Аҳли суннага мактуб (давоми)

    Шайх Сафар ибн Абдурраҳмон Ҳаволий
    Абдуллоҳ Шариф таржимаси
    Абу Закария ал-Маданий таҳрири

    (Давоми)

    • 3)Улар ўзгармас бирламчи аҳкомларни ва умумий қоидаларни иккинчи даражали (тасодифий) ҳукмлар ва муайян воқеалар сабабли бекор қилиб юбормайдилар. Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадислар ила собит бўлган умумий қоидалардан бири, мусулмонларнинг иттифоқ бўлиши вожиблигидир. Бидъатчи ёки фосиқдан юз ўгириш эса иккинчи даражали (тасодифий) аҳкомлардан ҳисобланади. Бироқ, юз ўгириш фойда қилмаслиги маълум бўлса, бунга амал қилинмайди. Демак бу ўзгарувчан ва турли ижтиҳодларни қабул қила оладиган масаладир.
    • 4)Ким улар каби намоз ўқиса, қиблаларига юзланса ва сўйган гўштларидан еса, у ўшалардандир. Улар нимага ҳақли бўлсалар, у ҳам ўшанга ҳақли, уларнинг зиммасида қандай бурч бўлса, у ҳам ўшанга бурчли. Унинг ҳисоб-китоби ҳам, ичи ҳам Аллоҳга ҳавола. Қалбларни текширилмайди, ични ёриб кўрилмайди, ёмон гумон қилинмайди, иймонда кимўзарлик қилганга ғашлик йўқ ва мусулмонларни турли лақаблар ва номлар билан ажратиш йўқ, гарчи бу ном “Муҳожирлар ва Ансорлар” каби энг шарафли ном бўлса ҳам. Зеро, бу номлар мақташ учун ёки танитиш учун улар ҳақида бошқалар томонидан айтиладиган номлардир. Мўътазилалар ўзларини “тавҳид ва адолат аҳли” деб аташлари уларга ҳеч қандай фойда бермади. Сўфиларга ҳам ўзларини валийлик (вилоят) ва қурбат аҳли деб даъво қилишлари бирон наф келтирмади. Улардан аввал яҳудий ва насронийлар ўзларини Аллоҳнинг ўғилларимиз ва Унинг энг суюклиларимиз деб айтганлари ҳам уларга фойда бермаган эди.
    • 5)Улар одамларни бирор тоифа ёки муайян шахсни дўст ё душман тутишларига қараб имтиҳон қилишни салаф солиҳлар қайтарган бидъат ишлардан деб биладилар. Чунки “ал-вало вал-баро” – дўстлик ва душманлик даъволар ва атамалар асосида эмас, ҳақиқатлар устида бўлади. Уларнинг кичик жамоатларида катта жамоатлари учун намуна бор. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва хулафои рошидинлар қандай намоз ўқиган бўлсалар шундай намоз ўқишлари, имомлари аҳли сунна вал-жамоага мансуб киши бўлиши, айни пайтда иккиюзламачи-мунофиқ ва гуноҳкор кишиларни масжидга кириш ҳамда аҳли сунналар билан намоз ўқишдан ман этмасликлари вожиб бўлгани каби, уларнинг умумий жамланишлари суннатнинг кенг ва чуқур тушунчаси устида бўлиши лозим. Бу эса Исломга нусрат бериш ва душманга қарши курашда бидъатга ўралашиб қолган ё гуноҳ ишлар қилиб юрадиган одамларнинг уларга қўшилишини ман этмайди. Бироқ, улар бундай одамларни амалларини тузатишда ва тўғри йўлга чақиришда жонбозлик кўрсатадилар. Шунингдек масжид имоми ҳам жамоатга намозни тўғри ўқиш йўл-йўриғини ўргатади. Бу эса хатокорлар ўзлари учун алоҳида масжид ва имом қилиб олишлари ва бу икки масжид ўртасида адоват ва хусумат бўлишидан яхшироқдир.
    • 6)Улар ҳақда туришда ботирлардир, ғулув кетмайдилар. Халқларга зулм ва жабр қилмайдиган раҳмли кишилардир. Улар яхшиликка яхшилик билан буюрадилар, ёмонликдан ёмонликсиз қайтарадилар.
    • 7)Улар ўлчов ва тарозини тўла-тўкис қилиб берадилар. Одамларнинг ҳаққини уриб қолмайдилар. Ишларни ҳам адолат ва ҳикмат билан баҳолайдилар. Ноиложликда иккаласи ҳам зарарли бўлган ишларнинг енгилроғини қиладилар, иккита зарарли ишнинг каттароғидан четланадилар, икки ёмон ишнинг енгилроғини кўтарадилар, икки йўлнинг яқинроғидан юрадилар, икки ишнинг енгилроғини танлайдилар. Уларнинг адолатига ҳар бир миллат ва тоифа вакилларининг мазлумлари мурожаат қилади. Уларнинг илмларига ҳар қайси дин ва эътиқоддаги кишиларнинг ҳақпарварлари ишонади. Адолат уларнинг наздида мутлақ-умумий қадриятдир. Зеро, Аллоҳ таоло уни ҳар бир киши учун, ҳар кимнинг зиммасига, ҳар қандай ҳолатда вожиб қилиб қўйган. Адолат умумий қадрият бўлгани боис, бошқа динда бўлиш ёки ундан кўра қуйироқ нарсалар унинг йўлига ғов бўла олмайди. Аллоҳ таоло деди: “Сизларни Масжидул-ҳаромдан тўсган қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга ва улар ҳақида адолатсизлик қилишингизга олиб бормасин!” (Моида: 2) Кимки кофир ва золимларни душман тутиш вожиблиги билан уларга адолат қилиш вожиблиги ўртасини ажрата олмаётган ва бу икки вожибни бир ўринга қўяётган бўлса, у диний илмга эга ва пайғамбарларнинг саййиди Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчи кишилардан эмас экан. Зотан Аллоҳ таоло у зотга шундай дейишларини ваҳий қилган: “Мен сизларнинг ўртангизда адолат қилишга амр этилдим.” (Шўро: 15) (Бу ерда сўз аҳли китобларга қаратилган. Тарж)
    • 8)Уларнинг даъват йўлидаги ҳикматли ишларидан бири: Улар машҳур имомлар, мураббию даъватчиларнинг ижобий ишларини кўрсатадилар, уларни бу улуғ мартабаларга ва олқишларга еткизган нарса уларнинг ҳаққа эргашганликлари ва унинг йўлидаги фидойиликлари экани ҳамда уларнинг даъват майдонида эришган муваффақиятлари суннатни маҳкам ушлаганлари боис эканини баён қиладилар. Улар бу нарсаларни баён қилиш билан ўзларига эргашганларни ва маслакдошларини суннатни маҳкам ушлашга, имомларга таассуб қилишни ташлашга ва ўша имомлар қилганлари каби динга ёрдам беришга чақирадилар. Улар шундай қилиб эргашилган имомлар ҳақида адолат ва эргашувчиларни ҳикмат ила даъват қилиш ўртасини жамлаган бўладилар. Шайхул Ислом Ибн Таймия ҳам тўрт мазҳаб имомлари ва улардан бошқа Абул Ҳасан Ашъарий, Адий ибн Мусофир кабилар ҳақида сўзлаганларида худди шу йўлни тутганлар.

    Давоми бор

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962