Фаровонлик пайтида Аллоҳга танилиб ол…

    Мозин ат-Тувайжирий
    Ислом Нури таржимаси

    Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

    Аммо баъд…

    Мўмин биродарлар! Келинг, биз сиз билан бугун тарих зарварақларини варақлаб, улар ичидан ўзимиз учун ибрат дурларини териб оламиз.Сўрангиз тарихдан, унда ибрат мўл,
    Ибрат олмас қавмлар йўқотгайлар йўл.

    Аллоҳнинг пайғамбари Юнус ибн Матто алайҳиссалом денгиз бағрига отилганида уни наҳанг ютиб юборган ва учта зулмат ичида – балиқ қорнидаги зулмат, денгиз қоронғулиги ва тун зулмати ичида қолган, унинг турган ўрнини ҳеч ким билмас, нидосини биров эшитмас эди. Лекин, унинг нидосини ҳеч нарса унга махфий қолмайдиган Зот эшитди, турган жойини ҳеч нарса назаридан яширин қолмайдиган Зот билди. У мана шундай танг ҳолда турганича: «Ўзингдан бошқа барҳақ маъбуд йўқдир, эй пок Парвардигор, дарҳақиқат мен (ўз жонимга) жабр қилувчилардан бўлдим», (Анбиё: 87) деб дуо қилди. Унинг дуосини малоикалар эшитдилар ва: «Нотаниш ердан таниш овоз келмоқда. Бу Юнус, унинг солиҳ амали ва мустажоб дуоси кўтарилишда давом этмоқда», дедилар. Ҳа, Юнус алайҳиссаломнинг солиҳ амали ва мустажоб дуоси олий даргоҳга кўтарилишдан тўхтамаган эди.

    Унга илоҳий жавоб инади: «Энди агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаса эди, албатта у (балиқ) қорнида то қайта тириладиган кунларигача (яъни қиёматгача) қолиб кетган (яъни ҳалок бўлган) бўлур эди» (Соффат: 143, 144).

    «Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз» (Анбиё: 88).

    Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Балиқ қорнида Юнус намоз ўқимаган эди, бироқ фаровонлик пайтларида солиҳ амални муқаддам қилиб қўйган эди, шу боис бало соатида Аллоҳ таоло уни эсга олди. Солиҳ амал ўз соҳибини юксалтиради, агар қоқилса суянчиқ бўлади».

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Фаровонлик пайтингда Аллоҳга танилиб ол, машаққат пайтида У сени танийди» (Имом Аҳмад «Муснад»да (2800) ривоят қилган).

    Иккинчи бир қисса ва навбатдаги ибратли воқеа ҳам денгизда бўлганди. Золим Фиръавн сувга ғарқ бўлаётган дақиқаларда тавҳид калимасини тилга олиб дуо қилди: «Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар Бани Исроил иймон келтирган зот — Аллоҳгина барҳақлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман — Аллоҳга бўйсунувчилардандирман» (Юнус: 90), деди. Малоикалар унинг дуосини ҳам эшитдилар, Жибрил алайҳиссалом у томон шошилди. Мададга шошилди дейсизми?! Йўқ!! Денгиз балчиғидан олиб, унинг томоғига тиққани ошиқди, унга раҳмат етиб қолишидан қўрқди.

    Шундан сўнг Фиръавнга илоҳий жавоб келди: «Эндими?! Ахир сен илгари (яъни шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!» (Юнус: 91).

    Малоикалар ҳар икки мусибатга дучор бўлган кишининг дуосини эшитдилар. Лекин, иккаласи ўртасида ер билан осмонча фарқ бор эди. Биринчисини эшитиб: «Нотаниш ердан таниш овоз келмоқда. Бу Юнус, унинг солиҳ амали ва мустажоб дуоси кўтарилишда давом этмоқда», дедилар. Икинчисининг жонҳолатда қилган дуосига жавобан Жибрил алайҳиссалом унинг оғзига балчиқ тиқишга шошилдилар.

    Ажабо!! Иккала ҳолат ўртасида нима фарқ бор?! Бир хил мусибат, бир хил сурат?! Жуда катта фарқ бор!! Фаровонлик ҳолида Аллоҳни таниган киши билан бу имкониятни зое қилган киши ўртасидаги фарқ! Фаровонлик пайтида Аллоҳга итоат қилган киши билан Унга осий бўлган киши ўртасидаги фарқ!

    Юнуснинг фаровонлиги намоз, дуо ва даъват билан ўтганди.

    Фиръавннинг фаровонлиги эса зулм, фисқ, куфр ва инкор билан ўтганди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига қулоқ тутинг: «Фаровонлик пайтингда Аллоҳга танилиб ол, машаққат пайтида У сени танийди».

    Аллоҳ азза ва жалланинг лутфу инояти Ўзининг дўстларига ва солиҳ бандаларига узлуксиз келишда давом этади, уларни кулфат ва машаққатлар пайтида ташлаб қўймайди, кулфатларини аритади, машаққатларини кетказади. Зотан, улар фаровон пайтларида ва ёруғ кунларида Аллоҳ таолога танилиб олганлар!

    Аллоҳнинг пайғамбари Айюб алайҳиссалом бадавлат киши эди, унда молнинг ҳамма туридан бор эди, қул-чўрилари, чорва моллари, ер-суви мўл-кўл эди, фарзандлари, аҳли-оиласи бор эди. Буларнинг ҳаммасидан маҳрум қилинди, бадани анвои хил дардлар билан мусибатланди, Парвардигорини зикр қилиб турувчи дили ва тилидан ўзга соғ аъзоси қолмади.

    Дарди узоқ чўзилди, ҳатто бирон суҳбатдоши қолмасдан, ҳамма ундан ўзини тортди, ёр-дўстлари қолмади, биргина аёлидан бошқа унга меҳр кўрсатувчи ва ҳаққини риоя қилувчи бирон яқини қолмади. Шу муштипарнинг ҳам ҳоли заифлашиб, камбағалликка дучор бўлди. Ҳатто, ҳақ эвазига одамларнинг хизматини қилишга мажбур бўлди. Бироқ, унинг Айюбнинг аёли эканидан хабар топган одамлар унинг касалини юқтиришдан чўчиб, бу аёлдан ҳам ўзларини тортдилар. Қийналиб кетган аёли Аюйбга: «Парвардигорингизга дуо қилсангиз, шояд у сизга офият ато этса», деган эди, у: «Етмиш йил соғлом ҳолда яшадим, энди Аллоҳ учун етмиш йил сабр қилсам ҳам оз», деди. Ҳамма ўзини тортганидан сўнг аёл соч ўримларини кесиб сотишга мажбур бўлди. Аҳвол шу даражага етганидан сўнг Айюб Раббига нидо қилди: «(Парвардигорим), мени бало ушлади. Ўзинг раҳм-шафқат қилувчиларнинг раҳмлироғидирсан» (Анбиё: 83). Жавоб кечикмади: «Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилиб, ундаги зиён-заҳматни кетказдик ҳамда Ўз ҳузуримиздан меҳрибонлик кўрсатиб, барча ибодат қилувчиларга эслатма-ибрат бўлсин, деб (Айюбга) аҳли-оиласини ва улар билан қўшиб яна ўшаларнинг мислича бола-чақа ато этдик» (Анбиё: 84).

    Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини ёдга олинг: «Фаровонлик пайтингда Аллоҳга танилиб ол, машаққат пайтида У сени танийди».

    Аллоҳнинг яна бир пайғамбари Закариё алайҳиссалом Марям алайҳассалом ҳузурига кирганида унинг олдида бир ризқ-насибани, яъни ҳали пишиб етилиши пайти келмаган меваларни кўрарди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» — деб сўраганида (Марям) жавоб қилди: «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур» (Оли Имрон: 37). Закариё ортига қайтди, ўйланиб, фикрга чўмди. Ўзининг ёши бир жойга бориб қолган, кампири ҳам кекса, бунинг устига туғмас, бепушт эди. Бироқ, ҳали пишиб етилиши пайти келмаган мевалар билан ризқлантиришга қодир бўлган Зот нега энди фарзанд кўриш ёшидан ўтган ва кампири туғмас бўлган мўйсафидга фарзанд ато этишга қодир бўлмасин?!

    Баъзи салафлар сўзларига қараганда, Закариё тун қоронғусида Парвардигорига махфий дуо қилди, шивирлаб: «Ё Раббим, ё Раббим, ё Раббим!», деб хитоб қилди. Шунда Аллоҳ таоло унга: «Лаббай, лаббай, лаббай», деб жавоб қилди.

    «Эсланг, Парвардигорига хуфёна дуо-илтижо қилиб, деган эди: «Парвардигорим, дарҳақиқат менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим — сочим оқарди. Парвардигорим, мен сенга дуо қилиб (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман. Мен ортимда қоладиган қариндош-уруғларим (менинг динимни зое қилиб юборишлари)дан хавфдаман. Хотиним туғмас бўлиб қолган. Энди Сен (менга) ўз даргоҳингдан менга ва (бобом) Яъқуб хонадонига меросхўр бўладиган бир дўст (яъни фарзанд) ҳадя этгин ва уни (Ўз наздингда) рози бўлинадиган (солиҳ) кишилардан қилгин» (Марям: 3-6).

    Жавоб ўша заҳоти келди: «Эй Закариё, Биз сенга бир фарзанд хушхабарини берурмизки, унинг исми Яҳё бўлиб, илгари унга бирон (кимсани) отдош қилган эмасмиз» (Марям: 7).

    Нега шундай бўлди?! Бу қандай ҳосил бўлди?! Сўраманг, шуни билсангиз кифояки, у ёруғ кунларида Аллоҳни таниган эди, оғир ва муҳтожлик кунларида Аллоҳ уни таниди.

    Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини яна бир бор ёдга олинг: «Фаровонлик пайтингда Аллоҳга танилиб ол, машаққат пайтида У сени танийди».

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳикоя қилиб берган Бану Исроиллик уч кишининг ҳикоясини эсланг. Тунаш учун бир ғорга кирганларида улкан бир харсанг думалаб, ғор оғзини тўсиб қўйган, ғор мустаҳкам қопқоқ билан ёпиб, пухта қулф уриб қўйилган бир сандиққа айланиб қолган эди. Нидо қилсалар, нидоларини биров эшитмас, эшитса ҳам ҳеч ким ёрдам беришга қодир эмасди. Бу ҳақиқий мусибат эди, тириклайин кўмилган эдилар. Улар бу машаққатдан қутилиш учун ёлғизгина бир чорадан, яъни, фаровонлик ва ёруғ кунларида Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларини восита қилиб Унга илтижо қилишдан ўзга йўл кўрмадилар.

    Улардан бирлари деди: «Эй Аллоҳим, менинг кекса ота-онам бор эди. Мен ҳар куни кечқурун аввал ота-онамга сут соғиб ичирар, сўнг бола-чақамга берардим. Бир куни бир иш билан ушланиб қолиб, кеч келсам ота-онам ухлаб қолган эканлар. Уларга сутларини соғиб олиб кирсам ухлашаётган экан. Улардан аввал бола-чақамга сут беришни хоҳламадим-да, қўлимда коса билан то тонг отгунча уларнинг уйғонишларини кутиб турдим. Улар уйғонгач сутларини ичдилар. Эй Аллоҳим, шу ишни Сенинг Юзингни истаб қилган бўлсам, биздан бу харсангни очгайсан». Шунда харсанг улар чиқиб кетиша олмайдиган даражада бир оз очилди.

    Иккинчилари деди: «Эй Аллоҳим, амакимнинг қизи бор бўлиб, у мен учун ғоят суюкли эди. Мен уни ўзимга чорлаганимда, у бош тортганди. Ҳатто бир йили унга муҳтожлик етиб, ҳузуримга келди. Шунда мен унга у ўзидан менга имконият бериши эвазига бир юз йигирма динор бердим. Ҳатто, қачонки унга етишишга қодир бўлиб турганимда у: «Аллоҳдан қўрқ, муҳрни ноҳақ бузишинг сенга ҳалол бўлмайди», деди. Шунда мен ундан ўзимни тортдим ва берган тиллаларимни ҳам қайтариб олмадим. Эй Аллоҳим, агар мен шуни Сенинг Юзингни истаб қилган бўлсам, биздан бу ҳолатимизни аритгайсан». Шунда харсангтош улар сиғмагудек даражада яна бир оз очилди.

    Учинчилари деди: «Мен ишчилар ёллаб ишлатиб, уларнинг ҳақларини бердим. Лекин улардан бири ўз ҳақини олмасдан кетиб қолди. Мен унинг иш ҳақини айлантирдим, ҳатто кўп мол-дунё вужудга келди. Бир қанча вақт ўтгач, у одам келиб: «Эй Аллоҳнинг бандаси, менинг иш ҳақимни бер», деди. Мен унга: «Мана бу кўриб турганинг туя, сигир, қўй ва қуллар сенинг иш ҳақинг ҳисобидан» дедим. У одам: «Эй Аллоҳнинг бандаси, менинг устимдан кулма», деди. Мен: «Сенинг устингдан кулаётганим йўқ» дедим. Шунда у ҳалигиларнинг ҳаммасини ҳайдаб олиб кетди, ҳеч нарса қолдирмади. Эй Аллоҳим, агар мен шу ишни Сенинг Юзингни истаб қилган бўлсам, биздан бу ҳолатимизни аритгайсан». Шунда харсангтош сурилди ва ундан чиқиб кетдилар. (Ушбу қиссани Имом Бухорий (2272) ва Имом Муслим (2743) ривоят қилганлар).

    «Фаровонлик пайтингда Аллоҳга танилиб ол, машаққат пайтида У сени танийди».

    Аллоҳга танилиб олиш ёруғ ва фаровон кунларда Унга фарз ва нафл ибодатлар билан яқинлашиш билан ҳосил бўлади.

    Аллоҳ таоло Уни фаровон кунларида таниган шахслардан кулфат ва машаққатларини аритган экан, албатта фароғат кунларида Уни таниган уммат ва халқ бошига кулфатлар ёғилганда ҳам улардан бу мусибатларни аритади!

    Хандақ жанги куни Мадинага ўн минг нафардан иборат аҳзоблар (тўдалар) ёпирилиб келган, мусулмонлар эса бор-йўғи уч минг нафар эдилар. Фароғат кунларида Аллоҳни таниган бу уммат бошидан мусибат ариди, Аллоҳ таоло юборган қаттиқ шамол чодирларни ағдар-тўнтар қилди, қозонларни ағдариб ташлади, мушриклар қўшини жангсиз ортга қайтишга мажбур бўлди.

    Мўғул татарлар Дамашқ атрофини қамал қилиб, қаттиқ сиқувга олган пайтни эсга олинг. Уларга лашкар бас келолмас, қаршиларига ҳеч ким чиқолмас эди. Шунда Аллоҳ таоло улар устига Ўзининг лашкарини туширди, устларига мўл-кўл қор ёғдирди, улар бу лашкарга дош беролмай ортга қайтишга мажбур бўлишди.

    Биз бугунги кунда жуда қийин машаққатларни бошдан кечирмоқдамиз, уммат Аллоҳни унутиш ва Ундан узоқ вақт ғофил бўлишнинг, Унинг йўлидан тўсишнинг қийматини ғоят оғир ва қимматбаҳо тўлов билан тўламоқда! Ҳа, биз бугун шиддат ва машшақатлар аро дуо қилмоқдамиз, бироқ фароғатли дамларимизда кўпинча бунга ўта бепарво бўлган эдик.

    Мўмин биродарлар! Ҳеч биримиз меҳнат-машаққатлардан, мусибатлардан қутулиб қололмаймиз. Бу машаққатларни аритишнинг, уларга бас келишнинг ягона йўли – фароғатли кунларимизда Аллоҳни таниш, Унга танилиб олишдир.

    Сиҳат-саломатлик фароғатдир, ёшлик фароғатдир, тинчлик фароғатдир, беташвишлик фароғатдир, куч-қувватли бўлиш фароғатдир. Хўш, мана шундай фароғатли кунларимизда Аллоҳни танияпмизми?!

    Эҳтимол, айрим меҳнат-машаққатлардан қутулиб қолармиз, балки, камбағалликка дучор бўлмасмиз, касал бўлмасмиз. Бироқ, ҳаммасидан кўра ҳам оғирроқ машаққатдан – ўлимдан қутула оламизми?! Ўлимдан оғирроқ машаққат, ундан шиддатлироқ мусибат борми ахир?! Ушбу меҳнат-машаққат ҳам фақат фароғат даврида Аллоҳни танишлик билангина арийди! Парвардигоримиз Уни фаровон кунларида таниган бандасини унга ўлим шиддати келган пайт ёрдамсиз қолдирмайдиган раҳмли, саховатли, меҳрибон Зотдир! «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри  устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб: «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!» (дерлар)» (Фуссилат: 30).

    Олдимизда муқаррар машаққатлар кутиб турибди, қабр шиддати, қайта тирилиш шиддати, амалларимиз билан юзланиш шиддати, оқибати ё жаннат ё эса дўзах бўлган қиёмат шиддати турибди.

    Бундай шиддатли пайтда Аллоҳ бизни таниган бўлишига нақадар муҳтожмиз!

    Ким фаровонлик кунларида Аллоҳни таниган бўлса, жаннатга киради ва кириш пайтида: «Дарҳақиқат бизлар илгари (ҳаёти-дунёда) У зотга дуо-илтижо қилар эдик. Албатта Унинг Ўзигина марҳаматли, меҳрибондир» (Ват-тур: 28), деб хитоб қилади.

    Аммо, роҳат-фароғатли кунларида Раббиларини танимаган ва Ундан юз ўгирган кимсалар у куни дўзахга ҳайдаладилар. Уларга: «Сизлар ўз ҳузур-ҳаловатларингизни ҳаёти дунёларингиздаёқ кетказдингиз ва улардан фойдаланиб бўлдингиз. Энди Бугун Ерда ноҳақ кибру ҳаво қилганларингиз ва итоатсиз бўлганларингиз сабабли хорлик азоби билан жазоланурсизлар» (Аҳқоф: 20), дейилади.

    Эй Аллоҳнинг бандаси!

    «Фаровонлик пайтингда Аллоҳга танилиб ол, машаққат пайтида У сени танийди».

    19.06.2009.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963