Бизга боғланинг
Шаъбон ойининг фазилатлари ва айрим аҳкомлари
Xatib: Shayx Nosir ibn Muhammad Ahmad
Mutarjim: Abu Ja’far al – Buxoriy
Asl sarlavha: fāضئئilُ shaْْbāna vabaَْضُ أأْkāmihi
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ
Биринчи хутба
(Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир… Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман.
﴿ يَآ أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاْ تَمُوتُنَّ إِلاّ وَأنتُمْ مُسلِمُونَ ﴾
«Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102).
﴿ يَآ أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُم مِن نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالاً كَثِيراً وَنِسَآءً وَاتَّقُوا اللهَ الَّذِي تَسَآءَلُونَ بِهِ وَالأَرْحَامَ إِنَّ اللهَ كَانَ عَلَيْكُم رَقِيباً ﴾
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
﴿ يَآ أَيَّهَا الَّذِينَ آَمَنُواْ اتَّقُواْ اللهَ وَ قُولُواْ قَوْلاً سَدِيداً ، يُصلِحْ لَكُم أَعْمَالَكُم وَ يَغْفِرْ لِكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَ مَن يُطِعِ اللهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ فَازَ فَوْزاً عَظِيماً﴾
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71).
Дўстлар, билингларки, гапларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмонроғи – янги пайдо бўлганлари, ҳар бир янги пайдо бўлган нарса – бидъат ва барча бидъат – залолатдир).
Сўнг …
Мўъмин бу дунёда яшар экан, Аллоҳ таоло унга бир муҳлат беради. Бу дунёда қолган ҳар бир куни охирати учун заҳира тайёрлаши, кучи етганича уруғини экиб, ҳосилини олиши учун мўъминга берилган катта имкониятдир.
Дўстлар, мана, ражаб ойи ўтиб шаъбон ойи ҳам кириб келди. Ражаб ойида муваффақиятга эришганлар рамазон ойига тайёргарлик кўришда ҳам муваффақиятни қўлга киритадилар. Шаъбон ойи кирди–ю, ҳануз одамлар ғафлатдалар.
Биз ушбу муборак ой ҳақида тўхталиб, издош бўлишимиз буюрилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва салаф солиҳ бу ойда нималар қилгани ҳақида тафаккур қилиб, шаъбон ойининг айрим фазилатлари ва аҳкомларини айтиб ўтамиз.
Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳу айтади: «Мен: Ё Расулуллоҳ, Биз Сизнинг шаъбон ойида тутганингиздек бошқа ойларда рўза тутганингизни кўрмаганмиз,– дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамлар ражаб ва рамазон ойлари ўртасидаги ойдан ғафлатдалар. У – амаллар Роббул оламийнга кўтариладиган ойдир. Мен, амалим рўзадор ҳолатимда кўтарилишини суяман»– дедилар» (Имом Аҳмад 20758).
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутар ва биз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу йил оғиз очиш нийяти йўққа ўхшайди,– дер эдик. (Баъзида) рўза тутмас ва биз: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу йил рўза тутиш нийяти йўққа ўхшайди,– дер эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга энг севимли рўза шаъбон ойидагиси эди» (Имом Аҳмад 12924).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаъбон ойидаги рўзага бўлган эътибори шу даражада эдики, муҳтарама рафиқалари: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойининг ҳаммасини рўза билан ўтказарди,– деган эдилар. Ҳолбуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазондан бошқа ойларнинг рўзасини тўлиқ тутмаган эдилар. Оиша разияллоҳу анҳо отаси Абу Бакр разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза тутсалар: Энди рўзасиз юрмайди, рўза тутмасалар: Энди рўза тутмайди, деб ўйлар эдик. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рамазон ойидан бошқа ойларнинг рўзасини тўлиқ тутганларини кўрмаганман. (Шундай бўлсада), шаъбон ойидагидек кўп рўза тутган бошқа ойларни ҳам билмайман» (Имом Аҳмад 23252).
Насоий ва Термизий раҳимаҳумаллоҳлар ривоят қилган ҳадисда Оиша разияллоҳу анҳо айтади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бошқа ойларда шаъбон ойидагидек рўза тутганини кўрмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у ойда озгина рўза тутмас эдилар, холос» (Термизий 668). Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг ривоятида эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рўза тутишни энг севган ойи шаъбон бўлиб, уни рамазонга боғлар эдилар»– дейилган.
Умму Салама разияллоҳу анҳо эса шундай деган: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаъбон ва рамазон ойидан ташқари икки ойда кетма–кет рўза тутганларини кўрмаганман» (Термизий 668; Насоий 2312).
Баъзи аҳли илмлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шаъбон ойидаги рўзага қаттиқ эътибор берганларини кўрганлари боис: «Шаъбон ойининг рўзаси бошқа ойлардаги рўзадан кўра афзалроқ»,– дедилар. Ҳолбуки, Аллоҳнинг муҳаррам ойида тутилган рўза, рамазондан кейинги энг афзал рўза экани нассларда баён қилинган. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойининг рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз – тунгги намоздир»– деганлар» (Имом Муслим 1982).
Насоий раҳимаҳуллоҳ саҳиҳ санад билан Жундуб ибн Суфён разияллоҳу анҳудан нақл қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фарз бўлган намозлардан кейинги энг афзал намоз кеча ярмида ўқилгани, рамазондан кейинги энг афзал рўза эса, сизлар «муҳаррам» деб атаган Аллоҳ ойининг рўзасидир»– дедилар» (Байҳақий 8207).
Илм аҳллари шаъбон ойида нафл рўза тутишнинг бошқа ойлардаги рўзалардан кўра фазилатлироқ экани ҳақида талайгина аҳкомларни айтиб ўтдилар. Шулардан бири, нафлларнинг рамазон ойига олдиндан ва кейиндан энг яқин бўлганларидир. Шаъбон ойининг рўзаси яқин бўлгани учун, рамазон ойига боғланади. Унинг рамазон ойига бўлган нисбати, фарз (намоз)лардан олдин ва кейин қилинадиган суннатларнинг фазилатига менгзайди. Мазкур суннатлар фарзларнинг камчиликларини тўлдиради. Рамазон ойидан олдинги ва кейинги рўзалар ҳам худди шундай. Ҳолбуки, фарз намозлардан олдин ёки кейин ўқиладиган суннатлар, мутлақ нафл бўлган намозлардан кўра афзалдир. Шунга ўхшаш, рамазон ойидан олдин ва кейин тутилган рўзалар улардан кейинги рўзалардан кўра афзалроқдир. Ҳолбуки, сиз рамазон ойидан илгари шаъбон рўзаси ва у ойда кўп рўза тутиш ҳамда рамазон ойидан сўнгра шаввол ойида олти кун рўза тутишни кўриб турибсиз. Бу иккиси фарз намозлардан олдинги ва кейинги суннатлар мақомига ўхшайди.
Шаъбон ойида кўп рўза тутишни Усома ибн Зайд разияллоҳу анҳунинг юқорида айтиб ўтилган ҳадиси ҳам қувватлайди. Унда шундай дейилган: «Мен: Ё Расулуллоҳ, Биз Сизнинг шаъбон ойида тутганингиздек бошқа ойларда рўза тутганингизни кўрмаганмиз,– дедим». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга бунинг сабабини баён қилди: «Одамлар ражаб ва рамазон ойлари ўртасидаги ойдан ғафлатдалар». Уларнинг ғафлатда бўлган нарсалари нима? «У – амаллар Роббул оламийнга кўтариладиган ойдир. Мен, амалим рўзадор ҳолатимда кўтарилишини суяман»» (Имом Аҳмад 20758).
Бу ҳадис икки маънони ўз ичига олмоқда:
Биринчи маъно: Одамларнинг кўпи ражаб ва рамазон ойи ўртасидаги ойдан ғофилдирлар.
Иккинчи маъно: Шаъбон ойида амаллар юқорига кўтарилиб, уларни Аллоҳ таолога кўрсатилади. Одамларнинг шаъбон ойидан ғофил эканликлари унинг икки буюк ой: Аллоҳнинг ҳаром ойи – ражаб ва рамазон рўзасини тутиш ойи ўртасида келиши сабаблидир. Одамлар бу икки ойга катта аҳамият беришиб, шаъбон ойидан бехабар қоладилар. Ҳатто талайгина одамлар ҳаром ойлар қаторига киргани учун, ражаб ойининг рўзасини шаъбон ойининг рўзасидан кўра савоблироқ деб ўйлайдилар. Бу гап нотўғридир. Чунки шаъбон ойининг рўзаси, юқоридаги ҳадисларга қараганда, ражаб ойининг рўзасидан кўра савоблироқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Одамлар ражаб ва рамазон ойлари ўртасидаги ойдан ғафлатдалар» жумласидан маълум бўлмаяптики, фазилати машҳур бўлган замон ёки макон ҳатто шахслардан бошқаси ҳам, улардан кўра ё мутлақ ёки ўзига хос хусусият билан афзалроқ бўлиши мумкинки, буни кўп одамлар билмаслиги ва ўзлари учун машҳур бўлган нарсалар билан машғул бўлишлари ва ўзлари фазилатли эканини билишмаган нарсадан маҳрум қолишлари мумкин. Одамлар шаъбонни қўйиб бошқа ойлар билан машғул бўлиб туришар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойини тоату ибодат ва рўзалар билан музайян қилар ва Усома разияллоҳу анҳу бу ойда кўп рўза тутишини сўроқлаганида тушунтириш учун: «Одамлар ражаб ва рамазон ойлари ўртасидаги ойдан ғафлатдалар» деган эдилар. Эй Аллоҳнинг бандаси, бу бир жиҳатки, сиз бундан огоҳ бўлинг! Шунинг учун ҳам илм аҳллари: «Бу – одамлар ғафлатда бўлган онларни тоату ибодат билан ўтказиш мустаҳаб ва бу Аллоҳ таолога маҳбуб эканига далилдир»– дедилар. Шу боис салаф солиҳнинг бир гуруҳи шом ва ҳуфтон намозлари орасида намоз ўқишни мустаҳаб ҳисоблашар ва: «Бу – ғафлат онидир!»– дейишар эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тунда қилинган ибодатдан одамларнинг кўпи ғафлатда бўлгани учун ўша пайтда ибодат қилишни фазилатли қилдилар ва:«Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз – тунгги намоздир»– дедилар» (Имом Муслим 1982). Шунинг учун ҳуфтон намозини кечанинг ярмигача кечиктиришни хоҳлар ва одамларга қийинчилик туғдириши мумкинлиги учун уни кечиктирмаганини айтар эдилар. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: «Биз кечаларнинг бирида ҳуфтон намозини ўқиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кута бошладик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечанинг учдан бири ёки ундан кўра кўпроғи ўтганида чиқиб келдилар. Биз У зотнинг кечикишига оиласи ёки бошқа бирон иш сабабчи бўлганидан бехабар эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келишлари биланоқ: «Сизлар сизлардан бошқа диндошлар кутмаётган намозни кутаяпсизлар. Умматимга оғир бўлмаса (ҳуфтон намозини) шу вақтда ўқир эдим!»– дедилар» (Имом Муслим 1010). Бошқа бир ривоятда эса: «Бу намозни Ер юзида сизлардан бошқа ҳеч ким кутиб турмаяпти»– дедилар» (Имом Муслим 1008. Оиша разияллоҳу анҳо ривояти).
Бу ҳадисда одамлар ғафлатда бўлган ва зикр қилинмаган пайтларда ёлғиз қолиб зикр қилишнинг фазилатига ишора қилинмоқда. Шунинг учун фазилатлар ва одамлар ғафлатда бўлган пайтлардаги зокирларга берилган мақомларга қарасангиз, ҳайратомуз нарсаларни кўрасиз. Бозорга қадам қўяр экан, Аллоҳни эслаган одамга катта савоблар берилади. Чунки у, Аллоҳ таолони одамлар ғафлатда бўлган замон ва маконда ёдга олади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:«Бозорга кирган ва:
«لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ يُحْيِي وَيُمِيتُ وَهُوَ حَيٌّ لَا يَمُوتُ بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ»
«Ягона шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқдир. Унгагина ҳамду санолар бўлсин. У тирилтиради ва ўлдиради. Ҳолбуки, У ўлмайдиган Тирик ва барча нарса Унинг қўлидадир. У – барча нарсага қодирдир» деган одамга миллионта савоб ёзилиб, миллионта хатоси ўчирилади ва миллионта даражаси кўтарилади ва унга жаннатда бир қаср қурилади» (Термизий 3350).
Бу мазмунни Ториқ ибн Шиҳоб билан Салмон Форисий разияллоҳу анҳу ўртасида бўлиб ўтган ушбу ҳодиса ҳам қувватлайди: «Ториқ раҳимаҳуллоҳ Салмон разияллоҳу анҳунинг олдида ётиб қолди ва Салмон разияллоҳу анҳунинг амалларини кўрмоқчи бўлди. Салмон разияллоҳу анҳу кечанинг охирида намоз ўқиш учун уйғонди. Ториқ раҳимаҳуллоҳ бундай ҳолатни кўрмагани учун Салмон разияллоҳу анҳудан сўради. Салмон разияллоҳу анҳу унга жавобан шундай деди: Бу беш вақт намозни ўз вақтида тўкис ўқинглар! Чунки улар жон томирини узмаган яралар учун каффоротдир. Одамлар ҳуфтон намозини ўқигач учта мақомдан қайтадилар. Улардан бири ўзига зарар берган ва фойда бермаган мақомдан, иккинчиси ўзиники, лекин ўзи турмаган мақомдан, учинчиси ўзи ҳам турмаган ва ўзиники ҳам бўлмаган мақомдан қайтадилар. Кечанинг зулмати ва одамларнинг ғафлатини ғанимат билиб, тулпорини гуноҳлар учун минган одамнинг иши ўзининг зарарига бўлиб, фойдасига эмасдир. Булар – одамларнинг ғафлат чоғида фаҳш ишларни қилаётган кимсалардир. Ўзининг фойдасига ва зарарига бўлмаган одам – кечанинг зулмати ва одамларнинг ғафлатда эканини ғанимат билиб ўрнидан турган ва намоз ўқиган одамдир. Бу – ўз мақоми ўз фойдасига бўлиб, зрарига бўлмаган одамдир. Мақоми ўзининг на фойдаси ва зарарига бўлган одам эса, намозини ўқиб, уйқуга кетган одамдир. Бу унинг на фойдаси ва на зараригадир. Сиз ибодатларда тўхтаб қолишдан сақланинг! Ибодатларни давомий ва мўътадил қилинг!» (Абдурраззоқ «ал–Мусоннаф» 4737).
(Ҳой биродарлар), одамлар ғофил бўлган пайтларда қилинган ибодатларнинг сони ва тури жуда ҳам кўп. Сизлар Аллоҳнинг савобларига сазовор бўлишга ва розилигини топишга ғайрат кўрсатинглар!
Ҳой Аллоҳнинг бандаси, ғофил бўлинган вақтларни тоату ибодатлар билан жонлантиришнинг фойдалари кўп бўлиб, шулардан:
Биринчи фойда: мазкур тоату ибодатларни хуфёна қиласиз. Нафл ибодатларни хуфёна қилиб, одамлардан яшириш афзалдир. Хусусан, рўзани яшириш афзалдир. Чунки у, банда билан Роббиси ўртасидаги сирдир. Шунинг учун: «Рўзада риё бўлмас», деганлар. Салафлардан бири қирқ йил рўза тутган, аммо буни ҳеч ким билмаган. У уйидан бозорга иккита пишлоқ билан чиқар ва улардан бирини сотиб, иккинчиси билан рўза тутар эди. Оиласи унинг ҳар икки пишлоқни ҳам бозорда еган, бозордаги танишлари эса уйда еган, деб ўйлашар эди!
Иккинчи фойда: одамларнинг тоату ибодатдан ғафлатда бўлган пайтларида ибодатга берилиш, инсон нафсига оғир тушади. Агар қилинаётган иш суннат асосида бўлса, бунинг нафсга энг оғир бўлиши аниқдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Савоблар машаққатларга қараб бўлади»– деганлар.
Тоату ибодатларнинг одамларга оғир ва нафсларига машаққатли бўлганининг сабаби, нафслар ўз жинсидан бўлган одамларнинг ҳолатидан таъсирланадилар. Одамлар орасида бедорлик ва тоату ибодатлар кўпайса, ўрнак олиш натижасида тоату ибодат қилганларнинг сони ҳам ортиб, ибодатларни қилиш осон бўлади. Сиз рамазон ойидан бошқа пайтларда одамларнинг кўпига рўза тутиш қийин бўлганига гувоҳсиз. Рамазон ойи келганида эса, рўза тутиш осонлашади ва одамлар бу ибодатда ортиқча қийналмайдилар. Чунки атрофларидаги одамлар бу буюк ибодатни адо этишаяпти–да! Ҳолбуки одамлар қушлар сурувсига ўхшашади ва бир–бирларига эргашишади. Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу бу ҳақда: «Одамлар ўз замондошларига оталарига менгзагандан кўра кўпроқ ўхшашади»– дея бежиз айтмаган.
Одамларнинг ғафлати кўпайса омма бундан таъсирланади ва тунлари бедор ва жаннат маҳрига толиб бўлганлар ҳам ибодатларни қилишда қийналишади. Чунки бундай ғафлат онларида, улар ўрнак оладиган кимсаларнинг сони оз бўлади. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замона охирида пайдо бўладиганҒАРИБЛАР ҳақида шундай деганлар: «Улардан амал қилган кишига сиз (саҳоба)лардан эллик кишининг савоби берилади. Чунки сизлар яхшилик қилишга кўмакчиларни топа оласизлар. Улар эса топа олмайдилар» (Термизий 2984). «Бас, ғарибларга муждалар бўлсин!».
Шунинг учун ҳам Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» ҳадислар девонида Маъқал ибн Ясор разияллоҳу анҳу ривоят қилган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси бордир: «Ҳарж – фитна пайтида қилинган ибодат, менга ҳижрат қилиш кабидир» (Имом Муслим 5242). Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг ривоятида: «Фитна пайтидаги ибодат, Менга ҳижрат қилиш кабидир»– дейилган.
Бунинг сабаби шуки, фитналар урчиган пайтларда одамларни ғафлат босиб, нафсу ҳаволарига учадилар, динларига мурожаат қилмай, адаштирувчи ва янги чиққан фитналар туфайли Роббиларига ибодат қилишдан чалғийдилар. Гўё уларнинг аҳволи жоҳилият аҳлиникидек бўлиб қолади. Улар орасидан айрилиб динига маҳкам ёпишган, Роббисининг розилигини излаб, ғазабидан йироқ бўлишни кўнглига туккан одам, ҳар замон ва ҳар маконда гўё жоҳилият аҳли орасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томон ҳижрат қилган, амрларига итоат этган ва таъқиқларидан сақланган, суннати, ҳидояти ва дастурига риоя қилган одам мақомида бўлади.
Бир оз ўйлаб кўрган ва тафаккур қилган одам, бу бобда кўплаб фойдалар борлигини билиб олади.
Шаъбон ойи рамозондан олдинги ой бўлгани ва рамазонга тайёргалик қилиш боис, унда ҳам рамазондагидек рўза тутиш ва Қуръон тиловат қилиш машруъ қилинди. Бу билан нафслар Раҳмонга итоат этишга чиниқади. Юқоридаги ва бошқа маъноларга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қудратли Аллоҳнинг муҳтарам пайғамбари, аввалгию охирги гуноҳлари кечирилган бўлишларига қарамай бу муборак ойда одамлар ғофил бўлган бир пайтда кўп рўза тутар эди. Шунинг учун ҳам, салаф солиҳ шаъбон ойида ҳиммат камарини маҳкам боғлар ва рамазонга ҳозирлик кўрар эди.
Салама ибн Куҳайл раҳимаҳуллоҳ: «Шаъбон ойини «қорилар ойи»– деб аталар эди»– деди. Амр ибн Қайс раҳимаҳуллоҳ шаъбон ойи кириши билан карвонсаройини беркитар ва Қуръон қироати билан машғул бўлар эди. Абу Бакр Балхий раҳимаҳуллоҳ эса: «Ражаб – экин экиш, шаъбон – экинларни суғориш, рамазон эса ҳосилларни йиғиш ойидир»– дер эди. Бундан ташқари у: «Ражаб – шамолга, шаъбон – ёмғирли булутга, рамазон эса ёмғирга менгзар. Ражаб ойида уруғ ташламаган ва кўчатларни экмаган, шаъбон ойида экинларини суғормаган деҳқон, рамазонда қандай ҳосил олиши мумкин?! Мана ражаб ойи ҳам ўтди ва сиз рамазон ойида ибодат қилишни хоҳлар экансиз, шаъбон ойида нима қилмоқчисиз?!»– дер эди.
Пайғамбарингиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Уммат салафининг бу муборак ойдаги ҳолати шу эди. Энди сизнинг қуйидаги амал ва мақомлар ҳақидаги фикрингиз қандай:
Ўтиб ражаб яхшиликлар қилолмадинг,
Ва ниҳоят кириб келди муборак шаъбон.
Вақтларни зое қилдинг, ўтди беҳуда,
Мудроқларни йўқотиб, уйғон мусулмон!
Зўрлик билан лаззатлардан айриласан сен,
Ўлим бир кун кириб келар хонадонингга,
Хатоларни тузатишга кириш ушбу он!
Тавба тазарру қил ёлғиз Роббингга!
Жаҳаннам оташидан қутилиш учун
Гуноҳкор қилсин яхшилик ҳар он!
Ушбу гапларни айтиб Аллоҳ таолодан гуноҳларимизни мағфиарт қилишини тилайман.
Иккинчи хутба
Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин ва душманлик фақатгина золимларга қаршидир.
Сўнг …
Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадисни ривоят қилди: «Аллоҳ таоло шаъбон ойи ярмининг кечасида барча махлуқотларига боқади ва мушрик ҳамда хусуматчидан бошқа барчани мағфират қилади» (Табароний («Муъжамул кабир» 215) ва Ибн Ҳиббон ривоятлари. Саҳиҳ ҳадис).
Биз шаъбон ойининг ярмига тааллуқли тўртта мулоҳазамизни айтиб ўтмоқчимиз.
Биринчи мулоҳаза: Аллоҳ таоло мушрикдан бошқа барча бандасини мағфират қилади. Эй Аллоҳнинг бандаси, ўзингиз ва ички дунёйингизни текшириб кўринг, эҳтимол сиз Уммат ичида урчиган ширк амалларидан биронтасига мубтало бўлгандирсиз! Ўзингиз ҳақингизда яхши гумонда бўлаверманг. Яхшиси ўзингизни Аллоҳнинг тарозисига солиб кўринг. Мен ширк амалларидан узоқман!,– деб ҳеч қачон айтманг. Чунки бу, алдамчи ғурур ва жоҳиллигингиз бўлиши мумкин. Агар пайғамбарлар отаси ва муваҳҳидлар имоми – Иброҳим Халилуллоҳ ширк амалини ўзи ва зурриётлари қилиб, бутларга ибодат қилиб қолишидан қўрқиб:
﴿وَاجْنُبْنِي وَبَنِيَّ أَنْ نَعْبُدَ الأَصْنَامَ﴾
«Мени ва зурриётимни бутларга ибодат қилишдан сақла!» деган (Иброҳим: 35) ва қўрқувини:
﴿رَبِّ إِنَّهُنَّ أَضْلَلْنَ كَثِيراً مِنْ النَّاسِ﴾
«Роббим, улар (бутлар) кўп одамларни адаштирдилар», дея тилга олган бўлса, Иброҳим Таймий раҳимаҳуллоҳ: «Иброҳимдан сўнгра балолардан ким хотиржам бўлиши мумкин!» деган бўлса, ширкка тушиб қолишдан ширкни билмайдиган ва ширкдан қутилишни билмайдиган одамгина хотиржам бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг сизлар учун энг қўрққан нарсам – кичик ширкдир»– дедилар. Саҳобалар кичик ширк ҳақида сўрашганида: «Риёкорлик» деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад 22523, 22528).
Мужаддид олим Муҳаммад Тамимий ўзининг «Тавҳид мавзуси» китобида алоҳида «Ширкдан қўрқиш ҳақидаги» бобини айириб, унда бу маънодаги оят ва ҳадисларни иқтибос қилиб келтирган. Аллоҳ азза ва жалла Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва бошқа барча пайғамбарларни ширкдан огоҳлантирди ва пайғамбар бўлишларига қарамай агар уни қилсалар бутун амалларни бекор бўлиб кетишини уқтирди:
﴿وَلَقَدْ أُوحِيَ إِلَيْكَ وَإِلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكَ لَئِنْ أَشْرَكْتَ لَيَحْبَطَنَّ عَمَلُكَ وَلَتَكُونَنَّ مِنْ الْخَاسِرِينَ • بَلْ اللَّهَ فَاعْبُدْ وَكُنْ مِنْ الشَّاكِرِينَ﴾
«Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан! Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!» (Зумар: 65, 66).
Иккинчи мулоҳаза: Одамлар орасидаги хусумат ва адоватнинг хатари. Чунки, Аллоҳ таоло бир–бирига хусуматда бўлганларни мағфират қилмайди. Хусуматдан мурод мусулмон бошқа мусулмон биродарига ичидаги нафрат сабабли гина қилишидир, шаръий мақсад сабабли қилингани бундан мустасно. Бу, кўп вақтларда мағфират ва раҳматнинг келишига монеъдир. Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан нақл қилинган: «Жаннат дарвозалари душанба ва пайшанба кунлари очилади ва Аллоҳга ширк келтирган ҳамда ўзи билан биродари ўртасида хусумати бўлган одамдан бошқа барчани мағфират қилинади ҳамда: Бу иккисини ўрталарини ислоҳ қилгунларича кутиб туринглар!,– дейилади» (Абу Довуд 4270; «Адабул муфрад» 411).
Аллоҳ таоло барча мўъминларни шундай тавсифлади:
﴿رَبَّنَا اغْفِرْ لَنَا وَلإِخْوَانِنَا الَّذِينَ سَبَقُونَا بِالإِيمَانِ وَلا تَجْعَلْ فِي قُلُوبِنَا غِلاًّ لِلَّذِينَ آمَنُوا رَبَّنَا إِنَّكَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ﴾
«Раббимиз, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирганлар учун бирон ғилли-ғаш қилмагин. Раббимиз, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан» (Ҳашр: 10).
Айрим салаф уламолари: «Амалларнинг энг афзали кўнгилнинг саломатлиги, нафснинг жўмардлиги ва Уммат учун самимийликдир. Ушбу хислатлар билан одамлар юксак мақомларга эришган. Қавмнинг саййиди – кечириб, афв қилганидир»– деганлар. Эй, Аллоҳнинг бандаси, шундай экан, кечирилишинг учун кечир!
Учинчи мулоҳаза: Баъзи одамларнинг шаъбон ойи ярмининг (ё 14- ёки 15-) кечасида жамоат бўлиб намоз ўқишлари, тўпланиб йиғин қилишлари тўғри йўлда юришни хоҳлаган кишилар учун ҳужжат бўлган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар ва уларга эргашганлар қилмаган бидъатдир. Ҳолбуки, бу кечада қилиниши керак бўлган фазилатли ишлар, юқорида айтиб ўтганимиздек, тавҳидни рўёбга чиқариш, ўзингизни ширкдан сақлаш ва ўртангизда гина ва адоват бўлган биродарингизни афв этишдир. Бу кечада бидъатларни пайдо қилган одамлар – Аллоҳнинг раҳматидан йироқда ва амаллари бидъатларидан тавба қилмагунларича қабул қилинмасликка лойиқ бўлган инсонлардир.
Тўртинчи мулоҳаза: Банда шаъбон ойининг ярми ўтгач рамазон ойини кутиб олиш нийятида рўза тутмаслиги керак. Чунки, бундай қилиш ғулув ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: «Шаъбон яримласа рамазон киргунича рўза тутманглар!»– деганлар (Ибн Хузайма «Саҳиҳ» 2/282). Бу ва бу маънодаги ҳадислар рамазонни «эҳтиётий рамазон» билан кутиб оладиган ғулув кетган одамларгагина тегишлидир. Чунки бундай қилиш таъқиқланган. Бу ҳадиснинг ҳукмига душанба ва пайшанба кунлари ёки ҳар ой уч кун рўза тутишга одатланган ёхуд қазо ёки назр рўзаларни тутаётган одамлар кирмайдилар.
Бу ҳукмга шак куни рўза тутишнинг ҳаромлиги ҳам киради. Чунки Аммор ибн Ёсир разияллоҳу анҳу: «Ким шак қилинган кунда рўза тутса Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлибди»– деган (Насоий 2159; Ибн Ҳиббон 3585). Шак куни рамазон ойидан ёки шаъбон ойидан бўлиши мумкин бўлган шаъбон ойининг ўттизинчи кунидир. У куни эҳтиёт нуқтаи назаридан рўза тутиш ҳаромдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазондан бир ёки икки кун олдин рўза тутманглар. Бироқ (одатда) рўза тутаётган бўлса тутаверсин»– деганлар (Ибн Ҳиббон 3592). Яъни, бировнинг одатда рўза тутадиган кунларига тўғри келиб қолса ёки фарз нийяти ёки рамазон нийяти ёхуд эҳтиёт нийяти билан эмас, нафл нийяти билан тутган бўлса, рўзасини тутаверсин. Чунки у кун шаъбон билан рамазон ўртасини айириб туради:«Амаллар нийятга кўрадир. Ҳар бир кишига нийят қилган нарсаси бўлади» (Имом Бухорий 1).