Бизга боғланинг
Никоҳдаги шартлар ҳақидаги боб
Никоҳдаги шартлардан мурод – эр-хотиннинг бири иккинчисига никоҳ ақдида ўзи
учун фойдали бўлган нарсани шарт қилишидир. Унинг ўрни ақд ичида ёки ундан олдин
иккаласи келишиб олгани бўйича бўлади. Шартлар икки қисмга: саҳиҳ ва фосид
шартларга бўлинади.
1) Никоҳдаги саҳиҳ шартлар:
– Кўпчилик уламолар наздида агар аёл киши кундошини талоқ қилишини шарт
қилса, бу саҳиҳ шартлардан саналади. Чунки, бунда у учун фойда бор. Баъзи
уламолар бу шартнинг саҳиҳ бўлмаслигини айтганлар. Чунки, Набий соллаллоҳу
алайҳи ва саллам аёл киши синглисининг (яъни, кундошининг) идишидагини (ўзининг
идишига) бўшатиш мақсадида уни талоқ қилишни сўрашдан қайтарганлар, бу қайтариқ
эса фосидликни тақозо қилади.
– Никоҳдаги саҳиҳ шартлардан бири – агар аёл киши унинг устига уйланмасликни
ёки жория билан бирга бўлмасликни шарт қилган бўлса, эр унга вафо қилмаса,
никоҳни бузишга ҳақли бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Шартлар ичида вафо қилишингизга энг ҳақлироғи у билан фаржларни (яъни
хотинларингизнинг номусларини) ҳалол қилиб олган (яъни, никоҳдаги) шартлардир»,
деганлар (Бухорий (2721) ва Муслим (1418) Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан
ривоят қилганлар).
– Шунингдек, агар аёл киши ўзининг уйидан ёки шаҳридан олиб кетилмаслигини
шарт қилса, бу ҳам саҳиҳ шарт бўлади, эр уни ўзининг изнисиз олиб чиқишга ҳақли
бўлмайди.
Шунингдек, аёл киши ўзини фарзандларидан ёки ота-онасидан ажратмасликни шарт
қилса, бу ҳам саҳиҳ шарт бўлади, эр агар бунга хилоф қилса, никоҳни бузишга
(аёл) ҳақли бўлади.
Агар аёл киши маҳрида зиёдаликни шарт қилса ёки маҳри муайян миқдордаги пул
бўлишини шарт қилса, бу шарти саҳиҳ бўлади ва эр зиммасига лозим бўлиб, унга
вафо қилиши фарз бўлади. Акс ҳолда аёл никоҳни бузишга ҳақли бўлади. Тарохий
(яъни, пайсалга солиш) ҳолатида аёл (никоҳни бузиш-бузмасликда) ихтиёрли бўлади
ва истаган пайтида бузиши мумкин бўлади. Мабодо, аёл тарафидан унинг шартига
хилоф иш бўлаётганини билгани ҳолда бунга рози бўлиб туришига далолат қиладиган
иш топилса, унда ундан ихтиёр соқит бўлади.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир кишига унинг аёли шарт қилган нарсани
лозим бўлади деб ҳукм қилганларида у киши: «У ҳолда улар бизни талоқ қилишади!»,
деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Шартлар олдида ҳақ-ҳуқуқлар кесилади»,
дедилар (Ибн Аби Шайба (3/499), №16449), Бухорий (5/396 Ал-фатҳ)
ривоятлари).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмонлар шартлари устидадирлар»,
деганлар (Абу Довуд (3594) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, Термизий (1352) Амр
ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Вафо қилинишга энг ҳақли бўлган
ушбу шартларга вафо қилиш лозим. Бу шариат, ақл ва саҳиҳ қиёс тақозосидир. Зеро,
аёл киши ўз бузъини (яъни, номусини) эрга мана шу шарт билангина топширишга рози
бўлган бўлади. Мабодо, унга вафо қилиш фарз бўлмаган тақдирда ҳам, ақд ўзаро
розиликсиз бўлган бўлади ва аёлга у ўзи учун лозим қилмаган ва Аллоҳ ва расули
ҳам унга лозим қилмаган нарсани лозим қилиш бўлиб қолади» (Иъламул-муваққиъийн:
3/344).
2) Никоҳдаги фосид шартлар:
Никоҳдаги фосид (бузуқ, носаҳиҳ) шартлар икки хил:
1) Ақдни ботил қиладиган фосид шартлар. Улар уч хил бўлади:
Биринчи: Шиғор никоҳи. Яъни, бир киши ўзининг валийлиги остидаги қизни
бировга унинг валийлиги остидаги қизни унга бериши шарти билан, ўртада маҳрсиз
никоҳлашидир. Буни шиғор деб аталишига сабаб, у шуғур (شغور ) – яъни,
эваздан холилик маъносидаги сўздан олинган. Бир қавлда шиғор деб аталишига сабаб
– бу калима итнинг бавл қилиш учун оёғини кўтариши маъносидаги «шағара»
(شَغَرَ ) феълидан олинган, бу ишнинг қабиҳлиги итнинг бавлининг
қабиҳлигига ўхшатилган, ҳам дейилади.
Бу турда бир аёл иккинчи бир аёл ўрнига олинади. Уламолар унинг ҳаромлигига
ижмоъ қилганлар. Бу ботилдир, хоҳ унда маҳрни йўқ қилиш ҳақида ошкор айтилган
бўлсин, хоҳ сукут қилинган бўлсин, ажратиб юбориш лозим бўлади. Чунки, Ибн Умар
розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам шиғордан қайтарганлар. Шиғор – бир киши қизини бир кишига бериб, ўрнига
унинг қизини олиши ва ўртада маҳр бўлмаслигидир (Бухорий (5112) ва Муслим (1416)
ривоятлари).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло шиғор никоҳини ҳаром
қилди, чунки валий ўз мавлиясини (яъни ўзининг валийлиги остидаги қиз-жувонни)
унга куфъ-лойиқ бўлган бир киши харидор бўлса узатиши керак, бу борада ўзининг
майл-истагини эмас, қизнинг фойдасини кўзлаб иш тутиши керак. Маҳр аёлнинг
ҳаққи, валийнинг ҳаққи эмас. На валий, на ота қизни унинг фойдасидан бошқа
нарсани кўзлаб узатиши, унинг фойдасини эмас, ўзининг фойдасини кўзлаб турмушга
бериши мумкин эмас. У ҳолда унинг валийлиги соқит бўлади. Қачонки, мақсади унинг
фаржи (яъни, номуси)ни бошқа бир фаржга алиштириб олиш бўлса, унинг фойдасини
кўзлаган бўлмайди ва қиз учун эмас, ўзи учун (келадиган) мол туфайли уни
турмушга берган кишидек бўлиб қолади. Ҳар иккала иш жоиз бўлмайди»
(«Ҳошиятур-равзил-мурбиъ» соҳиби ундан нақл қилган: 6/318-319).
Шунга кўра, имом Аҳмад далил келтирганидек, мақсад шиғор бўлиб, ҳийла
юзасидан маҳр деб номласа ҳам жоиз бўлмайди. Чунки, унинг мақсади ўз қизини
бериб, ўрнига бировнинг қизини олиш эди. Шариат баён қилдики, бу иш аёлнинг
фойдаси учун эмас, балки валийнинг ғаразидан келиб чиқиб бўлди, хоҳ маҳрни
айтилган бўлсин, хоҳ айтилмаган бўлсин, фарқсиз. Муовия ва бошқалар шундай
деганлар. Имом Аҳмад ҳийла учун бўлмаган, балки аёлнинг маҳрдаги фойдани риоя
қилиб қилинган ҳолда уни жоиз санаган.
Агар ҳар иккаласига ҳеч қандай ҳийласиз, алоҳида тўла мустақил маҳр тайин
қилинса ва бунда ҳар иккала аёлнинг мувофақатини олинса, бу саҳиҳ бўлади. Чунки,
бунда зарар йўқолган бўлди.
Иккинчи: Муҳаллил (ҳалол қилиб берувчи)нинг никоҳи. Яъни, бир киши (уч
талоқ қилинган бир аёлни ўз эрига никоҳини ҳалол қилиб бериш ва) қачон биринчи
эрига ҳалол бўлгач, уни талоқ қилиш шарти билан уйланишидир ёки никоҳ ақдида
шарт қилиб айтилмаса ҳам уни ҳалол қилиб беришни ният қилиши ёки ақддан олдин
келишиб олишган бўлишидир. Ушбу ҳолатларнинг барчасида никоҳ ботил бўлади.
Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизларга ориятга (яъни,
вақтинчаликка сўраб) олинган қўчқор ҳақида хабар берайми?», дедилар. «Ҳа, ё
Расулуллоҳ», дейишди. «У муҳаллилдир. Аллоҳ таоло ҳалол қилиб берувчини ҳам,
унга ҳалол қилиб берилган кишини ҳам лаънатласин», дедилар (Ибн Можа (1936),
Ҳоким (2/217) Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Учинчи: Никоҳ ақдини келажакдаги бир шартга боғласа. Яъни, масалан:
«Ой боши келса, уни сенга бердим», ёки: «Қизнинг онаси рози бўлса, уни сенга
бердим», деса бу билан никоҳ ақди боғланган бўлмайди. Чунки, никоҳ икки
тарафлама ақд бўлиб, уни бир шартга боғлаш дуруст бўлмайди.
Шунингдек, агар уни маълум бир муддатга никоҳласа, айтсаки: «Мен уни сенинг
никоҳингга бердим, эртага уни талоқ қиласан», деса ёки: «Уни сенга бир ойга ёки
бир йилга бердим» деса, бу муваққат никоҳ ботил бўлади. Чунки, у мутъа никоҳи
бўлиб қолади.
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳ таоло мутъа никоҳини
аввалда ҳалол қилиб, кейин ҳаром қилгани ҳақида бир-бирини қувватлаб келувчи
кўплаб мутавотир ривоятлар бор» (Минҳажус-сунна: 4/190).
Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Барча ривоятлар мутъанинг ҳалол бўлиш муддати
узоқ бўлмагани, сўнг у ҳаром қилингани ҳақида иттифоқ қилгандир. Сўнгра салаф ва
халафлар унинг ҳаромлигига иттифоқ қилганлар, фақат эътиборга лойиқ бўлмаган
рофизийларгина (уни ҳалол санайдилар)» (Ибн Ҳажар «Фатҳул борий»да (9/173) ундан
нақл қилган).
2) Никоҳни фосид қилмайдиган фосид шартлар:
– Агар никоҳ ақдида аёлнинг ҳақларидан бирон ҳақни соқит қилишни шарт қилса,
масалан, унга маҳр бермасликни ёки нафақа бермасликни шарт қилса, ёки унга
кундошидан кўра камроқ тақсим қилишини шарт қилса, бу ҳолларда шарт фосид
бўлади, бироқ никоҳ саҳиҳ бўлаверади. Чунки, бу шарт ақддаги уни зикр қилиш
лозим бўлмаган ва билмаслик зарарли бўлмаган зиёда маънога оиддир.
– Агар аёлнинг муслима бўлишини шарт қилган бўлса-ю, у китобия бўлиб чиқса,
никоҳ саҳиҳ бўлади, эр уни бузишга ихтиёрли бўлади.
– Агар аёлни қиз бола бўлишини ё чиройли бўлишини ё бадавлат бўлишини шарт
қилган бўлса-ю, у бу шартнинг хилофича бўлиб чиқса, эр никоҳни бузишга ихтиёрли
бўлади.
– Агар бир аёлга уни озод деб уйланган бўлса-ю, у чўри бўлиб чиқса, агар
чўриларга уйланиши ҳалол бўлмаган кишилар жумласидан бўлса, ажратиб юборилади.
Агар чўриларга уйланиши ҳалол бўлган кишилардан бўлса, ихтиёрли бўлади.
– Шунингдек, бир аёл озод эркакка турмушга чиққан бўлса-ю, у қул бўлиб чиқса,
аёл ихтиёрли бўлади. Агар қулнинг аёли бўлган чўри озод бўлса, (қул билан
қолиш-қолмасликда) ихтиёрли бўлади. Чунки, қулнинг аёли бўлган Барира озод
бўлгач, ундан ажралишни ихтиёр қилган (Бухорий (5283), Абу Довуд (2231) Ибн
Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).