Бизга боғланинг
Таровиҳ намози ва унинг ҳукмлари ҳақидаги боб
Ҳидоят пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак рамазон ойида машруъ қилган ибодатлардан бири таровиҳ намозидир. Таровиҳ намози суннати муаккададир. Таровиҳ (тин олиш, дам олиш) деб номланишига сабаб – одамлар ҳар тўрт ракъатдан сўнг ўртада дам олишарди, чунки намоз жуда узун ўқиларди.
Уни масжидда жамоат бўлиб ўқиш афзалдир. Уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан бир неча кеча масжидда ўқиганлар, кейин уларга фарз қилиниб қолишидан қўрқиб, улар билан ўқишдан четланганлар. «Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кеча масжидда намоз ўқидилар, одамлар ҳам у зотга иқтидо қилиб намоз ўқидилар. Иккинчи кеча ҳам намоз ўқидилар, одамлар кўпайиб кетди. Учинчи ё тўртинчи кечада ҳам одамлар йиғилдилар, бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам улар олдига чиқмадилар. Тонг отгач: «Мен сизларнинг қилган ишларингизни кўрдим. Олдиларингизга чиқишдан мени ман қилган нарса шуки, мен сизларга (бу намоз) фарз қилиниб қолишидан қўрқдим», дедилар (Бухорий (1129), Муслим (761) ривоятлари). Бу рамазон ойида бўлган эди. У зотдан кейин саҳобалари жамоат бўлиб ўқидилар, умматлари ҳам шуни қабул қилиб олдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимки, имом намоздан тугатгунига қадар у билан бирга намозда турса, унга тун бўйи намоз ўқиб чиққандек савоб ёзилади», деганлар (Термизий (806), Насоий (1605), Абу Довуд (1375), Ибн Можа (1327) Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Яна у зот: «Ким Рамазонда иймон билан, савоб умидида (тунги намозда) қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади», деганлар (Бухорий (2009), Муслим (759) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоятлари).
Таровиҳ намози собит суннатлардан, мусулмон киши уни тарк қилиши керак эмас.
Таровиҳнинг ракъатлари сонига келсак, бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон нарса собит бўлган эмас, бу ҳақда кенглик бор.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Истаса, Аҳмад ва Шофеъий мазҳабида машҳур бўлганидек 20 ракъат ўқиши мумкин. Истаса, Молик мазҳабида бўлганидек 36 ракъат ўқиши мумкин. Истаса, 11 ёки 13 ракъат ўқиши мумкин. Қай бирин қилса ҳам яхши бўлаверади. Ракъатларини кўпайтириш ё озайтириши қиёмнинг узун-қисқалигига қараб бўлади» (Ал-фатавал-кубро: 5/342).
Умар розияллоҳу анҳу одамларни Убай розияллоҳу анҳуга жамлаб берганлар, Убай уларга 20 ракъат ўқиб берарди. Саҳобалар ичида айримлари камроқ, айримлари кўпроқ ўқишарди. Шориъ (шариат соҳиби) томонидан белгилаб берилган муайян ҳад-ҳудуд мавжуд эмас.
Масжид имомларидан кўплари таровиҳни жуда шошилиб ўқишади, рукуъ ва сужудда хотиржам туришмайди. Ваҳоланки, хотиржам туриш намоз рукнларидан. Намозда Аллоҳ ҳузурида ҳузури қалб билан туриш, Аллоҳнинг каломи тиловатидан таъсирланиш матлубдир. Шошилиб ўқилганда бу нарса ҳосил бўлмайди. Қироатни узайтириб, хотиржамлик билан ўқилган 10 ракъат намоз шошиб ўқилган 20 ракъатдан афзал. Чунки, намознинг мағзи ва руҳи қалбнинг Аллоҳ азза ва жаллага боғланишидир. Айрим оз нарсалар борки, кўп нарсадан яхши бўлади. Ундан ташқари, дона-дона қилиб қироат қилиш тез ўқигандан афзалдир. Мубоҳ бўлган тезлик – биронта ҳам ҳарф тушиб қолмайдиган даражадаги тезлик бўлиб, агар тезлик сабабли биронта ҳарф тушиб қолса, бу нарса жоиз бўлмайди ва бундан қайтарилади. Орқадаги намозхонлар фойдаланадиган даражада дона-дона қироат қилса, шу яхшидир.
Аллоҳ таоло Қуръоннинг маъносини фаҳмламай ўқийдиган кишиларни айблаган: «Уларнинг ичида китобдан бехабар, фақат хом хаёлларнигина биладиган омийлари ҳам бор» (Бақара: 78). Яъни, тушунмасдан ўқийдиган омийлар бор. Қуръон нозил қилинишидан мурод – уни тиловат қилибгина қўйиш эмас, унинг маъноларини тушуниш ва уларга амал қилишдир.
Айрим масжид имомлари таровиҳни машруъ бўлганидек кўринишда ўқимайдилар, Қуръонни тўғри адо қилишга халал етказадиган даражада қироатни жуда тез қиладилар, қиёмда, рукуъ ва сужудда хотиржам турмайдилар. Хотиржам туриш намоз рукнларидан саналади. Бунинг устига намоз ракъатларининг ҳам энг озини танлайдилар. Шу билан ҳам ракъатларни озайтириш, ҳам намозни ўта енгил ўқиш, ҳам қироатни яхши қилмаслик орасини жамлайдилар. Бу эса ибодатни ўйинчоққа айлантириш бўлиб қолади. Ундай кишилар Аллоҳдан тақво қилишлари, намозларини чиройли ўқишлари, ўзларини ва ортларидаги намозхонларни таровиҳни машруъ равишда адо этишдан маҳрум қилмасликлари вожиб бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни салоҳ ва фалоҳ (нажот) бўлган ишларга муваффақ айласин.
Яъни, ҳар икки саломдан
сўнг. Чунки, таровиҳ ва таҳажжуд намози икки ракъат – икки ракъат ўқилади. Айрим
илмсиз масжид имомлари бу борада хатога йўл қўйиб, таровиҳ ёки таҳажжуд
намозларида икки ракъатдан кейин салом бермайдилар. Бундай қилиш суннатга хилоф
қилиш бўлади. Уламолар таровиҳ ё таҳажжудда икки ракъатда салом бермай, учинчи
ракъатга туриб кетган одам бамдод намозида учинчи ракъатга туриб кетган билан
бир хил, деганлар, яъни унинг намози ботил бўлади. Шайх Абдулазиз ибн Боз
раҳимаҳуллоҳнинг ундай қилувчиларга рад қилувчи ва хатоларини баён қилиб берувчи
жавоблари мавжуд.
Баъзилари овозкучайтиргич орқали овозларини масжид ташқарисига чиқариб, қўшни масжидлар аҳлига халақит берадилар, бу ҳам жоиз эмас.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Одамлар нафл намози ўқиётганда
Қуръон ўқиган одам овозини уларга халақит берадиган даражада кўтариши яхши эмас.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари масжидда намоз ўқишаётганда улар
олдига чиқиб келдилар ва: «Эй одамлар! Ҳар бирингиз Раббига муножот қилмоқда,
қироатда овозларингизни бир-бирингизникидан кўтариб юборманглар!», дедилар
(Мажмуъул-фатово: 23/61-64).