Бизга боғланинг
Ҳақ дин
Абдурраҳмон ибн Ҳаммод Оли Умар
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Муқаддима ва бағишлов
Оламлар Рабби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, У зотнинг барча пайғамбарларига салоту саломлар бўлсин…
Бу – нажотга чорловдир, уни борлиқдаги ҳар бир оқил эркагу аёлга тақдим этарканман, Олий ва Қодир Аллоҳдан бу билан Ўзининг йўлидан адашган кишиларни саодатга йўллашини, менга ва уни нашр этишга ўз ҳиссасини қўшган кишиларнинг ҳаммасига кўпдан-кўп ажру савоблар ато этишини сўрайман.
Эй оқил, билингки, агар яратган Раббингизни танимасангиз, Унга иймон келтирмасангиз, Унинг ўзигагина ибодат қилмасангиз, Раббингиз сизга ва барча инсониятга юборган пайғамбарингизни танимасангиз, унга иймон келтирмасангиз ва эргашмасангиз, Раббингиз сизга буюрган ҳақ динни танимасангиз, унга иймон келтирмасангиз ва унга амал қилмасангиз сизга бу дунё ҳаётида ҳам, ўлгандан кейинги охират ҳаётида ҳам на нажот, на саодат бор!
Қўлингиздаги бу китоб – «Ҳақ дин»да сизга билиш ва амал қилиш лозим бўлган катта ва муҳим ишлар баён қилинган. Унинг ҳошиясида эҳтиёжга қараб баъзи сўзлар ва масалаларнинг қўшимча изоҳларини айтиб ўтдим, буларнинг ҳаммасида Аллоҳ таолонинг Каломи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига суяндим. Чунки, бу иккиси Аллоҳ ҳузурида фақат угина мақбул бўладиган ҳақ диннинг ягона манбасидир.
Кўпчиликни адаштирган кўр-кўрона тақлидни тарк этдим, балки ўзини ҳақ устида деб даъво қилувчи, аслида эса ҳақдан жуда ҳам йироқ бўлган айрим тоифаларни айтиб ўтдим, тоинки уларга билмасдан қўшилиб қолган кишилар ва бошқалар уларнинг ҳолларидан огоҳлансинлар. Аллоҳ Ўзи мададкор бўлсин, У зот нақадар яхши мададкордир!
Аллоҳ таолонинг афвига муҳтож
Абдурраҳмон ибн Ҳаммод Оли Умар
Биринчи бўлим: буюк яратувчи Аллоҳни таниш
Эй оқил, билингки, сизни йўқдан бор қилган ва неъматлар билан тарбият қилган Раббингиз – бутун оламнинг Рабби бўлган Аллоҳдир. Аллоҳ таолога иймон келтирган оқиллар Уни кўзлари билан кўрмадилар, бироқ Унинг борлигига ва бутун коинотни бошқариб турувчи Холиқ – Яратувчи эканига далолат қилувчи далилларни кўриб, шу билан Уни танидилар. Қуйида ушбу далиллардан айримларини келтирамиз:
Биринчи далил:
Коинот, инсон ва ҳаёт: Булар бошланиши ва ниҳояи бўлган ҳамда бошқага муҳтож бўлган ҳодис (яъни, кейин пайдо бўлган) нарсалардир. Ҳодис ва бошқага муҳтож бўлган нарса эса махлуқ – яратилган бўлиши зарур, махлуқ учун бир холиқ – яратувчининг бўлиши ҳам зарур. Бу буюк яратувчи – Аллоҳдир. Аллоҳ Ўзининг Холиқ ва бутун борлиқни бошқариб турувчи Зот эканини хабар берган, бу хабар У зот томонидан пайғамбарларига туширилган китобларда келган.
Аллоҳнинг пайғамбарлари Унинг Каломини одамларга етказдилар, Унга иймон келтиришга ва ёлғиз Унга ибодат қилишга даъват қилдилар. Аллоҳ таоло Ўзининг Китоби – Қуръони Каримда айтади: «Албатта Парвардигорингиз — Аллоҳ шундай зотдирки, осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз аршига юксалди. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир. Барча оламлар Парвардигори — Аллоҳ буюкдир» (Аъроф: 54).
Ояти кариманинг қисқача маъноси шундан иборатки, Аллоҳ таоло одамларга Ўзининг уларни яратган ва самовоту ерни олти кунда яратган, сўнг арши узра юксалган Парвардигорлари эканини хабар бермоқда. Арш осмонлар устидадир ва у махлуқотлар ичида энг олийси ва энг каттасидир. Аллоҳ мана шу аршнинг устидадир, У Ўзининг илми, эшитиши ва кўриши билан барча махлуқот билан биргадир, уларнинг ишларидан ҳеч бири Унга махфий эмас. Аллоҳ азза ва жалла тун ўз қоронғилиги билан кунни ўраб оладиган ва унинг ортидан тезлик билан эргашиб юрадиган қилганини хабар берган, қуёшни, ойни ва юлдузларни яратганини, уларнинг ҳаммасини Унинг амрига бўйсуниб, ўз фалакларида юрадиган қилиб қўйганини хабар берган, яратиш ва амр этиш фақат Унинг иши эканини, У Ўз зоти ва сифатларида Комил, Буюк зот эканини, давомий ва мўл-кўл яхшиликлар ато этишини, бутун оламни яратиб, Ўз неъматлари билан уларни тарбият қилиб турган Зот эканини хабар берган.
Аллоҳ таоло айтади: «Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган зотга — Аллоҳга сажда қилинглар!» (Фуссилат: 37).
Ояти кариманинг қисқача маъноси шуки, Аллоҳ таоло тун, кун, қуёш ва ой Унинг борлигига далолат қиладиган аломат-белгилардан эканини хабар беради, қуёш ва ойга сажда қилишдан қайтаради, чунки улар ҳам бошқа махлуқотлар каби махлуқдирлар, махлуқ эса ибодат қилинишга лойиқ эмас, сажда ҳам ибодатнинг бир тури, Аллоҳ таоло бу оятда – бошқа оятларда ҳам буюргани каби – одамларни Унинг Ўзигагина сажда қилишга буюради, чунки фақат У Холиқ, Мудаббир, ибодатга сазовор Зотдир.
Иккинчи далил:
У эркак ва аёл жинсини яратди. Эркак ва аёлларнинг борлиги Аллоҳ таолонинг борлигига далилдир.
Учинчи далил:
Тилларнинг ва рангларнинг фарқли экани: Овози бир ёки ранги бир бўлган иккита одам топилмайди, ўрталарида албатта фарқ бўлади.
Тўртинчи далил:
Насибаларнинг фарқли экани: Биров бой, биров камбағал, кимдир бошлиқ, кимдир тобеъ, ҳолбуки улардан ҳар бири ақл, фикр ва илм соҳиби ҳамда ўзига насиб бўлмаган бойлик, шараф, гўзал жуфти ҳалолга ҳарис эди. Лекин ҳеч ким Аллоҳ ўзига тақдир қилиб қўйган нарсадан бошқасига эришишга қодир бўлмайди. Бу эса Аллоҳ таоло ихтиёр этган буюк ҳикмат сабабли, яъни одамларни бир-бирлари билан имтиҳон қилиш ва ҳаммаларининг манфаатлари зое бўлмаслиги учун уларни бир-бирларига хизмат қилдириш учун шундай.
Аллоҳ бир инсонга дунёда тақдир қилмаган насибани – агар у иймон билан ўлса – жаннатдаги неъматларига қўшимча қилиб беришини хабар берган, ундан ташқари Аллоҳ таоло кўпинча камбағал одамни аксарият бойларда топилмайдиган руҳий ва жисмоний саломатлик каби имтиёзлар билан фойдалантириб қўйган бўлади. Бу эса Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва адолатидандир.
Бешинчи далил:
Уйқу ва содиқ тушларки, Аллоҳ таоло уйқудаги одамга хушхабар ёки огоҳлантириш қилиб тушида ғайбий ишлардан баъзиларини кўрсатади.
Олтинчи далил:
Ҳақиқатини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган Руҳ.
Еттинчи далил:
Инсон ва унинг жисмидаги сезги аъзолари, асаб системаси, мия, ҳазм қилиш системаси ва бошқалар.
Саккизинчи далил:
Аллоҳ ўлик, жонсиз ерга ёмғир ёғдириб, шакли ва ранги турлича, фойдаси ва таъми ҳар хил ўсимлик ва дарахтларни ўстириб чиқаради, бу Аллоҳ таоло Қуръонда зикр қилган ва ўзининг борлигига, барча коинотни яратувчиси ва бошқариб турувчиси эканига далил бўлишини хабар берган юзлаб далиллардан бир бўлаги, холос.
Тўққизинчи далил:
Аллоҳ таоло одамларни Яратувчи ва Бошқариб турувчи зот бўлмиш Аллоҳнинг борлигига иймон келтирадиган қилиб табиатлантириб қўйган фитрат-табиат. Ким буни инкор қилса, ўзини ўзи алдаган ва ўзини бахтсизликка гирифтор қилган бўлади. Масалан, коммунист бу дунёда бахтсиз бўлиб яшайди, ўлимидан кейинги оқибати эса, агар тавба қилмаса, Аллоҳга, Расулига ва динига иймон келтирмаса, уни йўқдан бор қилган ва неъматлар ато этган Раббини инкор қилгани боис, дўзах бўлади.
Ўнинчи далил:
Барака – яъни, мол-қўй каби баъзи махлуқотларнинг кўпайиб бориши ва баракасизлик, ит ва мушукларнинг кўпаймаслиги каби.
Аллоҳ таолонинг сифатларидан: У бошланиши йўқ бўлган Аввал, ўлмайдиган ва ниҳояси бўлмаган доимий Барҳаёт, бировга муҳтож бўлмайдиган, Ўзига мустақил, Беҳожат, шерики йўқ Ягонадир. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), айтинг: «У — Аллоҳ Бирдир. (Яъни Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У яккаю ёлғиздир). Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзланувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир (яъни Аллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У азалий ва абадий зотдир). Ва ҳеч ким У зотга тенг эмасдир» (Ихлос: 1-4).
Оятлар маъноси:
Кофирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳнинг сифатлари ҳақида сўрашганида Аллоҳ таоло шу сурани туширди ва унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кофирларга шундай хитоб қилишга буюрди: Аллоҳ ягона, Унинг шериги йўқ, Аллоҳ давомий барҳаёт, борлиқ, одамлар ва барча нарсалар устидан мутлақ ҳукмдорлик ёлғиз Унга хос, одамлар ўз ҳожатлари билан фақат унга мурожаат қилишлари лозим.
У туғмаган ва туғилмаган, Унинг ўғил-қизи, ота-онаси бўлиши мумкин эмас, У ўзида бу сифатлар бўлишини бу ва бошқа сураларда қатъиян рад қилади, чунки туғиш ва туғилиш махлуқлар сифатидандир. Аллоҳ таоло насороларнинг: «Масиҳ Аллоҳнинг ўғли» деган сўзларини, яҳудларнинг: «Узайр Аллоҳнинг ўғли» деган сўзларини, бошқаларнинг: «Малоикалар Аллоҳнинг қизлари» деган сўзларини рад қилди, уларнинг бу ботил сўзларини ғоят қабиҳ санади.
У Ийсо Масиҳ алайҳиссаломни Ўз қудрати билан отасиз дунёга келтирганини хабар берди. Шунингдек, У башарият отаси Одамни тупроқдан яратди, башарият онаси Ҳаввони Одамнинг қовурғасидан яратди, сўнг Одам авлодини эр ва аёлнинг сувидан яратди. У аввалда барча нарсани йўқдан бор қилди, шундан сўнг махлуқотлари учун бир қонуният ва низом тузиб қўйдики, Ўзидан бошқа ҳеч ким уни ўзгартиришга қодир бўлмайди, Ўзи истаган пайт бу низомни истаганича ўзгартира олади.
Бунинг мисоли: Исо алайҳиссаломни ёлғиз онадан, отасиз яратди, уни бешикдалик ҳолида гапиртирди, Мусо алайҳиссаломнинг асосини ҳаракатланувчи илонга айлантирди, ўша асо билан денгизни урганида у иккига бўлиниб, ўртада йўл очилди ва Мусо алайҳиссалом қавми билан бирга ундан ўтиб олди, Хотамул-мурсалийн Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ойни иккига бўлди, дарахтни у зотга салом берадиган қилди, ҳайвонни у зотнинг пайғамбарликларига гувоҳлик бериб, одамлар эшитадиган овозда: «Сиз Аллоҳнинг расули эканингизга гувоҳлик бераман» дейдиган қилди, у зот тунда Буроққа минган ҳолларида Масжидул-Ҳаромдан Масжидул-Ақсога сайр қилдирилдилар, сўнг фаришта Жаброил ҳамроҳлигида самога, Меърожга олиб чиқилдилар, ҳатто самовот оламининг энг юқорисига кўтарилдилар, шунда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотга сўзлади ва намозни фарз қилди, сўнг у зот ерга, Масжидул-Ҳаромга қайтиб тушдилар, йўлда эканларида ҳар бир само аҳлини кўрдилар, буларнинг ҳаммаси бир кечада, тонг отмасидан туриб содир бўлди. Исро ва Меърож қиссаси Қуръон, Ҳадис ва тарих китобларида машҳурдир.
Эшитиш, кўриш, илм, қудрат, истак-ирода Аллоҳ таолонинг сифатларидан, барча нарсани эшитади, кўради, Унинг эшитиш ва кўришини ҳеч қандай тўсиқ тўса олмайди.
Онанинг қорнидаги ҳомилани, кўнгилдаги яширин сирларни, бўлган ва бўлажак нарсаларни билади. У қодир зот, бирон нарсанинг бўлишини истаса «Бўл!» дейди, у ўша заҳоти бўлади.
Қуйидагилар У зот Ўзини сифатлаган сифатлардан:
Истаган нарсасини истаган пайт гапириши: У зот Мусо алайҳис-салоту вас-саломга гапирган, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга гапирган, Қуръоннинг ҳарфлари ҳам, маънолари ҳам Аллоҳнинг Каломи, уни Ўзининг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган, Калом У зотнинг сифатларидан, адашган муътазила фирқаси айтганидек махлуқ эмас.
Юз, икки қўл, аршга кўтарилиш (истиво), тушиш, рози бўлиш ва ғазабланиш ҳам У Ўзини сифатлаган ва пайғамбарлари ҳам Уни шу билан сифатлаган сифатлардандир. У мўмин бандаларидан рози бўлади, кофирларга ва Унинг ғазабини келтирувчи ишларни қилувчиларга ғазаб қилади. Розилиги ва ғазаби худди бошқа сифатлари каби, махлуқлар сифатларига ўхшамайди, таъвил қилинмайди ва қандайлиги ҳақида баҳс қилинмайди.
Қуръон ва Суннатда собит бўлганки, мўминлар қиёмат майдонида ва жаннатда Аллоҳ таолони кўзлари билан кўрадилар. Аллоҳ таолонинг сифатлари Қуръони Азимда ва Расули Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида муфассал баён қилинган (кенгроқ маълумон учун уларга мурожаат қилинсин).
Аллоҳ инсу жинни нима учун яратгани ҳақида
Эй оқил, сизни яратган Парвардигорингиз Аллоҳ эканини билгач, шуни ҳам билишингиз лозимки, Аллоҳ сизни бекордан-бекорга яратгани йўқ, балки Ўзининг ибодати учунгина яратди. Аллоҳ таоло айтади: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман. Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз берувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир» (Ваз-зариёт: 56-58).
Оятнинг қисқача маъноси:
Биринчи оятда Аллоҳ таоло жин ва одамзотни Ўзига ибодат қилишлари учунгина яратган эканини хабар беради. Иккинчи ва учинчи оятларда эса Ўзининг бандалардан беҳожат Зот экани, улардан бирон ризқ ҳам, таомлантиришларини ҳам истамаслигини, зеро У Раззоқ ва Қудратли эканини, бутун мавжудотга ризқ фақат Унинг тарафидан берилишини, ёмғирни ёғдирадиган ва ердан ризқларни чиқариб берадиган ҳам Унинг ўзи эканини хабар беради.
Ердаги ақлсиз жонзотларнинг барчасини Аллоҳ таоло инсон учун яратганини, инсон Аллоҳга ибодат қилишда улардан фойдаланиши ва уларда Аллоҳнинг шариатига мувофиқ тасарруф этиши лозимлигини баён қилган. Борлиқдаги ҳар бир мавжудотни, ҳар бир ҳаракату сукунатни Аллоҳ таоло Қуръонда баён қилган ҳикмат учун яратган, у ҳикматни шариат олимларидан ҳар қайсиси ўз илми миқдорича биладилар. Ҳатто, умрларнинг, ризқларнинг, воқеа-ҳодисалар ва мусибатларнинг ҳар хил бўлиши, буларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан, оқил бандаларини имтиҳон қилиш учун содир бўлади. Ким Аллоҳнинг қадарига рози бўлиб, таслим бўлса ва Уни рози қиладиган амаллар қилишга бел боғласа, унга Аллоҳнинг розилиги, дунё ва охират саодати бўлади. Ким Аллоҳнинг тақдирига рози бўлмаса, унга таслим бўлиб, итоат қилмаса, унга Аллоҳнинг ғазаби ва дунёю охиратдаги бахтсизлик бўлади. Аллоҳдан Унинг розилигини сўраймиз ва ғазабидан паноҳ тилаймиз.
Аллоҳ – бутун борлиқнинг ягона маъбудининг исми, У Ўзини шу исм билан номлаган, «барҳақ маъбуд» маъносини англатади.
Таоло – Аллоҳни улуғлаш ва мақташ, Уни олийлик билан сифатлаш калимасидир. Субҳанаҳу – Аллоҳ пок ва муқаддас, деган маънони англатади.
Борлиқни бу тариқа босқичма-босқич яратиши У зотнинг иродасига боғлиқ бўлган ҳикмат сабаблидир. Йўқса, У мавжудотнинг ҳаммасини кўз очиб-юмгунчалик вақт ўтмасидан яратиб қўйишга қодир. Зеро, Ўзининг бирор нарсани яратишни истаса, унга: «Бўл» деб амр этиши кифоялигини ва у нарса ўша заҳоти бўлишини хабар берган.
Қуръон тили бўлмиш араб тилида бир нарсага истиво қилиш (إستوى عليه) – унинг устига кўтарилиш ва юксалиш маъносини англатади. Аллоҳнинг Ўз арши узра истиво қилиши – унинг устига Ўзининг жалолатига лойиқ бўлган ва Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган равишда юксалиши ва ўрнашишидир. «Иставо»нинг маъноси – Аллоҳ Ўзини у билан сифатлаган, пайғамбари ҳам Уни шу билан сифатлаган сифатларини инкор қиладиган, Аллоҳнинг сифатларини ҳақиқий маъносида исбот қилсак, Уни махлуқотларга ўхшатиб қўйган бўламиз дейдиган айрим адашган кимсалар даъво қилганидек: (إستولى) «Иставло – эгаллади, мулкни қўлга киритди» маъносида эмас. Бу – фосид даъводир. Чунки, ташбеҳ – ўхшатиш махлуқларнинг сифатларидан бирортасига ўхшатиш билан бўлади, аммо бир сифатни Аллоҳга Унга лойиқ бўлган равишда, ташбеҳсиз, такйифсиз, таътилсиз, таъвилсиз исбот қилиш – пайғамбарларнинг, бинобарин салафи солиҳнинг йўлидир ва бу – гарчи кўпчилик тарк этса-да, мўмин киши маҳкам тутиши лозим бўлган ҳақ йўлдир.
Ҳадисда борки: «Раббимиз кечанинг охирги учдан бир бўлаги қолганда дунё осмонига тушади…»
Жинлар ақлли мавжудот бўлиб, Аллоҳ таоло уларни ҳам худди одамзот каби Ўзининг ибодати учун яратган, улар ерда одамлар орасида яшайдилар, бироқ кўзга кўринмайдилар.