Бизга боғланинг
Бидъат (3)
Учинчи бўлим
Бидъатчиларга нисбатан Ислом умматининг муносабати
Аҳли суннат ва жамоатнинг бидъатчиларни инкор қилиш услуби
Аҳли суннат ва жамоатнинг бидъатчиларга муносабати қуйидагича:
Аҳли суннат ва жамоат уламолари ҳозиргача бидъатчиларга қаршилик кўрсатиб ва бидъатларни инкор этиб келмоқдалар. Қуйида бу бобга оид далилларнинг айримларини келтириб ўтамиз:
1. Умму Дардо айтади: «Абу Дардо уйга ғазабланган ҳолда келди. Мен ундан: «Нима бўлди?» деб сўрадим. «Аллоҳга қасамки, одамлар орасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам давридаги ишлардан жамоат бўлиб намоз ўқишгина қолибди», деди Абу Дардо»[1].
2. Амр ибн Яҳё айтади: «Отам менга отасидан эшитганини сўзлаб берди: «Бир куни бомдод намозидан олдин Абдуллоҳ ибн Масъуднинг эшиги олдида уни кутиб ўтирардик. Абдуллоҳ ибн Масъуд уйидан чиққач, масжидга кетмоқчи эдик. Абу Мусо Ашъарий келиб: «Абу Абдураҳмон чиқмадими?» деб сўради. Биз: «Йўқ», дедик. У ҳам биз билан кутиб ўтирди. Ибн Масъуд чиққач, ҳаммамиз ўрнимиздан турдик. Абу Мусо Ашъарий: «Эй Абу Абдураҳмон, боя масжидда илгари кўрмаган бир ишни кўрдим. Ўйлашимча, у яхши иш эди», деди. Абу Абдураҳмон: «У нима экан?» деди. «Бир оз турсангиз, ўзингиз кўрасиз», деди Абу Мусо. Кейин сўзида давом этиб: «Масжидда кишилар ҳалқа-ҳалқа бўлиб, қўлларида майда тошлар билан намозни кутиб ўтирганларини кўрдим. Ҳар бир ҳалқа ўртасида бир киши туриб, уларга юз марта «Ла илаҳа иллаллоҳ»,денглар, дер, улар шундай қилардилар. Юз марта «Аллоҳу акбар»денглар, дер, улар шундай қилардилар. Юз марта «Субҳоналлоҳ» денглар, дер, улар шундай қилардилар», деди. Шунда Абу Абдураҳмон: «Эй Абу Мусо, уларга: «Гуноҳларингизни сананглар, савобларингиз заррача камайиб қолмаслигиа кафилман», демадингизми?» деди. Кейин Абу Абдураҳмон ҳалқалардан бирининг ёнига келиб: «Нима қиляпсизлар?» деди. «Майда тошлар билан такбир, тасбеҳ ва таҳлилларимизни санаяпмиз, эй Абу Абдураҳмон», дедилар. Шунда у бундай деди: «Сизлар гуноҳларингизни сананглар, мен савобларингиз камайиб қолмаслигига кафолат бераман. Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммати, ҳолингизга вой бўлсин, ҳалокатларингиз нақадар яқин келиб қолибди! Пайғамбарнинг саҳобалари ҳали тирик, у зотнинг кийимлари ҳали эскирмаган, сув ичган кўзалари ҳали синмаган бўлса-ю, сизлар ҳалокат ёқасига келиб қолсангиз! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлар гўё Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам динларидан кўра тўғрироқ дин топибсизлар ёки залолат эшигини очибсизлар». Улар: «Аллоҳга қасамки, эй Абу Абдураҳмон, биз яхши ниятда қилдик», дедилар. Шунда у: «Кўпчилик яхшиликни хоҳлайди ва яхши ният қилади, лекин унга етолмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга келажакда баъзи кишилар чиқиши, уларнинг Қуръон ўқиши, аммо ўқиганлари халқумларидан нарига ўтмаслиги ҳақида айтганлар. Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, уларнинг кўпчилиги сизлардан чиқса керак, деб ўйлайман», деди. Сўнг улардан юз буриб кетди». Амр ибн Салама айтади: «Ўша ҳалқаларда ўтирганларнинг кўпчилиги Наҳравон жангида хаворижлар сафида бизга қарши урушаётганини кўрдик»[2].
3. Имом Молик ибн Анас ҳузурига бир киши келиб, «Эй Абу Абдуллоҳ, қаердан эҳром боғлайман?» деб сўради. Имом Молик: «Зулҳулайфадан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳром боғлаган жойдан», деди. У: «Масжиди набавийдан эҳром боғламоқчиман», деди. Шунда Имом: «Ундай қилма», деди. Ҳалиги киши: «Мен Масжиди набавийдан, қабр олдидан эҳромга кирмоқчиман», деди. Имом: «Ундай қилма, сенга фитна етишидан қўрқаман», деди. Киши: «Бу ишда қандай фитна бўлиши мумкин?! Бор-йўғи бир неча чақирим зиёда қиляпман, холос», деди. Шунда Имом Молик бундай деди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам эришмаган фазилатга эришяпман, деб ўйлашингдан каттароқ фитна борми?! Аллоҳ таоло: «Расулуллоҳнинг амрига хилоф иш қилаётганлар бошларига фитна келишидан ёки охиратда уларга аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар» (Нур, 63), деди.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, уламолар ҳамиша бидъатчиларга қарши курашиб келганлар.
Бидъат аҳлига Аҳли суннат ва жамоатнинг раддия бериш услуби
Аҳли суннат ва жамоатнинг барча иши Қуръон ва ҳадис устига қад ростлаган. Бу энг мустаҳкам асосдир. Улар бидъатчиларнинг бидъатларини баён қиладилар. Сўнг суннатни маҳкам ушлаш ва бидъатларни инкор қилишга Қуръон ва ҳадисдан далил келтирадилар. Аҳли суннат ва жамоат уламолари бу борада кўп китоблар ёздилар. Бу китобларда шиа, хавориж, жаҳмий, мўътазилий ва ашъарий кабиларнинг иймон-эътиқоддаги бидъат сўзларини инкор қилдилар. Бундай бидъатларнинг ҳар бири учун хос китоблар ҳам ёзилган. Имом Аҳмаднинг жаҳмий тоифасига қарши ёзган китобини, Усмон ибн Саид Доримий, Ибн Таймия ва унинг шогирди Ибн Қаййим, Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб каби олимларнинг сўфилар, қабрпарастлар ва бошқа тоифаларга раддия ўлароқ ёзган китобларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Шунингдек, қуйидагилар ҳам мутақаддим уламолар таълифларидан саналади:
- Ал-эътисом (Имом Шотибий).
- Иқтизоус сиротил мустақим (Ибн Таймия).
Бу китобда бидъатчиларга нисбатан жуда кўп танбеҳ ва дашномлар бор.
- Инкорул ҳаводиси вал-бидаъ (Ибн Ваззоҳ).
- Ал-ҳаводис вал-бидаъ (Тартуший).
- Ал-боис ала инкорил бидаъи вал-ҳаводис (Абу Шома).
- Ал-манҳажус суннатин набавийя фир-радди алар-рофизати вал-қадария (Ибн Таймия).
Замондош уламолар китобларига қуйидагиларни мисол келтириш мумкин:
- Ал-ибдоъ фий мазоррил ибтидоъ (Али Маҳфуз).
- Ас-сунан вал-мубтадаъотул мутааллиқати бил-азкори вас-салавот (Муҳаммад ибн Аҳмад).
- Рисолатут таҳзир минал-бидаъ (Абдулазиз ибн Боз).
Аллоҳга шукрким, уламоларимиз ҳали ҳам бидъатни инкор этиб, унинг аҳлига қарши китоблар ёзмоқдалар. Бу ҳаракатлар мусулмонларни бидъат ва хурофот кирлигидан поклашга ва бидъатни йўқотишга катта таъсир кўрсатади, иншааллоҳ.