“Бисмиллаҳ – яъни Алоҳнинг номи ила ечаман”[1].

Ҳадисни Али ибн Абу Толиб ва Анас ибн Молик разияллоҳу анҳумо ривоят қилган. Ҳадиснинг тўлиқ нусхаси қуйидагича: “Одам боласи кийимини ечганида авратини жинларнинг кўзидан тўсувчи парда “Бисмиллаҳ”, деб айтишидир[2].

Парда – тўсиқ.

…“Бисмиллаҳ”, деб айтишидир”. Чунки Аллоҳ таолонинг исми бамисоли Одам боласига қўйилган муҳрдек бўлиб, уни жинлар еча олмайди.

Баъзи уламолар айтишича, айнан шу ўринда “Бисмиллаҳ”га “раҳмонир-роҳийм” қўшиб айтилмайди. Чунки ҳадисда кўрсатилган сўзга чекланиш лозим.

6 – دعاء دخول الخلاء

Ҳожатхонага кирганда ўқиладиган дуо.

10 – [بسم الله ، اللهم إني أعوذ بك من الخبث والخبائث]

 “Бисмиллаҳ. Аллоҳумма инний аъузу бика мин ал-хубси вал-хобааис”[3].

Маъноси: “Аллоҳнинг номини ёдга олиб кираман! Парвардигоро! Мен Сендан шайтонларнинг эркагу аёлидан паноҳ беришингни сўрайман”[4].

Ҳадисни Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилган.

Имом Бухорий келтирган бир ривоятда: “Ҳожатхонага кирмоқчи бўлса”, дейилган. Яъни ушбу дуони ҳожатхонага киргандан кейин эмас, балки киришдан олдин ўқийди.

“…ал-хубси вал-хобаис”. Яъни шайтон ва жинларнинг эркагу аёли. Баъзи уламоларнинг фикрича, ушбу сўзлардан ёмонлик ирода қилинган (Яъни ҳожатхонада менга ҳар қандай ёмонлик етишидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман, деган маънони билдиради).

7 – دعاء الخروج من الخلاء

Ҳожатхонадан чиққандан сўнг ўқиладиган дуо.

11 – [غفرانك]

“Ғуфронак”[5].

Маъноси:  “Эй Раббим! Сендан мағфиратингни тилайман”[6].

Ҳадисни Ойша битни Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳо ривоят қилган.

“Ғуфронак”, яъни Сендан мени мағфират қилишингни (гуноҳларимни кечиришингни) сўрайман.

Айтилишича, ҳожатхонадан чиққанда ушбу дуо ўқилишининг сабаби шуки, Аллоҳ таоло бандага таом ва ичимликни ҳеч қийинчиликсиз еб-ичишга ва улардан танага керакли озуқа ажралиб, кераксиз моддалар ҳожат орқали чиқиб кетишига имкон бериб қўйган. Аллоҳнинг бу неъматига муносиб шукр қилишга банданинг кучи етмайди. Шу сабабли ушбу неъматнинг шукрини тўлиқ адо этолмаслигини эътироф қилиб, истиғфор айтади. Валлоҳу аълам.

[1] Изоҳ: Аслида ҳар бир ишимизда “бисмиллоҳ” калимасини нутқ қилишимиз керак. Чунки бисмиллоҳ айтилмай қилинган ишлар ўнгидан келмаслиги ҳақида ҳадиси шариф бор.
[2] Термизий (606) ва бошқалар ривоят қилган. Қаранг: “Ал-ирво”, (50-рақам) ва “Саҳиҳ ал-жомеъ”, (3\203) 3610-рақам. (Қ).
[3] Бухорий (142) ва Муслим (375) ривояти. Бошидаги “Бисмиллаҳ” сўзини Саид ибн Мансур ривоят қилган. Қаранг: “Фатҳул Борий”, (1\244). (Қ).
[4] Изоҳ: Баъзи уламолар айтадиларки: Ҳадисдаги “хубс”дан мурод шайтонларнинг эркаги, “хабоис” эса уларнинг аёлларидир. Ҳожатхонага кираётган киши уларнинг зиён-заҳматлари етишидан Аллоҳдан паноҳ сўраши лозим. Чунки ундай жойлар шайтонларнинг маконларидир. Улар кўпроқ ана шундай ифлос нажосат жойларда бўладилар, чунки Аллоҳнинг зикри ундай ерларда бўлмайди. Бу дуони Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари ҳам ўқишлари ҳақида уламолардан бирлари Ибн Мулаққин исмли киши шундай деган: “Пайғамбар алайҳиссалом зотан шайтонларнинг зараридан Аллоҳнинг паноҳида эдилар, мисол учун у зот Ифрит исмли шайтонни кечаси ушлаб олиб, масжиднинг устунларидан бирига боғлаб қўймоқчи бўлган ҳам эдилар, кейин эса “биродарим Сулаймон алайҳиссаломнинг Аллоҳга қилган дуоси ёдимга тушиб қолиб, бу шайтонни қўйиб юбордим!” деган эдилар. Хўш, ундай бўлса нима учун бу дуони ўқир эдилар? Сабаби шуки, муборак шахсиётларини Парвардигорга қул эканлигини бир тарафдан изҳор қилсалар, иккинчи тарафдан умматлари учун мана шундай гўзал таълимотларни амалий равишда етказар эдилар”.
Ва яна бу ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом Раббиларининг зикрида мудом бўлганликлари ва у зикрларнинг вақтларига ҳам қаттиқ эътибор берганликлари ҳам равшан кўриниб турибди.
[5] Термизий (7), Абу Довуд (30), Ибн Можа (300), Насоий, “Амалу ал-явми ва ал-лайла”, 79. Қаранг: “Зодул маод”, (2\386) тахрижига. (Қ).
[6] Изоҳ: Бу ҳадиснинг шарҳида уламолар айтадиларки: Аллоҳ таоло бандасига ризқ ато этиб, едириб-ичириб, сўнг уни ҳазм қилдириб ва ахлатини ҳам чиқаришга қодир қилиб қўйганлиги учун банда ўзининг ниҳоятда ожиз, заиф эканлигини тан олиши ҳамда Аллоҳ таолога тавба қилиб, шукрлар қилмоғи лозим. Пайғамбар алайҳиссалом ҳамиша зикр қилиб юрганликлари боис агар ҳожатхонада бўлсалар, ана шу ерда зикрсиз ўтказган вақтларига ачиниб чиққанларидан кейин Аллоҳга тавба қилар эканлар.