Бизга боғланинг
Чошгоҳ (зуҳо) намози ҳақидаги боб
Мусулмон биродар! Чошгоҳ намози ҳақида кўп ҳадислар келган. Жумладан:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Халилим – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам – менга уч нарсани: ҳар ойда уч кун рўза тутишни, (кунда) икки ракъат чошгоҳ намозини ҳамда ухлашдан аввал витр намозини ўқишни васият қилганлар» (Бухорий (1178), Муслим (721) ривоятлари).
Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чошгоҳ намозини (қўймай) ўқирдилар, ҳатто биз: «Энди тарк қилмасалар керак» деб ўйлаб қолардик, (баъзан) уни тарк қилардилар, ҳатто биз: «Энди ўқимасалар керак» деб қолардик» (Аҳмад (3/21, №11155) ва Термизий (477) ривоятлари).
Чошгоҳ намозининг энг ози икки ракъатдир. Чунки, юқоридаги Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳадисида «икки ракъат чошгоҳ намозини» деб келган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Ким субҳ намозидан бурилгач, то икки ракъат чошгоҳ намозини ўқигунча фақат яхши сўзни сўзлаб намозгоҳида ўтирса, гуноҳлари денгиз кўпикларидан ҳам кўп бўлса-да кечирилади», дейилган (Абу Довуд (1287) ривояти).
Унинг кўпи саккиз ракъатдир. Чунки, Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳо ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фатҳ йилида чошгоҳ намозини саккиз ракъат ўқиганлар (Бухорий (350), Муслим (336) ривоятлари).
Муоз розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чошгоҳ намозини ўқирмидилар?», деб сўраганида: «Ҳа, тўрт ракъат ва ундан зиёда Аллоҳ хоҳлаганича ўқир эдилар», деб жавоб берганлар. (Имом Муслим (719) ривояти).
Чошгоҳ намози вақти кун чиқиб, найза бўйи кўтарилган пайтдан бошлаб то
заволдан – яъни, кун тиккага келиш вақтидан – озгина аввалгача давом этади.
Афзали – кун қизиган пайтда ўқишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Аввобларнинг (яъни, тавбага бош урувчиларнинг) намози қум бўталоқларнинг
оёқларини куйдирадиган пайтдадир» деганлар (Имом Муслим (748) Зайд ибн Арқам
розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).