Ризқнинг зиёда бўлиши сабаблари

    5862 марта кўрилган

    Шайх Муҳаммад Солиҳ ал-Мунажжид
    Ислом Нури таржимаси

    أسباب الزيادة في الرزق

    الشيخ محمد المنجد

    Ризқнинг зиёда бўлиши сабаблари

    بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

    Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

    Аммо баъд…

    Эй Аллоҳнинг бандалари! Аллоҳ таоло биз бандаларини ер юзида тириклик ва ризқ талабида ҳаракатланишга буюрган. Ризқнинг Китоб ва Суннатда баён қилиб ўтилган шаръий йўллари борки, ушбу хутбамизда шу мавзуда сўз юритамиз. Шояд бу сўзларимиз иш тополмай қийналиб юрган, қарз юки остида эзилган кишиларга, шунингдек, ойлик маоши рўзғорига етмаётган, даромади сарф-харажатларини қопламаётган инсонларга фойдали бўлса. Умуман, пул ва иқтисод мавзуси ҳассос мавзулардан. Шунинг учун ҳам Қуръон ва Суннатда ушбу масалага тааллуқли сўзлар кўп учрайди. Зотан, инсонларнинг ҳаёт ва турмушлари шу билан тик ва бут бўлиб туради. Аллоҳ таоло айтади: «(Қўл остингиздаги) ақлсиз кимсаларга (яъни ёш, нодон етимларга) Аллоҳ сизлар учун турмуш воситаси қилиб қўйган молларингизни (яъни қўлларингиздаги уларнинг молларини) бериб қўймангиз» (Нисо: 5), зеро сизларнинг ҳаётингиз шу моллар билангина давом этиб туради. Шунинг учун ушбу мавзуга Қуръон ва Суннатда анча кенг ўрин берилган. Қуйида ризқнинг зиёда бўлишига сабаб бўлувчи баъзи ишларни айтиб ўтамиз:

    Ҳижрат

    Яшаб турган диёрида қийинчиликка дуч келган киши ҳижрат қилиши, яъни яшаб турган жойидан бошқа диёрларга кўчиши ва сафар қилиши ҳам ризқ сабабларидан биридир. Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўп паноҳ бўлгудек жойларни ва кенгчиликни топгай» (Нисо: 100). Шунинг учун муҳожирлар Аллоҳ йўлида ҳижрат қилиб, ватанларини Аллоҳ учун тарк этиб кетишгач, Аллоҳ уларга дунёни фатҳ қилиб берди, уларга ғаниматлар (ғазотларда қўлга келган ўлжалар) ёғилди, мушриклардан келган ғаниматлар ортидан Кисро ва Қайсарнинг ғаниматлари мусулмонлар қўлига келиб тушди, Аллоҳ уларга ризқларини кенг-мўл қилди. Исонлардаги муаммо шуки, улар натижаларни кўришга ошиқиб кетадилар, мана, бугун эрталаб тавба қилгандик, бироқ кечгача ҳам ризқимиз кенгаймади-ку, кеча ҳижрат қилиб келдик, бироқ ҳалигача ҳеч қандай ўзгариш кўрмадик, дейишади. Ундай эмас, бу масалада сабр-тоқат ва бардошли бўлиш талаб қилинади, жуда кўп амалларнинг натижаси дарҳол кўринмайди. Аллоҳ таолодан умрларимизни Унинг тоатида бардавом этишини, ризқларимизни кенг-мўл қилиб, уларни бизга Ўзининг тоати учун мадад қилишини сўрайман.

    Ҳаж ва умрани бир-бирига эргаштириш

    Ҳаж ва умрани бир-бирига эргаштириш, яъни, бирини бажаргандан кейин ортидан иккинчисини адо этиш, ҳаж қилган киши умрага ҳаракат қилиши, умра қилган киши ҳажга ҳаракат қилиши ҳам ризқ сабабларидан саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари бунга далил бўлади: «Умра ва ҳажни бирин-кетин қилингиз! Чунки ҳаж билан умра фақирлик ва гуноҳларни худди босқон темир, олтин ва кумуш устидаги кирларни кетказганидек йўқотиб ташлайди. Мабрур ҳажнинг жаннатдан бошқа мукофоти йўқдир» (Насоий, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, Албоний «Саҳиҳ ибн Можа»да (2/ 553) саҳиҳ санаган). Эътибор беринг, ҳаж билан умрани бирин-кетин қилиш кишининг гуноҳлари билан бир қаторда унинг фақирлигини ҳам кетказиши айтилмоқда.

    Силаи раҳм

    Силаи раҳм, яъни, қариндошлик алоқаларини боғлаш ҳам ризқнинг шаръий сабабларидандир. «Раҳм» деб кишининг отаси ва онаси томонидан бўлган яқинларига айтилади.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллама айтганлар: «Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлари билан алоқа) қилсин!» (Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қариндошларингиз билан алоқа қиладиган даражада насабларингизни ўрганингиз! Зеро, силаи раҳм хонадон аҳлининг муҳаббатига, мол-дунёнинг кўпайишига ва умрнинг зиёда бўлишига сабабдир» (Термизий ривояти, Саҳиҳут-тарғиб: 2520).

    Ризқ зиёда бўлиши борасида силаи раҳмнинг фазли каттадир. Инсон ҳатто фосиқ бўлган тақдирда ҳам, силаи раҳм сабабли ризқи кенгайиши мумкин экан.

    Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Савоби энг тез бўлган тоат-ибодат силаи раҳмдир. Ҳатто бир хонадон аҳли фожир бўлганлари ҳолда бир-бирлари билан алоқа қилиб, моллари кўпаяди ва сонлари зиёда бўлади» (Табароний ривояти, Саҳиҳул-жомиъис-сағир: 5705).

    Шундай экан, силаи раҳмга кўп эътибор беринг, қариндошлар билан борди-келдини узиб юборманг, ўзаро зиёратлашиб туринг, муҳтожларига ёрдам беринг, ҳадялар бериб туринг, касалларининг ҳолидан хабар олинг. Ўртада масофа узоқ бўлса ҳам, алоқанинг ҳар хил турлари мавжуд. Силаи раҳмнинг барча кўриниши ризқнинг мўл бўлишига сабабдир.

    Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш ва толиби илмларга нафақа қилиш

    Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш ҳам ризқнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади.

    Аллоҳ таоло айтади: «Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқ берувчиларнинг яхшироғидир» (Сабаъ: 39).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таоло айтади: Эй одамзот, инфоқ қил, Мен сенга инфоқ қиламан» (Муттафақун алайҳ).

    «Бу Аллоҳнинг ҳақ ваъдасидир. Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?!» (Нисо: 122).

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ҳар тонг икки фаришта (осмондан) тушиб келади. Улардан бири: «Эй Аллоҳим, инфоқ-эҳсон қилувчига эваз бергин», дейди. Иккинчиси: «Эй Аллоҳим, мумсик-бахилга талафот бергин», дейди» (Муттафақун алайҳ).

    Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол розияллоҳу анҳуга насиҳат қилиб: «Инфоқ қилинг эй Билол, Арш соҳиби тарафидан сизга камбағаллик келиб қолишидан қўрқманг!», деганлар (Мишкотул-масобийҳ: 1885, Албоний саҳиҳ деган).

    Аллоҳ таоло айтади: «Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билувчидир» (Бақара: 268). Яъни, шайтон сизни, агар молингни инфоқ қилсанг, камайиб кетади, сен ўзинг ҳам унга муҳтожсан, аввал ўзингни ўйлашинг керак, бола-чақангни ўйлашинг керак, деб, камбағалликдан қўрқитади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: «Не бир нарсани инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқ берувчиларнинг яхшироғидир» (Сабаъ: 39), дейди, «Эй одамзот, инфоқ қил, Мен сенга инфоқ қиламан» (Муттафақун алайҳ), дейди.

    Толиби илмларга нафақа бериб туриш ҳам ризқ зиёда бўлишига сабаб бўларкан. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадис бунга далил бўлади:

    «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида икки ака-ука бор эди. Улардан бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келар, иккинчиси эса касб-кор қилар эди. (Яъни, бирлари ўзини илмга бағишлаган, иккинчилари тирикчилик билан банд бўларди). Тирикчилик билан шуғулланувчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга биродари устидан шикоят қилиб: «Ё Расулуллоҳ, у (рўзғорга) ҳеч нарса сарфламайди», деди. Шунда у зот: «Балки, сенга у сабабли ризқ берилаётгандир», дедилар». (Термизий ривоят қилиб, саҳиҳ деган). Яъни, эҳтимол, сен унга инфоқ қилиб турганинг сабабли ризққа етишаётгандирсан, дедилар.

    Аллоҳнинг ибодатига фориғбол бўлиш

    Аллоҳнинг ибодатига фориғбол бўлиш дегани ибодат пайтида қалб ғофил бўлмаслиги маъносидадир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади:

    «Эй Одам боласи, Менинг ибодатимга фориғбол бўл, қалбингни бойликка тўлдираман ва фақирлигингни кетказаман. Акс ҳолда, қўлингни иш билан машғул қилиб қўяман ва фақирлигингни кетказмайман» (Саҳиҳ ҳадис. Аҳмад, Термизий, Ибн Можа, Ҳоким ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

    Баъзи одамлар доим иш билан банд бўлсалар ҳам, фақирликдан қутула олмайдилар, Аллоҳ уларнинг қўлларини иш билан машғул қилиб қўйган, бироқ меҳнат қилиб, барака ва фойда кўрмайдилар, зиёндан бошлари чиқмай, қийналиб юрадилар.

    Худди шу маънодаги бошқа бир ҳадиси қудсийда бироз бошқача лафзлар билан ривоят қилинади: «Эй Одам боласи, Менинг ибодатимга фориғ бўл, дилингни бойликка, қўлингни ризққа тўлдираман. Эй Одам боласи, Мендан узоқлашма, (акс ҳолда) қалбингни фақирлик билан, қўлингни эса иш билан тўлдираман».

    Аллоҳга таваккул қилиш

    Аллоҳга таваккул қилиш, яъни, Аллоҳгагина суяниш ва ишни Аллоҳнинг ўзига топшириш, қалбни бандаларга боғламаслик ҳам ризқ зиёда бўлиши сабабларидан саналади.

    (Давоми бор)

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962