Бизга боғланинг
Довуд ва Сулаймон алайҳимассаломлар қиссаси
Юқорида эслатиб ўтганимиздек Қуръон Карим Аллоҳнинг азоблари, пайғамбар ва набийлар ўзлари юборилган қавмлар тарафидан дуч келишган рад етиш, масхара, таҳқир ва қувғинлар ва бу қавмламинг бошига пайғамбарларини рад етгани, рнасхара ва таҳқир қилгани, уларга қарши макру ҳийла ва ҳатто ўлдириш учун режалар қилгани сабабли келган азоб-уқубат, ҳалокат ва вайронагарчиликларни баён қилиш билан чекланмаган.
1 — Қуръон Карим Аллоҳнинг неъматлари ҳақида сўз юритади
Қуръон Карим Аллоҳ таолонинг баъзи пайғамбарларига берган буюк неъматлари ҳақида гоҳо қисқача, гоҳо муфассал сўз юритган. Ўша пайғамбарлардан баъзилари Довуд, Сулаймон, Айюб, Юнус, Закарийё ва Яҳё алайҳимуссаломлардир.
Аллоҳ таоло Довуд ва Сулаймон алайҳимассаломларга Ер юзида катта имкониятлар берди: подшоҳлик, одамлар билмаган кўп илмларни ўргатди, кучлилар ва бўйсунмасларни, жонлигу жонсиз нарсаларни уларга бўйсундирди. Аллоҳ таоло деди: «Қасамки, Биз Довуд ва Сулаймонга (етук) билим ато этдик ва улар: «Бизларни кўп мўмин бандаларидан афзал қилиб қўйган зот – Аллоҳга ҳамду сано бўлсин», дедилар. Сулаймон (пайғамбарлик ва илмда) Довудга ворис бўлди ва айтди: «Эй одамлар, бизга қушларнинг (ва барча жониворларнинг) тили билдирилди ҳамда (пайғамбар ва подшохларга бериладиган) барча нарсалардан берилди. Албатта бу очиқ фазлу-марҳаматнинг ўзидир». (Намл: 15,16)
2— Аллоҳнинг Довудга берган неъмати
Аллоҳ таоло Довудга тоғлар ва қушларни бўйсундирди. Тоғлар ва қушлар унинг дуоси ва тасбеҳларига жўр бўлар эдилар. Аллоҳ таоло Довудга урушларда қўлланадиган қалқонларни ясаш санъатини ҳам ўргатди. Темирни Довуднинг қўлида хамирдек юмшоқ қилиб қўйди.
«Биз Довудга (улуғ) бир фазл-мартаба ато этдик «Эй тоғлар ва қушлар (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!» Унинг учун темирни (хамирдек) юмшоқ қилиб қўйдик. (Ва унга дедик): «Совутлар ясагин ва (уларни) тўқишда аниқ-пухта иш қилгин! (Эй Довуд хонадони), яхши амал қилинглар! Зеро Мен қилаётган амалларингизни кўриб турувчидирман»; (Сабаъ: 10,11)
«Тоғлар ва қушларни Довуд билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйсундириб қўйдик. Биз шундай қила олувчидирмиз. Яна (Довудга) сизларга зиён етишидан сақлайдиган совут илмини таълим бердик. Бас сизлар шукр қилурмисиз?!» (Анбиё: 79, 80)
3— Довуднинг бу неъматларга шукронаси
Бу қадар катта мулк ва ҳайратомуз моҳир қўлга эга бўлишига қарамай Довуд тавозели, ибодатли, тили доимо зикрда, кўп дуо ва тасбиҳ айтувчи, одамлар ўртасида ҳақ билан ҳукм қиладиган адолатли ҳоким эди. Аллоҳ таоло шундай деди:
«Эй Довуд, дарҳақиқат Биз сени ерда халифа қилдик. Сен (нафс) хоҳишига эргашиб кетмагин! Акс ҳолда у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирар. Албатта Аллоҳ йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб-китоб кунини (яъни Қиёматни) унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир.» (Сод: 26)
4— Аллоҳнинг Сулаймонга берган неъматлари
Сулаймонга эса Аллоҳ таоло шамолни бўйсундирди. Шамол унинг амри билан эсар ва уни истаган ерига қисқ вақт ичида тез олиб борар эди. Аллоҳ таоло бундан ташқари унга кучли, моҳир жинлар ва итоатсиз шайтонларни бўйсундирди. Улар Сулаймоннинг амрларини бажо келтиришар, меъморий ва улкан бинокорлик ишларини бажарар эдилар.
«Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб), унинг амри билан Биз муборак қилган заминга (Шомга) эсадиган қилиб қўйдик. Биз барча нарсани билувчидирмиз. Яна шайтон-жинлардан (Сулаймон учун) ғаввослик қиладиган ва бундан бошқа ишларни ҳам адо этадиганларни (бўйсундирдик). Биз уларни (Сулаймоннинг амридан чиқиб кетмасликлари учун) қўриқлаб турувчи бўлдик.» (Анбиё: 81, 82)
«Сулаймонга эрталаб (дан туш пайтигача) бир ойлик, (туш пайтидан то) кечгача бир ойлик (масофани босиб ўтадиган) шамолни (бўйсундирдик) ва унинг учун мис булоғини оқизиб қўйдик. Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни-иродаси билан унинг қўл остида ишлайдиганларни (бўйсундириб қўйдик). Улардан ким Бизнинг амримиздан тойилса, Биз унга ўт-олов азобидан тотдириб қўюрмиз. Улар (Сулаймонга мисдан) у хоҳлаган нарсаларни — ибодатхоналарни, ҳайкалларни, ҳовузлар каби (катта)лаганларни ва (ўчоқларга) ўрнашган (вазмин) қозонларни қилиб берардилар. «(Эй) Довуд хонадони, Аллоҳ сизларга ато этган бу неъматларнинг шукронаси учун амал-ибодат қилинглар! Бандаларим орасида шукр қилувчи (зотлар жуда) оздир». (Сабаъ: 12, 13)
5— Ўта донолик ва чуқур билим
Сулаймоннинг зукколиги ва тўғри ҳукм чиқаришга қурдати отасига кўтарилган даъвони ҳал қилишда очиқ намоён бўлди.
Бир қавмнинг бошлари кўриниб қолган узумзори бор эди. Бошқа бир қавмнинг қўйлари узумзорга кириб, уни пайҳон қилдилар. Довуд қўйларни узумзор эгасига берилсин деб ҳукм чиқарди. Бироқ, Сулаймон: Эй Аллоҳнинг пайғамбари, ҳукм бундан бошқачароқ эмасми? — деди. Довуд: Қандай экан, айтчи?— деди. Сулаймон: Узумзорни қўйларнинг эгасига берилсин, у узумларни парваришлаб, аввалги ҳолатига қайтарсин. Қўйларни эса узумзорнинг эгасига берилсин. У эса қўйларнинг юнги ва сутидан фойдалансин. Узумзор аввалги ҳолатига қайтарилгач, узумзорни ўз эгасига, қўйларни ҳам ўз эгасига қайтарилсин.
Аллоҳ таоло Сулаймонни ҳикмат ва билим билан хослаганини шундай баён қилди: «Довуд ва Сулаймоннинг экинзор хусусида ҳукм қилаётган пайтларини (эсланг). Ўшанда унга қавмнинг қўйлари бўшалиб кириб (уни пайҳон қилиб юборган) эди. Биз улар (чиқарган) ҳукмга шоҳид эдик. Биз уни Сулаймонга англатдик.» (Анбиё: 78, 79)
6— Сулаймон қуш ва ҳайвонлар тилини билар эди
Қуръон Карим Сулаймон алайҳиссаломнинг мамлакатини бошқаришдаги тадбири, салатанатидаги ҳайбатини, қандай қилиб Аллоҳ таоло унга дунё ва охират бахт-саодати билан, подшоҳлик ва диндаги пайғамбарликни жамлаганини баён қилган.
Сулаймон қуш ва ҳайвонлар тилини билар эди. Сулаймон кунларнинг бирида инсону жиндан ва қушлардан таркиб топган лашкарини жамлади ва катта ҳайбат билан отга минди. Лашкар ўта интизомли, ўз қўмондонларига итоат этарди. У чумолилар яшайдиган водийдан ўтиб қолди. Чумолилардан бири ўз қабиласини Сулаймон ва унинг лашкари сезмаган ҳолатда, отлар туёғи билан босиб кетшидан қўрқиб, ўз инларига киришга чақирди. Сулаймон буни тушунди, бироқ, Аллоҳнинг пайғамбари эканидан кибрланмади, балки, бу ҳодиса уни Аллоҳга ҳамд, неъматларига шукроналар айтишга, уни солиҳ амалларга муваффақ қилиши ва Ўзининг солиҳ бандалари қаторига киритиши учун Аллоҳга дуо қилишга ундади.
7— Ҳудҳуд қиссаси
Ҳудҳуд Сулаймоннинг сув ва душман қўшини жойлашган ерларни кўрсатиб берадиган қидирувчиси эди. Кунларнинг бирида Сулаймон ҳудҳудни кўрмади ва унга жазо бермоқчи бўлди. Кўп вақт ўтмасдан ҳудҳуд Сулаймон ҳузурига келиб деди: «Мен сен огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри) дан аниқ бир хабар келтирдим. Дарҳақиқат мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, катта тахти ҳам бордир. Мен у ва унинг қавми Аллоҳни қўйиб, қуёшга ибодат қилаётганларини кўрдим». Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (Ҳақ) йўлдан тўсиб қўйгандир. Бас улар (то) Аллоҳга сажда қилмагунларича (Ҳақ йўлга) ҳидоят топмаслар.» (Намл: 22-25)
8— Сулаймон алайҳиссалом Сабаъ маликасини Исломга даъват етади
Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймонга ўз мамлакати ёнида уларни билмайдиган, даъвати уларга етиб бормаган, ҳанузгача Қуёшга сиғинадиган подшоҳ ва халқнинг борлигини билиш оғир туюлди. Сулаймонда пайғамбарларга хос диний ҳамият қўзғалди. У енгилмас аскарлари билан уларга бостириб боришдан аввал, Аллоҳга ширк келтирувчи маликани Исломга ва таслим бўлишга даъват этиб фасоҳатли мактуб йўллади.
Мактуб мулойимлик билан қаттиққўллик, пайғамбарлар камтарлиги билан подшоҳлар шижоатини ўзида жамлаган эди.
9— Маликанинг давлат арбоблари билан маслаҳати
Сабаъ мамлакатига ҳукм қилаётган бу аёл ақилли, ҳукм чиқаришга шошилмайдиган, подшоҳлар ва фотиҳлар ҳақида яхши билар ва уларнинг тутумларидан бохабар эди. Фақатгина, унинг ақли Аллоҳни таниш ва унга ибодат қилиш билишда унга кўмакчи бўлмади. (Мактуб етиб келгач) подшоҳлиги билан ғурурланмади, ўз фикрида қаттиқ туриб олмади, балки, бошқа мактубларга ўхшамаган бу мактуб ҳақида атрофидаги давлат арбоблари билан маслаҳат қилди. Чунки мактуб ўз замонасининг энг кучли подшоҳидан ва Аллоҳнинг йўлига даъват этувчи пайғамбаридан келган эди.
Давлат арбоблари, ҳар замондаги сарой одамлари каби, маликага хушомад қилиб, ўз давлатларининг кучи ва аскарларининг кўплигига ишора қилдилар. Бироқ, малика уларнинг сўзларини қабул қилмади, фикрларига қўшилмади. Балки, уларни мағлуб бўлган халқларга бостириб келган подшоҳлар тарафидан етган қирғин ва ёмон оқибатлардан огоҳлантирди ва деди: Бу каби ҳолатлар бизнинг мамлакатимиз ва халқимизнинг бошига келиши мумкин. Яхшиси, мен Сулаймонга совға-саломлар юбориб, уни синаб кўрай. Агар совғаларни қабул қилса, у бир подшоҳдир ва унга қарши урушинглар. Агар совғаларни қабул қилмаса, у пайғамбардир, унга эргашинглар.
10— Келишиб олиш учун юборилган совғалар
Малика подшоҳларга муносиб улкан совғалар юборди. Совғалар Сулаймонга етиб боргач, у совғаларга қараб ҳам қўймади ва деди: Сизларни қилаётган ширк амалларингизда ва салатантингизда тек ташлаб қўйишим учун мана шу арзимаган дунё матолари билан мени алдашга келдингизларми?! Аллоҳ таолонинг менга берган салатанати, мол-дунёси ва аскарлари сизларнинг мулкингиз, салтанатингиздан яхшироқдир. Бу жиддий иш, ҳазил эмас. Масала келишиб олиш эмас, даъват ва тоат масаласидир.
Сулаймон уларнинг юртини қасд қилгани ва мамлакатларига бостириб боришини билдирди.
11— Малика бўйин эгиб келди
Элчилар Сабаъ маликасининг ҳузурига келиб, бўлган ишни айтиб бердилар. Малика ва унинг қавми Сулаймон алайҳиссаломнинг даъватини қабул қилиб унга бўйсунишди. У аскарлари билан биргаликда таслим бўлиб Сулаймоннинг ҳузурига йўл олди.
Уларнинг келаётганидан хабар топган Сулаймон алайҳиссалом хурсанд бўлди, Аллоҳга ҳамдлар айтди. Маликага Аллоҳнинг қудрати ва ўзига берилган неъматларга далолат қиладиган Аллоҳнинг мўжизаларидан бирини кўрсатмоқчи бўлди. У маликанинг кучли ва омонатдор кишиларига топшириб келган тахтини келтиришни хоҳлади ва одамларидан тахтни улар етиб келишидан аввал олиб келишни талаб қилди.
Сулаймоннинг истаги қисқа вақт ичида бажо келтирилди. Бу — мўжиза эди. Сулаймон маликанинг билими ва зийраклигини синаш учун тахтнинг баъзи жойларини ўзгартишни амр етди. Агар малика тахтини таний олмаса, бу унинг бундан кўра нозикроқ нарсаларни тушуна олмаслигига далолат қилади.
12— Шишадан қурилган ҳашаматли қаср
Сулаймон инсу жиндан иборат қурувчиларига шишадан улкан қаср қуришни буюрди. Қаср битгач унинг остидан сув оқизишди. Унинг шишалигидан бехабар одам сув деб ўйларди, ҳақиқатда эса сув шишанинг остида бўлиб унинг устида юрган одамнинг оёғи ҳўл бўлмасди. Бу ерга кирган малика уни сув деб ўйлаб етакларини кўтариши, натижада, ҳаётда хато қилгани, фикрининг калталиги ва ташқи кўринишлар билан алданганлиги муқаррар бўларди. Чунки малика ва унинг ҳалқи нур ва ҳаётнинг энг буюк кўриниши бўлган Қуёшга сиғинар эдилар. Аслида нур ва ҳаёт Аллоҳ таолонинг сифатларидан эди. Ўшандагина маликанинг кўзлари очилар ва шишани сув деб хато қилганидек, Қуёшни Холиқ деб сажда ва ибодат қилганининг хато эканини тушуниб етар эди. Бу иш юзлаб хутба ва минглаб далилдан кўра фойдалироқ эди.
13— Сулаймон билан бирга барча Оламлар Робби Аллоҳга бўйсундим
Сулаймон ўйлагандек бўлди. Сулаймон унга қаср ичида турган тахтини кўрсатди. Малика нақадар ақлли ва зийрак бўлмасин, бу катта хатони қилди: шишани оқаётган тиниқ сув деб ўйлаб, етакларини кўтарди-да, тахти томон кечиб бормоқчи бўлди. Ана шу пайт Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймон алайҳиссалом уни йўл қўйган хатосидан воқиф қилиб: Бу қаср шишадан қурилган, деди. Маликанинг кўзи очилди, ташқи кўринишга алдангани ва билмасдан Қуёшга ибодат қилганини тушунди-да:
<<Роббим, мен ўз жонимга жабр қилдим. Мен Сулаймон билан барча Оламлар Роббиси — Аллоҳга итоат етдим>>— деди.
14— Қуръон Сулаймон қиссасини ҳикоя қилади
(Болалар,) Қуръон Каримда ушбу ширин ва шавқли қиссани ўқинглар. Аллоҳ таоло деди:
«У қушларни кўздан кечириб (уларнинг орасида ҳудҳудга кўзи тушмагач): «Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у (мендан беизн) ғойиб бўлгандир?! Албатта уни қаттиқ азоб билан азоблайман ё сўйиб юбораман ёки у менга (ўз узрини баён қилиб) очиқ ҳужжат келтиради», деди. Сўнг узоққа қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: «Мен сен огоҳ бўлмаган нарсадан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри) дан аниқ бир хабар келтирдим. Дарҳақиқат мен бир аёлни кўрдим. У уларнинг маликаси экан. Унга барча нарсадан ато этилган бўлиб, катта тахти ҳам бордир. Мен у ва унинг қавми Аллоҳни қўйиб, қуёшга сажда-ибодат қилаётганларини кўрдим». Шайтон уларга (қилаётган) амалларини чиройли кўрсатиб, уларни (Ҳақ) йўлдан тўсиб қўйгандир. Бас улар (то) Аллоҳга сажда қилмагунларича (Ҳақ йўлга) ҳидоят топмаслар. (Аллоҳ) осмонлар ва ердаги барча сирларни ошкор қиладиган ҳамда сизлар яширадиган ва ошкор қиладиган барча нарсаларни ҳам биладиган зотдир.« Аллоҳ — ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина барҳақдир. У улуғ арш эгасидир.» (Сулаймон) деди: «Сен рост сўзладингми ёки ёлғончилардан бўлдингми, кўрамиз. Мана бу мактубимни олиб бориб, уларга ташлагин, сўнгра улардан четланиб кузатгин-чи, нима (жавоб) қайтарар эканлар.» (Қачонки ҳудҳуд Сулаймоннинг мактубини олиб келиб, малика Билқийснинг олдига ташлагач) у деди: «Эй одамлар, ҳақиқатан менга улуғ бир мактуб ташланди. Албатта у Сулаймондандир ва у (мактубда шундай битилгандир): «Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ номи билан бошлайман. Сизлар менга кибр-ҳаво қилмай, ҳузуримга бўйсунган ҳолингизда келингиз!» (Малика) айтди: «Эй одамлар, менга бу ишимда маслаҳат беринглар. Мен то сизлар гувоҳ бўлмагунингизча бирон иш ҳақида ҳукм қилувчи эмасман.» Улар дедилар: «Бизлар куч-қувват ва журъат-матонат эгаларидирмиз. (Қандай ишга) буюриш сенинг ўзингга ҳавола. Нимага буюришни ўйлаб кўравер, (бизлар эса сенга итоат этурмиз).» У айтди: «Аниқки подшохлар қачон бирон қишлоққа (бостириб) кирсалар уни вайрон этадилар, аҳолисининг обрў-эътиборлиларини эса ҳор-зор қиладилар. Уларнинг қилмиш-одатлари шудир. Мен уларга бир ҳадя юбориб, кўрай-чи, элчиларим нима (хабар) билан қайтар эканлар.»
И з о ҳ. Билқийс доно малика эди. У ҳадя юбориш билан Сулаймон алайҳис-саломнинг ҳақиқий пайғамбарми ёки оддий босқинчи подшоҳми эканлигини имтиҳон қилади. Маликанинг фикри шундай эди: «У агар оддий подшоҳ бўлса, ҳадяни дарҳол қабул қилади, демак унга қарши ҳужум уюштириш ҳам мумкин бўлади. Энди агар у Аллоҳ таолонинг пайғамбари бўлса, ҳадя қабул қилмайди, у ҳолда унга бўйсуниш лозим бўлади»
Қачонки (Билқийснинг элчилари унинг юборган ҳадясини олиб) Сулаймон (ҳузурига) келгач у деди: «Сизлар менга мол-дунё билан мадад бермоқчимисиз?! У ҳолда (билингизки), Аллоҳ менга ато этган (пайғамбарлик ва мулку-давлат) У зот сизларга берган (мол-дунёдан) яхшироқдир. Балки сизлар ҳадяларингиз билан хурсанд бўларсизлар, (лекин менинг унга эҳтиёжим йўқдир). Сен (қавмингга) қайтиб бориб (айтгинки, агар ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келмасалар) албатта биз уларга шундай қўшин билан борурмизки, улар унга асло бас кела олмаслар ва албатта биз уларни (қишлоқларидан) мағлуб ҳолларида қувиб чиқарамиз.
И з о ҳ. Билқийснинг элчиси унинг олдига ҳадя билан қайтиб бориб Сулаймон алайҳис-саломнинг жавобларини етказгач, у «Бу оддий подшоҳ эмаслигини билган эдим», деди ва Сулаймон пайғамбарга: «Мен сенинг кимлигингни ва даъват қилаётган дининг қандай дин эканлигини билиш учун ўз аъёнларим билан ҳузурингга бормоқдаман», деган хабар билан чопар юбориб, ўзи ўн икки минг одам билан йўлга тушди. Қачонки улар Сулаймон алайҳис-саломнинг қароргоҳларига етиб келишларига бир фарсах (олти чақирим атрофида) қолганида у зот бундан хабар топиб, уларга ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигини исботлайдиган бир мўъжиза кўрсатиш ва малика Билқийснинг фаҳму-фаросатини синаш мақсадида қўл остидаги халойиққа қараб: «Эй одамлар, улар менинг ҳузуримга бўйсунган ҳолларида келишларидан илгари қайси бирларингиз менга унинг (яъни Билқийснинг ўз шаҳрида қолган) тахтини келтира олур», деди. (Шунда) жинлардан бир пахлавони айтди: «Мен уни сен ўрнингдан туришингдан илгари сенга келтираман. Албатта мен бунга қодир ва ишончлидирман. Китобдан огоҳлиги бор бўлган бир зот эса: «Мен уни кўзинг ўзингта қайтгунича (яъни кўз очиб юмгунча) сенга келтираман», деди. «Бу Парвардигоримнинг мен шукр қиламанми ёки куфрони неъмат қиламанми, имтиҳон этиш учун берган фазлу-марҳаматидандир. Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўз (фойдаси) учун шукр қилур. Ким куфрони неъмат қилса, бас, албатта Парвардигорим (унинг шукр қилишидан) беҳожат ва фазлу-карам эгасидир.» «Қачонки маликанинг келиши яқинлашиб қолгач, Сулаймон (унинг фаҳму-фаросатини синаш учун) деди: «Унинг тахтини танимайдиган қилиб — ўзгартириб қўйинглар у (ўз тахтини танишга йўл) топадими ёки йўл топа олмайдиган кимсалардан бўладими, кўрамиз.» «Энди қачонки у келгач: «Сенинг тахтинг шундаймиди?» — дейилди. У (ҳайратга тушиб): «Худди ўшанинг ўзи-ку» деди. (Шунда Сулаймон айтди: «Алҳамдулиллоҳки), бизларга ундан илгари илм-маърифат берилиб, мусулмон бўлганмиз. Уни эса ўзи Аллоҳни қўйиб, ибодат қилган нарсаси (Аллоҳга ширк келтириб, мусулмон бўлишдан) тўсгандир. Чунки у кофир қавмдан эди.» (Маликага): «Саройга киргин», дейилди. Энди қачонки у (саройни) кўргач, уни сув деб ўйлаб оёқларини очган эди, (Сулаймон): «Бу ойнадан ясалган баланд қасрдир», деди. (Шунда малика) айтди: «Парвардигорим, дарҳақиқат мен (қуёшга сиғиниш билан) жонимга жабр қилибман, (энди) Сулаймон билан бирга барча оламлар ҳожаси — Аллоҳга бўйсундим».
Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймон алайҳиссалом шундай эди. Сиз унинг Аллоҳ йўлига ва тавҳидга даъват қилишдаги услуби, ҳикмати, билими ва ўз дини ва этиқодига бўлган садоқатини кўриб чиқдингиз.
15— Сулаймон эмас, Шайтонлар кофир бўлдилар
Яҳудийлар Сулаймон алайҳиссаломга Аллоҳ таоло пайғамбарлик, ҳикмат ва Довуд алаҳйиссаломга ўринбосарлик билан мушарраф қилган пайғамбар у ёқда турсин, қалбини иймон учун очган муваҳҳид мўминга нолойиқ бўлган нарсаларни нисбатладилар.
Улар Сулаймон алайҳиссаломни кофирлик, сеҳргарлик, ширк амалларига бепарволик ва хотинлари сабабли тавҳид ишида беқарорлик билан айбладилар. Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломни бундай айблардан оқлаб деди:
«Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар.»;
«Биз Довудга Сулаймонни ҳадя этдик. (Сулаймон) нақадар яхши бандадир.»;
«Шак-шубҳасиз (Сулаймон) учун Бизнинг ҳузуримизда яқинлик ва гўзал оқибат (яъни жаннат)дир».