Бошига мусибат тушганида норози бўлиб, ғазабланадиган киши ҳақида

    Савол:

    Бошига мусибат тушганида норози бўлиб, ғазабланадиган киши ҳақида?

    Жавоб:

    Одамлар мусибат пайтида тўрт даражада бўлишади.

    Биринчи даража: ғазабнок бўлиш. Бу ўзи бир неча хил бўлади:

    1. Дилидан ғазабнок бўлиши, парвардигорига аччиқ қилиши ва Унинг қадаридан норози бўлиши. Бундай қилиш ҳаромдир ва бу баъзан куфрга ҳам етказади. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида Аллоҳга бир четда (яъни сидқидилдан эмас, балки тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир. Бас, агар унга (диндор бўлгани шарофатидан) яхшилик етса, ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирон фитна-бахтсизлик етса (диндан) юз ўгириб кетур. У дунёю охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир» (Ҳаж: 11).
    2. Тил билан бўлиши, (ўзига) ўлим ва ҳалокат тилаб дуо қилиши ва ҳоказо. Бу ҳам ҳаромдир.
    3. Аъзолар билан бўлиши, ёқаларини йиртиши, юзларига уриб, сочларини юлиши каби. Буларнинг ҳаммаси ҳаром ва сабрга зид ишлардир.

    Иккинчи даража: сабр. Шоир айтганидек, «Сабр ўз номи билан, таъми аччиқ, бироқ оқибати асалдан шириндир». Бошига келган ушбу мусибат унга оғирлик қилади, лекин уни сабр-таҳаммул билан кўтаради. Ўша мусибатни ёмон кўради, бироқ иймони уни норозилик ва ғазабнок бўлишдан асрайди. Мусибатнинг келиши билан келмаслиги у учун баробар эмас. Мана шундай бўлиш мўмин учун вожибдир. Чунки, Аллоҳ таоло сабрга буюрган: «Сабр-тоқат қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир» (Анфол: 46).

    Учинчи даража: розилик. Бу эса инсон мусибатга рози бўлиши, мусибатнинг келиши билан келмаслиги у учун баробар бўлиши, уни оғир олмаслиги ва уни оғирлик ва сабр-тоқат билан кўтаришидир. Бундай қилиш мустаҳабдир, қувватлироқ сўзга кўра, вожиб эмасдир. Бу билан ундан олдинги даража ўртасидаги фарқ зоҳир. Чунки, бу одам учун мусибат келиши билан келмаслиги баробар бўлиб, у ҳар иккисига ҳам рози. Аммо, аввалги киши мусибатни оғир санайди, бироқ уни сабр билан таҳаммул қилади.

    Тўртинчи даража: шукр. Бу энг олий даража бўлиб, у ўзига етган мусибат учун Аллоҳга шукр бажо келтириш ва бу мусибат ўзининг гуноҳлари каффоратига сабаб бўлишини ва ажру-савоблари зиёда бўлишига сабаб бўлишини билиш билан ҳосил бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусулмон кишига етган машаққат, касаллик, ғам-ташвиш, ҳафагарчилик, азият, ҳатто баданига кирган бир тикан сабабли ҳам Аллоҳ таоло унинг гуноҳларидан ўчиради», деганлар (Муттафақун алайҳ).

    (Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин: Мажмуъул-фатава: 2/109).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962