Динни масхара қилишнинг ҳукми нима?

    Савол:

    Аллоҳни ёки пайғамбарини ёки динни масхара қиладиган сўзлар билан ҳазил-мазах қилишнинг ҳукми нима?

    Жавоб:

    Аллоҳни, Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламни, Унинг динини ва китобини масхаралаш ва устидан кулиш, гарчи ҳазил-мутойиба йўсинида бўлса ҳам, одамларни кулдириш учунгина бўлса ҳам, куфр ва нифоқдир. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида содир бўлган бир воқеанинг айни ўзидир. Ўшанда баъзи кимсалар у зотни ва саҳобаларини масхара қилиб: «Анави қориларимизга ўхшаган қоринларига рағбатлироқ, тиллари ёлғончироқ, (душманга) йўлиққан пайт қўрқоқроқ одамларни кўрмадик», дейишди. Шундан сўнг улар ҳақида «Қасамки, агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, албатта улар: «Биз фақат баҳслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос», дейдилар» (Тавба: 65) ояти нозил бўлди. Чунки, у кимсалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, биз фақат ҳазил-ҳузул билан йўлни қисқартириш учун гаплашиб келаётгандик», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг у зотга қилган амрини уларга ўқиб бердилар: «Айтинг: Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65, 66)». (Саҳиҳ, Ибн Аби Ҳотим Тафсирида ривоят қилган, Ибн Жарир ат-Табарий тафсирида ривоят қилган: 14/333). Рубубият, рисолат, дин ва ваҳийга тегишли масалалар жуда муҳтарам ва нозик масалалар бўлиб, ҳеч ким уларни масхаралаши ёки одамларни кулдириш учунгина бўлса ҳам мазах билан тилга олиши жоиз бўлмайди. Ким шундай қилса, кофир бўлади. Чунки, бу қилмиши билан Аллоҳни, Унинг пайғамбарларини, китобларини ва шариатини беҳурмат қилган бўлади. Бундай қилган кимса бу қилмишидан Аллоҳга тавба қилиши вожиб бўлади, чунки бу иш мунофиқларнинг амалидандир. Ундай кимса Аллоҳга тавба қилиши, истиғфор айтиши ва ўзини тузатиши лозим.

    Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга ҳамда у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

    (Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин: Мажмуъул-фатава: 2/156).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962