Бизга боғланинг
Тибён – “Исломни бузувчи амаллар” нинг шарҳи
Шайх Сулаймон ибн Носир
Ислом Нури таржимаси
بسم الله الرحمن الرحيم
Олтинчи нашр муқаддимаси
Дарҳақиқат, ҳамду-сано Аллоҳга хосдир, биз У зотга ҳамд айтиб,
Ундан ёрдам сўраймиз ва қилган гуноҳларимизни кечиришини сўраймиз.
Аллоҳдан нафсимиз ёмонликлари ҳамда ножўя амалларимиздан паноҳ
тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоятласа, уни кимса йўлдан оздиролмас,
кимни йўлдан оздирса, уни кимса ҳидоятга бошлай олмас.
Ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман. У
зотнинг шериги йўқдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам
Аллоҳнинг бандаси ва расули эканига гувоҳлик бераман.
Аммо баъд…
Бу камина қаламига мансуб “Тибён – “Исломни бузувчи амаллар” нинг
шарҳи” деб аталмиш китобимизнинг олтинчи нашридир.
Бугунги кунда ибодат тавҳиди борасида жаҳолат кенг тарқалгани
боис, ушбу нашрда баъзи бир муҳим масалаларни қўшимча
қилдим. Шунингдек, китобдан олиб ташланиши керак бўлган
баъзи масалаларни олиб ташладим. Шарҳимиз ниҳоясида бир ишни куфр
дейиш билан шу ишни қилган шахсни кофир дейиш ўрдасидаги фарқ
тўғрисида бир илова ҳам ёздим. Чунки, баъзи инсонлар бу икки иш
ўртасини аралаштириб юборишади ва бу икки ишдан бири иккинчисини
келтириб чиқаради, деб ўйлашади. Бу эса хатодир. Сиз буни келажак
иловамизда изоҳи билан танишиб чиқасиз.
Аллоҳ таолодан ушбу китобимизни фойдали қилишини, бизларга айтган
сўзларимиз ҳамда қилган амалларимизда ихлосни насиб қилишини
сўраймиз! Валҳамду лиллаҳи Раббил оламин!
Биринчи нашр муқаддимаси
Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи ила! Оламлар Рабби Аллоҳга ҳамд, У
зотнинг расулига салавот ва саломлар бўлсин!
Аммо баъд…
Баъзи биродарларим мендан шайхулислом ва
мужаддид имом Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб роҳимаҳуллоҳнинг дин ва
иймон асослари ўчиб кетаёзган бир пайтда ёзган “Исломни бузадиган
ўнта амал” асарини шарҳлаб беришимни сўрашди. Бу шарҳ фойдали
бўлишини умид қилиб уларнинг таклифларини қабул қилдим.
Мен бу шарҳда ўртача йўл тутдим. Бу шарҳ
зерикарли даражада узун ҳам эмас, чунки, одамларда катта ҳажмдаги
асарларни мутолаа қилишга бўлган иштиёқ ва ҳиммат пасайиб кетган.
Айни дамда у кўзда тутилган маъно ва мақсадни тўла-тўкис
ифодаламайдиган даражада чала-ярим, қисқа ҳам эмас, балки бу
иккисининг орасида ёзилган ўртача ҳажмдаги асардир.
Аллоҳ таолодан қилган амалларимизни солиҳ ва
Ўзи учун холис қилишини сўрайман! Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммадга,
оилалари ва асҳобларига салоту салом йўлласин!
“Исломни бузадиган амаллар” нинг шарҳи
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Раҳмон
ва Раҳим Аллоҳ номи ила! Билгинки, исломни бузадиган амаллар
ўнтадир”.
Муаллиф роҳимаҳуллоҳ Қуръони Азиз ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи васалламнинг ўзаро мактуб ва ёзишмалари хусусида тутган
йўлларига эргашиб, исломни бузувчи бу амалларни «Басмала» (بسم
الله الرحمن الرحيم) билан бошладилар. Шундай экан хат-хабар йўллаш
ва ўзаро ёзишмалар ва бундан бошқа басмалани зикр қилиш тўғрисида
далил келган амалларни басмала билан бошлаш мустаҳаб ҳисобланади.
Басмалани қисқартириб («Бисмиллаҳ» “Аллоҳ номи ила! ” – деб) айтиш
ҳам худди шундай. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам
ейиш-ичиш, аёллари билан қовушиш ва бундан бошқа ҳаммага маълум
бўлган ишлар олдидан «Бисмиллаҳ» дер эдилар.
“Билгинки, исломни
бузадиган амаллар ўнтадир”.
“Билгинки” – бу буйруқ феъли. Билиш дегани – зеҳннинг воқеъликка
мос бўлган, қатъий ҳукмидир. Яъни: “Сенга айтиладиган бу исломни
бузувчи амалларни англаш ва қабул қилишга шай тур! Шояд ўшанда сен
жаҳолат зулматларидан илм нурига чиқишлигинг учун бу амалларни
фаҳмлаб, улардан мақсад нима эканини англаб етасан!”.
“Исломни бузадиган амаллар”:
Улар шундай амалларки, агар мусулмон киши шу амалларни қилса,
унинг исломи бузилади, қилган амаллари беҳуда кетиб, дўзахда
абадий қолувчилардан бўлади.
Шундай экан, ҳар бир мусулмон аёл ва эркак бу амалларни ўрганмоғи
керак. Акс ҳолда, мусулмон киши ўзи сезмаган ҳолда бу ишларни
қилиб қўйиши мумкин. Бу нарса исломни даъво қиладиган кўп
шахсларда кўринади. Аллоҳнинг ўзи сақласин!
“Ўнтадир”: Аслини
олганда бу амаллар ўнтадан кўпдир. Лекин Шайх роҳимаҳуллоҳ
қуйидаги ўнта амални ихтиёр қилдилар. Чунки, ислом уламолари шу
ўнта амалга умумий равишда иттифоқ қилишган. Бунинг изоҳи биз
айтиб ўтадиган ҳар бир амалнинг шарҳида келади. Ёки фуқаҳолар
муртаднинг ҳукми бобида зикр қилган диндан чиқарувчи кўплаб
амалларнинг хулосаси ушбу ўнта амалдан иборатдир, дейиш ҳам
мумкин.
Исломни бузадиган амалларнинг биринчиси
Муаллиф роҳимаҳуллоҳ айтадилар:
“Биринчиси: Аллоҳга ибодат қилишда ширк келтиришдир. Аллоҳ
таоло шундай деб марҳамат қилди: “Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон
нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа
гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур”. (Нисо: 48)
Ва яна шундай деди: “Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк
келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи
дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас”.
(Моида: 72) Жин ёки қабрларга атаб сўйиш каби Аллоҳдан
бошқага атаб жонлиқ сўйиш ҳам шу қабилдандир”.
Муаллиф роҳимаҳуллоҳ бу амалларни дастлаб Аллоҳга ширк келтириш
билан бошладилар. Чунки, бу гуноҳ Аллоҳ таолога қилинган энг катта
осийликдир. Бу амал Аллоҳ таолонинг “Раб” сифатини камситиш,
илоҳлик сифатига путур етказиш, шунингдек Аллоҳ таолога хос бўлган
ишларда Аллоҳга Ундан бошқасини тенг қилмоқликдир.
Қандай қилиб бу гуноҳ Аллоҳ таолога қилинган энг буюк итоатсизлик
бўлмасин?! Ахир, Аллоҳ таоло бу бандани йўқдан бор қилиб, уни
неъматлари билан ризқлантирган эди. У эса Аллоҳ таолога ибодатда
Ундан бошқасини шерик қилди.
Ширк уч қисмга бўлинади:
1. Катта ширк.
2. Кичик ширк.
3. Махфий ширк.
Аллома Ибнул Қаййим роҳимаҳуллоҳ ширк икки хил
бўлади деганлар:
1. Катта ширк.
2. Кичик ширк.
Бу гуноҳни Аллоҳ таоло тавбасиз кечирмайди. Агар бу гуноҳни
қилган одам Аллоҳ таолога тавба қилмасдан йўлиқса, у одам
абадулабад ва мангу дўзахда қолади.
Аллоҳ азза ва жалла шундай деди: “Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон
нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни
Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур”. (Нисо: 48)
“Ким Аллоҳга ширк келтирса, у осмондан
қулагану, уни (бирон ваҳший) қуш (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки
(қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетган кабидир”. (Ҳаж:
31)
Шу боис қабрларга ибодат қиладиган ва бошқа
турдаги мушриклар дўзахда ўз олиҳаларига қарата шундай дейдилар: “Аллоҳ
номига қасамки, албатта бизлар сизларни (эй бут ва санамлар! )
барча оламларнинг Раббига тенглаштирган пайтимизда очиқ
залолатда бўлган эканмиз”. (Шуаро: 97, 98)
Улар ўз олиҳаларини яратиш, ризқ бериш, ҳаёт
бериш, ёки ўлдириш борасида Аллоҳ таолога тенглаштиришмаган, балки
ибодатнинг мағзи бўлмиш муҳаббатда, шунингдек энг қадрли ва буюк
ибодатлардан бири бўлмиш таъзим-улуғлашда уларни Аллоҳга
тенглаштирган эдилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзини
улуғламаган кишиларни қоралаб шундай деди: “Нега сизлар
Аллоҳнинг улуғлигидан, қўрқмайсизлар?!”. (Нуҳ: 13)
Шунинг учун ҳам биз ёмонликнинг ҳаммаси Аллоҳ
таолога ширк келтиришдан келиб чиқади, деймиз.
Катта ширкнинг турлари кўп бўлиб, уларнинг ўзаги тўрттадир. Биз
уларни гапимиз чўзилиб кетмаслиги учун қисқа ва умумий тарзда бир
оз баён қилиб ўтамиз. Аслида бундай масалаларда узун ва батафсил
гапириш яхши ва мақсадга мувофиқдир. Лекин одамлардаги иштиёқ ва
ҳиммат пасайиб кетгани туфайли қисқача бўлсада манфаатли
маълумотларни зикр қилиш билан кифояланамиз.
Биринчиси: Дуодаги ширк
Бунинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: “Қачон улар
кемага минсалар (ғарқ бўлишдан қўрқиб) Аллоҳга чин ихлос билан
дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки (Аллоҳ) уларга нажот бериб
қуруқликка (чиқаргач), баногоҳ улар (Аллоҳга) ширк
келтирурлар!”. (Анкабут: 65)
Муаллиф роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Тўрт қоида” китобида шундай дейди:
“Тўртинчи қоида шуки, бизнинг замонамиз мушриклари қилаётган ширк
амаллар олдингиларнинг қилган ширкларидан оғирроқдир. Чунки,
олдингилар фаровонлик онларида ширк келтириб, қийинчилик
вақтларида эса холис Аллоҳдан сўрашар эдилар. Бизнинг замонамиз
мушрикларининг ширки эса фаровонликда ҳам, тангликда ҳам
давомлидир”.
Муаллиф роҳимаҳуллоҳ “Тўрт қоида” китобининг муқаддимасида шундай
дейди: “Бетаҳоратлик таҳоратдаги одамга етса, унинг таҳорати
бузилгани каби, ибодатга ширк аралашса ибодат бузилади. Агар сен
ибодатга ширк аралашса, у ибодатни бузишини ва амални йўқ қилишини
ва уни қилган киши дўзахда абадий қолувчилардан бўлишини билсанг,
зиммангдаги энг муҳим иш – ана ўша ширк амални билиб олиш эканини
англаб етасан. Шояд Аллоҳ таоло сени У зотга ширк келтириш
тузоғидан озод қилса!”
Иккинчиси: Ният ва муроду мақсаддаги ширк
Бунинг далили Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: “Ким (фақат)
шу ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса,
уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини) шу дунёда комил
қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўрмайдилар. Ундай
кимсалар учун охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч қандай насиба
йўқдир. Уларнинг бу дунёда қилган барча яхшиликлари беҳуда кетур
ва қилиб ўтган амаллари бефойдадир.” (Ҳуд: 15, 16)
Аллома Ибнул Қаййим роҳимаҳуллоҳ шундай дейди:
“Ният ва мақсаддаги ширкка келадиган бўлсак, у соҳили йўқ денгиз
бўлиб, ундан қутулиб қоладиганлар жуда ҳам озчиликдир. Кимда ким
амалида Аллоҳнинг розилигидан бошқа нарсани мақсад қилса, У зотга
яқинлашишдан бошқа нарсани ният қилса ва ўша Аллоҳдан бошқа
нарсадан қилган амалига мукофот умид қилса, у одам ниятида ва
мақсадида Аллоҳга ширк келтирган бўлади”.
Агар киши қилган барча амаллари билан Аллоҳ таоло розилигидан
бошқа нарсани мақсад қилган бўлса, унда ниятдаги ширк катта
ширклар туркумидан бўлади. Бироқ, кимсанинг ихлос билан қилаётган
амалига кутилмаганда риё қўшилиб қолса, у ҳолда бу кичик ширк
қабилидан бўлади. Буни изоҳи иншааллоҳ қуйида келади.
Учинчиси: Итоатдаги ширк
Бу турдаги ширк Аллоҳ таолога гуноҳ бўлган ишларда олим ва
роҳибларга итоат қилишдир. Аллоҳ таоло шундай деди: “Улар
Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини ҳамда
Масиҳ ибн Марямни Раб деб билдилар. Ҳолбуки, фақат ягона Аллоҳга
бандалик қилишга маъмур (буюрилган) эдилар. Ҳеч барҳақ илоҳ йўқ,
фақат Унинг Ўзи барҳақдир. У зот уларнинг ширкларидан покдир”. (Тавба:
31)
Имом Термизий ва бошқалар Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан
ривоят қилган ҳадис бу оятни тафсир қилиб, уни изоҳлаб беради. У
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги оятни тиловат
қилаётганларини эшитади: “Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг
донишмандларини ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Раб деб
билдилар…” Шунда Адий у зотга: “Ахир, биз уларга ибодат
қилмаймиз-ку!” – дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
шундай дейдилар: “Улар сизларга Аллоҳ таоло ҳалол қилган
нарсаларни ҳаром қилсалар, сизлар ҳам шу нарсани ҳаром деб
эътиқод қилиб ва Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол десалар,
сизлар ҳам уни ҳалол деб эътиқод қилмасмидинглар?!”. “Ҳа,
шундай” – дейди Адий. “Мана шу уларнинг олим ва роҳибларига
ибодат қилишидир”, – дейдилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
васаллам”. Ҳадиснинг ровийлар шажараси заиф, лекин Ибн
Жарирнинг “Жомеул-баён” асарида Ҳабиб ибн Абу Собит, Абул Бухтарий
орқали Ҳузайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ва юқоридаги
ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайдиган мавқуф ҳадис мавжуд бўлиб,
бу ҳадиснинг саҳиҳ эканлигида айрим эътирозлар бор. Нима
бўлгандаям юқоридаги оятни ушбу ҳадис билан тафсир қилиш муфассир
уламолар ўртасида машҳур ва улар ичида буни инкор қиладиганлари
йўқдир.
Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар:
“Донишмандлари ва роҳиблари Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол
қилганликларида ва Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром
қилганликларида уларга итоат қилиб, Аллоҳ таолони қўйиб, уларни
ўзларига раб қилиб олган кишилар икки турли бўладилар:
Биринчиси: Бу донишманд ва роҳиблар Аллоҳ таолонинг
динини ўзгартирганлигини била туриб, ўзгартирилган шариатга кўра
уларга эргашиб, гарчи бу донишманд ва роҳиблар пайғамбарларнинг
динларига хилоф қилганликларини билсаларда Аллоҳ ҳалол қилган
нарсани ҳаром деб ва Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ҳалол деб эътиқод
қилмоқлик. Бу куфр амалдир. Дарҳақиқат, гарчи улар ўз
донишмандлари ва роҳибларига атаб намоз ўқимасалар ҳам, уларга
сажда қилмаган бўлсалар ҳам Аллоҳ ва расули бу амални ширк
дейишган. Чунки, кимда ким билатуриб динга хилоф бўлган ишда
бировга эргашса, Аллоҳ ва расули айтган нарса қолиб, ўша одамнинг
айтганини эътиқод қилса, у ҳолда ана ўша аҳли китоблар каби мушрик
бўлади.
Иккинчиси: Уларнинг ҳалолни ҳалол деб, ҳаромни ҳаром деб
билиш борасидаги иймон ва эътиқодлари собит бўлиб, лекин, худди
мусулмон киши қилган гуноҳларини гуноҳ эканини била туриб қилгани
каби Аллоҳ таолога гуноҳ ва итоатсизлик бўлган ишларда бу
донишманд ва роҳибларга эргашмоқлари. Бундай кимсаларнинг ҳукми
ўзларига ўхшаган гуноҳкор кимсаларнинг ҳукми каби бўлади”.
(Иқтибос тугади).
Тўртинчиси: Муҳаббатдаги ширк
Бунга далил Аллоҳ таолонинг ушбу сўзидир: “Одамлар орасида
шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни
Аллоҳни севгандек севадилар.” (Бақара: 165)
Мушрик одам ўз Раббини танимагани боис, бут – санамлар ва бошқа
нарсалардан иборат ўз олиҳаларини, худди Аллоҳ таолони яхши
кўргандек, балки Унданда қаттиқроқ яхши кўрганига гувоҳ бўласиз.
Борди-ю, бу санамлар ҳақоратланса, шунчалик қаттиқ ғазаб қиладики,
Аллоҳ учун ҳам бунчалик ғазаб қилмайди ва бу санамлар йўлида
шунчалик шодланадики, Аллоҳ йўлида ҳам бунчалик шодланмайди. Аллоҳ
таоло шундай деб марҳамат қилди: “Қачон ёлғиз Аллоҳ зикр
қилинса, охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг диллари
сиқилиб кетар. Қачон У зотдан ўзга бутлар зикр қилинганида эса
баногоҳ улар шодланиб кетурлар”. (Зумар: 45)
Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Шу ўринда айтиб
ўтиш лозимки, муҳаббатнинг тўрт хил тури бўлиб, улар орасини
ажрата олиш керак. Бу ўринда адашган одамлар ушбу турлар орасини
ажрата олмаслик сабабидангина адашдилар:
Биринчиси: Аллоҳ таолони севиш. Аллоҳ таолонинг азобидан
нажот топиб, савобига эришиш учун бу муҳаббатнинг ёлғиз ўзи кифоя
қилмайди. Зеро, мушриклар, насоролар, яҳудлар ва бошқалар ҳам
Аллоҳ таолони севадилар.
Иккинчиси: Аллоҳ таоло севадиган нарсаларни севиш.
Муҳаббатнинг мана шу тури кишини куфрдан чиқариб, исломга олиб
киради. Муҳаббатнинг мана шу турида тўғри ва мустаҳкам турган киши
инсонларнинг Аллоҳ таолога энг суюклисидир.
Учинчиси: Аллоҳ учун ва Аллоҳ йўлида севиш. Муҳаббатнинг
бу тури Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўришдан келиб чиқадиган
амаллардан бири ва бусиз Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб
бўлмайди.
Тўртинчиси: Аллоҳ билан бирга Ундан бошқасини ҳам яхши
кўриш. Бу ширкка доир севишдир. Кимики Аллоҳ таолодан бошқа
нарсани Аллоҳ учун ёки Аллоҳ йўлида севмасдан, аксинча Аллоҳ билан
бирга севса, у ҳолда бу одам уни Аллоҳга шерик қилган бўлади ва бу
айнан мушрикларнинг муҳаббатидир”. (Иқтибос тугади).
Катта ширкнинг юқоридаги тўртала тури ҳам кишини диндан чиқаради.
Чунки, бу амаллар – ибодатдир. Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш эса
Аллоҳ таоло айтганидек ширк бўлади: “Ким ўзи учун ҳеч қандай
ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга
ибодат қилса, унинг бу ёмон амалининг жазоси охиратда Раббининг
ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар”.
(Мўминун: 117) Улар Аллоҳ таоло билан бирга У зотдан бошқасига ҳам
ибодат қилганликлари учун Аллоҳ уларни кофир деб атади.
Аллоҳ таолодан бошқага атаб жонлиқ сўйиш ҳам катта ширк
туркумидандир. Чунки, Аллоҳ таолога атаб жонлиқ сўйиш энг катта
ибодатлардан биридир. Аллоҳ таоло шундай деди: “Бас, сиз
Раббингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб-қурбонлик қилинг!”,
(Кавсар: 2) “Айтинг: (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг
Рабби бўлмиш Аллоҳ учундир.” (Анъом: 162)
Шундай экан, жанубий вилоятлар ва Макка атрофидаги айрим
қишлоқлардаги кўплаб жоҳил кимсалар янги уйга кўчиб ўтган
чоғларида қилишгани каби, кимда-ким авлиёларга, санамларга ёки
жинларга атаб қурбонлик қилса, улуғ ибодатлардан бирини Аллоҳ
таолодан бошқага атаб қилгани учун ислом динидан чиқиб, куфр ва
залолат доирасига кириб қолади.
Аллоҳ таолодан бошқага атаб назр қилиш ҳам катта ширклардан
биридир. Чунки, назр қилиш ибодат. Аллоҳ таоло шундай деди: “Улар
(ҳаёти-дунёда ўз зиммаларига олган) назрларини тўла адо
қилурлар”, (Инсон: 7) “Инфоқ қилган ҳар бир
нафақангиз ва назр қилган ҳар бир назрингизни шубҳасиз Аллоҳ
билади”. (Бақара: 270)
Кимда ким бирон бир авлиёга атаб шам ёки гўшт, ёхуд ундан бошқа
нарсаларни назр қилса, бўйнидаги ислом байъатидан воз кечган
бўлади. Чунки, Аллоҳ таолодан бошқасига назр қилиб бўлмайди.
Шунингдек, Аллоҳ таолодан бошқасига назр қилиш – пайғамбаримиз
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келтирган динга зиддир. Қўшни
диёрларда ёки ундан бошқа ерлардаги қабрга ибодат қилувчи кишилар
ўзларича бирор фойда ёки зарар келтира олади, деб эътиқод қилган
кишиларга атаб қилган назрлари ислом динидан чиқарадиган катта
ширкдир. Кимда ким бу амални кичик ширк деб айтса, албатта қаттиқ
янглишган ва билими етмаган нарсани гапирган ҳисобланади. Аллоҳ
таолодан ёрдам сўраймиз ва унгагина таянамиз. Зеро, агар Аллоҳ
тавфиқ ва мадад бермас экан, бирон ҳолатдан бошқа бир ҳолатга ўтиб
ҳам ва бу ҳолатда давом этиб ҳам бўлмайди.
Катта ширкдан яна бири – паноҳ тилаш ва ёрдам сўраш.
Буларнинг бирортасини Аллоҳдан бошқага буриш ширкдир.
Иккинчи қисм: Кичик ширк
Уламолар гапларининг тўғрироғига биноан бу амални қилган киши
агар Аллоҳ таолога тавбасиз йўлиқса, у Аллоҳнинг хоҳиши остида
бўлади; агар хоҳласа уни кечириб жаннатга киритади, агар хоҳласа
уни азоблайди. Лекин унинг охир-оқибат борар жойи жаннат бўлади.
Чунки, кичик ширк қилган одам дўзахда абадий қолмайди. Аммо бундай
кишининг азобга дучор бўлиши кутилади. Шундай экан бу амалдан
эҳтиёт бўлиш керак.
Кичик ширк турларидан бири Аллоҳдан бошқанинг номига қасам
ичишдир. Албатта номи билан қасам ичилган нарсани улуғлаш мақсад
қилинмаса шундай, акс ҳолда, яъни уни улуғлашни қасд қилган бўлса,
у ҳолда катта ширкка айланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва
саллам шундай деганлар: “Ким Аллоҳдан бошқанинг номига қасам
ичса, у ё кофир, ё мушрик бўлади”. Имом Аҳмад, Абу Довуд,
Термизий ҳамда Ҳоким Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят
қилишган. Ҳоким бу ҳадис тўғрисида: “Саҳиҳ, Бухорий ва Муслим
шартига тўғри келади” – деган. Заҳабий эса бу ҳадис ҳақида сукут
қилган.
Кичик ширк турларидан яна бири – озгина риё ва хўжакўрсинчилик.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мен
сизларга (етишидан) энг қаттиқ қўрқадиган нарсам кичик ширкдир.”
Кичик ширк нима эканлиги тўғрисида сўралганларида: “(У) риёдир”
– деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Имом Аҳмад ва бошқалар Маҳмуд Ибн Лабиддан ҳасан ровийлар
силсиласи ила ривоят қилганлар.
Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга
бўлган, ваҳий нозил бўлишига гувоҳ бўлган саҳобаларга кичик
ширкдан қўрқилган бўлса, у ҳолда улардан бошқа илми кам, иймони
заиф одамларга янада кўпроқ қўрқилади.
Мусулмон киши Аллоҳ таолога бўлган ихлоси ва Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васалламга тўла-тўкис эргашиши билангина ширкдан
қутулиб қола олади.
Аллома Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ қуёшга, ойга, оловга ибодат
қилувчилар ва улардан бошқаларнинг ширкини зикр қилиб ўтгач шундай
дейди:
“Аллоҳ таолога ибодатда ширк келтириш қуёш, ой ва оловга
сиғинувчиларнинг ширкига нисбатан содир бўлиши осонроқ ва иши ҳам
енгилроқдир. Чунки, бу кичик ширк Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ,
Ундан бошқаси зарар ҳам, фойда ҳам бера олмайди, бирон нарсани
инъом ҳам этмайди, ман ҳам қилмайди ва Ундан бошқа Раб ҳам йўқ,
деб эътиқод қилган кишилар тарафидан содир этилади. Бироқ, улар
ўзаро кундалик муомалалар ва бандалик ҳаққини адо этиш борасида
ёлғиз Аллоҳга юзланмайдилар. Аксинча, улар гоҳида нафсининг
истакларини қондириш учун амал қилсалар, гоҳида молу-дунё қўлга
киритиш учун, гоҳида эса одамлар олдида обрў-эътибор ва мартаба
қозониш учун амал қиладилар. Шунда қилиб, бундай кишилар
амалларининг бир бўлаги Аллоҳга, бир бўлаги ўзларининг
ҳавои-нафсига, яна бир бўлаги шайтонга, яна бошқа бўлаги эса
одамларга тегишли бўлади. Кўпчилик одамларнинг ҳолати мана шундай.
Ибн Ҳиббон ўз “Саҳиҳи”да ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз
соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган ширк амал шудир: “Бу
умматдаги ширк чумолини ўрмалашидан ҳам махфийроқдир”.
Саҳобалар: “Қандай қилиб ундан сақланамиз, эй Расулуллоҳ?!”, – деб
сўрашганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй
Аллоҳ, мен била туриб, Сенга ширк келтиришдан паноҳ тилайман,
билмасдан қилганларимни эса кечиришингни сўрайман.” – деб
айтгин. ” – дедилар. Демак, риёнинг ҳамма тури ширк экан.
Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва
саллам, уларга) айтинг: “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар
каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани
ваҳий этилмоқда. Бас, ким Раббига рўбарў бўлишидан умидвор
бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Раббига ибодат қилишда бирон
кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини
ёлғиз Аллоҳ учун қилсин!)”. (Каҳф: 110) Яъни, У зот ягона
илоҳ бўлиб, Ундан бошқа илоҳ бўлмаганидек, ибодат ҳам ёлғиз Унинг
ўзига қилинмоғи даркор. Солиҳ амаллар эса риёдан холи ва суннатда
бор амаллардир.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Эй Аллоҳ, амалларимнинг
барчасини солиҳ қилгин ва уни Ўзинг учун холис қилгин ва унда
бирор кишига ҳеч қандай насиба қилмагин.” – деб дуо қилар эдилар.
Ширкнинг ибодатдаги бу тури амалнинг савобини йўқ қилади. Агар
қилинган амал фарз амал бўлса, шу қилмиши учун жазоланиши мумкин.
Чунки, у шу амални гўёки қилмагандек бўлади ва буйруқни
бажармагани учун азобланади. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини Ўзига
холис ибодат қилишга буюрган: “Ҳолбуки, улар фақат ягона
Аллоҳга, у зот учун динни холис қилган, Тўғри йўлдан оғмаган
ҳолларида ибодат қилишга. . . буюрилган эдилар”. (Баййина:
5)
Демак, ким ибодатини Аллоҳ таолога холис қилмаса, зиммасидаги
буйруқни бажармаган бўлади. Аксинча у бажарган амал буюрилган
амалдан бошқа ножўя ва номақбул бир амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло
шундай деб марҳамат қилди: “Мен (шерикчиликдан) энг беҳожат
шерикман. Ким бир амал қилиб, унда мен билан бирга бошқасини
шерик қилса, у амал ўша (менга қилинган) шериккадир ва мен бу
амалдан йироқман”. Муслим ва Ибн Можа ривоят қилганлар. Бу
ширк (тавбасиз ҳолатда) кечириладиган ва кечирилмайдиган турларга
бўлинади”. (Иқтибос тугади).
Аллоҳдан бошқага қилинган амалнинг бир қанча кўринишлари бор:
Биринчи кўриниш: Амалнинг холис риё бўлишлигидир. Банда бу
ҳолатда худди мунофиқлар сингари ўз амали билан фақат молу-дунё
жамлашни ёки одамларга риёкорлик қилишни мақсад қилади. Аллоҳ
таоло бундай мунофиқлар ҳақида шундай дейди: “Ва қачон намозга
турсалар дангасалик билан, хўжакўрсинга турадилар ва Аллоҳни
камдан-кам ёдга оладилар”. (Ниса: 142) Бундай амалнинг беҳуда ва
пуч амал экани ва шу амални қилган банда Аллоҳ таоло тарафидан
қаттиқ ғазабга дучор бўлишга ҳақли эканига ҳеч бир мусулмон киши
шак-шубҳа қилмайди.
Иккинчи кўриниш: Амал Аллоҳ учун қилиниб, унга риё
аралашмоғи. Бу кўриниш икки турли бўлади:
а. Бошидан бошлаб унга риё аралашмоғи.
б. Кейинчалик унга риё қўшилиши.
Аввалгисида амал бекор бўлиб, қабул қилинмайди. Бунга Имом Муслим
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис билан далил
қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ
таоло: “Мен шерикчиликдан энг беҳожат шерикман. Ким бир амал
қилиб, унда мен билан бирга бошқасини шерик қилса, унинг амалини
ўша (менга қилинган) шериги билан қолдираман.”- деди”.
Кейингиси эса: агар амалга кейинчалик риё қўшилса ва амал билан
бирга давомли бўлса, баъзи уламолар бу амал бутунлай ботил бўлади
дейишган. Бошқа бир уламолар эса унга қилган ихлосининг савоби
ҳамда риёсининг гуноҳи бўлади деганлар. Бироқ, агар банда ҳаракат
қилиб, бу риёни даф этса, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидан
насибадор бўлади: “Энди ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида Қиёмат
куни маҳшаргоҳда) Раббининг (ҳузурида) туриши (ва У зотга
ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан
қайтарган бўлса, у ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой
бўлур”. (Назиат: 40, 41)
Энди бир киши Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқса-ю, айни пайтда кўнглида
жангда тушган ўлжалардан олиш нияти ҳам бўлса, бундай амал
хусусида уламолар ихтилофлашганлар. Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ
“Эъламул-муваққиийн” китобида (2-жилд, 163-бет) бу ҳақда айтилган
бир қанча гаплардан кейин шундай дейди: “Бу одам худди ҳақ олиб
намоз ўқийдиган кишига ўхшайди. У одам ҳақ олмаса ҳам намоз
ўқийди, лекин ҳам Аллоҳ учун, ҳам ҳақ учун ўқийди. Ёки ҳаж фарзини
адо қилиш ҳамда “фалончи ҳожи” деб айтилиши учун ҳаж қилган, ёки
закотни бу закот берди дейилиши учун берган одамга ўхшайди. Бунақа
одамдан амал қабул қилинмайди”. (Иқтибос тугади)
Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ шундай деди: “Бу билан унинг жиҳодининг
ажр-савоби камаяди, лекин буткул бекор бўлиб кетмайди.
Биз юқорида, қилган жиҳоди билан молу-дунёни мақсад қилган
одамнинг ажри бўлмаслигига далолат қилувчи ҳадисларни айтиб ўтган
эдик. Бироқ, бу ҳадислар жиҳодида молу-дунёдан бошқа мақсади
бўлмаган кишиларга тегишлидир”. (Иқтибос тугади, “Жомеул-улум
вал-ҳикам” асари 15- бет).
Демак, мақтов ҳамда савоб умидида жиҳод қилган киши билан, ўлжа
ва ажру-савоб учун жиҳод қилган кишининг ўртасида фарқ бор.
Биринчиси тўғрисида Насоий Абу Умома разияллоҳу
анҳудан ҳасан ровийлар шажараси ила ривоят қилган ҳадис келган:
“Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига
келиб: “Эй Расулуллоҳ! Ажру-савоб ҳамда мақтов учун жанг қилган
киши ҳақида нима дейсиз?” – деди. “Унга ҳеч нарса йўқ” –
дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. У киши Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламдан уч марта қайта-қайта сўради. Ҳар
гал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Унга ҳеч нарса
йўқ” – деб жавоб бердилар. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам: “Албатта Аллоҳ таоло холис ва Унинг
розилиги* истаб қилинган амалдан бошқасини қабул қилмайди”,
– дедилар.
Иккинчиси ҳақида эса юқорида гапириб ўтдик. Аллоҳу аълам!