Бизга боғланинг
Тавҳидул Холиқ [Холиқни ёлғиз деб эътиқод қилиш] Абдулмажид Зиндоний
Тавҳидул Холиқ [Холиқни ёлғизлаш]
Муаллиф: Абдулмажид Зиндоний
Иймон нури ва куфр зулмати
Иймон нима?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Иймон орзу қилиш ва зийнатланиш билан эмас. Лекин у қалбда ўрнашган ва амал уни тасдиқлаган нарсадир». Аллоҳ таоло деди: «Ҳақиқий мўминлар Аллоҳга ва Расулига иймон келтирган сўнгра иймонларида шак–шубҳага бормаган ва Аллоҳнинг йўлида молларию жонлари билан жиҳод қилган кишилардир. Ана ўшалар содиқлардир». (Ҳужурот: 15)
Иймон — Аллоҳ таолони, фаришталарини, китобларини, пайғамбарларини, охират кунини ва қадарнинг яхшию ёмонини тасдиқлашдир. Бу — шак-шубҳа аралашмаган, қалбда ўрнашган собит бир тасдиқки, у ўз эгасида аксини топган, натижада у воқеий ҳаётдаги кўриниб турадиган солиҳ амалларга ва ҳаёт тарзига айланган.
1- Рукн. Иймон устунлари ва асосларининг энг биринчиси Аллоҳ таолога иймон келтириш.
Бу шундай иймонийки, мўмин одам ўзини яратувчи, билувчи, Ҳаким Зот йўқдан бор қилган деб тасдиқлайди. У Зот уни отилиб чиққан манийдан яратган, унга чиройли сурат берган, уни бу дунёга келтирган, ундан олдин эса ота-онасини ҳам келтирган Зотдир.
Мўмин одамнинг Раббига ва яратувчисига бўлган иймони Аллоҳ таоло содиқ пайғамбарлар воситасида, Аллоҳ таоло томонидан бўлган ваҳий билан қувватланган мана шу кенг коинотнинг турли томонларида кўриниб, сочилиб ётган ҳужжатлар, очиқ ва қатъий далиллар устига қурилади. Агар инсон ўзининг Буюк Раббини таниса ва Унга боғланса, у ёлғиз яратувчисининг мулки эканлигини ва ана шу Зотнинг ёлғиз Ўзи ибодатга, итоат қилишга ва бўйсунишга лойиқ эканлигини билса, ана шу пайтда мўмин Аллоҳнинг салтанатидан бошқа, Аллоҳнинг ҳукмронлигидан бошқа барча ҳукмронликдан озод бўлади.
«Эй инсонлар, сизларни Ўз неъматлари билан тарбият қилган Раббингизга ибодат қилинглар, Ундан қўрқинглар, Унинг динига қарши чиқманглар! Дарҳақиқат, У сизларни ҳам, сизлардан илгаригиларни ҳам Ўзи улардан рози бўлган ва улар ҳам Ундан рози бўлган тақводорлардан бўлишингиз учун яратган.» (Бақара: 21)
Мўмин Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи очиқ ҳаққа йўлловчи эканини билади. Аллоҳнинг ҳаққини Аллоҳдан кўра ҳеч ким яхшироқ билмайди. «У сизларни (яъни оталарингиз Одамни) Ўзи Ердан — тупроқдан пайдо қилган пайтиданоқ ва сизлар оналарингизнинг қорнида ҳомила бўлган пайтингизданоқ жуда яхши билувчидир.» (Нажм: 32) «Эй Пайғамбар, сиз уларга айтинг: Сизлар яхши биласизми, Аллоҳми?!» (Бақара: 140)
«Айтинг: Сизлар Аллоҳ таолога динингларни ўргатасизларми?» (Ҳужурот: 16) «Албатта Аллоҳ иймон келтирганларни Сиротул Мустақимга йўллаб қўювчидир.» (Хаж: 54)
Мўмин одамга ҳидоятни ҳар бир нарсани биладиган ва ҳар нарсадан хабардор бўлган Рабби беради. Натижада у Раббининг, яратувчисининг раҳмати остида яшайди. Унга ноҳақлик ёки хато аралашмайдиган Унинг тўғри йўлида юради. Яратувчиси ва Подшоҳининг буйруғига бўйсунади. «Аллоҳ Ўз нусрати, тавфиқи ва ҳифзи ҳимояси билан мўминларни дўст тутади. Уларни куфр зулматларидан иймон нурига чиқаради. Кофир бўлган кимсаларнинг ёрдамчилари ва дўстлари эса улар Аллоҳни қўйиб, сиғинишган бут ва тоғутларидир, (бу бутлари) уларни иймон нуридан куфр зулматларига чиқаради. Ана ўшалар дўзах эгалари – яъни унда маҳкам ўрнашувчилардир, улар дўзахда мангу қоладилар ва ундан ҳеч қачон чиқарилмайдилар.» (Бақара: 257)
Раббига иймон келтирувчи одам ҳар куни илмлари зиёда бўладиган, ҳар куни ўз билимсизликларини кеткизадиган янги илмни кутиб яшаётган одамлар қўйиб олган тор, калта инсоний йўллар ва мазҳаблар ўртасидаги ихтилофлар ўчоғидан нажотда бўлади. Чунки, у ҳидоятни (тўғри йўлга йўлланишни) ҳамма нарсанинг илмини биладиган ва одамларни яратиб, уларга билмаган нарсаларни у билан билиб оладиган, билмаган нарсаларига у билан етишиб оладиган чекланган қудратни берган барча нарсани яратган Зот томонидан олади. «Айтинг (сўранг): «Бутларингиз орасида ҳақ йўлга ҳидоят қила оладиган биров борми?!» Айтинг: «Аллоҳ ҳақ йўлга ҳидоят қилур. Энди ҳақ йўлга ҳидоят қиладиган зот итоат этилишга ҳақлироқми ёки (ҳеч кимни) ҳидоят қила олмайдиган, балки ўзи ҳидоятга муҳтож бўлган кимсами?! (Эй мушриклар), сизларга не бўлди — қандай ҳукм чиқармоқдасиз?!» Уларнинг кўплари жонли-жонсиз бутларга сиғинишларида фақат гумонга эргашадилар, холос. Гумон эса бирон нарсада ҳақиқатнинг ўрнини босолмайди. Албатта, Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини билувчидир.» (Юнус: 35, 36)
Одамлар ўзаро шундай қаттиқ ихтилофга бордиларки, хатто бу ихтилоф уларни бир-бирларини аҳмоққа чиқариш, курашиш ва бир-бирини янчиб ташлашгача олиб борди. Уларнинг бугунги кундаги энг муҳим, энг катта ихтилофлари — ёлғиз ҳолда бўлсин, жамоат ҳолда бўлсин — инсониятнинг ҳаёти қандай ва қайси йўл билан чиройли бўлади?- деган масала устидадир. Афтидан улар одамларнинг яратувчиси, одамларнинг маъбуди, одамларнинг Парвардигори, одамларнинг Подшоҳи бўлган Зот уларни залолатдан сақлайдиган ва ихтилоф балосидан қутқарадиган тўғри йўлни-ҳидоятни тушириб қўйганини улар ё эсдан чиқаришган ёки ўзларини эсдан чиққанга солмоқдалар.
«Биз сизга иймон келтирган қавм учун ҳидоят ва раҳмат бўлган бу Китоб — Қуръонни фақат уларга ўзлари ихтилоф этаётган нарсаларни баён қилиб беришингиз учунгина нозил қилдик.» (Наҳл: 64)
Бирор бир қавм қайсидир ускунанинг ишлаб чиқарувчиси (ихтиро қилувчиси) томонидан уни қандай ишлатиш ҳақида етарли маълумотлар юборилган бир пайтда бу ускуна қандай қилса яхшироқ ишлар экан?- деган масала устида ихтилофга боришлари, тортишишлари мумкинми?! Улар бунга ҳақлими?! Бандаларнинг яратувчиси инсонларга тўғрисўз пайғамбарлар воситасида ҳаёт йўлини кўрсатиб қўйган бир пайтда, Алим-ўта билимдон, Ҳаким бўлган Зот Аллоҳ таоло баён қилиб қўйган ишда одамлар ихтилоф қилишга ҳақлимилар?!»
2-Рукн. Иймон рукнларидан иккинчиси фаришталарга иймон келтириш-ишонишдир. Бу бизга Аллоҳ таоло яратган фаришталар ҳақидаги билимларни бизга етказган пайғамбарларга иймон келтиришдан ажралиб чиқадиган бир тармоқдир. Пайғамбарларга иймон келтиришнинг бир тармоғидир. Фаришталардан айримлари тасбеҳ айтиб, саждада турса, айримлари ваҳий олиб тушади. Улардан айримлари жонларни олиш билан машғул бўлса, улардан бошқалари Раббининг буйруғи билан ер юзидаги барча махлуқотларнинг ишларини бошқаради. Улардан айримларини Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мўминларни қўллаб-қувватлаш учун юборса, улардан баъзилари яхшию ёмон амалларни ёзиш учун биз билан бирга юрадилар. Аллоҳ таоло деди: «Сизларнинг устингизда сақловчилар бордир. Улар улуғ, котиб фаришталар бўлиб, сизлар қилаётган ишларни биладилар». (Инфитор: 10-12)
Ана шундай қилиб иймон келтирган одам, кундан кунга Аллоҳнинг махлуқотларини таниб, билиб боради. Мўминнинг фаришталарга бўлган иймони, унинг қалбида ва ҳис-туйғусида Раббининг фаришталари у билан бирга юрганлиги учун унсни пайдо қилади. Шунингдек бу иймон гуноҳларни ёзишга мукаллаф бўлган фаришта ёзиб қўймаслиги учун мўминнинг қалбига гуноҳ ва маъсиятларни қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиш ҳис-туйғусини солади. Бу иймон мўминларнинг қалбига яхши амалларни қилиш ва амалларни пухта бажариш учун бўлган кучли рағбатни уйғотишда бардавом бўлади, ҳаттоки фаришта бу амални «яхшилик» деб ёзиб қўяди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: «Сизлар билан бирга сизлардан фақат ҳожатхонада ва жинсий қовушаётган пайтингиздагина ажраладиган зотлар бор, яъни фаришталар бор. Улардан ҳаё қилинглар ва уларни ҳурмат қилинглар!» Шу зайлда иймонли киши доимий сергакликда бўлади. Чунки, у Рабби ҳар бир жойда, унинг устидан кузатиб турганлиги ва икки фаришта у билан ҳамиша бирга бўлиб, у қилаётган ишларни ёзиб турганини ҳис қилади. Мана шу — мўмин кишида яхшилик хислатларини уйғотаётган ва ёмонлик ҳисларини жиловлаётган илоҳий кузатувдир. Бу кузатув бир неча ички ишлар ва хавфсизлик хизмати ходимларидан ташкил топган бутун бир отряд (гуруҳ)нинг кузатувидан кўра кучлироқ ва нозикроқдир.
3-Рукн. Иймон рукнларидан учинчиси Аллоҳ таоло инсонларни ҳидояти учун нозил қилган китобларга иймон келтириш. Аллоҳ таоло «Фотир» сураси 24-оятда деди: «Бирон бир уммат йўкки, албатта улар ичида огоҳлантирувчи ўтгандир.» Аллоҳ таоло «Раъд» сураси 7-оятида деди: «Ҳар бир қавм учун ҳидоятга бошловчи бордир».
Мана қаранг, бирон бир завод ўзи ишлаб чиқарган жиҳоз билан бирга жиҳоздан фойдаланиш қўлланмасини юбормайдиган бўлса, бу завод ўта заиф ва ўз ишини яхши уддалай олмайдиган, ўзи ишлаб чиқараётган нарсани дуруст тушунмайдиган завод деб эътибор қилинади. Аллоҳ таоло «Наҳл» сураси 60-оятда: «Бутун олий сифатлар Аллоҳ таолога ҳосдир. У Азиз ва Ҳаким бўлган Зотдир!», яъни биз Аллоҳ таолони бошқа нарсалар билан муқояса қилмаймиз, бандалар ишларини Аллоҳ таолонинг қилаётган ишларига солиштирмаймиз, Аллоҳ ҳар қандай муқоясадан улуғ, Аллоҳ таолонинг мисоли, яъни сифати Олийдир!
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча махлуқотларни яратди ва уларга бутун ҳаётлари давомида муҳтож бўлишадиган кўрсатмаларни очиқ-равшан қилиб берадиган китобларни туширди.
Ишлаб чиқарувчи завод, ўзи ишлаб чиқарган нарсадан фойдаланиш тартиби ёзилган қўлланмани ўша жиҳоз билан бирга юбормаслиги жаҳолат деб қараладиган бўлса, ишлаб чиқарувчи томонидан “Жиҳоздан фойдаланиш қўлланмаси” келганидан кейин, ундан фойдаланмаслик бундан кўра каттароқ жаҳолат эмасми?!
Ундай бўлса, бизга Раббимиз томонидан туширилган илоҳий йўлланма, илоҳий кўрсатмалар битилган китобларга эргашмаслик, бу китоблардан фойдаланмаслик, бундан-да кўра каттароқ жаҳолат эмасми?!
Сиз мўмин одамни мана шу ҳидоятдан фойдаланаётганини кўрасиз. «Айтинг: «Мен фақат Раббимдан келган ваҳийгагина эргашурман. Бу (Қуръон) иймон келтирадиган қавм учун Раббингиз тарафидан кўрсатма, ҳидоят ва раҳматдир.» (Аъроф: 203) Агар аввалги илоҳий китоблар бузилиб, ўзгартириб юборилган бўлса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло охирги китоби бўлмиш Қуръони Каримни бузиш ва ўзгартиришлардан сақлади. Бу китоб ўзидан олдин ўтган китобларнинг ичидаги кўрсатмаларни ҳам ўз ичига олгандир.
4-Рукн. Тўртинчи рукн Аллоҳ таоло бандаларига илоҳий рисолатни кўтариб боришлари учун ва Аллоҳ таоло ҳайрат ва шак-шубҳа зулматларини парчалаб ташлаш мақсадида юборган нурни ва ҳидоятни қандай қилиб ҳаётга татбиқ қилиш ва қандай қилиб унга эргашишни таълим берувчи қилиб бутун башариятлар ичидан танлаб олган Аллоҳ пайғамбарларининг ҳаммасига иймон келтиришдир.
Мана қаранг, ҳар қандай завод ўзи ишлаб чиқарган асбоб-ускуналарни қандай ишлатиш, агар уларда носозлик рўй берса, қандай бартараф этиш ва тузатиш йўл-йўриғини ўргатиш учун ўз одамларини яъни, ўз вакил ва муҳандисларини юборади. Аллоҳнинг пайғамбарлари ҳам худди шундайдирлар. «Аллоҳ таоло учун энг олий сифатлар бордир. У Азиз ва Ҳакийм бўлган Зотдир!» Аллоҳ таоло уларни башарият учун йўлбошчилар қилиб юборади. Улар одамларга аҳволларини тузатадиган нарсаларни ўргатадилар ва уларни ҳаётларида рўй берадиган ҳар қандай бузилишни ислоҳ қилишнинг энг доно йўлларига йўллаб қўядилар. Одамларга Раббилари уларни нима учун яратганлигини, нима учун уларга ерни бошқариш вазифасини топшириб қўйганини, нима қилсалар Раббиларини рози қиладилар ва қайси амални қилсалар яратувчиларини ғазабини келтирадилар, бу ишларнинг ҳаммасини пайғамбарлар уларга ўргатадилар. Шунингдек, улар одамларга қилаётган ҳар бир амалларининг жазо ва мукофотларини баён қилиб берадилар. Мўминларга Аллоҳ таоло улар учун тайёрлаб қўйган неъматлар ҳушхабарини берсалар, осий, кофир ва мунофиқларни кутиб турган аламли оқибатдан огоҳлантирадилар. Аллоҳ таоло «Нисо» сураси 165-оятида шундай деди: «Аллоҳ таоло пайғамбарлардан кейин Аллоҳга қарши одамларнинг фойдасига ҳужжат бўлмаслиги учун, жаннатдан ҳушхабар берувчи ва дўзахдан огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборди. Аллоҳ Азиз ва Ҳаким Зотдир.»
Одамлар натижани эътиборга оладиган бўлсалар, мана, инсоният тарихи файласуфлар, уламолар, етакчи доҳийлар ва ислоҳчиларнинг исмлари билан тўлиб тошган. Тарих саҳифалари Раббил Оламиннинг пайғамбарлари исмларини ҳам ёзиб қолдиргандир. Агар биз инсоният аҳволини ислоҳ қилиш соҳасида, инсоний даъватлар билан илоҳий даъватлар натижалари ўртасини солиштирадиган бўлсак, илоҳий ислоҳ ҳаёт тармоқларининг ҳаммасини ўз ичига олгани, қалбларнинг ич-ичига, туб-тубига кириб боргани ва одамлар ҳали-ҳануз унга амал қилиб келаётганини топамиз, айни пайтда инсоний даъватлар, башарият ҳаёт тармоқларининг жузъий жиҳатларинигина ўз ичига олгани, инсонларнинг қалбига чуқур ўрнашмаган сатҳий экани, тезда тугаб йўқ бўлиб кетадиган муваққат экани, унга жуда ҳам тез бузилиш етаётгани ва эгаларининг исмлари ҳам жуда тез ўчиб кетаётганини топамиз. Бу нарса илоҳий ислоҳ Ўзи яратган нарсаларни жуда ҳам яхши билувчи хабардор бўлган Зотнинг ислоҳи эканига яққол гувоҳдир. Инсонларнинг ислоҳоти эса бу нарсаларни тўла мукаммал билмайдиган ислоҳ эканлиги, унинг амали жуда ҳам ноқис эканлигини кўрсатмоқда. У кўринишда ислоҳ бўлиб кўринсада, ботинида фасод бўлиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло бунга ўхшаган бузғунчилар ҳақида шундай деди: «Агар уларга ер юзида бузғунчилик қилманглар», деб айтиладиган бўлса, улар: «Биз ислоҳ қилувчилармиз», дейишади. Огоҳ бўлинглар улар ҳақиқий бузғунчилардир. Ва лекин буни ўзлари сезмайдилар». (Бақара: 11, 12)
Бизнинг пайғамбарларга бўлган иймонимиз ҳар бир ақл уни тасдиқлашга мужбур бўладиган ва кофирларнинг зиддига қатъий ҳужжатларни қойим қиладиган, очиқ ҳужжатлар ва ёрқин далилларнинг устига қурилгандир. Аллоҳ таоло деди: «Биз пайғамбарларимизни очиқ ҳужжатлар билан юбордик ва улар билан бирга одамлар адолатни барпо қилишлари учун тарози ва китобни нозил қилдик.» Шундай қилиб биз мўминнинг ҳаётини нурун ало нур эканлигини топамиз. У яратувчисини, Холиқини ақлий далиллар ва самовий рисолатлар далилларига асосланган маърифатда танийди. Мўмин ўзига ҳидоят ва нурни олиб келаётган Раббининг пайғамбарини далиллар ва очиқ ҳужжатлар устига қойим бўлган ва ақлий ҳужжатлар билан саҳиҳ илм асосида танийди. Мўмин Раббини ва ўзига юборилган пайғамбарни таниши билан Рабби уни нима учун яратганини билади. Ўзининг бу дунёда мавжудлиги ҳикматини ҳам англайди, бу ҳаётдаги ўз ролини ҳам тушунади. У қилаётган ишини нима учун қилаётганини аниқ ҳужжат асосида билади. Амалининг натижаси нима эканлигини ҳам билади. Агар унга ўлим келиб қоладиган бўлса, ўлимдан кейин иши нима бўлишини ҳам билади. У қўрқмайди, жазавага тушмайди. Чунки, у мана шу лаҳзалар учун тайёрланган. Ўлимдан кейин нима бўлишини билган ва мана шу ҳаёт учун аввалги ҳаётида яхши тайёргарликни кўрган. Одамларнинг Рабби, подшоҳи, маъбуди бўлган Аллоҳнинг мана шу ҳидояти туфайли мўмин одам коинотдаги ўз мартабаси, ер юзидаги ўзининг роли ва ўзининг атрофидаги Аллоҳнинг махлуқотлари билан қандай алоқаси бор эканлигини билди. У қилаётган ҳар бир ишида умумий ва ҳусусий ишларида Рабби томонидан бўлган очиқ ҳужжат узрадир. «Аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра Биз уни (динга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган нурни (иймонни) бериб қўйганимиз бир киши — зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чиқувчи бўлмаган кимсага ўхшайдими?! (Мўминларга иймонлари қандай чиройли кўринса) кофирларга ҳам қилаётган амаллари ана шундай чиройли қилиб кўрсатиб қўйилди.» (Анъом: 122)