Чин мусулмон

    Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

    Бизларни Исломга хидоят қилган Аллоҳга ҳамду санолар, Исломни гўзал кўринишда татбиқ қилган ва иймонни мукаммал суратда рўёбга чиқарган Пайғамбаримизга салавоту саломлар бўлсин.

    Ҳозирги замонда Ислом аҳлидан ҳисоблансалар-да, Исломнинг буйруқларига итоат қилмайдиган, Ислом таълимотларига риоя этмайдиган, Ислом ҳалол қилган нарсаларни ҳаром, ҳаром қилган нарсаларни ҳалол деб ҳисоблайдиган ва Ислом чизган чегаралар доирасида юрмайдиган кимсалар ҳам «мусулмон» деб номланмоқда. Балки Ислом аҳлига яҳудий ва насронийлардан кўра хатарли бўлган кимсалар «мусулмон» деб аталиши оддий ҳол бўлиб қолди. Зеро, Исломни даъво қилган хар бир киши мусулмон саналавермайди. «Мусулмон» аталган киши эса қилаётган амаллари унинг мусулмонлигини очиқ тасдиқламагунича чин мусулмон бўла олмайди. Ислом фақатгина умид, даъво ёки тил билан талаффуз қилинган қуруқ сўздан иборат эмас. Аллоҳ таоло деди: «Одамлар орасида шундай кимсалар борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик», дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар, бироқ ўзлари сезмаган ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар» (Бакара, 8-9).

    Кўпчилигимиз мўмин-мусулмонликни даъво қиламиз. Бироқ бу даъвомизга амалимиз ҳамоҳанг бўлмас экан, даъвомиз пуч даъволигича қолади. Шоир айтганидек:

    Ҳужжат келтирмаса даъволарига,
    Даъволари фақат қуруқ сўзлардир…

    Биз бугун қанчадан қанча мусулмонларнинг «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини такрор-такрор айтаётганларига гувоҳмиз. Уларнинг ёмонликка буюрувчи нафсларига, аҳли-оиласига ва уни қамраб олган гуноҳ ишларга ва бузуқлик ҳамда бузуқликка олиб борадиган воситларга бир назар солинг! Унинг сўзлари, амаллари, орзулари ва фикрларига боқинг! Кўпинча, унинг бу амаллари орасидан «Ла илаҳа иллаллоҳ»га зид бўлган ишларни топасиз. Бу одамлар «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини тил билан талаффуз қилинадиган қуруқ сўз, деб ўйлайдилар. Ҳатто бу сўз улар учун маъно-моҳиятдан холи бўлган совуқ сўзга айланиб қолган. Шу боис уларнинг иймонларини совуқ ва Раблари билан бўлган муомалаларини қотиб қолган ҳолатда кўрсангиз, ҳайратга тушманг!

    Ислом ҳашаматли бинога ўхшайди, унинг ҳам пойдевори ва устунлари бор. Каттаю кичикка маълум бўлганидек, Ислом устунлари – пойдеворлари бештадир. Хуллас, Исломнинг ҳақиқати Аллоҳ таолони улуҳият (маъбудлик), рубубият (парвардигорлик) ва исму сифатларида Аллоҳ учун лойиқ бўлган барча маъноларида якка деб билиш, демакдир. Бундан ташқари, Ислом ҳаётимизнинг барча жабҳаларида Аллоҳ таолога таслим бўлиб, бўйсунишдир. Шунингдек, Ислом Аллоҳ учун бўйсуниш, Аллоҳга таваккул қилиш, Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлиш, Аллоҳга фаровонлик ва қийинчилик кунларда илтижо қилишдир.

    Чин мусулмон намозларини жамоат билан ҳамда унинг шартлари, арконлари, вожиблари ва суннатларини жойига келтирган, хушу (хокисорлик) ва хузу (итоаткорлик) билан, намоздан малолланмаган, хаёлини жамлаган ва танбаллик қилмаган ҳолатда адо этаётганини кўрасиз. Сиз уни мол-мулкининг закотини самимийлик билан ва чин юракдан бераётганини, Рамазон ойида ўз ихтиёри, рағбати ва розилиги билан рўза тутишга интилаётгани, ҳалол моли ва итоаткор руҳи билан ҳаж қилаётганини кўрасиз. У доимо Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга каттаю кичик кўрсатмаларда чин дилдан ҳеч иккиланмай бўйсунади.

    Чин мусулмон фарз амалларни қилишга ҳарис бўлганидек, суннат амалларга ҳам ҳарис эканини кўрасиз. Чунки суннат амалларини қилишда сусткашлик фарз амалларини қилишда танбалликка олиб боради. Чин мусулмон катта гуноҳлардан қочганидек, кичик гуноҳлардан ҳам қочади. Чунки ҳаром ишлардаги эътиборсизлик ва кичик гуноҳларга қўл уриш катта гуноҳларни қилишга олиб боради.

    Чин мусулмон, масалан, «Соқол қўйиш суннат, уни олиб юрса ҳам бўлаверади. Ҳаромга қараш кичик гуноҳ, гоҳида қараб турса бўлаверади. Шимни тўпиқдан пастга тушириб кийишнинг зарари йўқ. Фалон иш мустаҳаб, уни тарк қилиш оддий иш», каби гапларни айтмайди. Бу сўзларни айтган одам эгнидаги Ислом кийимларини аста-аста ечаётган ва Ислом устунларини кемира бошлаган бўлади. Бу сўзларни айтган одам Ислом чўққисидан бир даража пастга, яна пастга ва охири ботқоқликка тушган бўлади. Бу сўзларни айтган одам Исломнинг тўғри йўлидан бир даража-бир даража бурилиб, охир-оқибат Исломдан узоқлашиб кетади.

    Бугун мусулмонлар бошига келган мусибатлар ҳамда кўриб турганимиз бу зоелик боиси улар Рабларидан узоқлашганлари ва дин ишларида сусткашлик қилганларидир. Аксар мусулмонлар баъзи диний ибодатларни адо этиш, намозларни ўқиш ва айрим диний вазифаларни бажариш билан: «Биз бу амалларимиз билан катта савоблар қозондик, Исломни ўзимизда мужассам этдик ва иймонни рўёбга чиқардик. Энди бизни жаннат кутиб турибди», деб ўйламоқдалар. Бироқ бу бечоралар эртаю кеч ғийбату бўҳтон, ҳаромга назар солиш, ҳаром нарсаларни ичиш, шимни тўпиқдан осилтириш каби банда эътибор бермайдиган, «зарар қилмайди» деб ўйлайдиган минглаб гуноҳларга қўл урмоқдалар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Гуноҳларни кичик санашдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки улар жамланса, бандани ҳалок қилади»,  деганлар[1].

    Хуллас, чин мусулмон бир буйруққа бўйсуниб, бошқасига бепарво қарамайди. Чунки у Исломнинг бўлинмайдиган яхлит дин эканини, Аллоҳнинг баъзи ҳукмларига итоат қилиб, бошқаларига итоат қилмаслик Аллоҳнинг амрларини бузиш ва уларни ўйинчоқ қилиб олиш эканини жуда яхши билади. Зеро, чин мусулмон бундай ишларни Аллоҳ таоло севмаслигини, балки буларни қиладиган одамларни қоралаб, уларга аламли азобларни ваъда қилганини ҳам яхши билади. Аллоҳ таоло айтади: «Китобнинг баъзисига иймон келтириб, баъзисига кофир бўласизми?! Сизлардан бундай ишни қиладиган кимсаларнинг жазоси дунёда хорлик ва шармандаликдир, охиратда эса Аллоҳ уларни даҳшатли дўзах азобига дучор этади. Аллоҳ сизлар қилаётган ишлардан ғофил эмасдир» (Бақара, 85).

    Чин мусулмон ҳаётининг ҳар бир сонияси ибодатдир. Унинг тасаввуридаги дин фақат тана ибодатларини адо этиш, кейин одамлар билан бўлган ҳаётини дин ва ибодатсиз ўтказиш, ҳаром нарсаларни еб-ичиш, ҳаром нарсаларни томоша қилиш, амали ва сўзида ҳаромга эрк бериш эмас. Зеро, бундай тушунчадаги одам Ислом ҳақиқатини ҳануз англамаган бўлади.

    Эй одамлар!

    Аллоҳдан қўрқинг! Динингизнинг чиройи, жамоли ва жозибасини ёмон иш ва сўзларингиз билан кетказманг! Аллоҳдан Ислом борасида қўрқинг, унинг софлигига пок қалбингиз, гўзал амалларингиз ва сўзларингиз билан далил бўлинг!

    Аллоҳ таоло ҳаммамизни ўзи севадиган ва рози бўладиган амалларга муваффақ айласин.

    Валлоҳу аълам.

    Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга, У зотнинг аҳли-оиласи ва барча саҳобаларига салавот ва саломлар йўлласин.

    Холис биродарингиз Абу Муҳаммад ал-Бухорий таржимаси.

    28.12.2002

    [1] Имом Аҳмад ривоят қилган, Албоний «саҳиҳ» деган.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963