Бизга боғланинг
Таҳоратнинг сифатини баён қилиш ҳақидаги боб
Таҳоратнинг шартлари, фарзлари ва суннатларини билиб олгач, энди унинг мазкур ҳукмлар тўла татбиқ этиладиган кўринишини билишга ва уни ана шу сифатда қилишга иштиёқингиз пайдо бўлган бўлса керак. Таҳоратнинг шариат насларидан (яъни, оят ва ҳадисдан бўлган далилларидан) олинган комил сифати қуйидагичадир:
– Таҳоратли адо этиш лозим бўлган намоз ва шу каби ибодатлар учун таҳоратни ният қилади;
– Сўнгра «бисмиллаҳ» дейди;
– Сўнгра қўлларини (ошиққача) уч марта ювади;
– Сўнгра уч марта мазмаза (оғиз чайқаш) қилади, уч марта истиншоқ (бурунга сув олиб, қоқиш) қилади, бурнини чап қўли билан қоқади;
– Юзини уч марта ювади. Юзнинг чегараси – узунасига бошнинг одатда соч ўсган еридан тортиб, жағ ва юзнинг икки тарафидаги суякларгачадир. Соқол туклари ҳам юздан саналади, уларни ҳам ювиш лозим. Агар соқол сийрак бўлса, ичига сув етказиб ювиш лозим, агар қалин бўлса, ташини ювилади ва ичига тахлил қилинади (яъни, орасига ҳўл бармоқларни киритилади). Энига эса – қулоқдан қулоққачадир, қулоқлар бошдан деб саналади ва уларга ҳам масҳ тортилади.
– Сўнгра икки қўлини чиғаноқлари билан қўшиб ювади. Бу ерда қўлнинг чегараси – тирноқлар учидан тортиб, азуд (елка билан билак оралиғи)нинг бошланиш жойигачадир. Қўлларни ювишдан олдин уларга ёпишган хамир, лой, тирноқлардаги қалин бўёқларни кетказиш зарур, улар остига сув етиши лозим.
– Сўнг бошининг ҳаммасига ва қулоқларига янги сув билан – қўлларини ювганидан қолган намлик билан эмас – масҳ тортади. Масҳ тортиш кўриниши – нам қўлларини бошининг олди томонидан орқага, то гарданигача юргизиб, кейин яна бошлаган жойига қайтариб олиб келади. Сўнг икки кўрсаткич бармоғини қулоқлари ичига киргизиб, қулоқ ташқарисини бош бармоқлари билан суртади.
– Кейин оёқларини тўпиқлари билан қўшиб ювади, тўпиқ – болдирнинг пастки томонида туртиб чиққан иккита суякдир. Қўли ё оёғи кесилган одам кесилганидан қолган қисмини ювади. Яъни, тирсак (чиғаноқ) бўғимидан кесилган бўлса, азуднинг бош қисмини ювади. Оёғи тўпиғидан кесилган бўлса, болдирининг учини ювади. Чунки, Аллоҳ таоло: «Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» (Тағобун: 16), дейди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар сизларни бир ишга буюрсам, қодир бўлганингизча қилинг», деганлар (Муттафақун алайҳ). Шундай қилган одам буюрилган ишни қодир бўлганича қилган бўлади.
Мана шу кўринишда таҳорат қилиб бўлгач, кўзини осмонга тикиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ана шу пайтда қилган дуоларини, жумладан, қуйидаги дуони ўқийди:
أشهد لا إله إلا الله وحده , لا شريك له , وأشهد أن محمدا
عبده ورسوله , اللهم اجعلني من التوابين , واجعلني من المتطهرين , سبحانك اللهم
وبحمدك , أشهد أن لا إله إلا أنت , أستغفرك وأتوب إليك
(Ягона ва шериксиз Аллоҳдан бошқа барҳақ маъбуд йўқ, деб гувоҳлик бераман, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг бандаси ва элчиси деб гувоҳлик бераман. Эй Парвардигор! Мени тавба қилувчи ва покланувчи бандаларингдан қилгин. Парвардигор! Сен барча айбу нуқсондан покдирсан. Сенинг ҳамдинг билан тасбеҳлар айтаман. Гувоҳлик бераманки, Сендан Ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Сендан истиғфор сўрайман ва Сенга тавбалар қиламан).
Мазкур зикр ва дуони таҳоратдан кейин қилиниши ҳикматларидан бири шу бўлса керакки, таҳорат зоҳирий, яъни баданнинг ташқи томони поклиги бўлгач, энди тавҳид ва тавба билан унинг ички-ботиний томони покланишига аҳамият қаратилади. Таҳорат билан зоҳирий поклик ва тавҳиду тавба билан ботиний поклик жамлангач, энди Аллоҳнинг даргоҳига кириш, Унинг олдида туриш ва Унга муножот қилиш мумкин бўлади.
Таҳорат қилган киши сочиқ ё бошқа нарса билан артинса, зарари йўқ.
Мусулмон биродар! Унутмангки, таҳоратни комил қилиш, яъни аъзоларга тўла сув етказиш, бирон аъзога сув етмай қолмаслиги зарурдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам оёғида тирноқча жойи ювилмай қолган бир кишига: «Бор, таҳоратингни чиройли қил!», деб буюрганлар (Имом Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кишининг оёғининг тўпиғи орқасида бир дирҳам (танга) миқдорича сув етмай қолган ҳолда намоз ўқиётганини кўриб, унга таҳорати ва намозини қайтаришга буюрганлар (Имом Абу Довуд ривояти), «Тўпиқлар орқасига дўзах ўти тегсин!», деганлар (Имом Бухорий ривояти). Чунки, кўпинча бепарволик билан оёқларга яхши сув етмай қолади, бу эса уларга дўзах азоби етишига сабаб бўлади.
Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан бирингиз то таҳоратни Аллоҳ буюрганидек мукаммал қилмагунича – юз ва қўлларини тирсакларигача ювиб, бошига масҳ тортиб, оёқларини тўпиқларигача ювмагунича унинг намози комил бўлмайди».
Мусулмон биродар! Билингки, таҳоратни комил қилиш дегани кўп сув қуйиш дегани эмас, балки ювилажак аъзога сувни тўла етказиш деганидир. Кўп сув ишлатиш исроф, ундан қайтарилган. Қолаверса, кўп сув қуйиш билан лозим даражада поклик ҳам ҳосил бўлмайди. Оз сув билан мукаммал таҳорат ҳосил бўлиши машруъдир. «Саҳиҳайн»да келганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам 1 муд (500-700 мл) сув билан таҳорат қилардилар, 1 соъдан 5 мудгача сув билан ғусл қилардилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сувни исроф қилишдан қайтарганлар. Бир марта таҳорат қилаётган Саъднинг ёнидан ўтиб қолдилар ва: «Бу нима исрофгарчилик?!», дедилар. Саъд: «Таҳоратда ҳам исроф бўладими?», деб сўради. «Ҳа, оқаётган анҳор лабида бўлсанг ҳам!», деб жавоб бердилар. (Аҳмад, Ибн Можа ривоятлари).
У зот умматлари ичида таҳоратда ҳаддан ошадиган кишилар бўлиши ҳақида хабар бериб, айтдилар: «Таҳоратнинг «Валаҳон» деб номланган шайтони бўлади, сизлар (унинг) сув ҳақида (етдими, етмай қолдими деб) васваса қилишидан сақланинглар!». (Термизий ва Ибн Можа ривоятлари).
Сув ишлатишда исрофга йўл қўйиш – сувни бефойда кетказишдан ташқари – бошқа бир неча зарарларни ҳам келтириб чиқаради. Жумладан:
– Сувни кўп қуйганига суяниб қолиб, унинг баъзи аъзоларига етган-етмаганлигига бепарво бўлиб қолади. Кўпинча ўзи билмаган ҳолда баъзи аъзоларига сув етмай қолган бўлади. Бу эса таҳоратини нуқсонли қилади ва бетаҳорат намоз ўқишига сабаб бўлади.
– Ибодатда ғулувга кетиши хавфи бор. Чунки, таҳорат ҳам ибодатдир. Ибодатга ғулув кирса, фосид бўлади.
– Сувни кўп, шовуллатиб қуйиб ишлатиши сабабли баъзан тозалик ҳосил бўлдими, йўқми деган васвасаланиш пайдо бўлади. Барча яхшилик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишда, ишларнинг энг ёмони янги пайдо қилинганларидир. Аллоҳ барчаларимизни Ўзи яхши кўрган ва рози бўладиган ишларга муваффақ қилсин.
Мусулмон биродар! Таҳоратингиз ва бошқа барча ибодатларингиз шариатга мувофиқ бўлишига, уларга ҳаддан ошиш ҳам, сустлик ҳам аралашмаслигига қаттиқ ҳаракат қилинг. Зеро, ҳар иккиси ҳам айбли иш саналади. Ишларнинг энг яхшиси – ўртачасидир. Ибодатга енгил-бепарво қараган одам уни нуқсонли қилиб қўйгани каби, унда ғулув кетган одам ҳам ибодатга асли ундан бўлмаган нарсани қўшиб қўяди. Ибодат борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини лозим тутган кишигина унинг ҳаққини тўла адо этган бўлади.
Эй Парвардигор! Бизларга ҳақни ҳақ қилиб кўрсатгин ва унга эргашиш бахтига
муяссар этгин, ботилнинг ботиллигини билдиргин ва ундан сақланишга муваффақ
этгин, амалларимизга ботил аралашиб қолишидан Ўзинг асрагин.