Исро ва Меърож кечасини нишонлаш ҳукми

    Савол: Исро ва Меърож кечаси, яъни Ражаб ойининг йигирма еттинчи кечасини нишонлаш ҳукми нима?

    Жавоб: Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин.

    Исро ва Меърож Аллоҳнинг буюк мўъжизаларидандир

    Шубҳасиз, Исро ва Меърож Аллоҳнинг улуғ мўъжизаларидан бўлиб, у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ростгўйлигига ва Аллоҳ азза ва жалла ҳузуридаги мартабасининг улуғлигига далолат қилади. Шунингдек, бу мўъжиза Аллоҳ таолонинг қудрати чексиз ҳамда барча махлуқотларидан олий эканига далилдир. Аллоҳ таоло айтади: «Бир кеча Ўз бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Масжиди Ҳаромдан Биз атрофини баракали қилган Масжиди Ақсога олиб борган Аллоҳ барча айбу нуқсондан покдир. Бу мўъжиза бандасига Аллоҳ ўз оят-мўъжизаларини кўрсатиши учун эди. Албатта Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчидир» (Исро сураси, 1-оят).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган мутавотир[1] ҳадисларда келишича, у зот осмонга кўтарилганлар ва осмон эшиклари у зот учун очилган, ҳатто еттинчи осмондан ҳам ўтганлар. Аллоҳ таоло у зот билан Ўзи хоҳлаган нарсалар ҳақида гаплашган ва беш вақт намозни фарз қилган. Аллоҳ таоло аввал эллик вақт намозни фарз қилган эди. Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни енгиллатишни сўраб мурожаат қилавердилар, токи беш вақтга қисқартирилди. Охири беш вақт фарз қилинди, аммо савоби эллик намозга тенг бўлди, чунки динимизда ҳар бир яхшилик (савоб) ўн баробар кўпайтириб берилади. Барча неъматлари учун Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

    Исро ва Меърож кечаси қачон бўлгани ҳақида бирор ишончли хабар собит бўлганми?

    Исро ва Меърож воқеаси содир бўлган бу кеча на Ражаб ойида ва на бошқа ойда экани саҳиҳ ҳадисларда баён этилмаган. Бу кечани аниқ белгилаш борасида келган барча ривоятлар ҳадис уламолари наздида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлмаган. Шубҳасиз, одамларга бу кеча қачон бўлгани унуттирилишида Аллоҳнинг етук ҳикмати бор.

    Исро ва Меърож кечасини нишонлаш жоизми?

    Агар бу кеча санаси аниқ бўлганда ҳам мусулмонларга уни бирор ибодат билан хослаш ва нишонлаш жоиз бўлмас эди, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари розияллоҳу анҳум бу кечани нишонламаганлар ва бирор ибодат билан хосламаганлар. Бу кечани нишонлаш шариатга мувофиқ бўлганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни умматга ё сўз билан ва ё амал билан баён қилган бўлар эдилар. Агар бундай баён содир бўлганида, у ҳаммага маълум ва машҳур бўлиб, саҳобалар розияллоҳу анҳум уни бизгача етказган бўлар эдилар. Зеро, улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уммат унга эҳтиёж сезадиган бирор нарсани қолдирмасдан ва яширмасдан рўйи-рост ривоят қилганлар. Қолаверса, улар ҳар бир яхши амалга ҳаммадан аввал шошадиган кишилар эдилар.

    Агар бу кечани нишонлаш шариатда жоиз бўлганида, саҳобалар ўзлари биринчилардан бўлиб уни нишонлаган бўлар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларга энг хайрихоҳ киши эдилар, рисолатни тўла-тўкис етказдилар ва зиммаларидаги омонатни адо этдилар. Агар бу кечани улуғлаш ва нишонлаш Аллоҳнинг динидан бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни унутмаган ва одамлардан яширмаган бўлар эдилар. Бундан маълум бўладики, бу кечани нишонлаш ва улуғлаш Исломга алоқадор эмас. Аллоҳ бу умматнинг динини мукаммал, неъматини тўкис қилди ва Аллоҳ изн бермаган амални динда жорий қилганларни қоралади. Аллоҳ таоло айтади: «Бугун Мен сизларга динингиз Исломни комил қилдим, неъматимни тўла-тўкис қилдим ва сизлар учун Исломни дин ўлароқ танладим» (Моида, 3). Бошқа оятда бундай дейди: «Ёки уларга Аллоҳ изн бермаган нарсани динда жоиз қилиб берувчи шериклари борми?» (Шўро, 21).

    Бидъатлардан огоҳлантириш

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисларда бидъатлардан огоҳлантирганлар ва улар залолат эканини очиқ баён қилганлар.

    Жумладан, Бухорий ва Муслим Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бизнинг шариатимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад этилгандир», дедилар. Муслимдан ривоят қилинган бошқа ҳадисда: «Ким бизнинг ишимизга (шариатимизга) мувофиқ бўлмаган амални қилса, у рад этилгандир», дейилган. «Саҳиҳи Муслим»да Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума кунидаги хутбаларида: «Амма баъд. Албатта, сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, (динга оид) ишларнинг энг ёмони янги пайдо қилинганларидир ва ҳар бир бидъат залолатдир», дер эдилар. Насоий ҳасан санад билан: «Ҳар бир залолат дўзахдадир» жумласини қўшимча қилган.

    «Сунан» китобларда Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга таъсирли ваъз қилдилар, ундан қалблар қўрқувга тушди, кўзлар ёшланди. Биз: «Ё Расулуллоҳ, бу видолашувчи кишининг ваъзига ўхшайди, бизга насиҳат қилинг!» дедик. Шунда у зот: «Сизларга Аллоҳдан тақво қилишни ҳамда сизларга қул бошлиқ бўлса ҳам унга қулоқ солиб, итоат этишни васият қиламан. Сизлардан ким узоқ яшаса, ҳали кўп ихтилофларни кўради. Менинг суннатимни ва мендан кейин рошид (илм ва амалда тўғри йўлда бўлган) халифалар суннатини маҳкам ушланглар, уни озиқ тишларингиз билан тишлаб олинглар. Динда янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинглар, чунки ҳар бир янги пайдо қилинган нарса бидъатдир ва ҳар бир бидъат залолатдир», дедилар». Бу маънодаги ҳадислар кўп.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима учун бидъатлардан огоҳлантирар эдилар?

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари ва улардан кейинги солиҳ салафлар одамларни бидъатлардан қаттиқ огоҳлантириб, улардан четланишга чақирганлари собит бўлган. Чунки бидъатлар динда ортиқча бўлган ва Аллоҳ уларнинг жорий этилишига рухсат бермаган ишлардир. Шунингдек, бидъат қилиш яҳудий ва насронийларга ўзни ўхшатиш бўлиб, улар ўз динларида Аллоҳ изн бермаган ишларни зиёда қилган ва кўп бидъат чиқаришган. Қолаверса, бидъат зимнида Ислом динини нуқсонли деб билиш ва уни мукаммал эмас деб айблаш ётади. Маълумки, бу улкан фасод, ёмон мункар ва Аллоҳ азза ва жалланинг «Бугун сизларга динингизни мукаммал қилдим», деган сўзига қарши чиқишдир. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бидъатлардан огоҳлантириб, улардан нафратлантирадиган ҳадисларига очиқдан-очиқ бўйсунмасликдир.

    Хулоса

    1. Исро ва Меърож Аллоҳнинг улуғ мўъжизаларидан бўлиб, У Зотнинг расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ростгўйлигига ва Аллоҳ азза ва жалла ҳузуридаги мартабасининг улуғлигига далолат қилади.
    2. Исро ва Меърож содир бўлган кеча ҳақида саҳиҳ ҳадисларда у на Ражаб ойида ва на бошқа ойда экани очиқ айтилмаган.
    3. Агар Исро ва Меърож кечаси аниқ бўлганда ҳам мусулмонларга уни бирор ибодат билан хослаш ва нишонлаш жоиз бўлмас эди, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари розияллоҳу анҳум бу кечани нишонламаганлар.

    Умид қиламизки, биз келтирган далиллар ҳақни изловчи киши учун ушбу бидъатни – яъни Исро ва Меърож кечасини нишонлаш бидъатини – инкор этишга кифоя ҳамда унинг бидъат эканига ва Ислом динига алоқадор эмаслигига қаноат ҳосил қилиш учун етарлидир.

    Аллоҳ таолодан барча мусулмонлар аҳволини ислоҳ қилишини, уларга динда соф тушунча ато этишини, барчамизни ҳақни маҳкам ушлашга ва унда собит туришга, унга хилоф нарсаларни тарк этишга муваффақ қилишини сўраймиз. Албатта, У зот бунга қодирдир. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли-оиласи ва саҳобаларига Аллоҳнинг салавоту саломи бўлсин.

    Валлоҳу таоло аълам.

    Манба: «Ислом: савол ва жавоб» (islamqa.info) веб саҳифаси

    [1] Ёлғон гапиришга келишиб олиши мумкин бўлмаган катта бир жамоа худди ўзи каби жамоадан ривоят қилган, асоси ҳис аъзоларига (кўз ёки қулоққа) таянадиган хабарга мутавотир хабар дейилади. Яъни мутавотир хабар турли хил одамлардан, турли хил йўллар билан ривоят қилинади. Бу одамлардан бир гуруҳи бошқасини танимаслиги, кўрмаган бўлиши ҳам мумкин. Лекин хабар лафзи ёки маъноси бир хил бўлиб, бузилмасдан етиб келгандир. Шу сабабли уларнинг ўзаро ёлғон гапиришга келишиб олишлари мутлақо имконсиз бўлади.

    Ислом Нури
    Ислом Нури
    Articles: 12