Бизга боғланинг
Дуо фазилати, одоби, ижобат омиллари, ҳолатлари ва замонлари, дуо қилишда йўлга қўйиладиган хатолар
Нашрга тайёрловчи: Ватан нашриёти илмий асарлар қисми
Шайх Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Жибрин текширган ва тўғрилаган
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Аллоҳга ҳамдлар, расулуллоҳ, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг …
Бу – дуо ва унинг фазилатлари ҳақидаги мухтасар рисоладир. Аллоҳ таолодан буни ўз даргоҳида қабул қилиши, амалларимиз тарозисига қўйишини сўрайман. У – эшитувчи ва қабул қилувчи Зотдир. Аллоҳ таоло пайғамбаримиз, Унинг оиласи ва саҳобалрига салавоту саломлар йўлласин.
Дуонинг фазилати
- Аллоҳ таоло деди: «Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди». (Ғофир: 60)
- Аллоҳ таоло деди: «Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад) Мен ҳақимда сўрасалар. Мен уларга яқинман. Менга дуо қилган пайтларида дуогўйларнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, ҳақ йўлга юришлари учун (улар ҳам) Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар». (Бақара: 186)
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дуо ибодатдир» дедилар, кейин ушбу оятни ўқидилар: «Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар. Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди».
- Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ибодатларнинг афзали – дуодир» «Саҳиҳул жомеъ ас-сағир», 1123.
- Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таолога дуодан кўра азизроқ бирон нарса йўқ» Термизий ривояти, 3370.
- Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Роббингиз ҳаёли ва саховатли зотдир. Бандаси унга қўлларини очиб кўтарса, уларни бўш қайтаришдан уялади» Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти.
- Пайгамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қазони дуогина қайтаради ва умрни эса эзгу ишлар узайтиради» Термизий ривояти.
- Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Банда Аллоҳга гуноҳ ва қариндошлик алоқаларини узиш бўлмаган дуо қилса, Аллоҳ унга уч нарсадан бирини беради: ё унинг тилагини бу дунёда беради, ё дуоси охиратга сақлаб қўйилади ёки ундан дуоси қадар ёмонликни қайтаради». Саҳобалар: «Ундай бўлса дуони кўп қиларканмизда?!»- дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ (нинг ажр бериши) кўпроқ»- дедилар» Имом Аҳмад ривояти.
- «Аллоҳдан сўрамаган одамга (Аллоҳ) ғазаб қилади» Термизий ривояти, 3373.
- «Дуо қилишга ярамаган одам одамларнинг энг ожизи, саломга бахиллик қилган эса энг бахил одамдир». Табароний «Ал-Авсат»да ва Ибн Ҳиббон «Шуабул иймон» Жомиус Саҳиҳ 1045.
Дуонинг шартлари, одоблари ва ижобат омиллари
- Аллоҳ таолога ихлос.
- Аллоҳга ҳамду сано ва расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш билан дуони бошлаш ва тугаллаш.
- Дуони қатъий қилиш ва унинг ижобат бўлишига аниқ ишониш.
- Дуо қилишда ялиниб-ёлбориш ва шошилмаслик.
- Дуо асносида қалб ҳозирлиги.
- Фаровонлик ва машаққатли ҳолатларда дуо ҳилиш.
- Оиласи, фарзанди, бойлиги ва ўзини дуои бад қилмаслик.
- Дуони на баланд ва на паст, балки ўртача овоз билан қилиш.
- Аллоҳ таолонинг ўзидангина сўраш.
- Гуноҳни эътироф этиш, унга истиғфор айтиш, берилган неъматларни эътироф этиш ва уларга шукр қилиш.
- Дуонинг ижобат бўлиш пайтларини қасд қилиш, дуо ижобат бўлиши мумкин бўлган маконлар ва ҳолатларни ғанимат билиш.
- Дуони шеър қофиялари каби қилмаслик.
- Дуо қилар экан илтижо, тавозе, қўрқув ва умид билан туриш.
- Солиҳ-яхши амалларни кўп қилиш, чунки улар, дуонинг қабул бўлишида катта омилдир.
- Бошқаларга қилинган зулм ва зўравонликларини қайтариш билан бирга тавба қилиш.
- Дуони уч мартадан такрорлаш.
- Қиблага юзланиш.
- Қўлларини дуо учун очиш.
- Имкони бўлса дуодан аввал таҳорат қилиш.
- Дуода (хаддан) ошмаслик.
- Бошқани дуо килаётган одам, аввал ўзини дуо килиш билан бошлаши.
- Аллоҳ таолога Унинг гўзал исмлари ва олий сифатларини ёки ўзи қилган бирорта яхши амални ёхуд бирон солиҳ кишининг унга дуо қилиб қўйишини васийла қилиш.
- Аллоҳ таолога фарзлардан ташқари кўп нафл ибодатлар қилиш билан яқин бўлиш. Бу, дуонинг ижобатидаги энг катта омиллардан биридир.
- Емоғи, ичмоғи ва кийган нарсалари ҳалолдан бўлиши.
- Гуноҳ (нарса) ва қариндошлик алоқаларини узиш билан дуо қилмаслик.
- Мўъмин биродаралари хаққига дуо килиш. Хусусан, ота-она, солиҳ кишилар, уламолар, обидлар, салоҳиятларида мусулмонлар салоҳияти бўлган ҳокимлар. Заиф ва мазлум мусулмонлар ҳаққига дуо қилиш.
- Аллоҳ таолодан ҳар бир катта ва кичик нарсани сўраш.
- Яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтариш.
- Барча гуноҳлардан узоқ бўлиш.
Дуолар ижобат бўладиган вақтлар, ҳолатлар, маконлар ва шароитлар
- Қадр кечаси.
- Кечанинг охирги қисми ва саҳар пайти.
- Беш вақт намознинг фарзларидан сўнг (бунга намоздан салом беришдан аввал ва кейин киради).
- Азон билан иқомат ўртасидаги вақт.
- Ҳар кечанинг муайян бир пайти. (Кўп ҳадисларда бу, кечанинг охирги қисми эканлиги баён қилинган, таржимон)
- Азон айтилаётганда.
- Ёмғир ёғаётганда.
- Аллоҳ йўлидаги жангда ҳужумга ўтилган вақт.
- Жума кунидаги бир пайт. Унинг аниқроқ вақти аср намозидан то Қуёш ботгунига қадар.
- Самимий ният билан замзам сувини ичишдан аввал.
- Намоздаги саждаларда.
- Фотиҳа сурасини ўқиётган ва унинг маъноларига қалб хозир бўлиб турганида.
- Рукуъдан бошни кўтариб: «Роббана валакал ҳамд ҳамдан касийрон тоййибан мубарокан фийҳ» (Эй Парвардигоримиз! Сенга кўп, ҳақиқий-риёсиз, муборак-хайрлилиги мўл хамд(лар) бўлсин) деб айтилганда.
- Намозда «Омийн!» дейилганида.
- Хўроз қичқирганида.
- Пешиндан олдин, Қуёш заволдан оғгани он.
- Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчи ғозийнинг дуоси.
- Ҳаж қилувчининг дуоси.
- Умра қилувчининг дуоси.
- Бемор олдида қилинган дуо.
- Кечалари уйқудан уйғониб, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган дуони ўқиш. У дуо: «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр. Алҳамду лиллаҳ ва субҳаналлоҳ ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳи» (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир. Унинг шериги йўқдир! Эгадорлик ва ҳамдлар Унингдир! (Мен) Аллоҳни (шаънига нолойиқ сифатлардан) поклайман! Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир ва Аллоҳ буюкдир. Куч ва Қудрат фақат Аллоҳ (тавфиқи) билангинадир!) деб: Аллоҳуммағфир ли «Аллоҳим, мени кечир» деса (ёки бошқа дуони қилса, қилган дуоси) қабул бўлади. Агар таҳорат қилиб намоз ўқиса, намози мақбул бўлади.
- Таҳорат билан уйқуга кетса ва кечаси уйғониб дуо қилса.
- «Ла илаҳа илла анта субҳонака инний кунту миназ золимийн» (Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир! Сени поклайман. Мен ўз жонига жабр қилганлардан бўлдим!) дуосидан сўнг қилинган дуо.
- Маййитнинг ўлиши билан унинг ҳаққига одамлар қилган дуо.
- Намознинг охирги ташаҳҳудида салом беришдан аввал қилинган дуо.
- Аллоҳ таолога у билан дуо қилинса ижобат қиладиган, эҳтиёж сўралса берадиган буюк исми – Исми Аъзами билан дуо қилинганида.
- Мусулмоннинг мусулмон дўстига ғоибона қилган дуоси.
- Арафа куни Арафот майдонида қилинган дуо.
- Рамазон ойида қилинган дуо.
- Мусулмонлар Аллоҳнинг зикри учун тўпланган мажлислардаги дуо. (Аллоҳнинг зикри: Қуръон тиловати, маъноларини ўрганиш, шаръий илмлар талаби ва илмий мажлислар).
- Мусибат етган чоғи дарҳол: «Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиуун. Аллоҳуммаъ-журний фий мусибатий, вах-луф лий хойрон минҳа» (Биз Аллоҳникимиз ва Унгагина қайтамиз! Аллоҳим, бу мусибатим(га қилган сабрларим) учун менга ажру савоблар бер ва бунинг ўрнига менга яхши бадаллар бер!)- деб қилинган дуо.
- Ихлос кучайган ва қалбнинг Аллоҳга юзланган чоғи.
- Мазлумнинг зулм қилган кишига қилган дуоси.
- Ота-онанинг фарзандига қилган хайрли дуоси.
- Ота-онанинг фарзандига қилган бад дуоси.
- Мусофирнинг дуоси.
- Рўзадорнинг рўзасини очгунича қилган дуоси.
- Рўзадорнинг оғиз очиш олдида қилган дуоси.
- Музтар-ночор одамнинг дуоси.
- Адолатли имом-ҳокимнинг дуоси.
- Солиҳ фарзанднинг ота-онаси учун қилган дуоси.
- Таҳорат қилгандан сўнг расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган дуони ўқиш. У дуо: «Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ. Ва ашҳаду анна Муҳммадан абдуҳу ва расулуҳ» (Мен шериксиз ёлғиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ эканига ҳамда Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман». Ким бу дуони айтса унга саккиз жаннат дарвозалари очилади ва у ҳоҳлаган дарвозасидан киради.
- (Минода) Кичик Жамрада тош отилгандан сўнг қилинган дуо.
- (Минода) Ўрта Жамрада тош отилгандан сўнг қилинган дуо.
- Каъба ичида қилинган дуо, Ҳижри Исмоил ичида намоз ўқиган одам гўёки Каъба ичидадир, чунки у Каъбадан.
- Тавоф пайтидаги дуо.
- Сафода қилинган дуо.
- Марвада қилинган дуо.
- Сафо ва Марва ўртасида ўқилган дуо.
- Рамазон ойининг охирги ўн кечасида витр намозида қилинган дуо.
- Зул-ҳижжа ойининг биринчи ўн кунлигида қилинган дуо.
- Машъарул-Ҳаромда қилинган дуо.Мўъмин Роббисига ҳар замон ва ҳар маконда дуо қилаверади. Бироқ, санаб ўтилган замон, макон ва ҳолатларда Аллоҳнинг изни билан, дуолар ижобат бўлади.
Дуо қилишда рўй берадиган хатолар
- Дуонинг ширк ва бидъат тавассуларни ўз ичига олиши («Фалончининг ҳаққи ҳурматидан дуомизни қабул қил» каби).
- Ўлимни умид қилиш ва уни Аллоҳдан сўраш.
- Жазони тезлатиш учун дуо қилиш (ўзига нисбатан).
- Ақлан ё одатда ёки шариат нуқтаи назаридан содир бўлиши мумкин бўлмаган ёки ман этилган нарсаларни сўраш.
- Содир бўлган ёки эҳтиёж қолмаган нарсани сўраш.
- Шариат унинг содир бўлмаслигига далолат қилган нарсани сўраш.
- Оила аъзоларига, молига ва ўзига баддуо қилиш.
- Гуноҳ иш учун дуо қилиш. Масалан: бир одамнинг қандайдир бир гуноҳга мубтало бўлишини сўраш.
- Қариндошлик ришталарини узиш учун қилинган дуо.
- Гуноҳларнинг ёйилиши учун қилинган дуо.
- (Аллоҳнинг) раҳмат(и)ни чеклаб сўраш. Масалан: «Аллоҳим, менгагина шифо бер» ёки «Менгагина ризқ бер» дейиш.
- Имомнинг орқасида «омийн» дейдиганлар бўлатуриб, имомнинг ўзи учунгина дуо қилиши.
- Дуо қилаётганда беодоблик қилиш. Масалан: «Эй итлар, тўнғизлар ва маймунлар Роббиси» демоқлик каби.
- Тажриба ёки Аллоҳ таолони синаш учун дуо қилмаслик. Масалан: «Аллоҳга бир дуо қилиб кўрай, ижобат қиладими ёки йўқми» ёки «Мен дуо қилаверай фойдаси бўлса бўлди, бўлмаса зарар қилмайди-ку», деб дуо қилиш.
- Дуо қилувчининг мақсади бузуқ бўлса.
- Киши дуосида ҳар сафар бошқа бировга суяниши, ўзининг ҳеч дуо қилишга интилмаслиги.
- Дуо пайтида талаффузда хато қилиш хусусан, маъноларни бузадиган равишда. Аммо маъноларини билмайдиган саводсиз ёки (араб) тил(и)ни билмайдиган бўлса, бундай одамлар узрлидирлар.
- Дуо асносида Аллоҳ таолонинг (шу дуога) муносиб исм ва сифатларини танлашга эътиборсизлик.
- Дуонинг ижобатига тўла ишонмаслик ёки ноумид бўлиш.
- Дуонинг беҳуда тафсилотларига берилиш. Масалан: «Аллоҳим, менга Фирдавс жаннатининг энг юқорисининг ўнг томонидан насиб қил» дейиш каби.
- Аллоҳга Қуръон Карим ва расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида ворид бўлмаган исм ва сифатлар билан дуо қилиш.
- Дуо қилар экан овозни ҳаддан зиёд кўтариш..
- Айрим одамларнинг дуо қилар эканлар: «Аллоҳим, мен Сендан қазони қайтаришингни эмас, балки қазода лутф қилишингни сўрайман» дейиши.
- Дуони Аллоҳнинг хоҳишига боғлаш. Масалан: «Аллоҳим, мени ҳоҳласанг кечир!» дейиши. Аслида дуо қатъий бўлиши керак.
- Ёлғондан йиғлаш ва овозини кўтариш.
- Жума намозида имом ёмғир талаб қилиб дуо қилганида қўлларини кўтармаслиги.
- Дуои қунутда дуони узоқ қилиш ва қасд қилинмаган нарсалар билан дуо қилиш.