Даъватчига оид савол-жавоблар

    Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

    Аммо баъд:

    1-савол: Инсонларни Аллоҳга чақириш, даъват қилиш ишини Ислом уммати ичидан ким биринчи бўлиб бошлаган?

    Жавоб: Бу муборак умматнинг илк даъватчиси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй Пайғамбар, дарҳақиқат, Биз сизни гувоҳлик берувчи, хушхабар элтувчи ва огоҳлантирувчи ҳамда Аллоҳнинг изни-иродаси билан У Зотга даъват қилувчи қилиб ва нурли чироқ қилиб юборгандирмиз” (Аҳзоб, 45-46).

    2-савол: Севимли Пайғамбаримиздан – соллаллоҳу алайҳи ва саллам – сўнг бу ишни ким давом эттиради?

    Жавоб: У зотга уммат бўлган, эргашган мўмин-мусулмонлар давом эттирадилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшилкка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар” (Тавба: 71). “Аллоҳга даъват қилган ва ўзи ҳам яхши амал қилиб, “шак-шубҳасиз, мен мусулмонлардандирман”, деган кишидан ҳам чиройлироқ сўзлагувчи ким бор?” (Фуссилат: 33).

    3-савол: Мусулмон одам бошқалар билан иши бўлмай, фақат ўзини тузатиб, билганига амал қилиб юрса кифоя эмасми?

    Жавоб: Йўқ, бу кифоя эмас. Чунки, Аллоҳ таоло мўминларга қуйидагича хитоб қилган: “Эй мўминлар, сизларнинг орангизда яхшиликка чорлайдиган, маъруфга – яхши иш экани шаръан ва ақлан билинган нарсага – буюрадиган ва мункардан – ёмон иш экани шаръан ва ақлан билинган нарсадан – қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар ноз-неъматли жаннатларга эришувчи кишилардир. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Мендан бир оятни бўлса-да етказинглар”, деб марҳамат қилганлар. Абу Бакр разиялллоҳу анҳу одамлар олдида хутбага туриб деди: Эй одамлар сизлар: «Эй иймон келтирганлар агар сизлар ҳидоятда бўлсангизлар адашганларнинг адашиши сизларга зарар бермайди» (Моида: 105) оятини ўқийсизлар ва уни ўз ўрнидан бошқа ўринга қўясизлар. Мен Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламдан: «Одамлар мункар ишни кўрсалар ва уни ўзгартирмасалар Аллоҳ уларга оммавий бало юбориши мумкин.», деганларини эшитганман.

    4-савол: Даъват қилишда ёшнинг, жинснинг фарқи борми?

    Жавоб: Даъват иши ҳар бир балоғатга етган, ақлли эркак-аёл мусулмоннинг вазифасидир.

    5-савол: Бу иш олиму уламоларга юкланган эмас-ми?

    Жавоб: Йўқ, даъват иши барчага тегишлидир. Уламоларнинг вазифалари эса бу ишда пешқадам бўлиб, Аллоҳ ато қилган илмга таяниб, Исломнинг тафсилотларини баён қилиб, умматга керакли йўл-йўриқларни кўрсатишдир.

    6-савол: Бу ишга якка шахснинг бел боғлагани яхшими ёки жамоа бўлиб ишлаган маъқулми?

    Жавоб: Авваламбор бу ишга ҳар бир кишининг ўзи бел боғлаган бўлиши лозим, аммо жамоа бўлиб ишлаганда келадиган натижалар анча салмоқли бўлади. Аллоҳ: “(Эй мўминлар), сиз яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз”, деб амр қилган. (Моида, 2)

    7-савол: Ҳамма ҳам даъват қилиш учун етарли билимга эга эмас, бундай ҳолда қандай йўл тутиш керак?

    Жавоб: Албатта, ҳамма ишнинг бошида илм туради. Илмсиз амал тўғри бўлмайди. Лекин мусулмон одамнинг ўз динига доир маълумотлардан хабардор бўлиши табиийдир. Унга ўзи яхши билган нарсаларни бошқаларга етказиш вожиб. Қолаверса, киши даъват ишига моли билан, фикри билан ёки эгаллаб турган мансаби билан ҳам ҳисса қўшиши мумкин.

    8-савол: Даъват учун қанча вақт ажратиш керак?

    Жавоб: Даъват учун муайян вақт ажратилмайди, балки мусулмон одамнинг барча ҳатти-ҳаракатлари даъват бўлиши керак. Шунингдек мўмин банда Нуҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўз қавмларини туну кун Аллоҳга чақиргани, Юсуф соллаллоҳу алайҳи ва саллам қамоқда эканида ҳам даъват билан машғул бўлганликларини унутмаслиги зарур.

    9-савол: Одамлар даъватни қабул қилмасалар, уларни куч билан қабул қилдириладими?

    Жавоб: Йўқ. Чунки, даъватчининг вазифаси етказишдир, натижа, ҳидоят эса Аллоҳдан. “Пайғамбар зиммасида эса фақат (Аллоҳ фармонини бандаларга) очиқ-равшан етказишгина бордир” (Анкабут: 18)

    10-савол: Даъват учун ҳақ олиш мумкинми?

    Жавоб: Даъват мусулмоннинг вазифаси. Ҳақини эса Аллоҳдан олади. Даъват пул топиш, мақтов эшитиш, обрў орттириш учун қилинадиган иш эмас. Аллоҳ Пайғамбар соллалоҳу алайҳи ва саллам тилидан шундай деди: “Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман”. (Шўро: 23) Бироқ, мусулмонлар даъват учун вақт ажратмайдиган бўлсалар, айрим кишилар фақат даъват билан шуғулланиб, тирикчилик учун фурсатлари бўлмаса, байтул мол ёки давлат ажратган маошни олишлари жоиз.

    11-савол: Даъватчининг заҳираси нималардан ташкил топади?

    Жавоб: Бу ерда ҳеч қачон кўздан қочирмаслик лозим бўлган, даъватнинг кучини таъминлайдиган уч нарса бор. Улар:

    а)Соғлом илм. Илмсиз амал муваффақиятсизликка маҳкум. Бундай билим асосини Қуръони Карим маъноларини соғлом ақида асосида қилинган тафсирлар орқали тушуниш, Пайғамбар соллалоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини ҳам айни асосдаги шарҳлардан ўқиб ўрганиш ташкил этади.

    б) Содиқ имон. Даъватчи ўзи даъват этаётган дин Аллоҳ ҳузурида мақбул дин экани ва энг тўғри йўл Ислом йўли эканига сидқидилдан ишонмоғи керак. Бундай имон бандага Раббини, Раббига эса бандасини севдиради. Аллоҳ таоло: “Аллоҳ уларни яхши кўрар, улар Аллоҳни яхши кўрарлар”, деган. (Моида: 54). Аллоҳнинг буюклиги, Унинг исм-сифатларининг маънолари ҳақида, Еру Осмон ва улардаги нарсалар ҳақида фикр қилиш бу ишда роса қўл келади.

    в) Қаттиқ боғланиш. Яъни, даъватчининг Аллоҳга гўдак онасига боғланганидек боғлиқ бўлиши, унга таваккал қилиши, фойдани ҳам, зарарни ҳам фақатгина Аллоҳ беришини зеҳнидан бир зум ҳам қочирмаслиги.

    12-савол: Баъзида даъватчининг умидсизлик ҳисси эгаллайди. Бундай ҳолатда унга нима қилиш тавсия этилади?

    Жавоб: Даъватчи ноумид бўлмасдан даъватида давом этиши ва Пайғамбарларнинг сўнггиси бўлган Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва саллам сиратларига қараши, Макка аҳли даъватга ижобат қилавермаган пайтда осмондан тоғлар фариштаси тушиб Маккани ўраб турган икки тоғни бириктриб, Макка аҳолисини йўқ қилиб юборишни сўраганда ул зот берган жавобни эслаши ва қиёмат куни айрим пайғамбарлар биронта эргашувчиси бўлмаган ҳолда ёлғиз келишини ёдда тутиши тавсия этилади.

    13-савол: Аллоҳнинг даъватчи мўминларни доимо қўллаб-қувватлаши ҳақида бирор ваъдаси борми?

    Жавоб: Ҳа, бор. Роббимиз азза ва жалла марҳамат қилди: «(Эй Мусо), сен ўзинг ва оғанг (Ҳорун) Менинг мўъжизаларимни (одамларга) олиб боринглар ва Мени зикр қилиб — ёдингизда тутишда сусткашлик қилманглар! Сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, чунки («Мен худоман», деб у) ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса. Улар дедилар: «Парвардигоро, дарҳақиқат биз (агар уни Сенга иймон келтиришга даъват этсак) у шошқалоқлик (билан бизни азобга гирифтор) қилишидан ёки баттар туғёнга тушишидан хавфдамиз. (Аллоҳ) айтди: «Қўрқманглар. Шак-шубҳасиз Мен сизлар билан биргаман – эшитиб, кўриб турурман.» (Тоҳа: 42-46) «Агар сизлар унга (яъни, пайғамбарга) ёрдам қилмасангиз (Аллоҳнинг Ўзи унга ёрдам қилур). Уни кофирлар икки кишининг бири бўлган ҳолида (яъни, бир ҳамроҳи билан Маккадан) ҳайдаб чиқарганларида, унга Аллоҳ ёрдам берди-ку. Ўшанда икковлон ғорда бўлган пайтларида ҳамроҳига: «Ғамгин бўлма, шубҳасиз, Аллоҳ биз билан биргадир», дер экан, Аллоҳ унинг устига хотиржамлик туширди ва уни сизлар кўрмаган лашкарлар (яъни, фаришталар) билан қўллаб-қувватлади ҳамда кофир бўлган кимсаларнинг сўзларини тубан қилиб қўйди, Аллоҳнинг сўзигина юксак сўздир. Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир.» (Тавба: 40) «Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни, динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз, Аллоҳ Кучли, Қудратлидир». (Ҳаж, 40)

    14-савол: Даъватчи хулқланиши керак бўлган сифатларга тўхталсангиз.

    Жавоб: Даъватчида бўлиши талаб этиладиган, ишнинг муваффақиятини таъминлайдиган сифатлар ушбулардир:

    1. Ростгўйлик. Аллоҳ айтади: “Эй мўминлар, Аллоҳдан кўрқингиз ва (имонларида) ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!”. (Тавба, 119). Яъни даъват аҳлининг амалда ва сўзда ростгўй ва ихлосли бўлишлари матлубдир.

    2. Сабр. Аллоҳ айтади: “Улар сабр-тоқат қилишгач, Биз улардан Бизнинг амримиз билан (одамларни) ҳидоят қиладиган пешволарни чиқардик”. (Сажда: 24). Сабр деганда нафақат бало-мусибатга сабрни, балки Аллоҳга тоат қилишда сабр ва гуноҳдан тийилишдаги сабр қилишни ҳам тушунилади.

    3. Раҳм-шафқат. Аллоҳ айтади: “(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг машаққат чекишингиздан қийналувчи, сизларнинг (ҳақ дига келишингизга) ташна бўлган ва барча мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган бир Пайғамбар келди-ку!”. (Тавба, 128) Пайғамбар соллалоҳу алайҳи ва саллам даъватчи учун энг катта намунадирлар.

    4. Тавозе. Аллоҳ айтади: “Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, уларга хуш хулқ билан камтарона муомалада бўлинг)”. (Шуаро, 215)

    5. Ҳалимлик. «Эй пайғамбар, Аллоҳнинг сизга ва асҳобингизга бўлган раҳмати туфайли сиз асҳобингизга юмшоқ кўнгил ва меҳрибон бўлдингиз. Агар ёмон ҳулқли, тошбағир бўлганингизда, асҳобингиз атрофингиздан кетиб қолишган бўларди.» (Оли Имрон: 159)

    6. Инсоф ва адолат. Аллоҳ айтади: “Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилинг! Шу тақвога яқинроқдир”. (Моида, 8)

    15-савол: Юқорида саналган сифатларнинг даъватдаги таъсирини қисқача шарҳлаб ўтсангиз.

    Жавоб: Биринчи: Ўзи бажараётган амалда ростгўй, ихлосли бўлган кишининг юзидан, сўзидан, товушидан ҳам ростгўйлиги билиниб туради ва айтган сўзининг қабул бўлишига сабаб бўлади.

    Иккинчи: Сабр ҳар қандай қийинчиликларга қарамай, йўлда сабот билан давом этишдир. Бу эса бошланган ишнинг давомийлигини таъминлайди.

    Учинчи: Даъватчидаги раҳм-шафқат, меҳрибонлик туйғуси ўзига етказилаётган азиятларни енгишга катта ёрдам беради. Чунки, у жоҳилларга юқори чўққидан назар ташлаб, уларни нодонликлари сабабли ёш бола мисоли кўради ва уларнинг берган озорларига меҳрибонлик туйғуси билан жавоб қайтаради. Қолаверса, бу ҳислат одамларнинг даъватдан безиб, қочиб кетмасликларини таъминлайди.

    Тўртинчи: Тавозенинг акси кибрдир. Ўзининг кимлигини, Роббининг кимлигини билмагангина кибр қилади. Одамлар ўзини улардан юқори тутувчи кишининг гапини ҳар қанча рост, тўғри бўлса ҳам қабул қилмайдилар. Бу сифат шунинг олдини олади.

    Бешинчи: Ҳалимлик яхши хислатларнинг тожидир. Зеро, ҳалимлик қайси нарсада бўлса уни зийнатлайди, қайси нарсадан суғуриб олинса уни нуқсонли қилади.

    Олтинчи: Инсоф ва адолат. Бир сўз билан айтганда, ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳақини беришдир. Шунинг учун ҳам даъватчи ҳолатни чуқур англаши, унинг ёмон томонларини кўра олганидек, яхши томонини ҳам кўра олиши ва бундан унумли фойдаланиши лозим бўлади.

    16-савол: Даъватчининг ўз вазифасини бажариши давомида фитнага учрашига қандай қараш керак?

    Жавоб: Аллоҳ таоло бандаларни турли йўллар билан синаб туради: “Одамлар: “имон келтирдик”, дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйлайдиларми?! Ҳолбуки, Биз улардан аввалги (имон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку! Бас, (шу имтиҳон воситасида) албатта Аллоҳ (“имон келтирдик”, деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур”. (Анкабут, 2)

    Бундан маълум бўлмоқдаки, Аллоҳ бандаларни хоҳлаган пайтда, хоҳлаган усулда синаши, бу билан уларнинг қанчалик ростгўй ёки ёлғончи эканликларини юзага чиқариши мумкин экан.

    17-савол: Даъватчи синовлар қаршисида ўзини қандай тутиши керак?

    Жавоб: Аввало у ўз ишини Қуръони Карим кўрсатмалари асосида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатиб берганларидек ташкил этиб, ўзи яшаб турган жойдаги вазиятни тўғри баҳолаб, ақл билан иш қилиши, ўзига азият етмаслиги учун барча шаръий имкониятларни ишга солиши керак. Шунда ҳам озор етадиган бўлса, сабр қилиб, Аллоҳнинг ажру савобидан умидвор бўлиши керак.

    18-савол: Даъватчи ўзини ўзи балога гирифтор этишига Ислом рухсат берадими?

    Жавоб: Инсон ўзини балога ва мусибатга гирифтор этиши ман этилади, балки ундан узоқ бўлиши, унинг йўлини тўсиши талаб этилади. Чунки, буларнинг оқибати нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Мусулмонлар бундай бало-мусибатлардан қутулиш учун Ҳабашистонга ва Мадинага ҳижрат қилганликлари тарихдан маълум. Қолверса, инсонларнинг танаси ўз мулки эмас, унда ўзи хоҳлаганча тасарруф этишга, уни беҳуда қурбон қилишга ҳаққи йўқ.

    19-cавол: Келиши мумкин бўлган балони қайтариш учун мусулмон бўлмаганлардан ёрдам олса бўладими?

    Жавоб: Агар даъват ишига халал етмайдиган бўлса жоиз. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кофир амакилари Абу Толибдан ўзларига етган озорларни даф қилиш учун фойдаланганлар, унинг ҳимоясига кирганлар.

    20-савол: Даъватчининг одамларга аралашиш ёки аралашмаслигидаги меъёр нима?

    Жавоб: Одамларга аралашишнинг ҳам, уларга аралашмасликнинг ҳам ўз ўрни бор ва вақти бор. Даъватчи Аллоҳ уни кўришни яхши кўрадиган жойда, албатта ҳозир бўлиши керак. Ўз-ўзидан маълумки, одамларга аралашмай туриб уларни даъват қилиб бўлмайди. Демак, одамларни Аллоҳга чақириш мақсадида уларга аралашиш лозим экан. Даъват мақсадида аралашиш ҳолатга қараб вожиб, мубоҳ, макруҳ, ҳаром ҳукмини олиши мумкин. Масалан, даъват қилиш имкони, одамларнинг эҳтиёжи бўлган ва даъватчида ҳам етарли илм бўлган пайтда улар ичига кириб даъват қилиш вожиб, уларга аралашмай даъватни тарк қилиш ҳаром. Бошқалар бу ишни бажариб турган пайтда даъватга яроқли одам уларга қўшилиб даъват қилиши мубоҳ. Одамларга аралашиб уларни даъват қилса, улар буни ёмон олишлари ва натижада унинг жонига, молига ва тинчлигига зарар етиши аниқроқ бўлса, бундай қилиш макруҳ.

    21-савол: Даъватчининг ўзи билан ўзи танҳо қолиши, узлатда бўлиши ҳолатларига ҳам қисқача тўхтаб ўтсангиз.

    Жавоб: Даъватчи бу машаққатли ишни бажарар экан, баъзан якка қолиб тафаккур қилишга, ўз ҳолатини тафтиш, ишларини саҳисоб қилишга, энг муҳими Роббига муножот қилишга эҳтиёж сезади. Бунинг учун Рамазонда эътикоф ўтириш, тунги намозлар, масжидларда намозга мунтазир бўлиб ўтириш каби амалларни ғанимат билиш керак. Қолаверса, бироз баданга дам бериш, одамларга аралашишдан малолланишни камайтириш, кейинги ишлар учун куч йиғиш мақсадида уйда танҳо қолиш мумкин. Баъзида кофир қавмнинг бераётган азияти ҳаддан ошса ёки даъватни қабул қилишларига деярли умид қолмаганда ҳам улардан юз ўгириб бошқаларга юзланиши мумкин. Чунки, даъватчининг кучи, имконияти, вақти чегараланган бўлгани учун ундан унумли фойдаланиши керак. Айрим ҳолатларда шаръий сабаб туфайли барчадан ўзини четга тортиши ҳам мумкин. Аллоҳ Иброҳим соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларидан: “Мен сизлардан ҳам, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган (бутларингиздан) ҳам четланурман ва (Ёлғиз) Парвардигоримга илтижо қилурман”, деди. (Марям: 48). Булардан ташқари руҳан танҳо қолиш ҳам борки, унда киши танаси билан одамлар ичида бўлса ҳам руҳи умуман бошқа ерда бўлади. Танҳоликнинг бундай турига даъват қилишнинг ҳам, туриб чиқиб кетишнинг ҳам иложи бўлмаган ҳолатларда мурожаат этилади.

    22-савол: Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўришнинг даъватдаги ўрнига тўхталсангиз.

    Жавоб: Буни даъватнинг олтин қоидаси дейиш мумкин. Бунинг маъноси шуки, мусулмон одам ўзидан бошқани унинг Аллоҳга қилаётган ибодатига, Унинг буйруқларини бажаришга қанчалик интилаётганига қараб яхши кўради. Бунинг акси ўлароқ унинг гуноҳ-маъсиятларга қўл ураётганига, Аллоҳнинг буйруқларини қанчалик бажармаётганига қараб ёмон кўради. Мусулмоннинг Роббига бўлган муҳаббати кучайиб борган сари, У севган кишиларни, У севган нарсаларни у ҳам сева бошлайди ва акси ҳам шундай. Агар бир одамда яхши амаллар ҳам, ёмон амаллар ҳам жамланган бўлса, у ҳолда уни яхши амаллари миқдорича яхши кўради, ёмон амаллари миқдорича эса ёмон кўради.

    23-савол: Даъватчининг дўстларига муносабати қандай бўлади?

    Жавоб: Даъватчи дўстлик ҳақ-ҳуқуқларига риоя этади. Яъни, дўстларини ҳақ устида доимо қўллаб-қувватлашга, айбларини яширишга ҳаракат қилади. Улардан азият етса, кўтаради, узрларини қабул қилади. Уларнинг фазилатларини, яхши хислатларини унутмайди, уларга доимо холис бўлади. Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дин – насиҳат (холислик)дир». «Ким учун, ё Расулуллоҳ?», деб сўрадик биз. «Аллоҳ учун, Унинг китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун», деб жавоб бердилар (Муслим, Насоий, Абу Довуд ривоятлари). Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир-бирингизга нафрат қилмангиз, бир-бирингизга ҳасад қилмангиз, бир-бирингиздан юз бурмангиз, ўзаро биродар бўлинг эй Аллоҳнинг бандалари! Мусулмон киши биродари билан уч кундан ортиқ гаплашмай қўйиши дуруст эмас!» (Муттафақун алайҳ).

    24-савол: Даъватчи баъзан гуноҳкор кимсалар билан алоқани мутлақо узиши мумкинми?

    Жавоб: Даъватчи ўз амали, сўзи, юриш туриши билан динга зарар бераётган, мусулмонлар орасини бузаётган, жамиятга ёмон ўрнак бўлаётган кимсаларга қўлидан келганча панд-насиҳат, амри маъруф, наҳй-мункар қилгандан кейин ҳам улар ўзларини тузатмасалар, даъватчи улар билан алоқани узади. Бу билан уларни қилаётган ишларидан рози эмаслигини билдирган бўлади. Алоқани узишга улар билан гаплашмаслик, улар билан бирга турмаслик, саломига алик олмаслик, уларнинг ёмонликларидан одамларни огоҳлантириш киради. Бу хусусда алоқаларни узиш даъват учун қанчалик фойда ёки зарар келтириши инобатга олинади. Валлоҳу аълам.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962