Зиёрат қилиш одоби

    Муҳаббатни оширадиган ва дўстликни мустаҳкамлайдиган сабаблардан бири байрамларда, дам олиш кунларида табриклаш баҳонаси билан, сафарга бормоқчи бўлганда ёки сафардан келганда, касал бўлганда ўзаро бир-бирини зиёрат қилиб туришдир.

    Зиёрат қилишнинг риоя қилиниши керак бўлган одоблари бор.

    Улар жумласидан:

    1. Зиёрат қилиш учун муносиб вақт танлагин. Бу ухлаш, овқатланиш ёки бошқа нарса билан машғул бўлинадиган вақт бўлмасин.

    2. Агар зиёрат учун маълум вақт таъйин қилинган бўлса, унга риоя қил. Ундан эрта ҳам, кеч ҳам борма.

    3. Агар бирон уйга кирмоқчи бўлсанг, уй эгасидан рухсат сўра. Гарчи уй эгаси сенга энг яқин киши бўлса ҳам. Чунки ривоятларда келганки:

    Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан:

    – Онамнинг олдига кириш учун ҳам изн сўрайманми?- деб сўради. Набий
    соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

    – Ҳа!- деб жавоб бердилар.

    – Мен онамга хизмат қиламан. Нима, мен ҳар сафар онамнинг олдига киришимга
    рухсат сўрайманми?- деди.

    – Онангни яланғоч ҳолатда кўришни истайсанми?- дедилар набий соллаллоҳу
    алайҳи ва саллам.

    – Йўқ!- деди у.

    – Ундай бўлса, руҳсат сўраб кир!- дедилар.

    Агар уйда ҳеч ким бўлмаса ёки уйдагилар киришга рухсат беришмаса Пайғамбар
    соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига амал қилган ҳолингда қайтиб
    кет:

    «Агар сизлардан биронтангиз уй эгасидан уч марта киришга руҳсат сўраса ва
    унга руҳсат бермаса, қайтиб кетсин».

    4. Уйга кираётганингдан сени қарши олаётган кишига салом бер.

    Аллоҳ таъоло деди:

    “Эй мўминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то руҳсат
    сўрамагунингизгача ва эгаларига салом бермагунингизгача кирмангиз. Мана шу
    сизлар учун яхшироқдир. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар. Энди агар у (уйларда)
    ҳеч кимни топмасангизлар, у ҳолда то сизларга рухсат берилмагунгача у (уйларга)
    кирмангиз! Агар сизларга “қайтинглар!” дейилса, (яъни киришга рухсат
    беришмаса), қайтиб кетинглар! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган
    амалларингизни билувчидир.”
    (Нур сураси: 27,28)

    5. Уйга кираётганингда йўлингда сенга дуч келган нарсалардан кўзингни ерга қаратиб ўтгин. Ўтирган пайтингда уй жиҳозлари ёки деразаларига кўп қарама. Шунингдек ўзингга лойиқ жойда ўтир.

    6. Гапираётганингда ўрта овоз билан гапир. Фойдали сўзлар билан чеклан.

    7. Узоқ ўтирма. Чунки уй эгасининг бошқалар билан ҳам ваъдаси ёки унинг қиладиган ишлари бордир.

    8. Касал кўришга борганингда ҳам узоқ ўтирма ёки кўп гапириб уни қийнаб қўйма. Унинг олдида фақат уни хурсанд қиладиган ва хотиржам қиладиган сўзларни гапир.

    9. Ўзингдан зериктириб, малоллантирадиган даражада кўп зиёрат қилма. Ёки бутунлай алоқани узиб қўядиган даражада зиёратни камайтириб юборма.

    10. Сени зиёрат қилишга келган кишининг юзига очиқ табассумли бўл. Унинг олдига меҳмонларга қўйиладиган нарсалардан қўй ва кетаётганида уни эшиккача кузатиб қўй.

    11. Зиммангдаги вазифани бажарган ҳолда ва орадаги дўстликни сақлаб қолиш
    учун сени зиёрат қилган кишини сен ҳам зиёрат қил.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962