Бизга боғланинг
Қабрда азобланиш бор гапми?
Савол:
Қабрда азобланиш бор гапми?
Жавоб:
Қабр азоби сариҳ-очиқ Суннат ва Қуръон зоҳири ҳамда мусулмонлар ижмоъи билан собитдир. Қуйида мазкур уч турли далилни келтирамиз:
Очиқ Суннат далили шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қабр азобидан Аллоҳдан паноҳ сўранглар, қабр азобидан Аллоҳдан паноҳ сўранглар, қабр азобидан Аллоҳдан паноҳ сўранглар», деганлар (Муслим такрорсиз ривоят қилган: №7392).
Мусулмонлар ижмоъи шуки, барча мусулмонлар, ҳатто ижмоъ аҳли ва уламолардан бўлмаган оддий намозхонлар ҳам намозларида: «Аллоҳдан жаҳаннам азобидан ва қабр азобидан паноҳ сўрайман» деб дуо қиладилар.
Қуръон зоҳири шуки, Аллоҳ таоло Фиръавн хонадони ҳақида айтади: «(У азоб бир) оловдирки, улар эртаю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига): «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур)» (Ғофир: 46). Шубҳасиз, уларнинг эртаю кеч оловга кўндаланг қилинишлари шу билан роҳат олишлари учун эмас, балки азобланишлари учундир.
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бу золимларни ўлим гирдобида қолган, ўлим фаришталари қўлларини чўзиб: «Жонларингизни берингиз! Бугун — Аллоҳ шаънига ноҳақ гапларни айтганингиз ва Унинг оятларидан юз ўгириб кибру ҳаво қилганингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланадиган Кунингиздир», деб турган пайтда бир кўрсангиз эди» (Анъом: 93). «Бугун»дан мурод – улар устига ҳозир бўлиб турган, яъни вафот этишадиган кундир.
Хулоса шуки, қабр азоби очиқ Суннат, Қуръон зоҳири ва мусулмонлар ижмоъи билан собитдир. Қуръон зоҳири ҳам сариҳ ҳужжат бўлишга яқин бўлди. Чунки, биз юқорида келтирган икки оят зоҳири шунга далолат қилиб турибди.
(Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин: Мажмуъул-фатава: 2/27).