Бизга боғланинг
Инан шериклигига доир аҳкомлар ҳақидаги боб
Инан (عِِنان) – тизгинлардаги шериклик
деб номланишига сабаб – бу шерикликда ҳар иккала шерик пулда ҳам, тасарруфда ҳам
баробар шерик бўлади ва гўё икки отлиқ отларининг тизгинини баробар тутиб,
ёнма-ён кетаётгани кабидир. Яъни, иккала шерикнинг ҳар бири молда ҳам, ишда ҳам
баб-баробар бўлади.
Инан шериклигининг ҳақиқати шуки, икки ва ундан ортиқ шахс ўз моллари билан иштирок этиб, унда қўллари билан ҳам ишлашади ёки улардан бири ишлайди ва унга фойдадан кўпроқ қисми тегади.
Мазкур кўринишдаги инан шериклиги Ибнул Мунзир раҳимаҳуллоҳ сўзларига кўра, ижмоъ билан жоиздир (Ал-ижмаъ: 137-б). Унинг баъзи шартлари хусусида бироз ихтилоф бор, холос.
Ҳар иккала шерикнинг шериклик молдаги тасарруфи ўзининг улушига эгалик ва шеригининг улушига вакиллик нуқтаи назари билан бўлади. Чунки, шериклик атамаси шерикларнинг бир-биридан изн олишидан беҳожат қилади.
Шерикликка қўйиладиган дастмоя зарб қилинган (яъни, босиб чиқарилган) пул бўлиши жоиз эканига иттифоқ қилганлар. Чунки, одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замоналаридан то шу кунгача ана шундай пулларда шерик бўлиб келишади.
Инан шериклигида дастмоянинг мато, яъни, пулдан бошқа нарса билан бўлиши ҳақида ихтилоф қилганлар.
Баъзи уламолар сўзларига кўра, бу жоиз эмас, чунки, икки молдан бирининг қиймати сотишдан олдин кўтарилиб кетиши, иккинчисининг нархи пасайиб кетиши мумкин.
Иккинчи сўзга кўра, бу жоиздир ва бу сўз саҳиҳдир. Чунки, шерикликдан кўзда тутилувчи нарса шерикларнинг ҳар икки молда тасарруф қилишлари ва иккала молнинг фойдаси улар ўртасида бўлишидир. Бу эса худди пулда бўлгани каби матоларда ҳам ҳосил бўлади.
Инан шериклиги саҳиҳ-яроқли бўлиши учун иккала шерикнинг ҳар бири учун фойдадан маълум ва очиқ эълон қилинган бир қисмини, яъни, учдан, бири, тўртдан бири каби қисмини шарт қилиниши керак бўлади. Чунки, фойда улар ўртасида муштаракдир, улардан ҳар бирининг улуши фақат шарт қилиш ва белгилаб қўйиш билангина ажралади.
Агар ҳар бирининг фойдадан улуши номаълум бўлса, ёки улардан бирига молнинг
муайян бир қисмининг фойдаси ёки муайян вақтдаги фойдаси ёки муайян бир
сафардаги фойдаси шарт қилинса, бу кўринишларнинг барчасида дуруст бўлмайди.
Чунки, у ўша муайян нарсада фойда қилиши ҳам, қилолмаслиги ҳам мумкин, баъзида
муайян дирҳамлардан бошқасини ҳосил қилолмаслиги мумкин. Бу эса низога ва
келишмовчиликка олиб келади. Бу шариати исломияда қайтарилган ишдир. Чунки,
шариатимиз алдов ва зарар келтиришнинг олдини олиш учун келган.