Бизга боғланинг
Амри маъруф ва наҳий мункарнинг фарзлиги
وجوب الأمر بالمعروف والنهي عن المنكر
Шайх Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Ислом Нури таржимаси
Аллоҳга ҳамду санолар, пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига ҳамда то қиёмат уларга яхшилик билан эргашган кишиларга Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.
Аммо баъд…
Мўминлар бир-бирларига панд-насиҳат қилиб, яхшилик йўлларига йўллашлари, бир-бирларини ҳаққа ва ҳақ устида сабр қилишга тавсия қилишлари, ҳаққа зид бўлган ва Аллоҳнинг ғазабини келтириб, раҳматидан узоқлаштирадиган ишлардан огоҳлантиришлари энг катта вазифа ва энг улуғ ибодатлардан саналади. Аллоҳ азза ва жалладан қалбларимиз ва амалларимизни ислоҳ қилишини, Ўзининг динини англаш ва унда саботли бўлиш неъматини ато этишини, Ўзининг динига нусрат беришини ва Ўз калимасини олий қилишини, мусулмонларга бош бўлган жамики раҳбарларни ислоҳ қилишини ва уларни фақат яхшиликларга муваффақ қилишини, уларнинг атрофидаги кишиларни ҳам ислоҳ қилишини, бандалар ва юртлар ислоҳи йўлида барчаларига мадад беришини, барчаларини динда фақиҳ қилишини, дилларини Аллоҳнинг шариатини ҳукмрон қилишга ва унда барқарор бўлишга очишини сўрайман. Зотан, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.
Мусулмонлар! Амри маъруф ва наҳий мункар (яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш) мавзуси ғоят улкан ва аҳамиятга молик мавзудир. Чунки, умматларнинг манфаати ва нажоти унинг адо этилишига боғлиқ, уни эътиборсиз ташлаб қўйиш билан улкан хатар ва катта фасодлар вужудга келади, фазилатлар ўчиб, разолатлар зоҳир бўлади.
Аллоҳ таоло унинг Исломда тутган ўрнини Ўзининг улуғ Китобида баён қилиб берди, ҳатто баъзи ўринларда уни диннинг асли ва Исломнинг асоси бўлмиш иймондан ҳам муқаддам зикр қилди. Жумладан, қуйидаги оятда: «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» (Оли Имрон: 110).
Амри маъруф ва наҳий мункарни иймондан ҳам муқаддам зикр қилинишидаги сир, бизнинг билишимизча, ушбу вазифанинг ғоят муҳимлиги ва унинг ортидан келадиган манфаатларни улканлиги бўлса керак. Хусусан, бизнинг асримизга келиб, мусулмонларнинг амри маъруф ва наҳий мункарга бўлган эҳтиёжлари ғоят кучайди. Боиси, ер юзини маъсиятлар қоплаб олди, аксар ўлкаларда ширк ва бидъатлар ёйилди.
Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида, саҳобалар замонида, салафи солиҳлар замонида ушбу вазифани уддасидан чиққан ва қойилмақом қилиб адо этган эдилар. Кейинги даврларда жаҳолат кўпайиши, илм озайиши ва кўпчиликнинг ғофиллиги сабабли ушбу улкан вазифага бўлган эҳтиёж яна-да ортди.
Бизнинг асримизга келиб, айтиб ўтганимиздек, ёмонлик ва фасод кенг ёйилгани, ботилга чақирувчилар кўпайгани ва яхшиликка чорловчилар камлиги туфайли унинг аҳамияти яна ҳам кучайди.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ушбу муҳим вазифани адо этишга буюрган, унга тарғиб қилган, Оли Имрон сурасида эса ҳатто уни иймондан ҳам муқаддам зикр қилган: «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» (Оли Имрон: 110).
Оятдаги хитоб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига қаратилган бўлиб, улар Аллоҳ ҳузурида энг яхши ва энг афзал умматдирлар. Саҳиҳ ҳадисда айтилганидек: «Сизлар етмишта умматнинг тўлдирувчисисизлар, сизлар улар ичида энг яхшиси ва Аллоҳ азза ва жаллага энг мукаррамисизлар».
Аллоҳ пайғамбарларни нега юборган?
Амри маъруф ва наҳий мункар ўтган умматларда ҳам мавжуд эди, Аллоҳ таоло у билан пайғамбарларни юборди, у билан китобларни нозил қилди.
Маъруфнинг асли-асоси Аллоҳнинг тавҳиди ва Унга бўлган ихлосдир.
Мункарнинг асли-асоси эса Аллоҳга ширк келтириш ва Ундан ўзгага ибодат қилишдир.
Барча пайғамбарлар одамларни маъруфлар ичида энг улуғи бўлмиш Аллоҳнинг тавҳидига чорлаш ва мункарлар ичида энг каттаси бўлган Аллоҳга ширк келтиришдан қайтариш учун юборилганлар.
Бану Исроил бу борада сусткашлик қилгач ва ушбу вазифани зое қилгач, Аллоҳ жалла ва ало улар ҳақида шундай деди: «Бану Исроил орасидан кофир бўлган кимсалар Довуд ва Ийсо ибн Марям тилида лаънатландилар. Бунга сабаб уларнинг қилган исёнлари ва тажовузкор бўлганларидир» (Моида: 78).
Сўнг уларнинг бу исёнларини шундай изоҳлади: «Улар бир-бирларини қилган нолойиқ ишларидан қайтармас эдилар. Бу қилмишлари нақадар ёмон иш!» (Моида: 79).
Буни уларнинг энг катта исёнлари ва тажовузлари деб атади ва юқоридаги оятни шу билан тафсир қилди. Бу эса мазкур вазифани тарк қилиш гуноҳи нақадар катта эканини англатади.
Аллоҳ жалла ва ало улардан бир умматни бу борада мақтаб, Оли Имрон сурасида шундай деди: «Аҳли китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри йўлдаги кишилар ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар, яхши амалларга буюриб, ёмон амаллардан қайтарадилар ва яхшилик қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардандирлар. Улар қилган бирон яхшилик беркитилмайди (яъни зое бўлмайди). Аллоҳ тақводорларни билувчидир» (Оли Имрон: 113-115).
Аҳли китобнинг бу тоифасига амри маъруф ва наҳий мункар ишини зое қилган кимсаларга етган нарса (яъни лаънат) етмади ва Аллоҳ таоло уларни мақтади.
Қуръоннинг Тавба сурасидаги бир оятда эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло амри маъруф ва наҳий мункарни намоз ва закотдан муқаддам қилди, бу ҳам унинг шаъни нақадар муҳимлигини англатади.
Нима сабабдан ушбу вазифа муқаддам қилинди?
Аслида, амри маъруф ва наҳий мункар фарзи кифоя. Бироқ, шундай бўлгани ҳолда, ушбу оятда уни намоз ўқиш ва закот беришдан муқаддам қилинди. Аллоҳ таоло айтади: «Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир» (Тавба: 71).
Бу ерда амри маъруф ва наҳий мункарни намоздан муқаддам зикр қилди, ваҳоланки, намоз Исломнинг устуни ва икки шаҳодатдан кейинги энг катта рукни эди. Хўш, бунинг боиси нимада?
Шубҳасиз, унга бўлган ҳожатнинг катталиги ва уни адо этиш зарурати кучлилиги бунга асосий сабабдир. Уни адо этиш билан уммат тузалади, у билан яхшиликлар кўпаяди, унинг ортидан фазилатлар зоҳир бўлиб, разолатлар йўқолади, уммат яхши ишларда бир-бирига кўмакчига айланади, бир-бирига насиҳат қилади, Аллоҳ йўлида жиҳод қилади, барча яхшиликларга қўл уриб, барча ёмонликдан тийилади. Уни зое қилиш ва ундан ғофил бўлиш билан эса улкан мусибатлар ва кўп ёмонликлар ҳосил бўлади, уммат парчаланади, диллар тош қотади ё ўлади, разолатлар фош бўлади ва тарқалади, фазилатлар йўқолади, ҳақ зое бўлади, ботилнинг овози кўтарилади. Бу маъруфга буюрилмайдиган ва мункардан қайтарилмайдиган ҳар бир жойда, ҳар бир давлат, шаҳар ва қишлоқда бўлган воқеъ иш бўлиб, у ерларда разолатлар ёйилади, мункарлар зоҳир бўлади, фасод ҳукм суради. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.
Раҳмат аҳли
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло маъруфга буюриб, мункардан қайтарувчиларни, намоз ўқувчиларни, закот берувчиларни, Аллоҳ ва Расулига итоат қилувчиларни раҳмат аҳли (яъни Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлувчилар) деб атади ва шундай деди: «Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) берадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир» (Тавба: 71).
Ушбу оят далолатига кўра, Аллоҳнинг раҳматига Унга итоат қилиш, Унинг шариатига эргашиш ва хусусан, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш билан эришилар экан.
Аллоҳнинг раҳматига Қурайшдан ё Бану Ҳошимдан ё фалонийлар авлодидан бўлишдек насл-насаблар орқали, шунингдек қуруқ ва пуч орзу-умидлар билан эришиб бўлмайди. Унга мансаблар орқали, чунончи, подшоҳ ё мамлакат ҳукмдори ё вазир ё бошқа бирон мансабдор бўлиш билан эришиб бўлмайди. Унга мол-давлат ва тижоратлар билан, корхоналарнинг кўплиги ва шу каби инсонлар ичида эътиборли бўлган ишлар билан эришиб бўлмайди. Унга фақат Аллоҳга ва Расулига итоат қилиш ва шариатига эргашиш билан эришилади. Бу ишлар ичида энг улуғи, албатта, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш, намоз ўқиш, закот бериш ва барча ишларда Аллоҳ ва Расулига бўйсунишдир. Ана шундай кишилар раҳмат аҳли саналадилар, ўшаларгина ҳақиқатан Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўладилар, ўшалар Аллоҳдан ҳақиқий қўрқадилар, уни ҳақиқий улуғлайдилар.
Гарчи ўзини Аллоҳдан қўрқадиган ва Ундан умидвор қилиб кўрсатса ҳам, Унинг буйруғини зое қиладиган ва қайтариғидан тийилмайдиган кимсадан ҳам золимроқ киши бўладими?!
Аллоҳни ҳақиқий улуғлайдиган, Ундан ҳақиқатан қўрқадиган ва умидвор бўладиган киши Унинг амрини бажо келтирувчи, Унинг шариатига эргашувчи, Унинг йўлида жиҳод қилувчи, амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи киши бўлади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Бақара сурасида айтади: «Иймон келтирган, (ватанларидан) ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида курашган зотлар — ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ мағфират ва раҳм-шафқат қилувчидир» (Бақара: 218).
Аллоҳ таоло иймон келтирган, жиҳод қилган ва ҳижрат қилган кишиларни иймонлари, жиҳодлари ва ҳижратлари сабабли Ўзининг раҳматидан умидвор қилди. У: «Катта қасрлар қурганлар, ё улкан тижорат эгаси бўлганлар, ё мансаблар эгаси бўлганлар, ё насл-насаблари юқори бўлганлар Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўладилар», демади, балки «Иймон келтирган, (ватанларидан) ҳижрат қилган, Аллоҳ йўлида курашган зотлар — ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматидан умидвордирлар. Аллоҳ мағфират ва раҳм-шафқат қилувчидир», деди. Демак, раҳматдан умидвор бўлиш ва азобдан омонлик Аллоҳ ва Расулининг тоати билан, шу жумладан амри маъруф ва наҳий мункар қилиш билан бўларкан.
Ичларингизда бир уммат бўлсин…
Бошқа бир оятда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло нажотни яхшиликка даъват қилувчилар ва маъруфга буюриб, мункардан қайтарувчиларга чеклади: «Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топувчилардир» (Оли Имрон: 104).
Яъни, Аллоҳ таоло яхшиликка чорлаш, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш сифатига эга кишиларни нажот топувчилар деб баён қилди. Маъно шуки, гарчи бошқа мўминлар ҳам агар бирон шаръий узр сабабли ушбу сифатлардан холи бўлсалар, нажот топувчи бўлсалар-да, мазкур сифат эгаси бўлганлар мукаммал ва тўла-тўкис нажот топувчи бўладилар.
Аммо, амри маъруф ва наҳий мункарни бошқа мақсад ва ғаразлар билан қиладиган, масалан риё, сумъа ё мол-дунё ё бошқа сабаблар учун қиладиган, ё эса маъруф ишлардан ўзини тортиб, мункар ишларни қиладиган кишилар энг нопок ва оқибатлари аянчли кимсалар бўлади.
«Саҳиҳайн»да Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат куни бир кишини олиб келиниб, дўзахга улоқтирилади. Ичаклари қорнидан чиқиб кетиб, улар атрофида тегирмон айлантираётган эшакдек айланиб юради. Жаҳаннам аҳли унга йиғилиб келиб: «Эй фалончи, сизга нима бўлди, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариб юрган эмасмидингиз ахир?», дейишади. «Ҳа, яхшиликка буюрардим-у, ўзим қилмас эдим, ёмонликдан қайтарар эдим-у, ўзим қилаверар эдим», дейди».
Иши сўзига тўғри келмаган кимсанинг ҳоли шу бўлади, Аллоҳ сақласин, уни дўзахга улоқтирилади, халойиқлар кўзи олдида шармандаи шармисор бўлади, жаҳаннам аҳли ҳам унинг ҳолидан ҳайрон бўлади, жаҳаннам ичида тегирмон тошини айталнитарётган эшакдек ичакларига ўралашиб айланади. Нима учун?! Чунки, у яхшиликка буюрарди, бироқ ўзи қилмасди, ёмонликдан қайтарарди, бироқ ўзи қилаверарди!
Шундан маълум бўлдики, яхшликка буюриш унга амал қилиш билан, ёмонликдан қайтариш эса ундан тийилиш билан бўлар экан. Бу ҳар бир мусулмон зиммасидаги вазифадир, бу Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида баён қилган ҳамда тарк қилган кишиларни огоҳлантирган ва лаънатлаган улуғ вазифадир.
Ислом аҳли Роббилари азза ва жаллага итоат қилиб, Унинг амрига бўйсуниб, Унинг жазосидан сақланиш учун ушбу вазифани қадрлашлари, уни адо этишга шошилишлари ва уни ўзларига лозим тутишлари вожиб бўлади.
Амри маъруф ва наҳий мункарнинг босқичлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳам бу ишни таъкидлаб, баён қилиб ва шарҳлаб келгандир. Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисда айтадилар: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (ўзгартирсин), унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан (ёмон кўрсин), мана шу иймоннинг энг заифидир» (Имом Муслим ривояти).
Демак, ҳадис шариф амри маъруф ва наҳий мункарнинг учта босқичини баён қилиб берди:
Биринчи босқич: Имкони бўлганида қўл билан инкор қилиш. Бу қўлида ҳукмронлик ва куч-қудрати бор кишилар қиладиган; маст қилувчи ичимликларни тўкиб ташлаш, беҳуда лаҳв асбобларини синдириб ташлаш, одамларга ёмонлик ва зулм қилмоқчи бўлган кишини бу ишидан тийиб қўйиш каби ишлар билан ёки кучи етган одамларни намозга мажбурлаш, Аллоҳнинг ҳукмига эргашишга зўрлаш билан бўлади.
Мўмин киши ўз аҳли ва оиласи билан ҳам шундай қилиши, фарзандларини агар гапи таъсир қилмаса, қўли билан Аллоҳнинг амрига итоат қилдириши ва Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийиб қўйиши лозим бўлади. Бошлиқ ё масъул шахс ё маҳалла оқсоқоли кабилар ҳам ўз икониятлари даражасида ана шундай ишларни бажаришлари вожиб бўлади.
Иккинчи босқич: Қўли билан қодир бўлмаса, тили билан буюради ва қайтаради, «Ҳой одамлар, Аллоҳдан қўрқинглар! Намоз ўқинглар, закот беринглар! Мана бу ишингиз мункар, уни қилманглар! Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан тийилинглар! Ота-онангизга яхшилик қилинглар, қариндошлар билан яхши алоқа қилинглар!» каби сўзлар билан уларга амри маъруф ва наҳий мункар қилади, панд-насиҳат қилади, огоҳлантиради, уларнинг ишларини текшириб, тергаб туради. Буни чиройли услуб ва мулойимлик билан қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ ҳалим, ҳар бир ишда ҳалимликни яхши кўрувчи Зотдир» (Муттафақун алайҳ). У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Мулойимлик қай бир нарсада бўлса уни зийнатли қилади, қай бир нарсадан суғурилган бўлса уни айбли қилади» (Имом Муслим ривояти).
Яҳудлардан бир жамоаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ассому алайка эй, Муҳаммад», дейишди. Яъни, салом бергандек бўлиб, сом-ўлим тилашди. Оиша розияллоҳу анҳо буни пайқаб, уларга: «Алайкумус-сом вал-лаъна», дедилар. Бир лафзда: «Сизларга Аллоҳнинг лаънати ва ғазаби бўлсин», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўзнгизни босинг, эй Оиша! Аллоҳ мулойимдир, ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради», дедилар. «Ахир уларнинг сўзларини эшитмадингизми?!», сўрадилар Оиша розияллоҳу анҳо. «Менинг уларга айтган жавобимни эшитмадингизми?! Мен уларга «Ва алайкум» (яъни, ўзингизга ҳам бўлсин), деб жавоб бердим. Бизнинг дуоимиз ижобат қилинади, уларники эса йўқ», дедилар.
Улар яҳудлар эди, шундай бўлса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ҳидоятланиб қолишларига, ҳаққа бўйсунишларига умид қилиб, иймонга чорловчига ижобат қилиб қолсалар ажабмас деб юмшоқ муомала қилдилар. Амри маъруф ва наҳий мункарни муваффақиятли адо этувчи киши ана шундай бўлади, нотўғри иш қилаётган одамлар олдидан ўтганида мулойимлик билан муносиб сўзларни ва яхши лафзларни танлаб гапиради, ширин гап билан даъват қилади, агар баҳс-мунозара қилишса ё калондимоғлик қилишса, улар билан чиройли мунозара қилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Парвардигорингизнинг йўли — динига ҳикмат (донолик) ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала — мунозара қилинг!» (Наҳл: 125), (Эй мўминлар), «Сизлар ахли китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала-мунозара қилинглар» (Анкабут: 46).
Аҳли китоб ким?. Улар яҳудлар ва насоролар, улар кофирлар.. Шундай бўлгани ҳолда Аллоҳ таоло: «Сизлар аҳли китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала-мунозара қилинглар, магар уларнинг орасидаги зулму-зўравонлик қилган кимсалар билангина (кескин муомала қилишингиз мумкиндир)», деди(Анкабут: 46).
Яъни, улардан кимда-ким зулму тажовуз қилса ва ёмон гаплар гапирса, у билан энди чиройли йўлда мунозара қилишдан бошқа чорага ўтилади, Аллоҳ таоло айтганидек: «(Ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир» (Шуро: 40), «Бас, ким сизларга тажовуз қилса, сизлар ҳам уларга тажовузлари муқобилида тажовуз қилинг!» (Бақара: 194).
Лекин, модомики мақом таълим, даъват ва ҳақни тушунтириб бериш мақоми бўларкан, мунозара гўзал йўсинда бўлмоғи лозим, чунки бу яхшиликка олиб борувчи энг яқин йўлдир. Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ айтганидек, буюрувчи ва қайтарувчи ўзи буюраётган ишида ҳам, қайтараётган ишида ҳам мулойим бўлиши, ўзи буюраётган ишида ҳам, қайтараётган ишида ҳам адолатли бўлиши, ўзи буюраётган ишни ҳам, қайтараётган ишни ҳам яхши билган бўлиши керак.
«Саҳиҳ Муслим»да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мендан аввал Аллоҳ таоло тарафидан юборилган ҳар бир Пайғамбарнинг фидойи (ёрдамчилари) ва асҳоблари бўлган. Улар ўз Пайғамбарларининг суннатини ушлаб, айтганига юришган. Пайғамбар асҳобларидан сўнг бошқалар ўрин эгаллади. Улар ўзлари қилмайдиган ишларни гапиришади. Буюрилмаган (нотўғри) ишларни қилишади. Кимда-ким бундай кимсаларга қарши қўли билан курашса, у мўминдир! Кимда-ким тили билан курашса, у мўминдир! Кимда-ким қалби билан курашса, у мўминдир! Бундан кейин хардал уруғичалик ҳам иймон йўқдир!».
Ушбу ҳадис ҳам юқорида ўтган Абу Саид ҳадиси каби аввал қўл билан, сўнг тил билан, охирида қалб билан инкор қилишни ифодалайди.
Пайғамбарлардан кейин уларнинг ортидан келган мазкур сифат эгалари бўлган кейингиларнинг ҳукмлари шудир. Яъни, уларни маъруфга буюрилади, мункардан қайтарилади, Аллоҳнинг ҳукмларини таълим берилади, бунда қўл билан, кейин тил ва охирида қалб билан кураш олиб борилади.
Ҳоказо, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари ичида уламолари, амирлари, фақиҳлари уммат ичида Аллоҳга бўлган даъватни, амри маъруф ва наҳий мункарни янгилаб туришлари, жоҳилларга таълим беришлари, адашганларга йўл кўрсатишлари, шаръий жазо ва таъзир чораларини қўллашлари лозим бўлади, токи одамлар тўғрилансинлар, ҳақни лозим тутсинлар, Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан тийилсинлар.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу айтганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло султон воситасида Қуръон воситасида жиловламаган нарсани жиловлайди». Умар розияллоҳу анҳудан ҳам шу мазмунда ривоят қилинган.
Бу ҳақ гапдир. Чунки, аксарият одамларга ҳар қанча далил-ҳужжат келтирманг, барибир бўйсунмайди. Лекин, агар султоннинг дарра ва қамоқ каби азоблар қамчиси келганида, дарҳол бўйсунади ва ботилини тарк қилади. Нима учун? Чунки, қалбида марази бор, иймони заиф ёки умуман иймони йўқ бўлади. Шунинг учун оят-ҳадислар билан таъсирланмайди, бироқ султоннинг қамчисидан қўрқиб, ножўя ишларидан тийилади, ҳаддида туради. Султоннинг ҳайбати алоҳида ўринга эгадир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандаларига қасос, шаръий жазо ва таъзирларни машруъ қилди. Чунки, бу жазолар ботилнинг ва ҳар турли зулмларнинг йўлини қирқади ва Аллоҳ таоло улар воситасида ҳақни барпо қилади. Бинобарин, бошлиқлар уларни барпо этишлари ва уларни барпо этадиган кишиларга ёрдам беришлари, одамларни ҳаққа мажбурлашлари ва ҳаддан ошмайдиган қилиб қўйишлари лозим. Шу билан одамлар ҳалокат жарига қулаб кетмайдилар, ботил оқимлар таъсирига тушиб қолмайдилар, шайтоннинг ёрдамчиларига ва лашкарига айланмайдилар.
Учинчи босқич: Агар мўмин киши қўли ва тили билан инкор қилишдан ожиз бўлса, энди фақат дилга навбат етади, мункарни дили билан ёмон кўради ва мункар аҳли билан улфат бўлмайди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у кишига бир одам: «Агар маъруфга буюрмасам, мункардан қайтармасам ҳалок бўламан», деганида, у киши: «Агар қалбинг маъруфни маъруф деб, мункарни мункар деб билмаса, ҳалок бўласан», деганлар.
Дуо мақбул бўлмаслиги ва нусрат берилмаслиги
Ушбу мавзумизга, яъни амри маъруф ва наҳий мункар мавзусига тааллуқли ишлардан яна бири қуйидаги ҳадисда ифода этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ азза ва жалла айтади: Дуо қилганингизда ижобат қилмайдиган, сўраганингизда бермайдиган, нусрат сўраганингизда нусрат бермайдиган бўлишимдан олдин маъруфга буюриб, мункардан қайтариб қолинглар!».
Ҳузайфа ибн ал-Ямон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар ё яхши ишларга буюрасизлар ва ёмон ишлардан қайтарасизлар, ёки бўлмаса Аллоҳ таоло устингизга Ўзи тарафидан бир қаттиқ азоб туширади-да, ундан кейин дуо қилсангизлар дуоингизни ижобат қилмайди» (Имом Аҳмад ривояти).
Амри маъруф ва наҳий мункар юқорида айтганимиздек, энг муҳим ишлардан. Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизийлар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Бану Исроил маъсиятларга берилганида уламолари уларни қайтарди, бироқ улар маъсиятдан тийилмадилар. Шундан сўнг уламолар ҳам улар мажлисларида иштирок этадиган, улар билан бирга еб, бирга ичадиган бўлишди. Аллоҳ таоло улардан бу ишни кўргач, уларнинг қалбларини бир-бирига қарши қилиб қўйди. Сўнг уларни пайғамбарлари Довуд ва Ийсо ибни Марям тилида лаънатлади. «Чунки улар осий бўлиб, ҳадларидан ошган эдилар» (Бақара: 61)».
Бир лафзда: «Бану Исроилга илк нуқсон кириб келиши шундай бўлганди: бир киши бир кишига йўлиқиб, унга: «Эй фалончи, Аллоҳдан қўрқ, қилаётган маъсиятларингни тарк қил!», дерди. Кейин эртаси куни унга йўлиққанида унда кўраётган (маъсиятлар) уни у билан бирга ўтириш ва бирга еб-ичишдан тўсмас эди. Аллоҳ таоло улардан бу нарсани кўргач, қалбларига ноиттифоқликни солди, сўнг уларни лаънатлади».
Ҳазир бўлайлик, бизга ҳам уларга етган нарса етиб қолмасин.
Юқоридаги ҳадисларда келганидек, ушбу вазифани – яъни амри маъруф ва наҳий мункарни – эътиборсиз ташлаб қўйиш ва унга аҳамият бермаслик дуо мақбул бўлмаслиги ва нусрат келмаслиги сабабларидандир.
Шубҳасиз, бу жуда катта мусибатдир. Мусулмонларнинг ёрдамсиз ташлаб қўйилишлари, парчаланиб кетишлари, душманларини уларга ғолиб қилиниши, дуолари ижобат қилинмаслиги мана шу вазифани тарк қилишларига жазо ўлароқ келди. Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ.
Амри маъруф ва наҳий мункарнинг ҳукми
Гоҳида ушбу вазифа баъзи одамларга фарзи айн бўлади. Яъни, бир мункарни кўрса-ю, уни кетказишга ўзидан бошқа одам бўлмаса, имкони бўлган ўша одамга уни кетказиш вожиб (фарз) бўлади. Чунки, юқорида ўтган ҳадисда айтилдики: «Сизлардан ким бир мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин. Агар қодир бўлмаса тили билан (ўзгартирсин), унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан (ёмон кўрсин), мана шу иймоннинг энг заифидир» (Имом Муслим ривояти).
Аммо, агар жамоат бўлсалар, бу иш шаҳар ё қишлоқларида улар зиммасидаги фарзи кифоя бўлади, улардан қай бир киши уни кетказса, мақсад ҳосил бўлади ва ажрга эришади. Агар ҳаммалари тарк қилсалар, бошқа фарзи кифояларни тарк қилганда бўлганидек ҳаммалари гуноҳкор бўладилар. Агар ўша шаҳар ё қишлоқда фақат битта олим киши бўлса, имконияти даражасида одамларга таълим бериш, уларни Аллоҳга даъват қилиш, уларга амри маъруф ва наҳий мункар қилиш унинг зиммасига фарзи айн бўлади. Юқорида ўтган ҳадислар ва Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти шуни тақозо қилади: «Бас, кучларингиз етганича Аллоҳдан қўрқинглар» (Тағобун: 16).
Сабр қилиш ва ажрдан умидвор бўлиш
Аллоҳ таоло қайси бир олимни, даъватчини, маъруфга буюрувчи ва мункардан қайтарувчини сабрга, ажрдан умидвор бўлишга ва Аллоҳ учун ихлосли бўлишга муваффақ қилган бўлса, у киши тўғриликка муваффақ бўлибди, ҳидоятланибди ва Аллоҳ таоло уни манфаатли қилибди. Аллоҳ таоло айтганидек: «Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур» (Талоқ: 2, 3).
Аллоҳ таоло айтади: «Ким Аллоҳдан қўрқса (Аллоҳ) унинг ишини осон қилур» (Талоқ: 4).
Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, агар сизлар Аллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни Унинг йўлида жиҳод қилсангизлар), У зот ҳам сизларга ёрдам берур ва (жанг майдонида) қадамларингизни собит-барқарор қилур» (Муҳаммад: 7).
Аллоҳ таоло айтади: «Аср (вақти)га қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига Ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу Ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топувчидирлар)» (Вал-аср: 1-3).
Демак, дунё-ю охиратда нажот топувчилар ва фойдага эришувчилар иймон, солиҳ амал аҳли ҳамда бир-бирларини ҳаққа ва сабрга тавсия қилувчилар экан.
Маълумки, маъруфга буюриш, мункардан қайтариш ҳамда ҳаққа ва сабрга тавсия қилиш аслида, тақво жумласидан. Бироқ, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло зиёда изоҳ ва тарғиб бўлиши учун уни алоҳида хос зикр қилди.
Яъни, ким амри маъруф ва наҳий мункар қилса, Аллоҳга даъват қилса ва бу иш устида сабр-матонат билан турса, у ана шундай улуғ сифатлар эгасига айланади ва шу сифатлар устида вафот этса, комил фойда ва абадий саодатга эришади.
Ушбу улуғ сифатларни лозим тутишни таъкидлаб, Аллоҳ таоло шундай дейди: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Моида: 2).
Аллоҳнинг динини яхши англаш
Азиз биродарим! Маъруф ва мункарнинг нималигини билиш учун Аллоҳнинг динини яхши ўрганиш ва англаш, шундан кейингина ушбу улкан вазифага – амри маъруф ва наҳий мункарга киришмоқ лозим. Динни англаш ва уни яхши билиш саодат аломатларидан ва Аллоҳ таоло бандаларга яхшиликни истаганининг далилларидандир. «Саҳиҳайн»да Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (олим) қилиб қўяди».
Бир кишининг илм ҳалқаларига қатнашаётганини, илм истаб, савол сўраётганини, динни ўрганиш ва англашга ҳаракат қилаётганини кўрсангиз, билингки, бу Аллоҳ таоло унга яхшилик ирода қилгани белгисидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳиҳ ҳадисда айтганларки: «Ким илм талабида йўл юрса, шу туфайли Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди». (Имом Муслим ривояти).
Илм талаб қилиш ғоят эътиборли ишлардан ва Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан саналади, у нажот сабабларидан ва яхшиликка далиллардан деб кўрилади. Илм талаб қилиш илм ҳалқаларига қатнашиш билан, фойдали китобларни мутолаа қилиш билан ёки хутба ва мавъизалар тинглаш, аҳли илмлардан сўраб-ўрганиш билан ҳосил бўлади. Шунингдек, у Қуръон ёдлаш билан ҳосил бўлади ва бу илмларнинг асосидир. Зотан, Қуръон ҳар бир илмнинг бошидир ва улкан асосидир, у Аллоҳнинг мустаҳкам арқонидир, у энг улуғ ва энг буюк китобдир, у эзгуликка етакловчи ва ёмонликдан тиювчи энг катта йўлбошчидир.
Ҳар бир мўмин ва мўминага васиятим, Қуръонга эътибор берсинлар, уни тўла ёки имконият доирасида ёд олишга, уни (нг маъноларини билиб) тадаббур ва тафаккур қилишга ҳарис бўлсинлар. Зеро, унда ҳидоят ва нур бор. Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур» (Исро: 9), «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ушбу Қуръон барча одамлар) оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун Биз сизга нозил қилган бир муборак Китобдир» (Сод: 29).
Аллоҳ таоло айтади: «Ахир улар Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми?! Балки дилларида қулфлари бордир, (шунинг учун у дилларга Қуръон нури етмаётгандир)?!» (Муҳаммад: 24).
Шундоқ экан, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилишга, ёд олишга, тушунишга, унга амал қилишга, тушунмаган жойларини сўраб ўрганишга ҳаракат қилмоғимиз зарур.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари иккинчи ваҳий ва иккинчи асос саналади, у Аллоҳнинг Китобини тафсир қилувчи ва унга йўлловчидир.
Толиби илм ва ҳар бир мусулмон киши имкони ва илмига қараб, уни ёд олиш ва такрорлашга аҳамият қаратиши, «Нававийнинг 40 ҳадиси», «Ибн Ражабнинг 50 ҳадиси»ни ёд олиши яхши бўлади, улар энг жомеъ ва энг фойдали ҳадисларни ўз ичига олгандир.
Шунингдек, Ҳофиз Абдулғаний ал-Мақдисийнинг «Умдатул-ҳадис» китоби ҳам илм бобидаги 400дан зиёдроқ энг саҳиҳ ҳадисларни жамлаган китобдир.
Ёки бўлмаса, Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг «Булуғул-маром» китоби ҳам ўзи мухтасар, лекин улуғ ва фойдали китоб саналади, толиби илм агар ёд олса, кўп яхшиликни қўлга киритган бўлади.
Ақидага доир китобларни айтадиган бўлсак, Имом Муҳаммад ибн Сулаймон ат Тамимийнинг «Китобут-тавҳид» ва «Кашфуш-шубуҳот» асарлари кўп фойдали китоблардан саналади.
Шунингдек, шайхулислом Ибн Таймиянинг «Ал-ақидатул-восития» китоби ҳам аҳли сунна вал-жамоа ақидаси борасида ўзи мухтасар бўлса-да, фойдаси кўп яхши китоблар сирасига киради.
Шайх Муҳаммад ибн Сулаймон ат Тамимийнинг «Иймон» китоби ҳам улуғ китобдир, унда иймонга тааллуқли бўлган бир қанча ҳадисларни жамлаганлар. Толиби илмлар ушбу китоблардан ёки шунга ўхшаш бошқа китоблардан имкон қадар ёд олсинлар, шу билан бирга Қуръони каримни тиловат қилиш ва ёд олишга аҳамият қаратсинлар, илмли ва боамал бўлган уламолар ва мударрислардан ўқиб-ўргансинлар, Парвардигорларидан тавфиқ ва ёрдам сўрасинлар, бу ишда бўшлик ва ялқовлик қилмасинлар, вақтларини бекор кетказмасинлар, кеча-кундузларини бир неча қисмга бўлиб олсинлар:
Бир қисмини Қуръони карим тиловати ва тадаббурига;
Бир қисмини илм талаб қилиш, динда фақиҳ бўлиш, матнларни ёд олиш ва такрор қилишга;
Бир қисмини аҳли-оиласининг эҳтиёжига;
Бир қисмини намоз ва ибодатларига, зикр ва дуоларига ажратсинлар.
Толиби илмларга «Нурун алад-дарб» эшиттиришини эшитиб бориш ҳам кўп фойдали бўлади. Зеро, ушбу эшиттиришда фазилат ва илм билан танилган бир гуруҳ уламоларнинг муҳим масалаларда тингловчилар саволларига жавоблари бериб борилади.
Аллоҳ таолодан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатларини восита қилиб сўрайман, барча мусулмонларни фойдали илм ва солиҳ амалга муваффақ этсин, бизларга Ўзининг динини тушинтирсин ва унда саботли қилсин, ушбу улуғ вазифа – амри маъруф ва наҳий мункарни адо этишга барчамизни имкон ва тоқатимизга яраша насибадор айласин, мусулмонларнинг раҳбарларини ушбу вазифани чиройли адо этиш ва унда сабрли бўлишга муваффақ қилсин.
Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига ва уларга яхшилик билан эргашган кишиларга саловоту саломлар йўлласин.