Синовлар неъмати

    2012 марта кўрилган

    Холид Сауд ал-Булайҳид
    Ислом Нури таржимаси

    Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

    Аммо баъд…

    Одамзотни имтиҳон қилиш ва гуноҳларидан тозалаш, ким иймонида содиқ-у, ким козиб эканини ажратиш учун улар бошига турли балолар туширилиши Аллоҳ таоло тузиб қўйган коинот қонуниятларидан саналади.

    Аллоҳ таоло айтади: «Албатта сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева – чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз» (Бақара: 155).

    «Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам «алдаб» имтиҳон қилурмиз. (Кейин) фақат Бизгагина қайтарилурсизлар» (Анбиё: 35).

    «Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?!» (Анкабут: 2).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Энг катта мукофот энг катта бало (имтиҳон) билан биргадир. Аллоҳ таоло бир қавмни яхши кўрса, уларни имтиҳонга солади. Ким (балога) рози бўлса, унга розилик, ким ғазабланса, унга ғазаб бўлади» (Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадис деган).

    Иймони комилроқ одамларнинг имтиҳони ҳам қаттиқроқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамларнинг энг қаттиқ бало-синовга дучор бўлувчилари анбиёлар, сўнгра солиҳлар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлардир. Киши динига қараб имтиҳон қилинади. Агар динида мустаҳкам бўлса, имтиҳони ҳам қаттиқ бўлади. Агар динида бўшроқ бўлса, имтиҳони ҳам динига қараб бўлади. Бандага бало-синов келавериб, охир-оқибат уни ер юзида бирон гуноҳи бўлмаган ҳолда юрадиган қилиб қўяди» (Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти).

    Синов-имтиҳонларнинг фойдалари:
    • Гуноҳларга каффорат бўлади ва ёмонликларни ўчиради;
    • Охиратда даража ва мартабаларни кўтарилишига сабаб бўлади;
    • Аллоҳнинг ҳақларига нисбатан сустликка йўл қўяётганимизни ҳис қилдиради ва бунинг учун нафсни айблаш ва маломат қилишга ундайди;
    • Тавба қилишга, Аллоҳ таоло ҳузурида синиқлик ва хорлик ҳолатида туришга етаклайди;
    • Банданинг Парвардигорига бўлган алоқасини мустаҳкамлайди;
    • Бахтсиз ва маҳрум кишиларни ёдга олиш ва уларнинг алам-оғриқларини ҳис қилишга сабаб бўлади;
    • Аллоҳнинг қазо ва қадарига бўлган иймонни ҳамда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким фойда ҳам, зарар ҳам етказолмаслигига бўлган ишончни мустаҳкамлайди;
    • Оқибатимизни эслатади ва бу дунёнинг ҳақиқатига кўзларимизни очади.

    Инсонлар бало ва синовлар борасида уч қисмга бўлинади:

    1) Яхшиликдан маҳрум кишилар. Улар балони ғазаб билан, Аллоҳга нисбатан ёмон гумон ва унинг қадарини айблаш билан қарши оладилар.

    2) Балони сабр билан ва Аллоҳга нисбатан яхши гумон билан қаршилашга муваффақ қилинган кишилар.

    3) Балони нафақат сабр билан, балки розилик ва шукроналик билан қарши олувчи кишилар.

    Мўмин кишининг ҳамма ишлари яхшилик, у барча ҳолатларида неъмат ва офият ичрадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Мўминнинг иши қизиқ, унинг барча ишлари яхшиликдир. Бу мўминдан бошқасига насиб бўлмайди. Агар унга бир хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унга яхшиликдир. Агар бирон кулфат етса, сабр қилади ва бу ҳам унга яхшиликдир» (Имом Муслим ривояти).

    Кўпинча балоларнинг мўмин кишига хосланиши остидаги Аллоҳнинг ҳикмати шуки, бу билан у гуноҳларининг жазосидан шу дунёнинг ўзидаёқ қутулади ёки шу билан даражаси кўтарилади. Кофир ва мунофиқ эса кўп ҳолларда офиятда ва балолардан омонликда бўлиб, унинг жазоси охиратга олиб қўйилган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўмин бамисоли доим шамол (у ёқдан бу ёққа) тебратиб турадиган майсага ўхшайди, унга давомий равишда балолар етиб туради. Мунофиқ эса бамисоли арча дарахтидек, то кесиб олинмагунча қимирламай тураверади» (Имом Муслим ривояти).

    Бало-синовнинг турлари кўп: аҳли-аёл ва бола-чақа хусусидаги бало, молга келган бало, баданга етган бало ва шунга ўхшаш, булар ичида энг катта бало банданинг динида келадиган бало-синовдир.

    Пайғамбарларга қўша-қўша балолар берилган, аҳлларида, молларида, бола-чақаларида, динларида имтиҳонга солинганлар, ҳаммасига сабр қилиб, ажр умид қилганлар, Парвардигор таборака ва таолога яхши гумонда бўлишиб, Унинг ҳукмига рози бўлганлар, шариатига бўйсунганлар, Унинг ҳад-ҳудудларидан тажовуз қилмаганлар, шу билан улар ҳар бир бошига синов келган киши учун ҳақиқий ўрнак ва намунага айланганлар.

    Бошига бало келган пайтда бандага бир неча ишлар лозим бўлади:

    1) Бу бало Аллоҳ ҳузуридан келганига аниқ ишониши ва ишини Аллоҳга топшириши.

    2) Шариатни лозим тутиши, Аллоҳнинг амрига хилоф қилмаслиги, ғазабланмаслиги, замонни сўкмаслиги.

    3) Балони кетказишнинг фойдали сабабларига машғул бўлиши.

    4) Аллоҳга истиғфорлар айтиши, қилган гуноҳларидан тавба қилиши.

    Таассуфки, баъзи иймони заифроқ мусулмонлар бошларига бало келса, ғазабланиб, замонни сўкишади, яратувчини маломат қилишади, Аллоҳнинг қадари остига яширинган ҳикматини англашмайди. Бу билан улар бошларига тушиб турган шу балодан ҳам каттароқ бало-синовга дучор бўлган ва катта гуноҳ қилиб қўйган бўлишади.

    Бу ерда шундай латиф ва яширин маънолар борки, агар банда улар ҳақида тафаккур қилса, унинг балоси енгиллашади, сабрга илҳомланади, чиройли оқибатни умид қилади ва катта савобга эришиб олади:

    Биринчидан: Билмоқ керакки, бошига келган бу бало унга аввалдан битиб қўйилган ва ундан қочиб қутулиш имконсиз эди. Шундан келиб чиқиб у вазиятга мослашиши ва унга ўзига муносиб келадиган тарзда муомала қилиши лозим.

    Иккинчидан: Яна билмоқ керакки, ҳеч ким балодан омонда эмас, аксарият одам қайсидир бир турдаги балога мубтало, мусибат фақат унга хос эмас, ҳаммага ом. Ким ўзганинг мусибатига назар солса, ўзининг мусибати енгиллашади.

    Учинчидан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари уммат бошига келган энг улкан мусибат эканини ёдга олмоқ лозим. Зотан, бу билан ваҳий узилган, фитналар юзага қалқиб чиқиб, саҳобаларни бўлиб юбораёзган эди. «Сиздан кейинги ҳар қандай мусибат биз учун енгилдир эй Аллоҳнинг Расули!»

    Тўртинчидан: Билмоқ керакки, Аллоҳ таоло балога илк лаҳзаларидан сабр қила олган кишига улкан ажру савоблар ҳозирлаб қўйган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳақиқий сабр мусибатнинг аввалидаги сабрдир», деганлар.

    Бешинчидан: Эҳтимолки, Аллоҳ таоло унинг бошига тушган бу балодан кўра каттароқ бало ва ёмонликни ундан даф қилиш учун шу балога гирифтор қилгандир ва у учун кичикроқ мусибатни ихтиёр қилгандир.

    Олтинчидан: Билмоқ керакки, у учун ибодат эшикларидан катта бир эшик очиб қўйилди. Сабр қилиш, ажр умид қилиш, ёруғ кунни кутиш, буларнинг ҳаммаси ибодат.

    Еттинчидан: Эҳтимолки, унинг қусурлари кўп ва дурустроқ амали камдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло унинг даражасини юксалтиришни истагандир ва шу амали Аллоҳ ҳузурида жаннатга кириши учун энг умидли амали бўлиб қолар.

    Саккизинчидан: Эҳтимолки, у бир ғофил, Аллоҳнинг зикридан юз ўгирган, Аллоҳнинг ҳақларига нисбатан бепарво, дунё зеб-зийнатларига берилган инсондир, Аллоҳ таоло шу бало сабабли унинг кўзини очишни, ғафлатидан уйғотишни ва тўғриликка қайтаришни ирода қилгандир.

    Банда шу латиф маъноларни ҳис қилса, унинг балоси неъматга айланади, у учун муножот эшиги очилади, ибодат лаззатини туяди, Парвардигорига боғланиши, Ундан умидворлиги, Унга нисбатан яхши гумони кучаяди, шу каби қалб амаллари қувватланиб, васфига қалам ожиз бўлган ибодат мақомларига эришади.

    Ваҳб ибн Мунаббиҳ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Киши то балони неъмат, фаровонликни мусибат санамагунича комил фақиҳ (олим) бўлмайди. Зотан, балоланган киши ёруғ-фаровон кунни кутади, фаровонликдаги киши эса балони кутади». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Офият эгалари қиёмат куни бало эгаларига ато этилган ажру-савобларни кўриб, кошки дунёдалигимизда бизнинг этларимиз қайчилар билан қиймаланган бўлса экан, дейишади» (Термизий ривояти).

    Қуйидагилар балоланган кишининг балосини енгиллаштирадиган, қайғусини тиндирадиган ва ғам-аламини аритадиган ишларга киради:

    1) Дуо. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтади: «Дуо балони даф қилиш сабабидир. Агар у кучлироқ бўлса, балони даф қилади, агар бало сабаби кучлироқ бўлса, уни даф қилолмайди-ю, лекин уни заифлаштиради ва енгиллаштиради. Шунинг учун ҳам қуёш тутилиши ва шунга ўхшаш Аллоҳнинг оят-аломатлари содир бўлганда намоз, дуо, истиғфор ва садақага буюрилди».

    2) Намоз. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бирор иш ташвишга солса, намозга шошилардилар (Имом Аҳмад ривояти).

    3) Садақа. Ҳадисда келганки: «Беморларингизни садақа билан даволангиз ва балога дуони ҳозирлангиз» (Байҳақий, Табароний ривоятлари).

    4) Қуръон тиловати. Аллоҳ таоло айтади: «Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз» (Исро: 82).

    5) Истиржоъ. Аллоҳ таоло айтади: «Бирор мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтувчилармиз», дейдиган собирларга хушхабар беринг» (Бақара: 156). Ким бошига мусибат тушганда истиржоъ айтар экан, албатта Аллоҳ таоло йўқотганидан яхшироғини беради. (Истиржоъ: Инна-а лилла-а-ҳи ва инна-а илайҳи рожиуун, дейиш).

    14/08/2009

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962