Бизга боғланинг
Чорва молларининг закоти ҳақидаги боб
Билингки, Аллоҳ таоло закотни фарз қилган моллар сирасига чорва
ҳайвонлари, яъни, туя, қорамол, қўй-эчки ҳам киради. Аслида, улар закот
бериладиган молларнинг энг аввалида туради. Чорва молларига закот фарз
бўлиши ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган
бир қанча саҳиҳ ҳадислар далил бўлади, у зотнинг закот хусусидаги
мактублари, у зотдан сўнг халифаларининг закотнинг фарзлиги баёнидаги
мактублари ва уни йиғиш учун Мадина ташқарисидаги узоқ-яқин қабилаларга
ва умуман, Ислом оламининг чор-атроф ўлкаларига вакиллар юборганликлари
маъруф ва машҳурдир.
Закот туя, қорамол ва қўй-эчкиларда икки шарт билан фарз бўлади:
1) Уларни ишга солиш учун эмас, балки сут-қатиқ ва
насл олиш учун боқилаётган бўлиши. Чунки, шундай бўлганида унинг
фойдаси кўпроқ, ўсиб-кўпайиши эҳтимоли кучлироқ бўлади.
2) Яйловда боқилаётган бўлиши. Чунки, Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Соима (яъни, яйловда юрган) туяда
ҳар қирқтасига битта ибнату лабун (яъни, 2 ёшни тўлдириб, 3 ёшга ўтган
туя) (закот қилиб чиқарилади)», деганлар (Аҳмад (5/2, №20016, Абу
Довуд (1575), Насоий (2444) ривоятлари). Соима деб яйловда боқиладиган
ҳайвонга айтилади. Йил бўйи ёки йилнинг кўп қисмида сотиб олиб ёки
йиғиб келтирилган ем-хашак билан боқиладиган ҳайвонларда закот фарз
бўлмайди.
Биринчи: Туянинг закоти
Юқорида айтилган шартлар топилган ҳолда ҳар 5та туяга 1та қўй, ҳар
10та туяга 2та қўй, ҳар 15та туяга 3та қўй, ҳар йигирмата туяга 4та қўй
закот чиқариш фарз бўлади. Бунга суннат ва ижмоъ далил бўлади.
Туялар сони 25тага етганда 1та бинт махоз, яъни, 1 ёшни тўлдириб, 2
ёшга ўтган урғочи туя берилади. Бинт махоз (бўғоз туянинг урғочи
боласи) деб номланишига сабаб – унинг онаси аксарият ҳолларда бўғоз
бўлади. Лекин, онасининг бўғоз бўлиши шарт қилинмайди, бу фақат у учун
таъриф нуқтаи назаридан айтилган сўздир. Агар бинт махоз топилмаса,
унинг ўрнига ибн лабун (2 ёшни тўлдириб, 3 ёшга ўтган эркак туя)
берилса кифоя қилади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Агар туялари ичида бинт махоз бўлмаса, ибн лабун беради»,
деганлар (Абу Довуд (1567) Анас розияллоҳу анҳудан ривояти).
Агар туялар сони 36тага етса, унда бинт лабун бериш фарз бўлади.
Чунки, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Агар
36тадан 45тагача бўлса, битта урғочи бинт лабун берилади»,
дейилган (Бухорий (1454) ривояти). Бунга ижмоъ ҳам далил бўлади. Бинт
лабун 2 ёшни тўлдирган урғочи туядир, бинт лабун (соғин туянинг урғочи
боласи) деб номланишига сабаб – унинг онаси кўпинча қорнидаги боласини
туққан ва сут бераётган ҳолда бўлади. Лекин, айни шундай ҳолда бўлиши
шарт эмас, бу аксарият ҳолатдан келиб чиқиб, бинт лабунга таъриф
жиҳатидан айтилган сўздир.
Туялар сони 46тага етса, битта ҳиққа, яъни, 3 ёшни тўлдирган урғочи
туя бериш фарз бўлади. Ҳиққа (лойиқ) деб номланишига сабаб – шу ёшга
кирган урғочи туя қочирилиш ва бўғоз бўлишга, устига юк ортиш ва
минилишга лойиқ саналади.
Туялар сони 61тага етса, унда битта жазаъа, яъни, 4 ёшни тўлдирган
урғочи туя бериш фарз бўлади. Жазаъа (тиши тушган) деб номланишига
сабаб – шу ёшга етганда тиши тушади. Ушбу миқдордаги туялардан жазаъа
берилишига далил «Саҳиҳ»да келган ҳадисдир: «61тадан
75тагача битта жазаъа» (юқоридаги ҳадис). Уламолар шунга ижмоъ
қилганлар.
Агар туялар сони 76тага етса, унда 2та бинт лабун бериш фарз
бўлади. Чунки, саҳиҳ ҳадисда айтилганидек: «76тадан 90тагача
иккита бинт лабун» (юқоридаги ҳадис).
Туялар сони 91тага етса, унда 2та ҳиққа бериш фарз бўлади. Чунки,
саҳиҳ ҳадисда айтилганидек: «91дан 120гача қочирилишга яроқли
иккита ҳиққа» (юқоридаги ҳадис). Бунга ижмоъ ҳам далилдир.
Агар туялар сони 120тадан ортса, 3та бинт лабун бериш фарз бўлади.
Юқоридаги ҳадисда келгандек: «Туялар сони 120тадан ошиқ бўлганда
ҳар 40тасига биттадан бинт лабун, ҳар 50тасига биттадан ҳиққа
берилади».
Иккинчи: Қорамолнинг закоти
Қорамолдан закот берилиши нас (оят ва ҳадисдан бўлган далил) ҳамда
ижмоъ билан фарздир. «Саҳиҳайн»да Жобир розияллоҳу анҳудан
ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қай
бир кишининг туя, сигир ё қўйлари бўлиб, уларнинг закотини адо қилмаса,
қиёмат куни (ўша жониворларни) энг катта ва энг семиз кўринишида олиб
келинади, улар уни шохлари билан сузишади, туёқлари билан эзғилашади
(Муслим (988) Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган, Бухорий (1204) ва
Муслимда (987) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳам шу маънода ҳадис
ривоят қилинган).
Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилнишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу
алайҳи ва саллам уни Яманга юборганларида қорамолнинг закотини ҳар 30та
молга битта табиъ (1 яшарли мол), 40та молга битта мусинна (2 яшарли
мол) олишга буюрганлар (Термизий (623) ва Аҳмад (5/230, №22013) ривоят
қилганлар).
Демак, қорамолар сони 30тага етса, 1та эркак ё урғочи табиъ, яъни,
бир ёшни тўлдириб, иккинчи ёшга ўтган мол бериш фарз бўлади. Табиъ
(эргашувчи) деб номланишига сабаб – одатда бу ёшдаги моллар яйловда
онасига эргашиб юради.
Ўттизтадан кам бўлганда закот фарз бўлмайди. Муоз розияллоҳу
анҳунинг ҳадиси бунга далил бўлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи
ва саллам мени Яманга юборганларида қорамолдан то ўттизтага етмагунича
ҳеч нарса олмаслигимга буюрдилар» (юқоридаги ҳадис).
Сигирлар сони 40тага етса, унда битта мусинна, яъни, икки ёшни
тўлдирган сигир берилади. Муоз розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда
келганидек: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ҳар
ўттизта молдан битта эркак ёки урғочи табиъ олишни, ҳар қирқтадан битта
мусинна олишни буюрдилар» («Сунан» соҳиблари ривоят
қилганлар, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким саҳиҳ санаганлар).
Қорамоллар сони 40тадан зиёда бўлса, ҳар 30тасида 1та табиъ, ҳар
40тасида 1та мусинна фарз бўлади.
Мусинна икки ёшли сигир бўлиб, тиши (ёши) зиёда кўп бўлгани
учун мусинна (тишли ёки ёши катта) деб номланган, уни санийя деб ҳам
атайдилар.
Учинчи: Қўй-эчкилар закоти
Қўй-эчкиларга закот фарзлиги суннат ва ижмоъ далили билан
асосланади. «Саҳиҳ»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят
қилинишича, Абу Бакр розияллоҳу анҳу унга қуйидаги мактубни битган
эканлар: «Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонларга
фарз қилган ва Аллоҳ таоло Ўзининг Пайғамбарига буюрган фарз садақа
(закот) нисобидир… Яйловда боқиладиган қўйларнинг закот нисоби:
40тадан 120тагача бўлганда битта қўй…» (Бухорий (1454) ривояти).
Агар қўй-эчкилар сони 40тага етса, 1та қўй, яъни, қўйнинг жазаъи,
эчкининг санийясини бериш фарз бўлади. Сувайд ибн Ғафала ривоят
қилишича: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг
садақа йиғишга юборган вакили келиб: «Қўйдан жазаъасини, эчкидан
санийясини олишга буюрилдик», деди» (Абу Довуд (1581)
ривояти). Қўйнинг жазаъи – олти ойни тўлдиргани, эчкининг санийяси –
бир ёшга тўлганидир.
Қўйлар сони 40тага етмаса, закот фарз бўлмайди.
«Саҳиҳ»да Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳадисида келганидек:
«Кишининг яйловда боқиладиган қўйлари 40тадан битта кам бўлса ҳам
унга садақа (закот) фарз бўлмайди, фақат эгаси ўзи хоҳласа (бериши
мумкин)».
Қўйлар сони 121тага етса, унда 2та қўй бериш фарз бўлади. Юқорида
ўтган Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳадисида келганидек: «120тадан
ошиғи то 200тагача бўлганда иккита қўй берилади».
Қўйлар сони 201тага етса, унда 3та қўй бериш фарз бўлади. Юқорида
ўтган Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳадисида келганидек: «200дан
зиёдаси то 300тагача бўлганда учта қўй берилади».
Мана шу миқдордан кейин ҳар 100та қўйга биттадан қўй бериб
борилаверади, 400тага 4та қўй, 500тага 5та қўй, 600тага 6та қўй ва
ҳоказо.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам, Умар розияллоҳу анҳу ҳам то
вафотларигача амал қилган садақотлар ҳақидаги мактубда айтилишича:
«Қўйлар 40тадан 120тагача бўлганда 1та қўй берилади. Агар бунга
битта қўй зиёда бўлса, то 200тагача 2та қўй берилади. Агар бунга битта
қўй зиёда бўлса, то 300тагача 3та қўй берилади. Бундан зиёдасига то
400тага етгунича ҳеч нарса берилмайди. Қўйлар кўп бўлганида ҳар 100та
қўйдан битта қўй берилади» (Насоийдан ташқари бешовлари ривоят
қилганлар).
Қурбонликка ярамайдиган даражадаги қари, айбли-ногирон қўй закотга
берилмайди, фақат ҳамма қўйлар шунақа бўлсагина, олиш жоиз бўлади.
Шунингдек, бўғоз қўй, болалик (эмизикли) қўй, қочирилган қўйни
олинмайди, чунки қочирилган қўй бўғоз бўлиши эҳтимоли бор.
«Саҳиҳайн»да Абу Бакр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда
айтилганидек: «Садақага қари, айбли қўй ва сурувнинг қўчқори
олинмайди, фақат садақа қилувчи ўзи хоҳласа (қўчқорни олиш
мумкин)» (Бухорий (1455) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Аллоҳ таоло айтади: «Эҳсон қилиш учун улардан ўзингиз фақат
кўз юмиб туриб оладиган — паст-нопокларини танламангиз!» (Бақара:
267).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «… Лекин,
ўртача молларингиздан, чунки, Аллоҳ таоло сизлардан молларингизнинг энг
яхшисини сўрамади ва энг ёмонини беришга буюрмади» (Абу Довуд
(1582) Абдуллоҳ ибн Муовия ал-Ғодирий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
Энг яхши ва эгасига суюмли бўлган, шунингдек, ейиш учун боқилаётган
семиз ва хўра мол-қўйлар ҳам олинмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юборганларида:
«Энг яхши ва нафис молларини олишдан сақланинг», деганлар
(Муттафақун алайҳ).
Закот учун ўртача молни олинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва
саллам айтганларидек: «… Лекин, ўртача
молларингиздан…». Сурувдаги қўйларнинг ҳаммаси касал бўлса,
закот учун касал қўй олинади. Чунки, закот мувосот (ҳамдардлик,
ҳамкорлик асосида) фарз бўлган. Касал ҳайвонлардан закот сифатида соғ
ҳайвонни талаб қилиш ушбу қоидани бузиш саналади. Хусусан, қўйларнинг
закотида ҳаммаси майда қўй бўлса, майда қўй олинади.
Агар мол эгаси фарз бўлганидан кўра яхшироқ ва афзалроғини беришни
истаса, ўзи учун яхши ва савоби кўпроқ бўлади.
Агар моллар катта-кичик, соғу-касал, эркагу-урғочи ҳаммаси аралаш
бўлса, икки хил молнинг қиймати миқдорига қараб, соғлом ва катта урғочи
жониворни олинади. Катта молларнинг қийматини чиқариб, уларда фарз
бўлган миқдор билинади, сўнг кичкиналарнинг қийматини чиқариб, уларда
фарз бўлган миқдорни билинади. Сўнгра адолат билан, ўртасини олинади.
Соғлом ва айбли, эркак ва урғочилар хусусида ҳам гап шу. Закотдан
деб чиқарилаётган молнинг қиймати агар катта, соғлом ҳайвонлар ҳисобида
йигирмага тенг бўлса, майда ва касал ҳайвонлар ҳисобида ўнга тенг
бўлса, унинг ҳам, бунинг ҳам ярмини, яъни ўн бешга ҳисоб қилиб
чиқарилади.
Чорва ҳайвонлари закотига доир мавзулардан яна бири – хулта
(аралаш), яъни икки ё ундан ортиқ киши ўртасида бўлган шерикчилик чорва
молнинг ҳукмини билишдир. Шериклик мол икки турлидир:
1) Хулта аъён – молнинг асли шериклик, бир
кишининг улуши иккинчисининг улушидан ажралган эмас. Чорва молининг
ярми ё учдан бири ё тўртдан бири бировига тегишли бўлгани каби.
2) Хулта авсоф – баъзи сифатларда шериклик,
шериклардан ҳар бирининг улуши иккинчисининг улушидан ажралган ва
таниқлик, лекин молларнинг ҳаммаси бир жойда туради.
Ҳар икки турдаги аралаш-шерикликнинг закотни фарз бўлиши ёки соқит
бўлишида, оғирроқ ёки енгилроқ бўлишида таъсири бор. Шерикликнинг ҳар
икки тури ҳам бир неча шартлар билан аралаш молларни битта молга
айлантириб қўяди:
Биринчи шарт: Молнинг йиғиндиси нисобга етган бўлиши. Агар нисобдан
кам бўлса, закот фарз бўлмайди. Бу ердаги мақсуд – гарчи, шериклардан
бирининг моли нисобдан кам бўлса ҳам, молнинг йиғиндиси нисобга
етишидир.
Иккинчи шарт: Ҳар икки шериклик молнинг эгаси закот фарз бўладиган
кишилардан бўлиши. Агар биттаси закот аҳлидан бўлмаса, яъни масалан,
кофир бўлса, ҳар икки қисмнинг ҳукми алоҳида бўлади.
Учинчи шарт:
– Шериклик моллар битта қўрада туриши;
– Битта яйловда ўтлаши; бирининг чорваси битта ўтлоқда,
иккинчисининг чорваси бошқа ўтлоқда ўтлайдиган бўлса, шерикликка
ўтмайди.
– Сути соғиладиган жойи битта бўлиши; агар шериклардан бири ўз
молларини бир жойда, иккинчиси бошқа жойда соғса, шерикликка ўтмайди.
– Фаҳли (қочирувчи қўчқори, буқаси, нортуяси) битта бўлиши ва ҳар
бирининг алоҳида фаҳли бўлмаслиги, чорвалари битта фаҳлдан
қочириладиган бўлиши.
Ушбу шартлар топилса, икки аралаш моллар битта молдек ҳисоб
қилинади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Садақадан қўрқиб, тарқоқларни бир-бирига қўшилмайди, бир
жойдагиларни бир-биридан ажратилмайди, шерикчилик бўлган молда ҳар икки
шерик ҳам баб-баробар бир-бирига (ўтиб кетган ҳақни)
қайтарадилар» (Термизий (621), Абу Довуд (1580), Насоий (2457),
Ибн Можа (1801) ривоятлари, Термизий саҳиҳ санаган).
Агар бир кишининг битта қўйи, иккинчисининг ўттиз тўққизта қўйи
бўлса, ёки қирқ кишининг биттадан, қирқта қўйи бўлса, юқоридаги шартлар
топилган ҳолда бир йил тўла аралаш-шерик бўлиб юрган бўлсалар, улардан
ҳар бири ўз қўйининг кўп-оз ё катта-кичиклигига қараб, ўртада битта
қўйни закотга чиқарадилар.
Биринчи кўринишда битта қўй эгаси бир қўйнинг қирқдан бир бўлагини,
39та қўй эгаси эса қолганини беради.
Иккинчи кўринишда эса қирқ кишининг ҳар бирига бир қўйнинг қирқдан
бир қисмини бериш фарз бўлади.
Агар уч кишининг ҳар бирида қирқтадан, жами 120та қўйлари бўлса,
учаласи битта қўй берадилар.
Жумҳур уламо фикрига кўра, бир кишининг бир неча яйловда
алоҳида-алоҳида қилиб боқилаётган қўйлари бўлса, бунинг закотга таъсири
бўлмайди, ҳукмда уларни бир-бирига қўшиб юборилади. Имом Аҳмад фикрига
кўра, бир кишининг қўйлари бўлиб боқилаётган яйловлар ораси намозни
қаср ўқиш масофасича бўлса, улардан ҳар бирининг ҳукми алоҳида бўлади.
Агар нисобга етган бўлса, закот берилади, нисобдан кам бўлса,
берилмайди, уларни бир-бирига қўшилмайди. Жумҳурнинг фикри кучлироқ,
валлоҳу аълам.