Занжирбанд асир қиссаси… Сийратдан сабоқлар (2)

    Ҳозир келтиражагим ибрат намуналаридан яни бирини Табароний, Ҳоким, Ибн Саъд ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Саломдан ривоят қилганлар ва Ҳайсамий «Мажмаъуз-заваид»да ровийларини ишончли санаган:

    Яҳудий руҳонийларидан бири Зайд ибн Саъна айтади: «Мен Расулуллоҳнинг юзига қараганимда пайғамбарлик белгиларининг иккитасидан бошқа ҳаммасини кўрдим. Бу иккисини синаб кўрмаган эдим: ҳалимлиги жаҳлига ғолиб келадими ва жаҳлнинг ошиши ҳалимлигини зиёда қиладими? Бир куни борсам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига туя минган бир киши келиб турган экан. У: «Ё Расулуллоҳ, менинг қавмим фалон қишлоқ аҳлидир. Улар Исломни қабул қилганлар. Мен уларга агар Исломни қабул қилсалар, ризқлари мўл-кўл бўлишини ваъда қилган эдим. Бугун уларга қийинчилик етиб қолди. Мен уларнинг Исломга тамаъ ортидан кирганлари туфайли бугун ундан юз ўгириб кетишларидан қўрқаяпман. Агар уларнинг муҳтожлигини кеткизадиган бирон пул-мол юбора олсангиз, шундай қилинг, Аллоҳ сизни чиройли мукофотласин», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам берадиган бирон нарсамиз борми, дегандек савол назари билан Алий ибн Аби Толибга қарадилар. «Ҳеч нарсамиз қолмаган», деди Алий.

    Зайд ибн Саъна айтади: Шунда мен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қараб: «Эй Муҳаммад, менга фалон боғнинг маълум миқдордаги хурмосини маълум муддатдан кейин бериш шарти билан сотасанми?», дедим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа эй яҳудий, маълум миқдордаги хурмони сотаман, лекин фалон боғники деб атамайсан», дедилар. Мен буни қабул қилдим. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга саксон мисқол тилла бердим. Тилланинг ҳаммасини ҳалиги кишига бердилар ва: «Шу пул билан қавмингга ёрдам қил», дедилар.

    Тўлаш вақти келишидан икки-уч кун олдин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрдимки, бир неча асҳоблари билан бирга ансорлардан бир кишининг жанозасини ўқиб, бир девор остига бориб ўтирдилар. Шунда мен у кишининг ёнларига бориб, чопонлари ёқасини тутиб, ғазабнок ҳолатда: «Ҳой Муҳаммад, ҳаққимни бермайсанми?! Қасамки, эй Бану Абдилмуттолиб, сизлар қарзни ўта чўзиб юборадиган одам экансизлар», деб, қўпол сўзлар айтдим.

    Умар ибн Хаттобнинг бундан қаттиқ ғазаби келди. Ғазабдан кўзлари чаноқларидан чиққудек бўлиб: «Ҳой Аллоҳнинг душмани, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай беодобона сўзлар айтасанми?! Аллоҳга қасамки, агар у зотнинг ғазабларидан чўчимаганимда эди, қиличим билан бошингни танингдан жудо қилган бўлар эдим!», деди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар розияллоҳу анҳуга ўгирилдилар, Зайд ибн Саъна у зотнинг юзларига разм солиб, сўзларини кузатиб турар, мана шундай асабийлик ҳолатида нима деб жавоб беришларини эшитишни истарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умарга қараб, вазминлик билан: «Эй Умар, мен ҳам, у ҳам сиз томонингиздан бундан бошқа нарсага муҳтож эдик. Сиз мени (қарзни) яхши ўташга, уни эса (қарзини) чиройли сўрашга чақиришингиз керак эди. Эй Умар, уни олиб бориб, ҳаққини беринг ва унга (пўписа қилиб,) қўрқитганингиз учун йигирма соъ хурмо қўшиб беринг!», дедилар.

    Умар розияллоҳу анҳу йигирма соъ хурмо қўшиб берганида Зайд: «Эй Умар, бу ортиқчаси нима учун?», деб сўради. Умар розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сенга қилган ғазабим эвазига буни қўшиб беришимга буюрдилар», деди. Зайд: «Эй Умар, мени танийсанми?», деди. «Йўқ, сен кимсан?», дедилар Умар. «Зайд ибн Саънаман», деди. «Ҳабр (руҳоний)ми?». «Ҳабр (руҳоний)». «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нега ундай муомала қилиб, у сўзларни айтдинг?». «Эй Умар, мен Расулуллоҳнинг юзига қараганимда пайғамбарлик белгиларининг иккитасидан бошқа ҳаммасини кўрдим. Бу иккисини синаб кўрмаган эдим: ҳалимлиги жаҳлига ғолиб келадими ва жаҳлнинг ошиши ҳалимлигини зиёда қиладими? Мен энди у иккисини синаб кўрдим. Эй Умар, сени гувоҳ қилиб айтаманки, Аллоҳни Парвардигор, Исломни дин ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар деб рози бўлдим. Яна сени гувоҳ қилиб айтаманки, бойлигимнинг ярми – мен қавмимнинг энг бой кишисиман – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Умматига садақа бўлсин.

    Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: «Уларнинг баъзилари учун бўлақолсин. Чунки, сен уларнинг ҳаммасига етказа олмайсан».

    Зайд: «Баъзиларига бўлақолсин», деди.

    Кейин Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келди ва: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман), деди ва у зотга иймон келтирди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга барча ғазотларда иштирок этди ва Табук ғазотида ортга чекинмаган ҳолда вафот этди. (Ҳофиз «Ал-исоба»да айтади: Табароний, Ҳоким, Абуш-шайх, Ибн Саъд ва бошқалар ривоят қилган, иснодидаги кишилари ишончли. Ибн Касир «Ал-бидая»да зикр қилиб, Абу Нуаймнинг «Далаил»ига нисбатлаган. Ҳайсамий «Мажмаъуз-заваид»да (8/240) Табароний ривоят қилганини ва кишилари ишончли эканини айтган).

    Эй мусулмонлар! Севикли биродарлар!

    Айтмадимми сизларга, мулойимлик ва одамларга чиройли муомала қилиш қалблардаги ғазабни меҳр-муҳаббатга айлантириб қўяди деб?!

    Қанийди уммат бу дарсни яхши ўзлаштирса ва ҳокимларига, олимларига, ёшларига ва аёлларига нисбатан буни амалда татбиқ қилса!!

    Кошкийди уммат Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларига қайтса, бу пок сийрат ва тоза ахлоқларни ўз ҳаётида амалий дастурга айлантириб олса!!

    Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, қалблар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ана шундай юксак ахлоқлари сабабли чиппа боғланиб қоларди.

    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари ва дўстларидан ҳам бурунроқ душманларига иззат-икром кўрсатганлар. Душманлари ўзаро тор доирада у зотнинг ростгўйликлари, олийжанобликлари, мардликлари ва юксак ахлоқ соҳиби эканларига гувоҳлик беришарди. «Саҳиҳул Бухорий»да келганидек, Ҳудайбияда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сулҳ шартларини келишиб олиш учун келган Урва ибн Масъуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларидаги саҳобаларнинг у зотга нисбатан кўрсатаётган фидокорликларини кузатиб ўтирган, Қурайш ҳузурига қайтиб боргач, уларга шундай хитоб қилган эди: «Эй қавмим, қасамки, мен кўп подшоҳлар, шу жумладан Қайсар, Кисро ва Нажоший ҳузурида бўлганман. Аллоҳга қасамки, бирон бир подшоҳни аъёнлари Муҳаммаднинг асҳоби Муҳаммадни улуғлаганича улуғлаганини кўрмаганман. Қасамки, агар у тупурса, тупуги ерга тушмай, улардан бирининг кафтига тушади ва у уни юзига ва баданига суради. Агар бир ишга буюрса, уни адо этишга шошилишади. Таҳорат қилса, таҳоратига сув беришга (ёки таҳоратидан ортган сувни) талашиб, уришиб кетишга яқин бўлишади. У гапирса, овозларини чиқармай, жим қулоқ солишади. Уни ҳурмат қилганларидан юзига тик боқишмайди!!».

    Айтиб ўтганимиздек, уммат ҳозирда мана шундай улуғ сийратни қуп-қуруқ назарий ва зеҳний ўрганиш билан кифояланмоқда. Аслида, у зотнинг сийратлари биз учун ҳаёт қуёшларимизга нур бахш этадиган шуълага айланиши, авлодларимиз томирида оқадиган қайноқ қонга айланиши зарур эди!!

    Келинг, бу сийратни ҳаётимиз воқелигига ва амалий дастуримизга айлантирайлик!

    Суҳбатимизнинг учинчи моддаси шу ҳақда бўлади.

    Иккинчи хутба:

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

    Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    Аммо баъд…

    Учинчи: Аллоҳ жалла ва алога, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари ва ҳаётларига қайтмоқ фарздир

    Мусулмонлар! Тарбия ва ахлоққа доир назарий дастурни тақдим этиш унча қийин иш бўлмаслиги мумкин. Бироқ, модомики бу дастур одамлар ҳаётида амалий воқеликка айланмас экан, бор-йўғи қоғозга битилган сатрлар бўлиб қолаверади. Модомики, у инсоният олами ичра улуғворлик, юксаклик ва олийлик билан порлаб турмас экан, ўзи битилган сиёҳ баҳосига ҳам арзимас ёзувлар бўлиб қолаверади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Исломдан аввал Араб жазирасидан ташқарида на салмоғи, на эътибори бўлган араблар ва аъробийлардан, ўша ялангоёқ ва яланғоч саҳройилардан башарият ичра мутлақо тенги бўлмаган мислсиз буюк бир қуръоний авлодни етиштириб чиқардилар. У зот исломий тарбия дастуридан минглаб нусхани чоп этдилар. Бироқ, бу нусхаларни сиёҳ билан қоғозга эмас, балки инсонлар қалбига нурдан бўлган сиёҳ билан битдилар! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари ушбу тарбия ва ахлоққа доир назарий дастурни одамлар оламида порлаб ва ярқ этиб кўзга ташланиб турадиган амалий воқеликка айлантирдилар. Борлиқ башарият уларнинг юксак ахлоқларига гувоҳ бўлди, ер юзида икки оёқ билан юриб турган тирик қуръонларни кўрди. Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида сўралганда: «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар (Муслим: №746).

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар оламида ҳаракатланиб турган тирик қуръон эдилар. У зотнинг асҳоблари ҳам барча ҳолатларида Аллоҳ ва Расулининг амрларга бўйсунишар ва қайтариқларидан тийилишар, Аллоҳ жалла ва ало белгилаб берган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган чегарадан асло ташқарига чиқишмас эди.

    Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, биз ҳам модомики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига янгидан юрмас эканмиз, ҳеч қачон у зотга ҳақиқий эргашувчи бўлмаймиз! Шундай экан, Аллоҳ ва Расулига иймон ва муҳаббат даъвосида бўлган ҳар бир киши ўзининг ҳаётини бир текшириб олсин, иймон ва муҳаббат ҳақиқатига, чинакам эргашишга нисбатан қай ўринда турибди?!

    Қуръон ва Суннатга чинакамига қайтиш ҳар кимнинг ихтиёридаги иш бўлмаслиги керак. Зеро, бу ихтиёрий иш эмас, балки мусулмонлик шарти ва мўминлик чегарасидир. Ё Муҳаммад Мустафога эргашиш ва у зотнинг йўлларини маҳкам тутиш билан иймонда, ё эса Аллоҳнинг дастури ва Расулининг йўлларидан четланиш билан куфрда бўлиш бордир:

    «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).

    Аллоҳ таоло содиқ ва чинакам мўминлар ҳақида айтади: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида, мўминларнинг сўзи «эшитдик ва бўйсундик», (демоқдир). Ана ўшаларгина нажот топувчилардир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунса ва Аллоҳдан қўрқиб, тақво қилса, ана ўшаларгина (бахт-саодатга) эришувчилардир» Нур: 51-52).

    Эшитиб, юз ўгириб кетадиган ва эшитиб, масхара қиладиган мунофиқлар ҳақида эса мана бундай дейди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзларини сизга нозил қилинган нарсага (Қуръонга) ва сиздан илгари нозил қилинган нарсаларга иймон келтирган деб ҳисоблайдиган (айрим) кимсаларнинг ботилга ҳукм сўраб боришни истаётганларини кўрмадингизми? Ҳолбуки, уларга унга (ботилга) ишонмаслик буюрилган эди. (Чунки) шайтон уларни бутунлай йўлдан оздиришни истайди. Қачон уларга «Аллоҳ нозил қилган Китобга ва пайғамбар ўгитларига келинглар», дейилса, у мунофиқларнинг сиздан қаттиқ юз ўгирганларини кўрасиз» (Нисо: 60-61).

    Демак, мўмин – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга қулоқ солиб, у зотга итоат қилувчи кишидир: «Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилса, у Аллоҳга итоат қилибди. Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоатсизлик қилса, Аллоҳга итоатсизлик қилибди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ўртасидаги фарқдирлар» (Бухорий: №7281).

    Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларини ўрганиш қуруқ назарий билим ҳосил қилиш ё баҳс-мунозаралар учун бўлмаслиги, балки уни уммат ўз ҳаётида амалий воқеликка ва ҳаётий дастурига айлантириб олиши учун бўлмоғи зарур экан!

    Шу йўлга шу бугуноқ қайтмоқ зарур! Аллоҳ ва Расулига қайтмоқ зарур! Аллоҳга қасамки, уммат то биринчи бор ўзини тубсиз жарликлардан юксак олийликларга кўтарган манҳажга, оламлар Парвардигорининг ва Пайғамбарлар саййидининг манҳажи-дастурига қайтмас экан, ҳеч қачон ўзининг қўлдан бериб қўйган ўрнига қайта олмайди!

    Бу эътиборсиз қараладиган иш эмас!

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга овозни кўтаришнинг ўзиёқ барча амалларни бекорга чиқаришини биласизми?!

    Умматнинг ўз Пайғамбаридан кейинги энг улуғ кишилари бўлган Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумодек улуғ икки саҳоба овозларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам овозларидан кўтаришгани учун ҳалокат чоҳига тушишларига сал қолганини биласизми?!

    «Саҳиҳул Бухорий»да (№4845) Ибн Аби Мулайкадан ривоят қилинади:

    Яхшиларнинг яхшиси бўлган икки киши ҳалок бўлишларига оз қолди. Абу Бакр ва Умар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мажлисларида, у зот ҳузурларига Бану Тамим элчилари келишганда овозлари кўтарилиб кетди. Абу Бакр: «Ё Расулуллоҳ, уларга Қаъқоъ ибн Маъбадни амир қилинг», деди. Умар эса: «Йўқ, балки Ақраъ ибн Ҳобисни уларга амир қилинг, ё Расулуллоҳ», деди. Шунда Абу Бакр: «Сиз менга хилоф қилмоқчи бўлдингиз», деди. Умар: «Йўқ, мен сизга хилоф қилмоқчи эмасдим», деди.

    Бўлган гап бор-йўғи шундан иборат эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида овозлари бир оз кўтарилиб кетди, холос. Шунда уларни огоҳлантириб ва тарбия қилиб, Қуръон оятлари нозил бўлди:

    «Эй мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайтларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар!» (Ҳужурот: 2).

    Эй мусулмонлар! Овозни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам овозларидан кўтаришнинг ўзиёқ амалларни бекорга чиқарадиган бўлса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатларини ҳаётдан четлатиш натижаси нима бўларкин?! У зотнинг шариатларини ноқислик, қолоқлик, реакционлик билан айблаш, уни йигирма биринчи аср маданиятига ҳамоҳанг қадам ташлаёлмаслик билан айблаш оқибати нима бўларкин?!

    Шоир айтганидек:

    «Ким Пайғамбар севгисини даъво қилса-ю, унинг йўлидан юрмаса, уни даъвоси қуруқ гапдир.

    Агар севгиси чин бўлса, севгининг энг биринчи шарти итоат ва вафодир».

    Сўзимни латиф бир ҳикоя билан тугатмоқчиман.. Шояд, биз чин севгига нисбатан қай ўринда эканимиз маълум бўлса..

    Бир шогирд устозига: «Эй устоз, эшитишимча, сиз тушингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрар экансиз», дебди.

    «Хўш, нима бўпти?», сўрабди устоз.

    «Менга ҳам йўлини ўргатинг, мен ҳам у зотни тушимда кўришни истайман», дебди у.

    «Майли, унда бугун кечки таомни бизникида мен билан тановул қил, кейин сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўриш йўлини ўргатаман», деб жавоб берибди устоз.

    Шогирд кечқурун устозиникига борибди. Устоз шогирд олдига ўта шўр қилиб тайёрланган таом қўйибди, бироқ сув бермабди. Шогирднинг сув сўраб қилган илтимосларини рад қилибди ва таомдан кўпроқ ейишга зўрлабди.

    Кейин: «Ухла, тонгга яқин турганингда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўриш сирини ўргатаман», дебди. Шогирд ташналикдан қийналади ва чанқоқнинг зўридан у ёқ-бу ёққа думаланиб, яхши ухлай олмайди.

    Тонг пайти устоз: «Эй болам, сенга энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тушда кўриш йўлини айтай. Аввал сен айтчи, бугун тушингда нималарни кўрдинг?», деб сўрабди.

    «Тушимда ёмғирлар ёғаётганини, серсув дарё ва кўлларни кўриб чиқдим», дебди шогирд.

    Шунда мураббий устоз айтган экан: «Ҳа, эй болам, ниятинг чин бўлса ва нимани ҳақиқий орзу қилсанг, тушингга ўша нарса киради. Ташналигинг туфайли тушингга сув кирган. Агар муҳаббатинг чин бўлса, албатта тушингда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрасан».

    Даъво қилиш жуда осон, гапириш жуда осон! Лекин, ҳақиқий эргашишда гап! Сиз билан биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратлари ва ҳаётларига нисбатан қай ўриндамиз?!

    Аллоҳга қасамки, уммат то Олий Парвардигорининг манҳажига ва Пайғамбарлар саййидининг сийратларига чинакам қайтмас экан, ушбу покиза сийратни ўзининг ҳаёт йўлига айлантириб олмас экан, ҳеч қачон бошидан бугунги кўргуликлари аримайди!

    Аллоҳ таолодан умматни Ўзининг манҳажига гўзал суратда қайтаришини сўрайман.

    2011 йил 7-январ

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962