Бизга боғланинг
Бахтиёрлик: хаёлми ёки ҳақиқат? (3)
Бахт мансабдорликда
Ундай бўлса бахтиёрлик мансабдор ва жамиятда катта мавқега эга бўлганлардадир?
Мен бунга жавобан «Йўқ» деб айтаман. «Нега ундай эканлигини биласизларми? Чунки уларнинг масъулиятлари кўп. Масъулият дунёда ғам, агар унинг ҳаққини адо этмаган бўлса охиратда ҳасрат-надомат.
Мансабдор ёки ҳоким мансаби қўлидан кетиб қолишидан ғам қилиб яшайди. У манcабини сақлаб қолиш учун ҳар қандай ҳорликни кўтаради. Бир кун келиб лавозимидан айрилгудек бўлса (ва у куннинг келиши муқаррардир), қолган умрини бахтсизликларга тўлиб тошган ҳаётда кечиради.
Гоҳо мансаб соҳибининг ўлимига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам мансабдор шахс доимо ғам ва қўрқинчда яшайди. Бунинг инсоният тарихида талайгина намауналари бор. Мисол учун Буюк Қуръон Карим уларнинг ибратли қиссаларини абадийлаштирган Фиръавн ва унинг вазири Ҳомондир. Бизга замондош бўлган мансабдорларнинг ибратли ҳодисаларидан баъзиларини келтириб ўтаман.
1 – Эрон шоҳи
Эрон шоҳи Эрон давлати таъсис топганининг 2500 йиллигини нишонлаш учун катта тантанали йиғилиш қилди. У ўз нуфузини Форс кўрфази давлатларига кейин эса бутун араб давлатларига ёйишни ва охир бориб Исроил давлатига ён қўшни бўлишни хоҳлади. Албатта, шоҳнинг кайфияти жойида эди.. Аммо унинг ҳаётининг сўнгги кунлари қандай ўтди? Бу ҳақида фикрлаб, ибрат олишимиз керак.
Маълумки, шоҳ, ватанидан айрилди ва ўзини қабул қиладиган бирон бир давлат топа олмади. Ҳатто, ўзининг энг яқин дўсти (у учун жон-дилидан хизмат қилган) Америкага ҳам сиғмади. Охири, ғам ва андуҳлар ичидаги ҳаёт сабабли рак (саратон) касаллигига йўлиқиб, расво бўлиб, Мисрда вафот этди…
Унинг бола-чақалари ва ҳаммаслаклари ҳам бутун дунёга тарқалдилар, дунёнинг турли ўлкаларида паришонлик билан ҳаёт кечира бошладилар.
2 – Филиппин президенти
Бу золим ва адашган инсоннинг бошига келганлар нима эди?
Менимча, ҳақиқатан ҳам, бу одамнинг ҳаёт ҳикояси ўта ибратлидир. Маълумки, у бу дунёда Аллоҳ таоло мансабидан айириб катта бахтсизлик ва аламли азобларини тоттирган президентлардан биридир. У одам президентлик лавозимидан айрилганидан сўнг, танҳо, ҳеч бир ерга сиғмай, ҳеч бир ерда узоқ тура олмай, у ўлкадан бу ўлкага сургун этилди. Энг яқин ҳожалари ҳам, энг самимий дўстим дея билган давлат бош вазирлари ҳам ундан йироқлашдилар. Истаган пайтида кета оладиган давлатларнинг биронтасига энди кета олмайдиган ҳолатга тушди. Ўлганида эса она юртининг бир неча қарич тупроғи ҳам унга насиб этмади. Унга ўз юртида кўмилгудек ер ҳам ажратилмади.
Мулкнинг мутлақ эгаси бўлган Аллоҳ нақадар буюк-а!!
3- Буқаса
Ҳурматли ўқувчи, Буқасанинг ким эканини биласизми? У ўзини император деб эълон қилган бир президентдир! Биз унинг Ўрта Африкада нималар қилгани ва олиб борган сиёсатини ҳеч ҳам унутмаймиз…
Буқаса Франсияни зиёрат қилиш учун кетганида, ўлкасида давлат тўнтариши бўлди. Буқаса Франсияда танҳо ўзи қолди, бутун дунё унга торлик қилди. Ҳеч бир ўлкага кета олмади. Натижада, исмини ўзгартириб ўз ўлкасига қайтди ва ҳеч қанча вақт ўтмай қўлга олиниб, ҳоким ҳузурига чиқарилди…
Ҳозиргача унинг оқибати ҳақида ҳеч бир дарак йўқ: ўлдирилдими ёки ҳануз зиндондами, номаълум. Аммо аниқ маълум бўлган нарса шуки, Буқаса ўзини император деб эълон қилган ўлкада ўзига ўхшаган бош вазирлар каби мусибат ва аламли кунларга қолиши ҳамда бахтсизлик, ғам ва ғусса гирдобига ғарқ бўлганидир.
Биз келтирган мисоллар шошилиб келтирилган баъзи мисоллар, холос. Аввалгилару кейингиларда мазкур мисолларнинг ўхшашлари сон-саноқсиздир. Бу – Аллоҳ таолонинг ундай кимсалар учун қўйган ва бузилмайдиган илоҳий қонунидир.
Демак, бу «бахт» бахтсизлик ёки хаёлий бахтдан бошқа нарса эмас. Яъни, одамларнинг бахтиёрлик деб атаган, бироқ, бахтиёрликка ҳеч бир алоқаси бўлмаган пуч нарсадир…
Кўпчилик одамлар уларни биринчи қарашда бахтиёр ёки бахтиёрликнинг энг чўққисига чиққан, деб ўйламоқдалар… Ҳолбуки, улар алам ва азоб, ҳасрат ва надоматнинг барчасини тотмоқдалар… Машҳур шоирлардан бири бўлган Ҳамад ал-Ҳажжий раҳимаҳуллоҳнинг ушбу сатрлари бу ҳақиқатни чуқур ифода этмоқда:
Йўлда кимга учрасам юзимда кулги кўрар.
У билмаски, менинг ичимни итлар таталар !
Чунки мен уларга доимо қувноқ боқаман.
Токи улар мендек бўлиш орзусида қолсинлар.
Кейин давом этиб айтади:
Агар улар бахтсиз-ҳазин эканлигим билсалар,
Кенг Ер юзин жуда тор деб ўйлаб қоларлар
Дарҳол мендан узоқлашар, мени кутмаслар
Бор ишларин қўйиб менинг ғийбатимга бошларлар.
Гар дўстларга аён бўлиб қолса ҳасратим
Гўё бутун кабоирлар менинг хислатим
Ҳа, шундайдир бу ҳаёт, шундай инсонлар
Қўлингда бор ҳурматлар, кетса хорларлар
Пуч хаёлдан иборат бўлган «бахтиёрлик»ка Скандинавия давлатларида яшаётган халқлар ҳаётидан мисоллар келтиришимиз мумкин. Европада, хусусан, Скандинавия давлатларида киши бошига тушган миллий даромад дунё давлатлари ичидаги энг бойларидандир. Шундай бўлишига қарамай, ўз жонига суиқасд қилиш ҳодисалари ҳам жаҳондаги энг кўп бўлган ерлардир. Масалан, фаровонлик даражаси юксак бўлган Финландия бу борада «илғор’ ўлкалардан биридир.
Энди, Ислом ўлкаларига ҳам бир нигоҳ ташлайлик. Бу ўлкаларнинг кўпи фақир бўлишларига қарамай, ўз жонига суиқасд қилиш ҳодисалари энг оз бўлган ерлардир.
Демак, санаб ўтилган мисоллардан хулоса ўлароқ, ҳақиқий бахтиёрлик бойлик, шуҳрат, диплом, мансаб, мансаб ва бунга ўхшаш моддий нарсаларда эмаслигини кўрмоқдамиз.
Шундай экан, бахтиёрликнинг сири ва сабаблари қаерларда яширинган? Ва ҳақиқий бахтиёр бўлган инсонларнинг хусусиятлари нималардир?
Ушбу жиддий саволга жавоб беришдан аввал, ҳақиқий бахтиёрликка ғов бўлган баъзи нарсалар ҳақида бир оз тўхталиб ўтамиз.