Бизга боғланинг
НЕЧТА ХУДОГА СИҒИНАСИЗ?
Муаллиф: Муҳаммад ал-Арийфий
Таржимон: Исмоил Ёқуб
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
Ибн Хузайма «Тавҳид» китобида Имрон ибн Ҳусойндан ривоят қилинган қуйидаги мазмунда ҳадис келтиради: «Исломнинг аввалида Қурайш отам Ҳусойннинг ҳузурига келди – у улар ичида эътиборли киши эди – ва унга: «Сиз пайғамбарлик даъво қилаётган анави одам билан гаплашиб кўринг, у худоларимизни ҳақоратламоқда, уларни сўкмоқда» дейишди. Сўнг ҳаммалари биргаликда келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшиклари яқинида ўтиришди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўргач: «Шайхга йўл беринглар» дедилар. Ҳусойн деди: «Бизга сиз тарафингиздан ҳар хил гаплар етмоқда. Сиз олиҳаларимизни ёмон сўзлар билан тилга оласиз ва сўкасиз экан, бу қанақаси?!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Ҳусойн, сиз бугун нечта илоҳга сиғинасиз?» деб сўрадилар. У: «Еттита: ердаги олтита ва осмондаги битта илоҳга», деди. «Қийинчилик, мусибат пайтида қайсинисига сиғинасиз?» деб сўрадилар. «Осмондагисига», деб жавоб берди. «Мол-ҳолга ҳалокат етса қайсинисига сиғинасиз?» деб сўрадилар. «Осмондагисига», деб жавоб берди. «У бир Ўзи ижобат қилади-ю, шукрда бошқаларни Унга шерик қиласизми?! Эй Ҳусойн, Исломга киринг», дедилар…»[1]
Ҳа, мушриклар солиҳ кишиларнинг суратлари туширилган сурат ва ҳайкалларга сиғинишар ва буни ўзларини Аллоҳга яқинлаштирадиган восита деб кўришарди. Қурбонлик, назр, дуо, тавоф ва йиғи-сиғилар билан уларга Аллоҳ ҳузурида ўзларига шафоатчи бўлишларини сўраб ибодат қилишар ва: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қиламиз» (Зумар, 3) дейишарди. Улар Аллоҳни яратувчи ва ризқ берувчи деб тан олишса-да, Аллоҳ таоло уларни мушриклар деб атади. Хўш, бугунги кунда қабрда ётган маййитга дуо қилиб, Аллоҳнинг ҳузурида шафоатчи бўлишини тилайдиган кимсаларнинг ўша мушриклардан нима фарқи бор?! Ернинг устидаги суратга сиғинган одам билан ернинг остидаги суратга сиғинган одамнинг нима фарқи бор?!
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоздан: «Биласизми, Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи нима-ю, бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳақлари нима?» деб сўрадилар. Муоз: «Аллоҳ ва Расули билувчироқдир» деб жавоб берди. Шунда айтдилар: «Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи – Унинг ёлғиз ўзига ибодат қилишлари ва Унга бирон нарсани шерик қилмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳақлари – Унга ширк келтирмаган кишини азобламаслигидир», дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Аллоҳнинг ҳузурида энг оғир гуноҳ қайси?» деб сўралганида: «Аллоҳ сени яратгани ҳолда сен Унга бошқани тенг қилишинг», деб жавоб берганлар.
Ширк энг катта гуноҳ бўлиб, Аллоҳ уни асло кечирмайди. Жаннат мушрикларга ҳаром, улар дўзахда абадий қолишади: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур» (Моида, 72). Ширк келтирган одамнинг намозию рўзаси, жиҳодию садақаси, барча-барча ибодатлари бекор бўлади: «Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб колурсан!» (Зумар, 65).
Шунингдек, қабрлар олдида ва қабрлар устига қурилган масжидларда намоз ўқиш дуруст бўлмайди.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаққи-ҳурматларини восита қилиш, «Парвардигоро, мен сендан набийингнинг ҳаққи ҳурмати ёки фалончининг ҳаққи билан сўрайман», дейиш ҳам дуруст бўлмайди.Жоиз бўлган тавассул қуйидагилар:
1) Аллоҳнинг исм ва сифатлари билан тавассул (восита) қилиш, масалан: «Эй (Раҳим, эй Раҳмон) раҳмли зот, менга раҳм қил», дейиш каби.
2) Иймон ва солиҳ амалларни восита қилиш: «Эй Парвардигор, сенга бўлган иймоним ва адо этган намозим сабабли мени мағфират қилгин», дейиш.
3) Ҳаёт бўлган солиҳ кишиларнинг дуосини восита қилиш: яъни улардан ўз ҳаққига дуо талаб қилиш. Зотан, мусулмон кишининг биродарига қилган дуоси ижобат қилинади. Аммо, ўликдан талабларини сўраб дуо қилиш ҳаром. Бир овозда жўр бўлиб зикрлар айтиш эса бидъат амалдир.
Ширкнинг бир неча суратлари мавжуд бўлиб, қабрдаги маййитларга дуо қилиш, мозорларга, жинларга, азиз-авлиёларга атаб қон чиқариш, назрлар келтириш, уларнинг бирон зиён-заҳмат етказиб қўйишидан ё касалга чалинтириб қўйишидан хавф қилиш шулар жумласидандир.
Аслида қабристонни охиратни эслаш ва ўликлар ҳаққига дуо қилиш учунгина зиёрат қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қабрларни зиёрат қилинглар. Зеро улар сизларга охиратни эслатади». Аммо қабр аҳлига, у набий ё валий бўлган тақдирда ҳам, дуо қилиш, уларга атаб жонлиқ сўйиш, улар билан табаррукланиш ширк бўлади. Жоҳил кимсалар[2] Ҳусайннинг қабри олдида қилаётганидек ёки Бадавий ва Жийлонийларнинг қабрлари олдида қилаётганидек амаллар барчаси ширкдир. Зеро, улар ҳам оддий инсон, на фойда ва на зиён етказа олишади.
Ахир қандай қилиб жонсиз жасадга айланган кишилардан ёрдам сўрайсиз, ваҳоланки улар ўз аҳволларини ўзгартиришга ҳам қодир эмаслар-ку, қандай қилиб сизнинг ҳолатингизни ўзгартирсинлар?! Ўликлардан мадад сўраб дуо қилаётган кишиларга айтаманки: «Сизлар уларнинг остонасида йиғлаб турган, уларнинг шафоатидан умидвор бўлаётганингиз мана шу маййитлар: «Илтижо қилган пайтларингизда сизларни (илтижоларингизни) эшитадиларми ёки сизларга фойда ё зиён етказа оладиларми?!» (Шуаро, 72). Йўқ, Аллоҳга қасамки, асло эшитмайдилар, ёрдам ҳам бера олмайдилар!!
Ҳозирда қабрлар устига қурилган сағана ва зиёратгоҳлар кўплаб учрайди. Одамлар уларга назрлар келтиришади, айримлар уларни тавоф қилишади, ҳожатларини улардан сўрашади. Қоҳирадаги саййид Ҳусайннинг, саййида Зайнаб, Оиша, Сакина ва Нафисаларнинг сағаналари, Шофеъийнинг мақбараси, Дасуқдаги Дасуқийнинг қабри, Шозилийнинг қабри, Аҳмад Бадавийнинг мақбарасида-ку баъзан одамлар худди ҳаждагидек тиқилинч бўлиб кетади. Жалолиддин Румий мақбарасининг олдига «уч дин (Ислом, яҳудий ва насроний дини) вакиллари кириши мумкин» деб ёзиб қўйилган! Дамашқда Масжидул умавийда Яҳё алайҳиссаломнинг боши учун қурилган сағана, Унинг ёнида Салоҳиддиннинг ва Имодуддин Занкийнинг қабрлари…
Туркияда 481 та жомеъ мавжуд бўлиб, уларнинг аксарида қабрлар бор[3]… Улардан энг машҳури Истанбулдаги Абу Айюб ал-Ансорий қабрларига қурилган сағана. Бағдодда 150 та жомеъ бор бўлиб, аксарида қабрлар мавжуд. Мавсил жомеълари ичида 76 та сағана мавжуд.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Пайғамбарларининг қабрларини масжидларга айлантирган қавмга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» деганлар, қабрларни сувашдан, улар устига ўтиришдан, улар устига бино қилиш ва ёзишдан қайтарганлар. Қабрлар устига масжидлар қурган ва шамчироқлар ёққанларни лаънатлаганлар. Саҳоба ва тобеинлар қабрлар устига асло масжид қурмаганлар.
Энг ажабланарлиси, одамлар мафтун бўлган қабрларнинг аксарияти сохта мақбаралардир. Масалан, биргина ҳазрати Ҳусайннинг Қоҳирада ҳам, Асқалонда ҳам, Мадинаи Набавийяда ҳам қабрлари бор! Ҳалабдаги Жушан тоғида Ҳусайннинг боши қўйилган сағана мавжуд! Дамашқда, Ироқдаги Ҳанонада, Карбалода, Нажафда (отасига нисбат бериладиган қабр ёнида) Ҳусайннинг жасади ёки боши учун қурилган мақбаралар бор!
Ироқнинг Нажаф шаҳридаги Али розияллоҳу анҳуга мансуб мақбара ҳам сохта мақбарадир. Чунки у киши Кўфадаги амирлик қасрига дафн қилинганлар!
Басрада Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг қабри бор, ваҳоланки у киши Мадинада вафот этиб, Бақеъга дафн этилганлар.
Зайнаб бинти Али Мадинада вафот этиб, Бақеъга дафн этилган, Дамашқда унга нисбат берилган, шиалар тарафидан барпо этилган қабр мавжуд. Шунингдек, унинг Қоҳирада ҳам мақбараси бор, ҳолбуки у Мисрга умуман борган эмас!
Шомда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қизлари Умму Кулсум ва Руқайянинг қабрлари бор, ваҳоланки улар ҳар иккиси Усмон розияллоҳу анҳунинг аёллари бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик даврларидаёқ Мадинада вафот этишган ва Бақеъга дафн этилганлар.
Сурияда Дамашқ жомеъсида Ҳуд алайҳиссаломнинг қабри мавжуд, ваҳоланки Ҳуд алайҳиссалом Шомга умуман борган эмас! Ҳазрамавтда ҳам унга мансуб қабр бор!
Ҳазрамавтда Солиҳ алайҳиссаломга мансуб деб даъво қилинадиган сағана мавжуд, ҳолбуки у киши Ҳижозда (ҳозирда Саудия) вафот этганлар. Фаластиндаги Яфа шаҳрида ҳам у кишига мансуб қабр бор!
Саҳобалар бирорта бўлса-да қабрни ердан баланд кўтарганмилар?!
Ёки улар инсон зотига дуо қилганмилар?!
Ҳатто улар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабри шарифлари олдида у зотга дуо қилиб ёки шафоат сўраб турганмилар?!
Рифоъий, Жийлоний ва Бадавийларнинг қабрлари анбиёларнинг қабрларидан ҳам улуғ ва мукаррамми?!
Ҳазрати Умарнинг халифалик даврларида Мадинаи Набавиядаги саҳобаларнинг ҳолига бир назар солинг! Қурғоқчилик бўлиб, истисқо (ёмғир сўраш) намози учун чиққанларида Умар розияллоҳу анҳу шундай дуо қилдилар: «Эй Раббимиз! Биз қачон қурғоқчилик бўлса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари воситасида ёмғир сўрар эдик ва Сен ёмғир ато этардинг. Энди бўлса, Пайғамбаримизнинг амакиларининг дуосини восита қиламиз», дедилар, сўнгра: «Туринг эй Аббос, Аллоҳдан бизга ёмғир сўраб дуо қилинг» дедилар. Аббос туриб дуо қилдилар, барчалари унинг дуосига «омин» деб турдилар. Шундан сўнг Аллоҳ уларга ёмғир ёғдирди. Улар муҳтож бўлиб қолганларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига бормадилар, «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ ҳузурида бизга шафоатчи бўлинг», демадилар. Асло ундай қилмадилар! Чунки улар ўликка, гарчи у пайғамбарнинг жасади бўлса-да, дуо қилиш жоиз эмаслигини билардилар. Ҳожатларини тўппа-тўғри осмонлару ернинг Раббидан сўраб қўя қолардилар.
Ўликлар олдига бориб, улардан раҳмат талаб қиладиган бечораларнинг ҳолларига вой устига вой бўлсин! Қабр аҳлининг Аллоҳ ҳузурида ҳурмат-эътиборли бўлиши улардан шафоат тилаш мумкин деган нарсани англатмайди, ахир! Аллоҳ таоло гарчи анбиёу авлиёларига Қиёмат куни шафоат қилишларига изн бериши ҳақ бўлса ҳам, бу дунёда улардан шафоат сўраб дуо қилишимизни бизга тақиқлаган.
Шунингдек, анбиё ва авлиёлар номи билан, Каъба, обрў-шараф, нон ва шу кабилар билан, қўйингки Аллоҳдан бошқасининг номи билан қасам ичиш жоиз эмасдир. Қасам — улуғлашдир, у Аллоҳдан бошқасига дуруст бўлмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким Аллоҳдан бошқа билан қасам ичса, шак-шубҳасиз, мушрик бўлибди». Ким эсида йўқ ҳолда Аллоҳдан бошқа билан қасам ичса, «Ла илаҳа иллаллоҳ» десин.
Касалга чалинмаслик ёки жин-шайтонларни даф қилиш учун туморлар тақиш ҳам ширк воситаларидан саналади. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бир кишини қўлига темир ҳалқа тақиб олганини кўриб, уни нима сабабдан тақиб олганини сўрадилар. У касалликдан сақланиш мақсадида таққанини айтди. Шунда Ҳузайфа: «Ечиб ташла! Чунки бу сенга фақат касалликни зиёда қилади. Агар шу нарса қўлингда бўлган ҳолда ўлсанг, асло нажот топмайсан», дедилар.
Беморларга ўқиладиган руқялар (дам солиш) Қуръон ва Суннатдан бўлса жоиз. Аммо жинларнинг ёки солиҳ кишиларнинг исмларини такрор-такрор ўқиш Аллоҳдан бошқага дуо қилиш бўлиб, у ширкдир.
Ғайбни билишни даъво қилиш ҳам ширкдир: «Айтинг: Осмонлар ва ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Аллоҳгина (билур)» (Намл, 65).
Ким кафтга, юлдузларга қараб ғайб хабарини айтиб беришни даъво қилса, бахтидан ёки тахтидан фол очадиган бўлса, у ёлғончи ва кофирдир. Ким ғайбдан хабар берса ёки ғайбни даъво қилган кимсани тасдиқласа, у адашгандир.
Газета-журналлардаги (кўплаб интернет саҳифаларидаги. Тарж.) мунажжим башоратларини ўқиш, фолбинлар билан боғланиб, улардан йўл-йўриқ сўраш ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким фолбинга борса ва у айтган сўзларни тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган динга кофир бўлибди».
Сеҳргарлик, фолбинлик, башоратчилик ширк амаллардир:«Сеҳргар эса қаерда бўлмасин зафар топмас» (Тоҳа, 69).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Еттита ҳалок қилувчи гуноҳлардан сақланинглар: Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр…»
Абу Зар розияллоҳу анҳу халифанинг олдига кирди, қараса бир сеҳргар одамларнинг кўзига бир одамнинг бошини олиб, яна қайтариб қўйгандек қилиб кўрсатаётган эди. Шунда у шартта қиличини суғурди-да, ҳалиги сеҳргарнинг бошини узиб ташлади ва унга: «Қани, қўлингдан келса, ўзингни тирилтир-чи!» деди. Сўнгра: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сеҳргарнинг жазоси қилич билан чопилишдир», деганларини эшитганман», дедилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёки азиз-авлиёлардан биронтасининг туғилган куни муносабати билан мавлуд маросимлари ўтказиш бидъат ишлардан бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, саҳобалар ҳам бундай ишни қилмаганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бизнинг динимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, унинг бу иши мардуд (рад этилган)дир».
Баъзан мавлуд маросимларида эркак-аёллар аралашади ва мусиқалар чалинади. Ёки Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга дуолар қилиш ва у зотдан мадад сўраш билан ширк амаллар содир бўлади. Бундай мавлуд маросимлари аслида насороларнинг шундай байрамларига тақлид қилишдан келиб чиққан. Энг қизиғи, айримлар мавлуд маросимларини канда қилмагани ҳолда жумъа ва жамоат намозларига боришни «унутадилар».
Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасини йиғилиш ва маросимга айлантириш ҳам бидъатлар жумласидандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон кечаларидаги суннатлари – уларни ибодат билан ўтказиш эди, маросимлар қилиш эмас.
Шунингдек, Исро ва Меърож кечасини нишонлаш ҳам жоиз эмас, бу ҳақда бирон бир саҳиҳ ҳадис келмаган. Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси йиғилиш, кундузида рўза тутиш ҳам бидъат ишлардан.
Сўзимнинг охирида айтаманки: Эй қабрга ёки ўликларга дуо қилаётганлар ёки Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичаётганлар, Ундан бошқасига жонлиқ ва назрлар атаётганлар! Ўзингизга бир савол бериб кўрингчи, сиз нечта худога сиғинмоқдасиз?!
Аллоҳ ягона ва беҳожат зотдир, У Ўзига бировнинг шерик қилинишига асло рози бўлмайди!Манба: www.islamnuri.com
- Ибн Хузайма, «Тавҳид» (1/ 174). ↑
- Бизнинг юртимизда Баҳовуддин Нақшбанд, имом Бухорий қабрлари олдида қилинаётган амаллар ҳам шу жумладандир. Бу икки ўрин ўзимиз гувоҳ бўлганларимиз, биз билмаган ўнлаб шу каби зиёратгоҳлар бўлиши мумкин. ИНТ. ↑
- Уларнинг аксари масжид ичида бўлмаса ҳам қибла ёки ён томонлардаги деразалардан шундоққина кўриниб туради. ИНТ. ↑