Маҳшарга йиғилиш

    Охират ҳовлиси силсиласи

    الشيخ محمد حسان

    في رحاب الدار الآخرة

    الحشر

    Шайх Муҳаммад Ҳассон
    Ислом Нури таржимаси

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

    Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

    Аммо баъд…

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

    Олдинги суҳбатимизда қайта тирилиш ҳақида сўзлаб, юракларни қинидан чиқариб юборадиган кўринишларга тўхталган ва одамларнинг қабрлардан яланғоч, ялангоёқ, хатна қилинмаган ҳолда чиқиб келишлари, ҳар бир киши нима устида вафот этган бўлса, шу устида тирилиши, тоат устида вафот этган киши тоат устида, маъсиятда вафот этган маъсият устида қайта тирилиши ҳақидаги сўзларда тўхтаган эдик.

    Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бир банда ўзи вафот этган нарсада тирилади». (Муслим: №2878).

    Карамли Парвардигор Ўз карами билан бир одат-қонунни жорий қилдики, ким нима нарса устида яшаб ўтса, ўша нарса устида вафот этади. Ким нима устида ўлса, ўша нарса устида тирилади..

    Қиёмат куни биринчи бўлиб қабри ёрилиб, ундан чиқиб келадиган киши ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўладилар.

    «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен қиёмат куни одамзотнинг саййидиман, қабри биринчи бўлиб ёриладиган киши менман, энг биринчи шафоатчи ва шафоати қабул қилинувчи ҳам менман». (Муслим: №1178, Абу Довуд: №4763, Термизий: №3615).

    Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиёмат куни биринчи бўлиб қабрдан чиқиб келувчи зот бўлсалар, қиёмат куни биринчи бўлиб эгнига кийим ёпиладиган зот пайғамбарлар отаси Халилуллоҳ Иброҳим алайҳиссалом бўладилар.

    «Саҳиҳ Муслим»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Эй одамлар! Қиёмат куни сизлар ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда маҳшарга йиғиласиз. Қиёмат куни биринчи кийинтириладиган зот Иброҳим алайҳиссаломдир» (Бухорий: №6524, Муслим: №2860, Термизий: №2425).

    Байҳақий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қиёмат куни биринчи бўлиб жаннатдан кийим кийдириладиган киши Иброҳим алайҳиссалом бўлади. Мени ҳам олиб келиниб, жаннатдан бир ҳулла кийдирадилар…»

    Уламоларимиз қиёмат куни кийим борасида Иброҳим алайҳиссаломни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан муқаддам қилиниши сабаби тўғрисида сўзлаб ўтганлар.

    Аҳли илмлар зикр қилган сўзлар ичида энг гўзал сўзлардан бири шуки, мушриклар Иброҳим алайҳиссаломни тириклай ўтда ёндириш мақсадида бир неча ой ўтин йиғиб, гулхан қалаган ва гулханнинг алангаси кўкларга ўрлаган, ҳатто осмондаги қушлар унинг иссиғига бардош беролмай қулайдиган ҳолат бўлгач, Иброҳимни ўтга улоқтиришдан олдин эгнидаги кийимларини ечиб олишган, у шунда ҳам сабр қилиб, Аллоҳдан ажр истаб, Аллоҳга таваккул қилиб, бардош билан тургани учун Аллоҳ таоло уни дунёда ҳам, охиратда ҳам ўт ҳароратидан сақлади ва шунинг мукофоти тариқасида қиёмат куни гувоҳлар кўзида уни кийинтирди.

    Хуллас, биринчи бўлиб қабрдан чиқадиган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, биринчи бўлиб кийим кийдириладиган зот Иброҳим алайҳиссалом бўладилар, барча пайғамбарларга Аллоҳнинг саловоту саломи бўлсин.

    Қайта тирилишдан сўнг нима ҳодиса бўлади?! Маҳшаргоҳга йиғилиш ҳодисаси бўлиб ўтади.

    Бугунги суҳбатимиз мавзуси шудир.

    Вақтдан унумли фойдаланиш учун одатимизча, суҳбатимизни қуйидаги бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

    1. Биринчи: Маҳшаргоҳнинг кўриниши.
    2. Иккинчи: Одамлар қай тариқа маҳшарга йиғилади?!
    3. Учинчи: Мавқиф (маҳшарда туриш) даҳшати.
    4. Тўртинчи: Унинг арши соясида.
    Биринчи: Маҳшаргоҳ кўриниши

    Маҳшар ерини қандай тасаввур қиласиз?!

    Ўзимиз яшаб турган шу ерга ўхшаган бўладими?!

    Йўқ. Шак-шубҳасиз, маҳшар ери биз яшаб турган бу ердан бошқача бўлади. Нега ҳам шундай бўлмасин?! Замон бутунлай ўзгача.. Макон бутунлай ўзгача..

    Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта, Аллоҳ ғолибдир ва (у) Ер бошқа Ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва қудратли Аллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (Қиёматда) интиқом олувчидир» (Иброҳим: 48).

    Демак, бу дунёнинг ери ҳам, осмони ҳам ўзгариб, бутунлай бошқа ер ва бошқа осмонга айланиб қолади.

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар қиёмат куни йиғиладиган маҳшар ерини жуда аниқ қилиб сифатлаб берганлар.

    Бухорий ва Муслим Саҳл ибн Саъд ас-Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

    «Одамлар қиёмат куни худди тоза ундан қилинган нон каби қизғиш оқ ер устига йиғиладилар, унда ҳеч ким учун бирон белги бўлмайди». (Бухорий: №6521, Муслим: №2790).

    Яъни, унда на иморат, на бир бино ва на йўл белгиси бўлади.. Силлиқ, теп-текис, қизғиш оқ ер бўлади..

    Саҳл айтади: «Унда ҳеч ким учун бирон белги бўлмайди.. Яъни, одамлар ўзаро таниб оладиган кўчалар, йўллар, шаҳарлар каби бирон аломат-белги бўлмайди».

    Унда на дарахтлар, на анҳорлар, на бинолар бўлади.

    Маҳшар ерининг кўриниши ана шундай бўлади.

    Хўш, энди одамлар бу ер узра қандай ва қай тариқа йиғилишади?!

    Иккинчи: Одамлар қай тариқа маҳшарга йиғилади?!

    Қиёмат куни одамлар қабрларидан ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолатда чиқиб келади.

    «Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда маҳшарга йиғиласизлар», деганлар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Ё Расулуллоҳ! Эркак-у аёллар бир-бирига қарайдилар-ку!», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Оиша, иш (яъни, аҳволнинг оғирлиги) бу нарса уларга аҳамиятли бўлишидан қаттиқроқ», деб жавоб берганлар (Бухорий: №6527, Муслим: №2859).

    Ҳа, Аллоҳга қасамки, одамлар қабрларидан ана шундай яланғоч, хор ва ҳақир ҳолатда чиқиб келадилар.

    Аллоҳ таоло айтади: «Ва жарчи (Исрофил фаришта) яқин бир макондан туриб жар соладиган Кунда (унинг нидосига) қулоқ тутинг! У Кунда улар (барча халойиқ) у даҳшатли кичқириқни ҳаққи-рост эшитурлар. Бу (қабрлардан тирилиб) чиқиш Кунидир!» (Қоф: 41,42).

    Ҳа.. Аллоҳга қасамки, Одам алайҳиссаломдан тортиб, қиёматгача яшаб ўтган барча инсонларни тирилтириш Аллоҳ таолога жуда осондир! Ҳеч ким бунга қарши ҳам чиқолмайди, бош ҳам тортолмайди!

    Аллоҳ таоло айтади:

    «47. Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сиз (барчангиз) Ерни очиқ-яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз)! (У Кунда) Биз улардан биронтасини қўймай йиғдик.

    48. Улар саф тортган ҳолларида Парвардигорингизга рўбарў қилиндилар (ва Биз уларга айтдик): «Мана, сизларни аввал-бошда қандай яратган бўлсак, шундай ҳолда (яъни, мол-дунё, бола-чақаларингизни тарк қилиб, яланғоч ҳолингизда) ҳузуримизга келдингиз. Балки Бизни, сизларга ваъда қилинган Кунни (яъни, Қиёматни пайдо) қила олмас, деб ўйлагандирсизлар?!» (Каҳф: 47-48).

    У кунда Биз уардан биронтасини қўймай йиғдик… Подшоҳ ҳам, мутакаббир ҳам, ҳоким ҳам, раҳбар ҳам, зўравон ҳам, ҳеч ким қолмайди.. Ҳеч бирини қолдирмай йиғади Аллоҳ таоло у куни.

    Аллоҳ таоло айтади:

    «93. Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйсунган ҳолда келур.

    94. У зот уларни санаб-аниқлаб қўйгандир.

    95. Уларнинг барчаси қиёмат кунида ёлғиз ҳолда У зотнинг
    ҳузурига келувчидир.

    96. Албатта иймон келтириб яхши амаллар қилган зотлар учун Раҳмон (бандаларнинг қалбларида) муҳаббатни қилиб қўюр» (Марям: 93-96).

    Шундай.. Ҳар бир киши Раҳмон ҳузурига келади, ҳеч бир махлуқот бош тортишга қодир бўлмайди. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломдан тортиб, қиёмат қоим бўлгунича ўтган барча халқларнинг ҳисобини олгандир. Барча халқлар уларни маҳшаргоҳ сари етаклаб бориш учун ўзига чорлаётган улуғ фаришта ортидан юриб борадилар. Ҳамма қўрқув ичида, бўйсунган ҳолда, овозларни ичга ютиб, кетиб боради.

    Аллоҳ таоло айтади:

    «108. У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фаришта)га эгилмай-бурилмай эргашурлар — итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, бас фақат пичирлашнигина эшитурсиз.

    109. У кунда шафоат-оқлов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзидан У зот рози бўлган кишигагина (фойда берур).

    110. У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар.

    111. Юзлар хам Тирик ва абадий Турувчи (У) зотга таъзим қилур. Ким зулмни (ширкни) кўтариб келган бўлса ноумид бўлиши аниқдир» (Тоҳа: 108-111).

    Гаплар у куни фақат шивирлаш-у пичирлаш бўлиб қолади! Сўроқ-савол у куни фақат ишнинг эгасиникидир!!

    У куни ким Ундан қочиб қутулишга ё Унинг амрига хилоф қилишга қодир бўлади?!

    Қай бир зўравон панада қолишга ё ўзини четга олишга қодир бўлади?! Ваҳоланки, Аллоҳ таоло ҳар бир одам боласига у куни иккитадан фариштани бириктириб қўйган ва улар уни маҳшар сари олиб боришга вакил қилинган бўлсалар?!

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Мана ўлим мастлиги (яъни жон чиқар пайти) ҳаққи-рост (етиб) келди. (Эй инсон), бу (ўлим) сен қочувчи бўлган нарсадир. (Қайта тирилишга даъват қилувчи) Сур ҳам чалинди. Бу (кофирларга азоб) ваъда қилинган Кундир! Ва ҳар бир жон ўзи билан бирга (уни маҳшаргоҳга) ҳайдовчи (бир фаришта) ва (унинг қилиб ўтган амалларига) гувоҳлик берувчи (бир фаришта) бўлган ҳолда келди. (Эй инсон), аниқки, сен бу (оғир Кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни (яъни мана бу Қиёмат Куни ҳақидаги шак-шубҳаларингни) очиб юбордик. Энди бу Кун сенинг кўзинг жуда ўткирдир» (Қоф: 19-22).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятлар маъносини шундай тасвирлаб берадилар. Термизий ҳасан санад билан ривоят қилган ҳадисда у зот айтадилар: «Қиёмат куни одамлар уч турли бўлиб маҳшарга йиғилади. Бир тури яёв, бир тури отлиқ, яна бир тури юзтубан бўлиб» (Термизий: №3141, Албоний «Мишкот»да (№5546) саҳиҳ санаган).

    Бухорий ва Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бир киши: «Ё Расулуллоҳ, кофир қандай қилиб маҳшарга юз тубан юриб боради?», деб сўради. «Уни дунёда икки оёқда юргизиб қўйган Зот қиёмат куни юзтубан юргизишга қодир эмасми?!», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №4760, Муслим: №2806).

    Ҳа, Раббимизнинг иззатига қасамки, албатта У қодирдир бунга!

    Севикли дўстим! Илонни кўрмасингиздан бурун бирон бир жонзотни қорни билан юришини тасаввур қила олармидингиз?!

    Илонни қорни билан юргизиб қўйган Зот қиёмат куни кофирни юзи билан юргизиб қўйишга албатта қодирдир.

    Баъзи одамлар яёв юриб борадилар.

    Баъзилари эса отлиқ ҳолда борадилар.

    Ким бўлди экан бундай оғир ва даҳшатли кунда отлиқ юриб бориш бахтига мушарраф бўлувчилар?!

    Парвардигор азза ва жаллага қулоқ солинг. У зот айтади:

    «Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган… кунни (эсланг)!» (Марям: 85).

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!» (Фуссилат: 30).

    Малоикалар тақво аҳлига охират от-уловларини келтирадилар, уларга олтиндан ясалган эгарлар ўрнатилган бўлади. Тақводор зотлар шундай оғир кунда яёв юришдан озод бўлиб, ушбу от-уловларга минадилар ва маҳшар сари йўл оладилар. Яхшиликнинг мукофоти яхшилик эмасми, ахир?!

    Тақво – Аллоҳга итоат қилиш ва осий бўлмаслик, Аллоҳни зикр қилиш ва унутмаслик, Аллоҳга шукр бажо келтириш ва куфрони неъмат қилмасликдир.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан тақво ҳақида сўралганида у киши: «Тиканли йўлда юрганмисан?», деб сўрадилар. «Ҳа», деди сўровчи. Тиканни кўрганингда нима қилгансан?», дедилар. «Эҳтиёт бўлганман», деди у. «Худди ана шу тақводир», дедилар у киши.

    Ибн ал-Муътаз деди:

    (Шеър мазмуни)

    Гуноҳларнинг кичигини ҳам, каттасини ҳам ташла, тақво шудир.

    Тиканзор узра юриб бораётган кишидек эҳтиёткорона ҳаракат қил.

    Кичик гуноҳни арзимас санама, тоғлар ҳам майда тошлардан бириккан.

    Толқ ибн Ҳабиб айтади: «Тақво – Аллоҳ томонидан бўлган нур узра Аллоҳнинг тоатига амал қилишинг ҳамда Аллоҳ томонидан бўлган нур узра Аллоҳнинг маъсиятини тарк этишинг, Аллоҳнинг азобидан қўрқишингдир».

    «Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун ҳайдайдиган кунни (эсланг)!» (Марям: 85-86).

    Тақводор отлиқ ҳолда боради..

    Аммо, дунёда шишиб-гупирган ва нафсини Аллоҳ учун қуйи тутмаган, Аллоҳнинг халқларига раҳм-шафқат қанотини ёзмаган, балки амал курсиси билан мағрур бўлиб, мол-дунёси, обрў-эътибори, мансаби билан такаббурлик қилган мутакаббир кимса у куни ўзининг қандай ҳолат ва қандай кўринишда маҳшарга юриб боришини билганида эди, Хожасига хорлик изҳор қилиб, бурнини тупроққа ишқалаган, Аллоҳнинг халқларига раҳм-шафқат қанотини ёзган бўлар эди.

    Недан бу қадар кибр эй одамзот?!

    Оғзинг тўла тупукни олиб юрган бўлсанг!!

    Қўлтиқларинг ости тердан намиққан бўлса!!

    Қовуғингда сийдикни, ичакларингда ахлатни кўтариб юрган бўлсанг!!

    Ҳар куни бир-икки марта қўлинг билан нажосатни артсанг!!

    Эй инсон, қаердан келди сенга бу қадар кибр?!

    Салафлардан бирлари бир кимсанинг калондимоғлик билан: «Менинг кимлигимни биласанми?!» деган саволига: «Ҳа, биламан, куни кеча нопок сув эдинг, яқинда бадбўй жасадга айланасан, ҳозир эса ичинг тўла ахлатни кўтариб юрибсан», деб жавоб берган эди..

    Менинг кимлигимни биласанми?!..

    Кимсан сен эй мағрур?!

    Мутакаббир кимсанинг қиёмат кунидаги ҳолатини кўз олдингизга келтириб кўринг..

    Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мутакаббирлар қиёмат куни гўё одам суратидаги майда чумолилардек бўлиб маҳшарга йиғилади, уларни ҳар томондан хорлик ўраб олади» (Саҳиҳ, Термизий: №2494, Албоний «Мишкотда саҳиҳ санаган, «Саҳиҳул-жомиъ: №8040).

    Ҳа, мутакаббирлар қиёмат куни оёқ остида эзғиланиб ётадиган қумурсқалардек майда ва қадрсиз бўлиб маҳшарга боради. Чунки, улар дунёда шишиб-гупирган ва ҳаммани эзиб-янчиб, оёқости қилиб юрар эдилар. Жазо албатта, амал жинсидан бўлади!

    Барча халойиқлар маҳшар ерига етиб келгач, ер аҳлига икки баробар миқдорда фаришталар тушиб келадилар. Фаришталар уларни ҳамма томондан ўраб оладилар.

    Маҳшаргоҳда туриш юракларни қинидан чиқаргудек оғир ва шиддатли бир ҳолатдир.

    Суҳбатимиз давомида шу ҳақда сўз боради.

    Учинчи: Мавқиф (маҳшарда туриш) даҳшати

    Одамлар маҳшаргоҳга етиб келишгач, ғам-қайғу ва ташвиш-изтироблари яна-да ортади. Сабаби, унда туриш жуда узоқ чўзилади.

    Қуёш бошлар устига жуда яқин келтирилади. «Саҳиҳ Муслим»да Миқдод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни қуёш халқларга жуда яқин келтирилади, ҳатто бир мил миқдорида қилинади. Шунда одамлар амаллари миқдорига қараб тер ичида бўладилар. Баъзилари тўпиқларигача, баъзилари тиззаларигача, баъзилари белларигача (терга ботади), айримларини тер юганлаб олади (яъни оғзигача етади)». Шундай деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан оғизларига ишора қилдилар (Муслим: №2864, Термизий: №2423).

    «Саҳиҳайн»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар ўзларининг улуғ бир Кунда барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган Қиёмат) Кунида қайта тирилувчи эканликларини ўйламайдиларми?!» (Мутоффифун: 4-6) ояти ҳақида айтдилар: «Улардан бирлари қулоғининг ярмигача тер ичида туради». (Бухорий: №6531, Муслм: №2862).

    Мана шу кўринишни кўз олдингизга келтириб кўрдингизми?! Қуёш бош устига яқин келтириб қўйилган.. Тошу темирни эритиб юборадиган кучли ҳарорат.. Тасаввур қилинг, башариятнинг ҳаммаси битта ерга, бир жойга жамланган.. Нафасларни бўғиб юборадиган тиқилинч!!

    Ана шундай оғир ва шиддатли ҳолатда жаҳаннамни олиб келиниши уларнинг ғам-қайғуларини яна ҳам кучайтириб юборади.

    Ҳа.. жаҳаннамни маҳшаргоҳга олиб келинади. Имом Муслим Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат кунида жаҳаннам олиб келинади ва унинг етмиш минг тизгини бўлади. Ҳар бир тизгиндан етмиш минг фаришта тортиб келади» (Муслим: №2842, Термизий: №2576).

    Жаҳаннам келтирилиб, халойиқларни ўраб олгач ва халқларни кўргач, Аллоҳ таолонинг ғазаби ифодаси ўлароқ ғазабдан гуриллаб, даҳшатли овоз билан ўкиради.. Шунда ҳамма халойиқлар қўрқувнинг зўридан тиз чўкиб қолишади.

    Аллоҳ таоло айтади: «(У Кун­да) барча умматни (даҳшат ва изтироб-ла) тиз чўккан ҳолда кўрарсиз. Ҳар бир уммат ўз номаи аъмолига чақирилур, (сўнг уларга дейилур): «Бугун қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланурсизлар» (Жосия: 28).

    Шугина эмас. Балки, даҳшатидан сочлар оқариб кетадиган ва юраклар қинидан чиқиб кетадиган бошқа кўринишлар ҳам юз беради.

    Имом Термизий саҳиҳ санад билан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дўзахдан бўйин (шаклидаги бир бўлак аланга) чиқади, унинг кўрадиган икки кўзи, эшитадиган икки қулоғи, сўзлайдиган тили бўлади. У: «Мен уч (тоифа) кишига вакил қилиндим: Аллоҳга бошқа илоҳларни шерик қилган кишига, ҳар бир қайсар, зўравон кимсага ва мусаввирларга». (Термизий: №2577, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№512) саҳиҳ санаган).

    Қуръон ҳар бир саркаш ва зўравоннинг жазосини зикр қилган. Аллоҳ таоло айтади:

    «(Сўнгра пайғамбарлар Аллоҳдан) мадад тиладилар ва барча жабркор-саркаш кимсалар бахтсизликка дучор бўлдилар. Унинг (яъни, ҳар бир кофир бўлган кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир. (Жаҳаннамда) унга йирингли сувдан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди. Унинг ортида (бундан-да) оғир азоб бордир» (Иброҳим: 15-18).

    Ана шундай қаттиқ иссиқда ва оғир тиқилинчда.. Ана шундай сочларни оқартириб юборадиган, юракларни қинидан чиқариб юборадиган ва баданлар қўрқувдан титраб-қалтирайдиган ҳолатда..

    Пайғамбарлар ҳам мавқиф-ҳолатнинг оғирлигидан ва кўринишнинг даҳшатидан қўрқув ичида тиллари: «Аллоҳумма саллим.. Эй Аллоҳ, Ўзинг саломат қил» деб илтижо қилишдан бошқа нарсага эга бўлмайди.

    Уларнинг ўша кунги дуолари фақат шу бўлади, сўзлаш эса фақат уларга чекланган бўлади!

    «Уни (яъни қиёматни) кўрар кунингизда эмизаётган (оналар) эмизиб турган (боласини) унутар ва барча ҳомиладор (аёллар) ўз ҳомиласини ташлаб юборар, одамларни маст-аласт ҳолда кўрурсиз, ҳолбуки улар ўзлари маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир». (Ҳаж: 2).

    У куни киши ўз отасидан, онасидан, ака-укасидан, аёлидан қочади.. Ўғил дунёда ўзи меҳр кўрсатган, севиб хизматларини қилган ота-онасини унутади!! У куни ака укасидан қочади, ўртадаги қариндошлик алоқалари унутилади!

    У куни хотин дунёда ўзига бор меҳр-муҳаббатини берган ва бирга ширин турмуш кечирган эридан қочади!

    У куни меҳрибон она ўз фарзандидан қочади.. У даҳшатлар ичра оналикдек меҳр-муҳаббат булоғи қуриб қолади!

    Ҳамма ўз жонини ўйлаб қолади.. Ҳатто, пайғамбарлар ҳам..

    Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади..

    «Бас, қачон (қулоқларни) кар қилувчи (даҳшатли қичқириқ) келганда (яъни сур иккинчи марта чалиниб, барча халойиққа қайтадан жон ато этилганда ҳар бир инсон ўзи билан ўзи бўлиб қолур)! У Кунда киши ўз оға-инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотини-ю, бола-чақасидан ҳам қочур! (Чунки) улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур!» (Абаса: 33-37).

    Мана бу шеърни айтган кишини Аллоҳ раҳматига олсин.

    (Шеър мазмуни:)

    Эй мағрур, ўзингни қиёмат кунида деб тасаввур қил.

    Осмон титраб-чайқалган..

    Қуёш бандалар бошига яқин келтирилган..

    Юлдузлар ҳам тўкилиб, сочилиб кетган..

    Тоғлар илдизларидан қўпорилиб, булутлардек сузиб юради..

    Ҳомиласи ўн ойлик бўғоз туялар эгасиз ташлаб қўйилган..

    Уй-жойлар хароб бўлиб, эгасиз ҳувиллаб қолган..

    Ваҳший ҳайвонлар ҳам бир ерга йиғилиб қолган..

    Жалил самони Қўллари билан худди мактубни ўрагандек ўраб қўйган..

    Саҳифалар тарқатилиб, эгалари қўлига учиб келган..

    Бутун олам аҳлининг пардалари очилган..

    Она қорнидаги ҳомила ҳам қўрқувдан қалтираб, қасосдан қўрққан..

    У-ку бир бегуноҳ бўла туриб, шунча қўрқса,

    Умрбод гуноҳларга ботган кимса қандай қўрқмасин?!

    Жаҳаннам алангаси кўкларга ўрлаган,

    Маъсият аҳлига қараб даҳшатли ўкирган..

    Барча синовлардан сабр-бардош ила ўтган киши учун

    Жаннатлар зийнатланган ва хушланган..

    Мана шу кўринишларнинг ҳаммасини кўз олдингизга келтиринг.. Тиқилинчдан нафаслар тиқилган.. Қуёш бошларни куйдириб, эритиб юборишга яқин бўлган.. Ҳамма бир-бирининг пинжига тиқилишга уринган.. Саволлар пичирлашдан иборат.. Гаплар шивирлашдан ўтмайди..

    Абадий Ўлмас ва Барҳаёт Зотнинг улуғворлиги майдонга яна ҳам ҳайбат ва маҳобат солган.

    Ана шундай оғир ва шиддатли лаҳзаларда Аллоҳ жалла жалолуҳу маҳшар еридаги халқлардан бир қанчасини Ўз сояси билан сояланишга чорлайди.

    Улар ким бўлди экан?! Ушбу савол жавобини суҳбатимиз давомида билиб оласиз.

    Иккинчи хутба

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, деб гувоҳлик бераман.

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

    Тўртинчи: Унинг арши соясида

    У куннинг даҳшатлари ҳақида сўз юритишнинг ўзи ҳам вужудларни титроққа солади. Шундай экан, энди у куннинг воқеалари ичида хаёлан эмас, бевосита ўз жисмимиз билан яшасак, у куннинг шиддатига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлсак, қандай бўларкин?!

    Ана шундай шиддатли ҳолатлар ичида турилганда Аллоҳ жалла ва ало бир тоифа кишиларни Ўз соясила сояланишга чорлайди. Ким экан у бахтиёр зотлар?!

    «Саҳиҳайн»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Етти киши борки, Аллоҳ Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда уларни Ўз соясида соялантиради: Адолатли имом-раҳбар; Парвардигорининг ибодатида улғайган йигит; қалби масжидларга боғланган киши; Аллоҳ йўлида дўстлашган, Унинг йўлида бирлашиб, Унинг йўлида ажрашувчи икки киши; мансабли ва соҳибжамол аёл ўзига чорлаганда: «Мен Аллоҳдан қўрқаман», деган киши; махфий ҳолда садақа берган, ҳатто ўнг қўли берганини чап қўли билмаган киши; Аллоҳни холий зикр қилиб, кўзёши тўккан киши» (Бухорий: 2/119, Муслим: №1031).

    «Адолатли имом-раҳбар..» Яъни, ерда адолат ўрнатиш мақсадида яшаган ҳоким. Раиятлар у билан бахтиёр, у ҳам раиятлар билан бахтиёр, ушбу масъулиятли омонат юкини кўтаришда Аллоҳдан тақво қилади.. Ҳокимият ва мансаб омонат эканини, эртага Аллоҳ ҳузурида бунинг жавобини беришини яхши билади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар розияллоҳу анҳуга айтганларидек: «Амирлик омонат, қиёмат куни эса шармандалик ва надоматдир. Фақат ким уни ҳаққи билан ушласа ва зиммасидаги омонатни адо этса, бундан мустасно». Ана шундай адолатли ҳокимнинг мукофоти Аллоҳнинг соясидан ўзга соя бўлмаган кунда Унинг соясида сояланишдир.

    «Парвардигорининг ибодатида улғайган йигит..» Аллоҳ йўлидаги биродарим! Агар Аллоҳнинг ибодатида улғайсангиз, Аллоҳнинг маъсиятидан юз ўгирсангиз, қадамингиз гуноҳда тойилса, Аллоҳ жалла ва алога тавба қилишга шошилсангиз, Аллоҳ таоло Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда сизни Ўз соясида соялантиради.

    Эй навқирон йигит! Эй заковатли йигит! Эй ўз жонига жабр қилиб юрган йигит! Умидим шуки, Аллоҳга тавба ва тоат қилишдан кечикиб қолмайсиз. Зеро, тоат азизликдир, тоат шарафдир. Дунёда ҳам, охиратда ҳам азизлик фақат Аллоҳнинг тоати билан бўлади.

    Нима учун йигитни хосладилар?! Чунки, йигитлар томирида шаҳват гупуриб туради.. Чунки, йигит кишини айниқса, балоғат ёшида бутун вужудини шаҳватлар ўз гирдобига тортишга зўр бериб уринади.. Лекин, ибодатда улғайган йигит Аллоҳдан қўрққанидан ва Аллоҳнинг кузатиб туришини вужуди билан ҳис қилганидан нафсини сақлайди, шаҳватларига қарши туради, ёмонликларга буюрадиган нафси амморасидан ғолиб келади.

    Шунинг учун Аллоҳ таоло бу ибодатли, тақводор ва покиза йигитни мукофотлаб, Ўз соясидан ўзга соя йўқ кунда арши соясида соялантиради.

    «Қалби масжидларга боғланган киши…» Яъни, қалби, фикри-зикри масжидда бўлади. Фарз намозини ўқигач, ҳалол ризқ талабида дунё ишига чиқиб кетган пайтида ҳам, уйига ва бола-чақаси ҳузурига қайтиб келганида ҳам қалби масжидга муштоқ бўлади, яна қайтиб масжидга боришга ва Аллоҳнинг уйида ибодат, зикр ва Қуръон тиловати билан ўтиришга интилади. Имкони бўлса, бутун вақтини масжидда ўтказсам эди, дейди.

    Эй бутун вақтини телевизор қаршисида, сериаллар, спорт мусобақалари ва кинофилмлар томоша қилиш билан ўтказувчи! Шунча вақтингизни масжидда, Аллоҳнинг уйида ўтказсангиз бўмайдими?! Қалбингиз масжидга боғланса, қиёмат куни сояга муҳтож пайтингизда Аллоҳнинг соясида бўласиз.

    «Аллоҳ йўлида дўстлашган, Унинг йўлида бирлашиб, Унинг йўлида ажрашувчи икки киши…» Бу Аллоҳ йўлидаги муҳаббатдир.

    «Ким Аллоҳ учун яхши кўриб, Аллоҳ учун ёмон кўрса ва Аллоҳ учун инъом этса ва Аллоҳ учун ман қилса, иймонини комил қилибди» (Саҳиҳ, Абу Довуд: №4681, Саҳиҳул-жомиъ: №5965).

    Аллоҳ йўлидаги севги алоқаси энг кучли ва энг қимматли алоқадир. Билингки, «Иймоннинг энг мустаҳкам дастаси – Аллоҳ йўлида дўстлашиш ва Аллоҳ йўлида душманлашиш, Аллоҳ йўлида яхши кўриш ва Аллоҳ йўлида ёмон кўришдир», деганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Табароний ва бошқалар ривояти, «Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 2539).

    «Менинг йўлимда муҳаббатлашган кишилар қани? Бугун, Менинг соямдан бошқа соя йўқ кунда Мен уларни Ўз соямда соялантираман». (Муслим: №2566, Муваттоъ: 2/952).

    «Мансабли ва соҳибжамол аёл ўзига чорлаганда: «Мен Аллоҳдан қўрқаман», деган киши..» Яъни, зинога чорлаганида Аллоҳни эслаб, Унинг кузатиб туришини ўйлаб, Аллоҳдан қўрққанидан бу катта гуноҳдан ўзини тортган киши.

    «Махфий ҳолда садақа берган, ҳатто ўнг қўли берганини чап қўли
    билмаган киши…»

    «Аллоҳни холий зикр қилиб, кўзёши тўккан киши». Ўзи билан ўзи холи қолиб, кечалари туриб, намоз ўқийдиган ва Аллоҳни зикр қиладиган, қалби Аллоҳнинг маҳобати билан лиммо-лим бўлиб, Аллоҳдан қўрқиб кўзидан ёш тўккан киши.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Иккита кўзга – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўзга ва тун бўйи Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб чиққан кўзга дўзах ўти тегмайди» (Саҳиҳ, Термизий: №1639, Саҳиҳул-жомиъ: №6107).

    Қиёмат куни Аллоҳ Ўз соясида соялантирадиган яна бошқа кишилар ҳам бўлади.

    Ҳофиз Ибн Ҳажар юқоридаги етти кишидан бошқа яна Аллоҳ Ўз соясида соялантирадиган кишиларни «Маърифатул-хисол ал-мувсила илаз-зилал» (Сояга етказувчи хислатларни таниш) деб номланувчи алоҳида бир китобда жамлаганлар.

    Саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким (қарзини тўлашга) қийналган кишига муҳлат берса, Аллоҳ уни Ўзининг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда Ўз соясида соялантиради». (Саҳиҳ, Термизий: №1306, Саҳиҳул-жомиъ: №6107).

    Севикли дўстим! Мазкур тоатларга ва яхши хислатларга ҳарис бўлинг, шояд Аллоҳ Ўз соясидан бошқа соя йўқ кунда сизни ҳам Ўз соясида сояланишга чорласа!

    Қолган халқлар ҳаммаси ана шундай оғир қийинчилик ичида жуда узоқ туриб қолади. Ҳолат оғирлашиб, шу даражага борадики, айримлар дўзах азоби ҳам бу ерда туришдан енгилроқ бўлса керак деган гумонда бу шиддатли ва даҳшатли мавқифда тургандан кўра дўзахга маҳкум бўлиб кетсам ҳам майли эди, деб қолади.

    Ўшанда халойиқлар Аллоҳ таоло халқлар ичида ҳисоб-китоб ва ажрим ишини тезроқ бошласайди, шояд бу оғир мавқифдан қутулсак эди деб, У зотга илтижо қиладиган ва воситачилик қиладиган одам қидириб қоладилар ва шу мақсадда бир қанча пайғамбарларга мурожаат қиладилар. Бироқ, пайғамбарлар ҳам ўз жонимни қутқарсам ҳам катта гап, деб бу ишга ботинмайдилар.

    Шундан сўнг мақтовли мақом соҳиби, ҳавзи кавсар эгаси, тикилган байроқ эгаси, қиёмат кунидаги буюк шафоат соҳиби бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам маҳшаргоҳдаги халойиқлар номидан воситачи бўлиб, Аллоҳ таолога илтижо қиладилар ва уларнинг ҳисоб-китобларини тезроқ қилишини сўрайдилар.

    Бугунги суҳбатимизни шу ўринда якунлаймиз. Келгуси суҳбатимизда иншооллоҳ, Аллоҳ қодир қилса, мазкур улуғ шафоат ҳақида сўз юритамиз.

    Буюк арш соҳиби бўлган Улуғ Аллоҳдан барчамизнинг хотимамизни чиройли қилишини сўрайман. У бунга қодир Зотдир.

    2011 йил 12-август

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962