Гуноҳлардан тавба қилишнинг шартлари

    Савол:

    Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ. Мен аввал мултазима (Ислом шариатига оғишмай амал қилувчи), ҳижоб кийиб юрувчи бир қиз эдим. Кейинроқ хулқ-атворим ўзгариб, ёмон одамлар таъсирига тушиб, енгилтак қиз-жувонларга қўшилиб кетдим. Бу орада турмушга ҳам чиқдим, бироқ эримга ҳам хиёнат қилиб, бир қанча эркаклар билан ношаръий муносабатларда бўлдим. Энди ҳозир барча қилмишларимга пушаймонман. Бироқ, нима қилишни билмайман. Аллоҳ менинг гуноҳларимни кечирармикин, тавбамни қабул қилармикин? Тавбамни қабул қилиши учун нима ишларни қилишим керак бўлади?

    Жавоб:

    Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

    Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жабр қилган бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53). Уламолар ушбу оят тавба қилувчилар ҳақида нозил бўлганига иттифоқ қилганлар.

    Аллоҳ таоло айтади: «Кофир бўлган кимсаларга айтингки, агар (кофирликларидан) тўхтасалар, ўтган гуноҳлари мағфират қилинур» (Анфол: 38).

    Аллоҳ таоло айтади: «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» (Нур: 31).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ислом ўзидан аввалги (гуноҳлар)ни вайрон қилади, тавба ўзидан аввалги гуноҳларни вайрон қилади» (Имом Муслим ривояти).

    Шундай экан, биз сизни тавбага буюрамиз. Тавба:

    1. Ўтган гуноҳларга пушаймон бўлиш;
    2. Гуноҳларни тарк қилиш;
    3. Уларга яна қайтмасликка чин дилдан азму қарор қилишдир.

    Шу билан Аллоҳ таоло барча ўтган гуноҳларни кечиради.

    Қилинган гуноҳ бировнинг ҳаққига тегишли бўлганда юқоридаги учта шартга қўшимча яна тўртинчи шарт ҳам бордир. Яъни, қарз, талончилик, ўғирлик каби йўллар билан сизга ўтиб қолган бировга тегишли нарса бўлса, унга ҳаққини қайтариб беришингиз керак бўлади. Шу билан юқоридаги учта шартга риоя қилинган ҳолда тавба тўкис бўлади. Аллоҳ тавбамни албатта қабул қилади деб умид қилинг, Аллоҳга нисбатан яхши гумонда бўлинг, покиза муслима аёллар дўстлашинг, кўп Қуръон ва ҳадислар ўқинг.

    Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам, барча мўминларга ҳам ҳақ устида саботли қилишини, ёмонликлардан офият беришини, шайтоннинг васвасаларидан паноҳ беришини сўраймиз.

    Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

    (Ибн Боз: Мажмуъул-фатава: 9/357).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962