Уламолар гўшти заҳарлидир! (3)

    Уламоларни айблаш ортидан келадиган оқибатлар

    Уламоларни обрўсизлантириш, қадр-қимматларини пасайтириш ортидан ёмон оқибатлар ҳамда нохуш асоратлар вужудга келади. Дунёқараши кенгроқ одам воқеъга чуқурроқ назар солса, буни осонлик билан пайқаб олади. Биз ҳам сизга улардан баъзиларини кўрсатиб ўтмоқчимиз:

    1 – Олимни қоралаш у айтаётган ҳақиқатни инкор этишга олиб боради

    Олимнинг шахсини айблаш – оддий одамни айблашдек эмас. Балки, бу айблов унинг шахсияти доирасидан чиқиб, у айтаётган ҳақиқатларни рад қилишга ҳам ўтиб боради.

    Шунинг учун ҳам Қурайш мушриклари айни шу усулдан фойдаланишган. Улар авваламбор Исломни эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсиятларини айблашди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни одамлар кўз ўнгида обрўсизлантира олишса, одамлар у зот айтаётган ҳақиқатни қабул қилмаслигини жуда яхши билишар эди. Шунинг учун ҳам улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни жодугар, фолбин ва мажнун дея айбладилар. Шундай бўлсада, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, мушриклар бу йўлда муваффақият қозона олишмади.

    Ҳолбуки, пайғамбарликдан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни омонатдор, ростгўй, доно ва ишончли одам деб таърифлашарди. Пайғамбарликдан сўнг нима нарса ўзгарди? Уни «жодугар, фолбин ва мажнун» бўлишига сабаб нима эди? Улар Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзини қасд қилишмаган эди. Чунки У ўша-ўша эди. Бироқ улар Уни пайғамбар деб қасд қилишар ва У олиб келган манҳаж-ҳаёт дастурига қарши курашар эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни одамлар қалбида обрўсизлантира олсалар, Уни ва У олиб келган йўлни тўса олишларини билишар эди. Бу – бугунги мунофиқларнинг мақсадларидан биридир.

    2 – Олимни қоралаш – унинг илмини қоралаш, демакдир.

    Ҳолбуки, (шаръий) илм – пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросидир. Шунинг учун ҳам, олимни қоралаш – пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни қоралаш, демакдир. Шу маънода Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Фақиҳга озор берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берибди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берган киши эса Аллоҳ азза ва жаллага озор берибди»- деганлар.

    Демак, олимни айблаган одам (шаръий) илмни қоралаган бўлади. (Шаръий) илмни қоралаган одам эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросини қоралаган бўлади. Шунинг учун ҳам бундай одамлар, ўзлари сезмаган ҳолда ИСЛОМга тил теккизган бўладилар.

    3 – Уламоларни қоралаш толиби илмларни Уммат уламоларидан узоқлаштириш

    Уламоларни қоралаш толиби илмларни Уммат уламоларидан узоқлаштиради-да, улар муршид-пешвосиз қоладилар. Натижада, хатар ва хатоларга йўлдош бўлиб, ҳақ йўлдан тойилишади. Биз эса, бугунги ёш авлодимизга буни раво кўрмаймиз.

    4 – Уламоларни қоралаш – омма тасаввурида уларни камситиш, қалбларидан ҳайбат ва қадрларини кетказиш, демакдир.

    Бу – Аллоҳнинг душманларини масрур этиб, қувонтиради. Араб давлатларидан бирида яшайдиган ғаламис раҳбарлардан бири уламоларга ҳақаротомуз тил теккизиб: «Олими бўлсин, шайхи бўлсин, икки дона тухум бериб қўйсанг бас, истаганингдек фатво чиқариб беради!!»- деди.

    Ислом Оламининг талайгина давлатларида омма қалбида уламоларнинг қадру-қиймати қолмади. Шу давлатларнинг бирига сафар қилганимда, маҳаллий уламолар ҳақида суриштириб кўрдим, одамлар улар ҳақида бирон маълумот айта олишмади. Улар уламоларга эътиборсиз бўлиб кетишибди. Чунки, секуляризм ўз заҳарларини уламоларга сочиб, уларнинг обрўларига путур етказибди. Натижада, уламолар одамлар назарида эътиборсиз қолмоқдилар.

    5 – Душманлар режасини амалга ошириш

    Қози, муҳтасиб (назоратчи) ва даъват эгаларини қоралаш – бунга яққол намунадир. Аксарият муҳтасиблар толиби илмлардан бўлиб, уларнинг обрўлари ва қонлари бир пул бўлиб қолмоқда. Авом халқ, мунофиқлар ва илмонийлар уларнинг обрўларига чанг солишмоқда. Ачинарлиси, айрим талабалар ҳам шу фикрларни қўлламоқдалар. Қай бир йиғилишда иштирок этманг, «Амри маъруф ва наҳйи мункар» уюшмаси аъзолари ҳақида ёмон фикрларни эшитасиз: «Уюшма аъзолари хато қилдилар. Улар ундай қилдилар, бундай қилмадилар!». Ажабо, фақат шу уюшма аъзоларигина хато қилаяптиларми?! Нега бошқаларнинг хатоларини тилга олмайсан?! Яқинда шайх Муҳаммад ибн Иброҳим роҳимаҳуллоҳнинг бир фатвосига кўзим тушди. У толиби илмларнинг обрўларига чанг солишнинг ёмон оқибатларидан огоҳлантиради. Хуллас, у давлат идорасидаги масъул одамлар устидан бўрттириб шикоят қилган толиби илмларнинг бир гуруҳи хўрлангани ва қамоққа олинганини нақл қилади.

    Бироқ, сиз муҳтасиблардан бирортасини обрўсизлантирган кишининг қамалганини ҳеч эшитдингизми?!

    Ҳузуримга келган муҳтасиблардан бири одамларнинг уларга нисбатан бўйиндарозлик қилаётганлари, уларни эса ҳимоя қиладиган бирон кимса қолмагани ва ҳатто уларнинг ўзлари айбдорга айланиб қолаётганидан нолиб гапирди.

    Шундай бўлсада, баъзи даъватчи ва толиби илмларнинг мазкур уюшмага қарши курашиш ва уни тубдан йўқ қилиш пайида бўлган пўртанага ўзлари сезмаган ҳолда қўшилиб кетаётганларининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

    Агар уюшма аъзоларидан бошқа кишиларнинг хатоларини текшириб кўрсак, уларникидан бир неча баробар кўп экани маълум бўлади. Демак, бу айтилаётган сўзлар, уларга нисбатан кин сақлаган кимсалар ривожлантириб, ғофилларгина ёрдам бераётган фитнадан бошқа нарса эмас экан.

    * Қозилар ҳам қораланиш ва айбланишдан бенасиба қолмаяптилар. Кўпинча одамлардан: «Мана бу қози ундай қилди, анави қози ундай қилди. Фалончи қози ер сотиб олди. Фалончиси дабдабали машина олди. Анави қози ишларни кечиктирмоқда» деган сўзларни эшитасиз. Ҳатто яқинда: «Бизнинг қозиларга ва уларнинг ҳукмларига эҳтиёжимиз йўқ! Чунки, француз қонунлари бизга қозилардан кўра шафқатлироқ!»- деган гапни ҳам айтдилар.

    Субҳоналлоҳ! Қозиларгина хато қилиб, бошқалар фариштага айландиларми!! Уларнинг айтаётган гаплари адашган кимсалар шариат қозиларини таг-томирлари билан йўқотиш мақсадида бошлаган ғаразли ҳамладан бошқа нарса эмас.

    Мен бу сўзларни ҳаводан олиб гапирмаяпман. Менинг бунга воқеий ҳужжатларим бор. Бу мамлакатда француз қонунларини татбиқ қилишни хоҳлаган кимсалар бор. Алҳамдулиллаҳ, бекор қилинган даъво низоми бунинг яққол мисолидир. Унинг татбиқ қилинишига бир баҳя қолган эди. Биз, бу низомни бекор қилишга ҳисса қўшган ҳар бир кишига ўз миннатдорчилигимизни изҳор қиламиз.

    Мазкур даъво низоми Миср қонунларидан, у эса ўз навбатида француз қонунларидан олинган эди.

    Уламолар ва толиби илмларни буни тушуниб етишга ва масъул идора ходимларини ижобат қилишга муваффақ қилган Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин!

    * Даъват эгалари ҳақида нималар айтилмади дейсиз! Уларга шу пайтгача маълум бўлмаган хунук лақаблар қўйилди. Уларни обрўсизлантириш ва одамлар тасаввурида воқеъликларини бузиб кўрсатиш учун ғаразгўй кимсалар қомусларда уларни «ақидапарастлар», «экстремистлар»… каби сифатлар билан сифатладилар.

    Уламолар, толиби илмлар, қозилар, муҳтасиблар ва даъватчиларга қаратилаётган ушбу ғазабнок ҳужумлар душманнинг режа ва мақсадларини амалга оширишдан бошқа нарса эмас.

    Бас, кўзингизни очинг! Ҳушёр бўлинг!

    Муаммони ҳал этишнинг тўғри йўли

    Уламоларга тил теккизиш оқибатларини баён қилгандан сўнг, энди бу муаммони ҳал қилишнинг тўғри ва соғлом йўли ҳақидаги фикрларга ўтамиз. Бу борада учта нарсага эътибор берилиши керак:

    1. Бу хусусда уламолар қилишлари лозим бўлган ишлар;
    2. Уламоларга нисбатан бизнинг зиммамиздаги вазифалар;
    3. Уламоларни обрўсизлантирмаган ҳолда ҳақиқатни баён қилиш йўллари.
    Биринчи: уламолар зиммасидаги вазифалар

    Уламолар ўзларини эҳтиёт қилиб, обрўларига путур етказадиган нарсалардан узоқ турсинлар. Бу борада Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олсинлар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (тун қоронғусида у зотнинг ёнларида аёл кишини кўриб, ўзларини четга олаётган икки саҳобага): «Тўхтанглар, бу – Софийя!»- деб, ўзларини ва обрўларини ҳимоя қилган, қалблари ғаламисликдан пок бўлган саҳобалар бу сўздан ҳайратланиб: «Ё Расулуллоҳ, наҳотки, сиз ҳақингизда ёмон хаёлга борсак» деганларида, шайтон одамзотнинг қон томирларида юришини эслатган эдилар.

    Уламоларнинг ўзларини ҳимоя қилиш кўринишларини қуйидагича кўрсатиб ўтишимиз мумкин:

    1 – Илм ва амалда ўрнак бўлиш

    Чунки, Қуръон Карим илм ва амал ўртасидаги ихтилофдан огоҳлантирди: «Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара: 44);

    «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтасизлар?!» (Саф: 2).

    Дўзахда худди тегирмон атрофида айланаётган эшакдек ичаклари атрофида айланаётган одам ҳақидаги ҳадис маълум ва машҳурдир.

    Шоир айтади:

    Бошқаларга ҳар нарсани ўргатган «олим»

    Ўзингга ҳам бирозгина берсанг-чи таълим?

    Бир ишни қилсанг-у, «Қилма!» деб айтсанг

    Зиммангга катта айб ортибсан, билсанг!

    2 – Фатвони мукаммал ўйлаб, шартларига кўра бериш

    Олим фатво сўралганида чуқур ўйланиши, шошилмаслиги, фатво сўралиш сабабларини ва фатвоси ортидан келадиган натижаларни мулоҳаза қилиши, фатводан ирода қилинган нарса нима эканини ўзи яхши тушунган бўлиши, фиқҳнинг усул, фуруъ, воқеъ каби фатво шартларини ўзида мукаммал қилганидан кейингина фатво бериши лозим.

    Олим киши бировнинг «Шундай, шундай иш» деган гапи билангина кифояланиб, масалани чуқурроқ ўрганмасдан, ўша эшитган гапи бўйича фатво бериб юбормасинки, охир-оқибат шошқалоқлиги сабабли одамларнинг маломатига қолиши мумкин.

    3 – Алдаш, чалғитиш ва шубҳалантиришдан ҳушёр бўлиш

    Баъзи одамлар ҳақиқатни яшириш учун уламоларни аврашга, чалғитишга ёки уларга баъзи нарсаларни билдирмасликка ҳаракат қиладилар. Шунинг учун олим киши ҳушёр ва огоҳ бўлиши лозим. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: «Мен фирибгар эмасман, фирибгар мени алдай ҳам олмайди!»- деган эдилар. Бу софдилликка ва зоҳирга қараб иш қилишга зид, дегани эмас. Фақат, ҳушёрликни назарда тутилаяпти, холос.

    4 – Ҳақиқатни айтишдан қайтмаслик ва Аллоҳ йўлида маломатлардан қўрқмаслик

    Ҳақиқатни айтишга жасоратли бўлиш – олим киши сифатланиши зарур бўлган сифатлардандир. У яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтарсин, ёмонлик қилган одамга ким бўлишидан қатъий назар: «Сен ёмон иш қилдинг!»- деб айта олсин. Ҳозирги кунда яшаётган олимлар учун шонли тарихимизда яшаб ўтган уламоларимиз чиройли ўрнакдирлар. Биз улардан баъзиларини мисол тариқасида келтирмоқчимиз:

    Биринчи мисол: Халифа Марвон ибн Ҳакам роҳимаҳуллоҳга нисбатан Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг муносабати.

    Марвон ибн Ҳакам ҳайит куни намозгоҳга келиб, намоз ўқишдан аввал (хутба ўқиш учун) минбар томон юра бошлади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу унинг кийимидан тортиб, норози оҳангда: «Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, сизлар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар қилган ишни) ўзгартирдингиз!»- деди. Марвон ибн Ҳакам: «У даврдаги кўп нарсаларга амал қилинмай қолди»- деди.

    Саҳоба Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу халифани қилмоқчи бўлган ишидан ошкора ман қилди. «Унинг хатосини бир вараққа ёзиб топширай, насиҳатим ўртамизда сир бўлиб қолсин», демади.

    Иккинчи мисол: Уламолар султони Изз ибн Абдуссалом роҳимаҳуллоҳнинг подшоҳ Солиҳ Айюбга муносабати.

    Шоҳ Солиҳ Айюб Шом музофотининг ҳукмдори эди. Ўзи билан амакиваччалари ўртасидаги низо сабабли насороларга (христианларга) айрим қалъаларни бериб юборди. Изз ибн Абдуссалом роҳимаҳуллоҳ жума куни Дамашқ масжидларининг бирида хутба ўқиди. Унда жумладан: «Аллоҳим, бу Умматнинг ишини Ўзинг тўғрилик тарафига бургин. Сенга итоат қилганлар азиз, осий бўлганлар хор бўладиган, яхшиликларга буюрилиб, ёмонликдан қайтариладиган ҳолатни вужудга келтиргин!»- деган сўзларни айтди ва насороларга Дамашқда қурол-аслаҳа сотишни таъқиқлаган фатво чиқарди.

    Подшо ғазабланиб, Изз ибн Абдуссаломни зиндонбанд қилди. Ундан аввал имом Аҳмад ва талайгина уламолар ҳам ҳибсга олинган эдилар: «Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?!» (Анкабут: 2).

    Подшо зиндонга, Изз ибн Абдуссалом ёнига аъёнларидан бирини юборди. У: «Мен сиз билан подшо ўртасида воситачилик қилай. Бунинг учун сиздан бир нарсани сўрайман: подшодан кечирим сўраб, унинг бошини ўпсангиз»- деди (Бошни ўпиш арабларда ҳурмат рамзидир). Изз ибн Абдуссалом: «Мени тинч қўйинг. Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, подшонинг (пешонасини ўпиш у ёқда турсин), қўлларимни ўпишига ҳам рози эмасман. Аллоҳ Мени сизларни мубтало қилган мусибатдан сақласин! Мен бир водийда бўлсам, сизлар бутунлай бошқа водийдасизлар!»- деди.

    Подшо насоролар билан учрашувга Изз ибн Абдуссаломни ҳам бирга олиб борди-да, чодирларнинг бирига банди қилиб қўйди. Подшо насоролар билан ўтирар экан, чодирдан Изз ибн Абдуссаломнинг Қуръон тиловати эшитила бошлади. Подшо: «Бу кимнинг товуши эканини биласизларми?»- деб савол берди.

    Улар: «Йўқ»- дедилар.

    – У бизнинг катта попларимиздан (уламоларимиздан демади) бири! Уни нега банди қилганимни биласизларми?».

    – Йўқ.

    – У сизларга қурол-аслаҳа сотмаслик ҳақида фатво чиқарди.

    – Тангри номига онт ичиб айтамизки, агар роҳибларимиздан бири шундай фатво берса эди, биз унинг оёқларини ювар ва ювиндисини шўрва қилиб, ичар эдик!

    Подшо қилган ишидан пушаймон бўлиб, Изз ибн Абдуссаломни озод қилиш фармонини берди.

    Учинчи мисол: Азҳар Шайхи шайх Хазир Ҳусайннинг Муҳаммад Нажибга нисбатан муносабати

    Мисрда мустақиллик инқилоби бўлганидан сўнг (давлат арбоби) Муҳаммад Нажиб: «Миср қонунчилигида эркак билан аёлни тенг ҳуқуқли қиламиз!» деди. Шундан сўнг Хазир Ҳусайн Муҳаммад Нажибга қўнғироқ қилиб: «Ё сўзингизни қайтариб оласиз ёки эртага Азҳарнинг барча шайхлари билан кафан кийиб кўчаларга тўкиламиз! Ё ҳаёт, ё мамот!»- деди.

    Муҳаммад Нажиб ҳам, вазирликдагилар ҳам шайх Хазир Ҳусайн олдига кетма-кет келиб: «Сиздан узр сўраймиз, айтилган гап хато эди»- дедилар. У эса: «Узрингизни менга айтманг, халқдан узр сўранг!»- дер эди.

    – Халқ олдига чиқиб узр сўраш жуда ҳам оғир.

    – Ҳой Муҳаммад Нажиб, ё одамлар олдида айтган сўзларинг сабабли узр сўраб, ундан воз кечасан ёки эртага кафанларимни кийиб, кўчаларни тўлдираман!

    Муҳаммад Нажиб эртаси куни матбуот ўзига ёлғон гапларни нисбатлаганини, ўзининг эса бу мавзуда гапирмаганини эълон қилди.

    Ҳа, илм ва иймон олимни ҳақ узра журъатли бўлишга ундайди. Бас, олим Аллоҳ йўлида ҳеч қандай маломатдан қўрқмасин. Ўз масъулиятини адо этсин. Ўз обрўсини одамларнинг ўқларига нишон қилиб қўймасин.

    Зеро, фитнага тушиб қолишдан қўрқиш баҳонаси билан ҳақни очиқ айтмай журъатсизликка йўл қўйиш тўғри эмас.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962