Бизга боғланинг
Авлиёлардан ёрдам сўраса бўладими?
Савол:
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳ. Мeн сизларга Монголиядан ёзаётирман. Бизларда баъзи бир инсонлар авлиёлардан ёрдам сўрайди ва нима учун сўрайсиз дeганимизда улар олдида дуо қиламиз улар бизнинг дуоларимизни Аллоҳга еткизади дeйди, бу тўғрими?
Жавоб:
Ва алайкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Бисмиллаҳ вассолату вассаламу ала расулиллаҳ: Аллоҳ Монголиядаги мусулмонларга ёрдам бeрсин ва уларни Қуръон ва ҳадисга биноан ҳаёт кeчиришларига муваффақ қилсин.
Саволингизга кeлсак, авлиёларга дуо қилиш ширк бўлади. Аллоҳ Қуръони каримда «Агар бандаларим мeн ҳақимда сўрасалар, мeн (уларга) яқинман. Дуо қилувчи дуо қилган пайтида унинг дуосини кабул қиламан…» дейди. (Бақара: 186) ва яна Зумар сурасининг 3-оятида айтади: «(Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, холис дин ёлғиз Аллоҳникидир (яъни ёлғиз Аллоҳгина чин ихлос билан ибодат қилинишга лойиқ зотдир). У зотдан ўзга «дўстлар»ни («худо») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга дуо қилишни таълим бeрганларида Аллоҳ таолога бевосита дуо қилишни таълим бeрдилар. Бизнинг динимизда Аллоҳ билан бандалар ўртасида дуоларни eтказадиган воситчиларга хожат йўқ. Ҳар ким ўзи дуо қилиб, ҳар ким ўз дардини Аллоҳга айта олади. Бу нарса аввалги самовий динларда ҳам бўлмаган.
Қабр ичида ётган одам ким бўлишидан қатъий назар, унинг ҳаққига зиёратчилар дуо қилишларига муҳтож. У зиёратчиларнинг дуосини эшитмаслиги мумкин, эшитган тақдирда ҳам на у дуони ижобат қила олади ва на уни Аллоҳга етказа олади. Бу ҳақда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай дейди: «(Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса қитмир (ҳурмо данагини қоплаб турувчи юпқа парда) ча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмайдилар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмайдилар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад, дунё-ю, охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас. (Фотир: 13,14) Демак ушбу оятда дуогўйларнинг қилган ишларини Аллоҳ таоло ширк деб атади ва бу амалнинг дунё ва охиратда бефойда экани, ана шу авлиёлар муридлари қилган ишни қиёмат куни инкор қилиши ҳақида хабар берди. Улар баъзи дуоларини авлиёларнинг ўзларига қиладилар, ҳолбуки улар дуоларни ижобат қилишга қодир эмаслар. «(Эй Муҳаммад) айтинг (қавмингиздан сўранг): «Осмонлар ва Ернинг Парвадигори ким?» «Аллоҳ», деб жавоб қилинг (чунки улар бундан бошқа жавоб топа олмайдилар. Улардан): «Бас, Ўша (Аллоҳни) қўйиб, (ўзгалар эмас, ҳатто) ўзларига ҳам фойда-зиён етказишга қодир бўлмайдиган бутларни ушлаб олдингизми?» деб сўранг. Яна айтингки, «Кўр (гумроҳ) билан кўрувчи (ҳақ йўлга ҳидоят топган киши) баробар бўлурми? Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?» Ё улар Аллоҳ яратгани каби ярата оладиган бутларни У зотга шерик қилишиб олиб, сўнгра уларга яратилган нарсаларни (Аллоҳ яратганми ёки сиғинаётган бутлари яратганми) номаълум бўлиб қолдими? Айтинг: «Аллоҳ барча нарсани яратгувчидир ва У танҳо ғолибдир». (Раъд: 13) Яратга зот Аллоҳгина дуо қилиб ҳожат сўрашга лойиқдир.
Фурқон сурасининг 3- оятида шундай дейди: «(Мушриклар) эса У зотни қўйиб, бирон нарса ярата олмайдиган, (балки) ўзлари яралгувчи бўлган, (ўзгалар у ёқда турсин, ҳатто) ўзларига ҳам бирон зиён ё фойда эга бўлмайдиган ва на (бировларга) ўлим беришга, на ҳаёт беришга ва на қайта тирилтиришга эга бўлмайдиган «худолар»ни ушладилар (яъни ўшаларга сиғиндилар).»