075. Сафларни текислашнинг вожиблиги

    عَنْ جَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَلا تَصُفُّونَ كَمَا تَصُفُّ الْمَلائِكَةُ عِنْدَ رَبِّهَا، فَقُلْنَا يَا رَسُولَ اللَّهِ وَكَيْفَ تَصُفُّ الْمَلائِكَةُ عِنْدَ رَبِّهَا، قَالَ يُتِمُّونَ الصُّفُوفَ الأُوَلَ وَيَتَرَاصُّونَ فِي الصَّفِّ (أخرجه مسلم).

    Имом Муслим Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фаришталар Роббилари ҳузурида саф тортганидай саф тортмайсизларми?!» дедилар. Биз: «Фаришталар Роббилари ҳузурида қандай саф тортишади?» деб сўрадик. «Аввалги сафларни тўлдирадилар ва сафда зич турадилар», дедилар.

    عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَمْسَحُ مَنَاكِبَنَا فِي الصَّلاةِ وَيَقُولُ اسْتَوُوا وَلا تَخْتَلِفُوا فَتَخْتَلِفَ قُلُوبُكُمْ لِيَلِنِي مِنْكُمْ أُولُو الأَحْلامِ وَالنُّهَى ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ (أخرجه مسلم).

    Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абу Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга турганимизда елкаларимизни текислаб: «Баробар туринглар, нотекис турманглар, қалбларингиз номувофиқ бўлиб қолмасин. Ораларингиздаги ақл заковатли кишилар менга яқин турсин, сўнгра (ақлда) уларга яқинроқлари, сўнгра уларга яқинроқлари (турсин)» дер эдилар.

    عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سَوُّوا صُفُوفَكُمْ فَإِنَّ تَسْوِيَةَ الصَّفِّ مِنْ تَمَامِ الصَّلاةِ (أخرجه مسلم).

    Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафларингизни баробар қилингиз, чунки сафларни баробар қилиш намознинг мукаммал бўлиши сабабларидан», дедилар.

    عَنْ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ قال كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُسَوِّي صُفُوفَنَا حَتَّى كَأَنَّمَا يُسَوِّي بِهَا الْقِدَاحَ حَتَّى رَأَى أَنَّا قَدْ عَقَلْنَا عَنْهُ ثُمَّ خَرَجَ يَوْمًا فَقَامَ حَتَّى كَادَ يُكَبِّرُ فَرَأَى رَجُلاً بَادِيًا صَدْرُهُ مِنْ الصَّفِّ فَقَالَ عِبَادَ اللَّهِ لَتُسَوُّنَّ صُفُوفَكُمْ أَوْ لَيُخَالِفَنَّ اللَّهُ بَيْنَ وُجُوهِكُمْ (أخرجه مسلم).

    Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу шундай дейди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафларимизни худди найзанинг чўпларини текислагандек текислар эдилар. То биз тушуниб етганимизни кўргунларича (шундай қилдилар.) Бир куни чиқиб, энди намозни бошлашга такбир айтмоқчи бўлиб турган эдилар, бир кишининг кўкраги сафдан олдинга чиқиб турганини кўрдилар ва: «Эй Аллоҳнинг бандалари, ё сафларингизни баробар қиласиз ё Аллоҳ юзларингизни бир-бирига қарама-қарши қилиб қўяди», дедилар.

    عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ أَقِيمُوا صُفُوفَكُمْ فَإِنِّي أَرَاكُمْ مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِي وَكَانَ أَحَدُنَا يُلْزِقُ مَنْكِبَهُ بِمَنْكِبِ صَاحِبِهِ وَقَدَمَهُ بِقَدَمِهِ (أخرجه البخاري).

    Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сафларингизни тўғриланглар, мен сизларни орқамдан ҳам кўриб тураман», дедилар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: Биз (сафга турганимизда) елкамизни ёнимиздаги биродаримизнинг елкасига, оёғимизни оёғига ёпиштириб турар эдик.

    Шарҳ

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафлар тўғри бўлишига қаттиқ аҳамият берардилар, ҳатто саҳобаларнинг елкаларидан ушлаб, сафларини ҳудди найзани бир текис қилиб тергандай текислардилар. Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврида ҳар бир сафга сафни тўғрилайдиган бир одам тайинлаб қўйган эди. Сафлар тўғриланди, дейилганидан кейингина намозни бошлар эди. Бугунги кунга келиб бизнинг диёрларда одамлар бу суннатни унутишди, сафларни текис ва жипс қилинишига эътибор бериш йўқолди, балки мусулмонлар орасидаги баъзи ихтилофларнинг сабаби ҳам ушбу суннатни тарк қилганимиздир. Аллоҳ таоло оламдаги барча мусулмонларнинг қалбларини ва сафларини тўғриласин ва бирлаштирсин.

    Шу ўринда айтиб ўтишишимиз керакки, баъзи намозхонлар сафни боғлайман деб сафда оёқлари орасини кенг очиб туради, бунинг сабаби эса ёнидаги намозхон икки оёғини бир-бирига жипслагудек туриб оладида ёнидаги бўшлиқни тўлдириш ўрнига ҳамсоясидан узоқроқ туришга интилади. Бу албатта билмасликдан. Сафда турилганда оёқлар елка кенглигида қўйилади ҳамда елка ва оёқни ёнидаги кишининг елка ва оёғига теккизиб турилади, ана шунда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари рўёбга чиқади.

    Бугунги дарсдан олинадиган фойдалар:
    1. Намозда сафларни тўғрилашга ва жипс туришга буюрилганмиз.
    2. Сафларнинг тўғри бўлмаслиги намозхонларнинг қалблари бир-бирларига нисбатан ўзгариб қолишига сабаб бўлади.
    3. Сафларни текис қилиш намознинг мукаммаллиги сабабларидан.
    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962