Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.
    Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Одамзотга муаллим этиб юборилган Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммадга, у зотнинг аҳли байтлари, саҳобалари ва тобеинларига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин!
    Бу мақоламизда ҳижома (бадандан қон олиш), унинг маъноси, фазилати, фойдалари, қандай ва қайси кунларда қилиниши ҳақида сўз юритамиз ва мақоламизни кичик бир хулоса билан якунлаймиз.
    «Ҳижома» «сўрмоқ» маъносидаги «ҳажм» сўзидан олинган. Бола она кўкрагини сўрса – эмса, араб тилида «ҳажамас сабийю уммаҳу», дейилади. Қон олувчи шахс қонни сўриб олиш йўли билан олса, у «ҳажжом» дейилади. Қон олиш касбига «ҳижома», қон олинадиган асбоб-ускунасига эса «миҳжам» дейилади[1].

    Уламоларнинг ҳижомага берган таърифлари

    Баъзи олимлар «ҳижома» деганда қонни бошнинг орқа томонидан сўриб оладиган ускуна орқали чиқариб олишнигина назарда тутади.
    Зурқоний эса: «Ҳижома фақатгина бошнинг орқасидан қон олишга хос эмас, балки баданнинг бошқа ўринларидан ҳам ҳижома қилиш мумкин», яъни бузилган қонни ҳижома йўли билан чиқариб ташлаш мумкин, деган. Хаттобий ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлаган.
    Хулоса қилганда, сўриб олишга мосланган (хоҳ қадимий, хоҳ замонавий) асбоб-ускуна билан бузилган қонни танадан чиқариб ташлаш ҳижома дейилади.
    Ҳижома қадимдан маълум ва машҳурдир. Қадимги хитойликлар, бобилликлар ва фиръавнлар даврида ҳам ҳижома амалда бўлган. Улардан қолган осори атиқаларда айрим касалларни ҳижома йўли билан даволашaётганини тасвирловчи суратлар бунга далолат қилади.
    Қадимгилар бу ишда тилла ва кумушдан ясалган косалар ва ҳўкиз шохларидан фойдаланишган. Улар бу шохларни беморнинг жасадидан қон чиқармоқчи бўлган ўринга қўйиб, унинг ичидаги ҳавони шохнинг уч қисмидаги кичик тешикча орқали сўриб чиқариб, шохнинг ичини ҳаводан холи қилиб қўйганлар. Бу ишда шиша коса (банка)лардан ҳам фойдаланса бўлади. Бир бўлак пахта ёки шу каби бирор нарсани коса ичида ёндириб, уни ҳаводан холи қилиб, беморнинг баданидан қон олмоқчи бўлган ўринга қўйилади, уни қўйишдан аввал мазкур ўрин устара, лезвия каби бирон ўткир тиғли нарса билан тилинади.

    Ҳижоманинг фазилатлари

    Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Шифо уч нарсада: асал ичиш, ҳижома қилиш ва ўт билан куйдиришда. Мен умматимни ўт билан куйдириб даволанишдан қайтараман»[2].
    «Сахиҳи Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслим»да қуйидаги ҳадис ҳам ривоят қилинади: «Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ҳажжом (қон олувчи) касби ҳақида сўралганида, у бундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижома қилдирганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳажжомлик қилган Абу Тойба исмли кишига икки соъ (ўртача 5 кг атрофида) таом беришга буюрдилар ва хўжайинларига унинг хирожидан бир оз камайтиришни тайинладилар. Кейин (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Даволанишингиз учун энг афзал нарса ҳижомадир», ёки: «Ҳижома даволарингизнинг энг муносибларидандир», дедилар».
    Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман: «Сизлар даволанадиган нарсаларнинг бирортасида яхшилик бўлса, албатта у ҳижомада, асал ичишда ва ўт билан куйдиришдадир. Аммо мен ўт билан куйдириб даволанишни хуш кўрмайман»[3].

    Ҳижоманинг фойдалари

    Ҳижоманинг қадимда ҳам, ҳозирда ҳам жуда кўп хасталиклардан даволанишда сезиларли фойдаси тажрибада кўрилгани сир эмас.
    Қуйидаги хасталикларда ҳижома қилинганида Аллоҳ таолонинг изни билан фойдаси кўрилган:
    1 – Қон айланиш аъзоларидаги хасталиклар.
    2 – Қон босими ва юрак хасталиклари.
    3 – Кўкрак оғриғи, нафас қисиши.
    4 – Бош ва кўз оғриқлари.
    5 – Бўйиндаги ва қорин бўшлиғидаги оғриқлар ҳамда мускуллардаги бод (ревматизм) касалликлари.
    6 – Баъзи турдаги юрак, кўкрак хасталиклари ҳамда бўғинлардаги оғриқлар ва ҳоказо…
    Яна бир томони шундаки, баъзи ҳолатларда ҳижомага ташқаридан бошқа бирор дори-дармон қўшимча қилинмаган ҳолатда ҳам у бир ўзи фойда қилади ва оғриқни енгиллаштиради.

    Ҳижоманинг фойдалари ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун Ибн Қаййимнинг «Зодул маод» ҳамда Иброҳим Ҳозиймийнинг «Ал-ҳижомату аҳкомуҳа ва фавоидуҳа» номли китобларига мурожаат қилинг.

    Ҳижома қандай қилинади?

    Илгари шохдан ясалган ҳижома асбобини баданнинг қон олиниши керак бўлган жойига ўрнатиб, унинг ингичка томонидан очилган тешикча орқали ичидаги ҳаво сўриб олиниб, тешикчани сақич каби ёпишқоқ нарса билан тўсиб қўйилган. Ҳозирда шох ўрнига замонавий коса (банка) ишлатиш мумкин. Бу ҳолда спирт, пахта, қоғоз парчаси ёки шу каби бирор нарсани коса ичида ёндириб, ундан ҳавони сўриб олиб, қон олинадиган ўринга ёпиштириб ўрнатилади. Агар ҳижома учун махсус тайёрланган ускуна ишлатилса, янада яхши ва қулай бўлади. Коса уч ёки ўн дақиқагача баданга ёпишган ҳолда ўрнашиб туради. Кейин кўчириб олиниб, унинг ўрни устара, лезва каби кескир нарса билан оҳиста майда-майда тилинади. Кейин юқорида айтилган кўринишда коса (ёки шох) ҳалиги ўринга қайта ёпиштириб, ўрнатилади. Бир муддатдан сўнг коса айниган қон билан тўлади. (Эҳтиёжга кўра бу ишни яна бир марта такрорлаш мумкин.) Қон етарли даражада чиқариб олингач, коса танадан ажратиб олинади. Жароҳатланган ўринга куйдирилган пахта ёки қонни тўхтатадиган бирор тиббий дори қўйилади.

    Ҳажжом ҳижома қилишни биладиган, тажрибали ва шу ишда малакага эга шахс бўлиши шарт.

    Ҳижома қилиш вақти

    Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлар ҳижома қиладиган кунларингизнинг энг яхшиси 17, 19 ва 21-кунлардир». (Бу ерда ҳижрий-қамарий ойларнинг кунлари назарда тутилган).
    Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким ҳижома қилмоқчи бўлса, 17, 19 ва 21-кунларни танласин, бирортангизнинг қони ошиб уни ўлдириб қўймасин»[4]. (Яъни, агар бирортангизнинг қони суюлиб, меъёрдан ошиб кетса, қайси кунда бўлса ҳам ҳижома қилаверсин[5].)
    Ибн Можа Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Оч қоринга (эрталабда) қилинган ҳижома фойдалироқдир. Унда шифо ва барака бор, ақл ва зеҳнни оширади. Аллоҳнинг баракаси билан пайшанба куни ҳижома қилинглар. Чоршанба, жума, шанба ва якшанба кунлари ҳижомадан сақланинглар. Душанба ва сешанба кунлари ҳижома қилинглар, у Аллоҳ Айюбни мусибатдан халос қилган кун, унга мусибатни чоршанба куни юборганди. Моҳов ва пес чоршанба куни ёки чоршанбага ўтар кечаси пайдо бўлади».

    Имом Ибн Қаййим айтади: «Ҳадисларда айтилган мазкур 17, 19 ва 21-кунлар ойнинг иккинчи ярмига тўғри келмоқда ва бу табиблар иттифоқ қилган муддатга мувофиқдир. Бу кунлар ҳижома учун энг муносиб вақтга далолат қилади, холос. Агар киши қайсидир сабабга кўра баданидан қон олишга эҳтиёж сезса, қайси кунда бўлса ҳам ҳижома қилса бўлаверади»[6].

    Хулоса

    Юқорида айтиб ўтганларимиздан маълум бўладики, ҳижома айрим нодонлар ўйлаганидек фойдасиз иш эмас. Балки у қадим замонлардан бери ҳақимлар ва табиблар томонидан тасдиқланган фойдали, тиббий амалиётдир. Бизларга ота-оналаримиздан ҳам меҳрибонроқ бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни бу ишга тарғиб қилиб, ўзлари ҳам амалда қўллаганларини ҳисобга олган ҳолда биз мусулмонлар бу манфаатли ишдан бебаҳра қолмалигимиз керак. Кўплаб уламолар ҳижомани амалда қўллаб, унга суннат дея амал қилиб, бу борада китоблар таълиф этганлар. Биз мусулмонларга шунинг ўзи кифоядир.
    Аллоҳ таоло ҳаммамизни фойдали ишларга муваффақ айласин!
    Абу Муҳаммад тайёрлади

    [1] Манба: «Лисонул араб».
    [2] Бухорий ривояти, 5269-ҳадис.
    [3] Бухорий (6583) ва Муслим (2205) ривояти.
    [4] Ибн Можа ривояти.
    [5] Бу изоҳ Ибн Қаййимнинг «Зодул маод» китобидан олинди.
    [6] «Зодул маод», 674-бет.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962