Аёлларнинг масжидга келишлари ҳукми ҳақидаги боб

    Динимиз комил, дунё ва охиратимиз манфаатларини ўз ичига олган диндир. У барча мусулмонларга, эркакларга ҳам, аёлларга ҳам яхшиликлар олиб келган. Аллоҳ таоло айтади: «Эркакми ё аёлми кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 97). Динимиз аёл кишига алоҳида эътибор қаратган, дин йўлини маҳкам тутган ва диннинг фазилатлари билан безанган аёлга ҳурмат-эҳтиром кўрсатгандир.

    Жумладан, у аёл кишига жамоат намозида бўлиш, зикр мажлисларида ҳозир бўлиш каби яхшиликларда иштирок этиш учун, ахлоқ-одоб доирасида ва фитнадан узоқ қиладиган эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда масжидларга келишига изн берди. Аёл киши масжидга келишга изн сўраса, уни ман қилиш макруҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг аёл бандаларини Аллоҳнинг масжидларидан тўсманглар. Лекин хушбўйланмаган ҳолда чиқсинлар», деганлар (Имом Аҳмад (2/438, №9645) ва Имом Абу Довуд (565) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар). Сабаби, фарз намозни жамоат билан адо этиш, шунингдек, масжидга юриб бориш эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам бирдек фазилатлик ишдир.

    «Саҳиҳайн» ва бошқа ҳадис тўпламларида келганки: «Аёлларингиз кечқурун масжидга изн сўрасалар, изн беринглар» (Муттафақун алайҳ, Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган). Эрдан изн сўраши лозимлиги сабаби – аёлнинг уйда бўлиши эрнинг ҳаққидир, шу ҳолда масжидга чиқиши эса мубоҳ амалдир. Мубоҳни деб вожибни тарк қилмайди. Агар эр изн берса, ҳаққи соқит бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёллар учун уйлари яхшироқдир», яъни, масжидларда намоз ўқишларидан кўра уйларида намоз ўқишлари яхшироқдир, деганлар. Чунки, уйда бўлиш билан фитнадан омонда бўладилар.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Хушбўйланмаган ҳолда чиқсинлар» дейишларига сабаб – эркаклар уларнинг хушбўйликлари билан фитналаниб қолмасликлари ва уларга кўз ташламасликлари учун, натижада аёллар сабабли фитна ҳосил бўлмаслиги учун эди. Ранг-баранг либослар ва зеб-зийнатларни кўрсатиш ҳам хушбўйланиш маъносида бўлгани учун ҳукмда ҳам у билан бир хил бўлади. Агар аёл киши хушбўйланган ёки зийнат кийимларини кийган бўлса, унинг масжидга чиқиши ҳаром бўлади ва уни бундан ман қилиш вожиб бўлади. «Саҳиҳ Муслим» ва бошқа ҳадис тўпламларида борки: «Қай бир аёл бахур (яъни, ҳушбўй модда) билан хушбўйланган бўлса, биз билан хуфтонда ҳозир бўлмасин» (Имом Муслим (444) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

    Шунингдек, аёл киши масжидга чиққанда эркакларга аралашишдан сақланиши керак.

    Имом Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Валийюл-амр (яъни, давлат бошлиғи) бозорларда ва жамоат жойларида эркакларнинг аёллар билан аралашиб юришларини тақиқлаши лозим, у бунга масъулдир. Чунки, энг катта фитна шундадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра зарарлироқ фитна қолдирмадим», деганлар (Бухорий (5096) ва Муслим (274) Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар)… У аёлларни зийнатланган ва пардоз қилган ҳолда чиқишдан ман қилиши, уларни юпқа кийимларда яримяланғоч бўлиб юришдан қайтариши, кўча-кўйда эркаклар билан сўзлашишдан ман қилиши, шунингдек, эркакларни ҳам бундай қилишдан ман қилиши вожиб бўлади» (Ат-туруқул-ҳикамия: 406-б).

    Аёл киши шарму ҳаёлик бўлиш, ўраниб юриш, зийнат ва хушбўйланишни тарк қилиш, эркаклар билан аралишиб юришдан узоқ бўлиш каби Ислом одобларига риоя қилса, жамоат намозида иштирок этиш ва зикр мажлисларида ҳозир бўлиш учун масжидга чиқиши мубоҳдир. Шу ҳолда ҳам уйида қолиши масжидга чиқишидан кўра яхшироқдир. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уйлари улар учун яхшироқ», деганлар.

    Мусулмонлар фитнадан узоқ бўлиш ва ёмонликнинг олдини олиш нуқтаи назаридан аёл кишининг уйида ўқиган намози масжидда ўқиган намозидан яхши эканига иттифоқ қилганлар.

    Аммо, агар Ислом одобларига риоя қилмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган кўринишда – зийнатланиб ва хушбўйланиб чиқадиган бўлса, ундай аёлнинг масжидга чиқиши ҳаромдир, валийси ва масъул шахслар уни бундан ман қилишлари вожиб бўлади.

    «Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис борки: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар ҳозирда пайдо қилган ишларни кўрганларида эди, уларни масжиддан Бану Исроил аёлларини ман қилинганидек ман қилган бўлардилар» (Бухорий (869) ва Муслим (445) ривоятлари). Аёлларнинг масжидга чиқишларида фойдали бўлиши ва зиёндан холи бўлиши шартига риоя қилинади, агар зарар томони кўп бўлса, уларни масжиддан ман қилинади.

    Уларнинг масжидга чиқишлари тўғрисидаги гап шу бўлса, энди масжиддан бошқа ўринларга чиқишларида албатта эҳтиёткорлик ва фитнадан узоқ бўлиш томонларига риоя қилиниш шарт бўлади.

    Ҳозирги пайтда аёл кишининг ғарбда ва ғарбпараст давлатларда бўлганидек ишлаш учун кўчага чиқишига чақирадиган одамлар пайдо бўлган. Аслида, улар фитнага чорламоқдалар, аёл кишини бахтсизлик сари, мукаррамлиги топталишига қараб етакламоқдалар. Ундай кимсаларни тўхтатиб қолиш, тилларини ва қаламларини бундай жоҳилий чақириқлардан тийиб қўйиш лозим. Аёл кишининг бошига ғарб давлатларида ва уларга эргашган мамлакатларда тушган кўргиликлар ва жамиятларни ингратган аламли ҳолатлар етар, бас, шу нарса биз учун ибрат бўлмоғи лозим. Бахтли киши бошқаларнинг ҳолидан ибрат олган кишидир.

    Аёл кишини кўчага олиб чиқишга чақираётган кимсалар ўзларининг бу чақириқларига фақат битта нарсани, яъни жамиятнинг тенг ярми ишсиз эканини баҳонаи сабаб қилиб кўрсатишади ва бу билан аёл кишини эркак билан бир қаторда, елкама-елка туриб ишлашини исташади. Ваҳоланки, улар аёл кишининг шусиз ҳам хонадони ичида жуда катта вазифани адо этаётганини ва жамият учун ундан бошқа ҳеч ким қилиб беролмайдиган, ёлғиз унинг хилқатига муносиб келадиган ва унинг табиатига мос тушадиган улкан хизматни ўтаётганини унутиб қўядилар ёки бундан кўз юмадилар ва ўзларини билмасликка оладилар. Аёл киши – эр учун сакинат-осойишталик манбаи. У фарзандлар туғиб, эмизувчи меҳрибон она ва уларни тарбия қилувчи моҳир мураббия. У хонадонни саришта этувчи уй бекаси. Агар аёл кишини уйдан олиб чиқилса ва ишлаш учун эркаклар қаторига қўйилса, бу айтилган вазифаларни ким бажара олади?! У ҳолда шак-шубҳасиз, бу вазифалар ўлда-жўлда қолади ва жамият ўзининг иккинчи ярмидан маҳрум бўлади! Қолган ярми унга нима ҳам қилиб бера оларди?! Шубҳасиз, жамият биноси дарз кетади ва унинг пойдевори лиқиллаб қолади!

    Биз у «аёлпарвар» даъватчиларга: «Эсингизни йиғиб олинг, Аллоҳнинг неъматини куфрга алмаштириб юборган ва қавмларини ҳалокат чоҳига отган кимсалардан бўлиб қолманг! Вайрон қилишга эмас, бунёдкорликка чақирувчи бўлинг!», деб айтамиз.

    Муслима синглим! Динингиз таълимотларини маҳкам ушланг, сизга Ислом тарафидан берилган ва бошқа ҳеч ким беролмайдиган мукаррамлигингизни тортиб олмоқчи бўлаётган кимсаларнинг адаштирувчи чақириқларига алданиб қолманг! «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир» (Оли Имрон: 85).

    Аллоҳ таоло барчаларимизни дунё-ю охиратда яхшилик ва салоҳият бўлган ишларга
    муваффақ қилсин.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963