Бизга боғланинг
Хатоларни тузатишнинг пайғамбарона услублари (3)
11) Хатокорга амалий таълим бериш
Кўп ҳолларда амалий таълим назарий таълимдан кўра кучлироқ ва таъсирчанроқ бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шундай қилганлар.
Жубайр ибн Нуфайр отасидан ривоят қилишича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келганида у зот уни таҳорат қилишга буюриб: «Таҳорат қил эй Абу Жубайр», дедилар. Абу Жубайр таҳоратни оғзини чайқашдан бошлаганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Оғиздан бошлама, кофирлар оғиздан бошлайди», дедилар. Сўнг у зот таҳорат суви чорлатиб, аввал икки кафтларини яхшилаб ювдилар, сўнг оғизларини ва бурунларини уч мартадан чайдилар, юзларини уч марта ювдилар, ўнг қўлларини тирсаккача, кейин чап қўлларини тирсаккача уч марта ювдилар, бошларига масҳ тортдилар, оёқларини ювдилар. (Байҳақий «Сунан»да (1/46) ривоят қилган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: №2820).
Бу ерда кўринадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «кофир оғзидан бошлайди» дейиш билан бу саҳобани тўғри бўлмаган ишдан нафратлантиришни истадилар. Бу гап кофир қўлини идишга киритишдан олдин уни ювмайди, деган маънода бўлса керак, аллома Абдулазиз ибн Боз ушбу ҳадис шарҳини сўраганимда шундай тушунтириб берган эдилар. Бу эса тозаликка риоя қилмасликдан бўлади, валлоҳу аълам.
12) Тўғри бадални тақдим этиш
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларида намоз ўқиганимизда «Ассаламу алаллоҳ мин ибадиҳи, ассаламу ала фуланин ва фулан» (Аллоҳга бандаларидан салом, фалончи-фалончига салом) – Насоий ривоятида: «Ассаламу ала Жибрийла ва Мийкаила» (Жаброил ва Микоилга салом) – дер эдик, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга ўгирилиб: ««Аллоҳга салом» деманглар, Аллоҳ Ўзи Саломдир. Сизлардан бирингиз намоз ўқиса «Аттаҳийяту лиллаҳи вас-солавату ват-тоййибат, ассаламу алайка айюҳан-набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ, ассаламу алайна ва ала ибадиллаҳис-солиҳийн, ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва росулуҳ» (яъни: Салом-таъзимлар, дуолар ва покиза сўзу-амаллар Аллоҳ учундир. Эй Набий! Сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракотлари бўлсин. Бизга ҳамда Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин – Агар шундай десаларингиз, бу Аллоҳнинг осмону ердаги барча солиҳ бандаларига етади – Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг қули ҳамда расулидир) десин», дедилар» (Имом Бухорий ривояти, Фатҳ: №405).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам шу бобга мисол бўлади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қибла (томондаги девор)да балғамни кўриб, бу нарса у зотга оғир ботди, ҳатто (бунинг асари) юзларида кўринди. Ўринларидан туриб, уни ўз қўллари билан ишқалаб артдилар, сўнг: «Сизлардан бирингиз қачонки намозида турса, албатта, у Раббига муножот қилаётган бўлади ёки албатта, Рабби у билан қибла ўртасидадир. Шундай экан, ҳеч бирингиз қибласи томонга тупурмасин, балки чап томонига ёки оёқлари остига (тупурсин.) (Аввалги масжидлар полсиз, палос тўшалмаган қуруқ ердан иборат эди. ИНТ)» Сўнг ридоларининг бир четини ушлаб, унга туфладилар, сўнг уни букладилар ва: «Ёки мана шундай қилсин», дедилар (Имом Бухорий ривояти, Фатҳ: №405).
Бир ривоятда: «Агар бировингиз туфласа, олди тарафига ва ўнг тарафига туфламасин. Чап тарафига ёки чап оёғининг тагига туфласин» (Имом Бухорий ривояти, Фатҳ: №412).
Яна бир мисол: Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Билол розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига «барний» (навли) хурмодан олиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Билол, буни қаердан олдингиз?», дедилар. Билол: «Бизда сифати пастроқ хурмо бор эди. Мен ундан икки соъини бир соъ яхшисига, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам есинлар, деб сотиб олдим», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эҳ, (бу ахир) айни рибонинг ўзи-ку… Айни рибонинг ўзи-ку… Ундай қилманг. Агар сотиб олишни хоҳласангиз, хурмони алоҳида бай билан сотинг-да, пулига бошқасини олинг», дедилар». (Имом Бухорий ривояти, Фатҳ: №2312).
Бир ривоятда: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ғуломлари у зотга бир куни райён (навли) хурмо келтирди, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хурмолари баъл бўлиб, бироз қуруқроқ эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: «Бу хурмони қаердан олдинг?», деб сўрадилар. У: «Ўзимизнинг хурмодан икки соъи миқдорига бир соъини алиштирдик», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай қилмагин, бундай қилиш ярамайди. Хурмонгни сотгин-да, кейин ўзинг истаган хурмони сотиб ол», дедилар (Муснад Аҳмад: 3/67).
Амри маъруф ва наҳий мункар билан машғул бўлувчи айрим даъватчиларнинг фаолиятида баъзан бир қусур кўзга ташланади. Яъни, улар одамларнинг хатоларини инкор қилишда унинг хатолигини билдириш ва ҳаромлигини эълон қилиш билан кифояланиб қоладилар ва унинг ўрнига бошқа тўғри нарсани тақдим қилмайдилар ёки хато қилган одам энди нима қилиши лозимлигини тушунтириб бермайдилар. Маълумки, шариат ўзи ҳаром қилган ҳар қандай ҳаром нарсанинг ўрнига бошқа ҳалол нарсаларни тақдим қилади. Масалан, зинони ҳаром қилиб, унинг ўрнига никоҳни машруъ қилган, рибони ҳаром қилиб, байъни ҳалол қилиб қўйган, чўчқа, ўлимтик ва ҳар қандай қозиқ тишли ҳайвон ва тирноқли қушларни ҳаром қилиб, чорва ҳайвонлари ва бошқа жониворларни ҳалол қилди. Қолаверса, бирон киши ҳаром ишга қўл уриб қўйган бўлса, шариат унга тавба ва каффорат орқали бундан қутулиб чиқиш йўлларини яратиб қўйган. Демак, даъватчилар ҳам бадал тақдим қилиш ва шаръий чиқиш йўлларини кўрсатиб беришда шариатдан ўрнак олишлари лозим. Мисол учун, заиф ё мавзуъ ҳадис ўрнини босадиган саҳиҳ ҳадис айтиб беришлари каби.
Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, бадал ва ечим тақдим қилиш имконият ва қудратга қараб бўлади. Баъзан шундай ҳам бўладики, хато содир бўлган, ундан тийилиш зарур. Бироқ, ҳолат бузуқ бўлгани ва одамларнинг Аллоҳнинг шариатидан узоқлашиб кетишгани сабабли ёки амри маъруф ва наҳий мункар қилувчи киши бадал ҳозирлаб қўёлмагани ё воқеликда бор бўлган бадалдан унинг хабари бўлмагани учун воқеда унга муносиб бадал топилмай қолади. Бундай вазиятда гарчи ўрнига бадал тақдим этолмаса ва ундан дурустроқ бошқа ишга йўллаб қўёлмаса ҳам, барибир ўша хатони инкор қилиши ва уни ўзгартиришга уриниши лозим. Бу нарса кўпроқ кофир жамиятларда пайдо бўлиб, қандай бўлса шундай, шариатга зид кўринишда мусулмон жамиятига кўчириб келтирилган молиявий муомалаларда ва истисмор (инвестиция киритиш) системасида содир бўлади. Мусулмонларда унинг ўрнига шаръий бадал топиб бериш ва кенг тарқатишда жиддий қусур ва заифликлар борлиги сир эмас. Лекин, ўша нарсанинг нотўғрилиги сақланиб қолаверади, илоҳий манҳажда албатта унинг ўрнини босадиган эваз ва ҳаражни кўтариб юборадиган ечимлари бўлади. Бироқ, уни билган билади, билмаган билмайди.
13) Хато содир бўлишидан тўсадиган нарсага йўллаш
Абу Умома ибн Саҳл ибн Ҳунайфдан ривоят қилинади, унга отаси (Саҳл ибн Ҳунайф) айтиб берган экан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (сафарга) чиқдилар ва Маккага қараб йўл олдилар. Жуҳфадаги Хаззор водийсида эканларида Саҳл ибн Ҳунайф ювинаётиб устки кийимини ечди, Омир ибн Рабиа унга қараб турган эди. Саҳл оппоқ, чиройли одам эди. Омир: «Бугунги кундагидек келинларга хос бундай терини кўрмаганман» деди. Саҳл ўша жойнинг ўзида касал бўлиб қолди ва беморлиги кучайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг беморлиги ҳақида хабар берилди ва бошини кўтара олмаяпти дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бунга ким айбдор деб ўйлайсизлар?» деб сўрадилар. «Омир ибн Рабиа назар солганди» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақиртирдилар ва аччиқланиб унга: «Нега бировингиз ўз биродарини ўлдиради?! Сени ажаблантирган нарсани кўрган пайтингда баракот сўраб дуо қилсанг бўлмасмиди?! Энди у учун ювиниб бер» дедилар. Омир юз-қўлларини, билакларини, тиззаларини, оёқлари атрофини ва изори ичини бир ишидга ювиб берди, сўнг ўша сувни Саҳлнинг устидан қуйилди. Бир киши сувни унинг бошига ва орқа томонига қуярди. Шундай қилингач Саҳл кечга бориб, ҳеч нарса бўлмагандек одамлар билан бирга йўлга чиқди. (Молик, Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ривоятлари).
Молик раҳимаҳуллоҳ Муҳаммад ибн Аби Умома ибн Саҳл ибн Ҳунайфдан келтирган ривоятида айтилишича, у отасининг шундай деганини эшитган экан: «Отам Саҳл ибн Ҳунайф Хаззорда ювинаётиб устки кийимини ечди, Омир ибн Рабиа унга қараб турган эди. Отам оппоқ, чиройли одам эди. Омир ибн Рабиа унга: «Бугунги кундагидек келинларга хос бундай терини кўрмаганман» деди. Саҳл ўша жойнинг ўзида касал бўлиб қолди ва беморлиги кучайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг беморлиги ҳақида хабар берилди ва: «У сиз билан бирга йўлни давом эттиролмаса керак», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдига келдилар. Саҳл Омир билан бўлган воқеани айтиб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Нега бировингиз ўз биродарини ўлдиради?! Баракот сўраб дуо қилсанг бўлмасмиди?! Кўз ҳақдир. Энди у учун таҳорат қилиб бер!», дедилар. Омир у учун таҳорат қилиб берди. Саҳл соппа соғ бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга йўлга чиқиб кетди. (Муваттоъ: №1972).
Ушбу ҳикоя қуйидагиларни ўз ичига олган:
– Мураббийнинг мусулмон биродарига озор етишига сабаб бўлган кишидан аччиқланиши.
– Хатонинг зарарини ва баъзан унинг ўлимга ҳам олиб боришини баён қилиш.
– Зарар содир бўлишидан ва мусулмонга озор етказишидан тўсадиган нарсага йўллаш.
14) Баъзи хатокорларга юзма-юз гапирмаслик ва умумий тушунтириш билан кифояланиш
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамларга нима бўлганки, намозларида кўзларини осмонга қаратишаяпти?!», дедилар. Бу борада сўзлари қаттиқ бўлди, ҳатто: «Қасамки, улар бундан тийилишади ё бўлмасам кўзлари тортиб олинади!», дедилар (Имом Бухорий ривояти, Фатҳ: №750).
Оиша розияллоҳу анҳо Барира исмли бир жорияни сотиб олмоқчи бўлганларида унинг аҳли (эгалари) фақат валийлик уларга бўлиши шарти билангина сотмоқчи бўлишди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билганларидан сўнг одамлар ичида туриб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар, сўнг дедилар: «Одамларга нима бўлдики, Аллоҳнинг Китобида бўлмаган шартларни шарт қилишади?! Аллоҳнинг Китобида бўлмаган ҳар қандай шарт –юзта шарт бўлса ҳам – ботилдир. Аллоҳнинг (ҳаққини) ўташ лойиқроқ, Аллоҳнинг шарти маҳкамроқдир. Валийлик фақатгина (қулни) озод қилган кишигадир» (Имом Бухорий ривояти, Фатҳул Борий: №5636).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ишни қилиб, унга рухсат бердилар. Бироқ, айрим кишилар ундан тийилишга уринди. Бунинг хабари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга етгач, у зот хутба қилдилар: Аллоҳга ҳамду сано айтгач: «Одамларга нима бўлдики, мен қилаётган ишдан ўзларини тортмоқчи бўладилар?! Аллоҳга қасамки, мен улар ичида Аллоҳни билувчироқ ва Ундан қўрқувчироқман», дедилар (Фатҳул Борий: 6101).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжид қибласида балғам кўрдилар. Одамларга юзланиб, дедилар: «Бировингизга нима бўлдики, Раббига юзланиб, Унинг рўбарўсида балғам туфлайди?! Сизлардан бир киши биров унга юзланиб туриб, юзига балғам туфлашини яхши кўрадими?! Агар бировингиз туфласа, чап томонига ё оёғи остига туфласин. Агар (иложини) топмаса, бундай қилсин», деб кийимларининг бир четига туфлаб, уни буклаб, ишқаладилар (Имом Муслим ривояти: №550).
Насоий «Сунан»ида ривоят қилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқиб, унда «Рум» сурасини қироат қиларканлар, адашиб қолдилар. Намоздан сўнг: «Биз билан намоз ўқийдиган одамларга нима бўлдики, таҳоратларини яхши қилмайдилар?! Ўшалар бизни Қуръон (қироати)дан чалғитмоқдалар!», дедилар (Ал-мужтаба: №2/156, ровийлари ишончли).
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ Абу Равҳ ал-Калаъийдан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга бир намозни ўқиб бераётиб, унда «Рум» сурасини ўқидилар ва адашиб қолдилар. Кейин айтдилар: «Шайтон бизнинг қироатимизни намозга бетаҳорат келадиган одамлар сабабли адаштирди. Агар намозга келсаларингиз, таҳоратни яхши қилинглар!» (Муснад Аҳмад: №3/473).
Мисоллар кўп, ҳаммаси битта нуқтада, яъни хатокорни шарманда қилмасликда жамланади. Хатокорнинг юзига гапирмай, таъриз услубида (яъни ўраб, ишора билан) гапиришда бир қанча фойдалар бор. Жумладан:
1) Хатокордан салбий ҳаракат содир бўлишидан сақланиш, уни шайтоннинг шахсий интиқомга чорлашидан ва нафсини ҳимоясига киришишдан узоқлатиш.
2) Бу кўпроқ қабул қилинадиган ва қалбга таъсири кучлироқ услубдир.
3) Хатокорни одамлар орасида очиб бермай, яшриш.
4) Мураббийнинг обрў-эътибори зиёда бўлиши ва насиҳат қилувчига муҳаббатнинг ортиши.
Шуни ҳам эътиборда тутиш керакки, ушбу ишора услуби ҳукмни хатокор шахсга уни шарманда қилмасдан ва хижолатга солмасдан етказиш учун ишлатилади. Бу эса фақат унинг хатоси кўпчиликка маълум бўлмаган ва одамлардан махфий бўлган ҳолда бўлганида яхши бўлади. Аммо, агар ҳозир бўлганларнинг кўпчилиги гап ким ҳақида кетаётганини яхши биладиган, унинг ўзи ҳам буни биладиган ҳолда бу услуб аксинча, хато эгасини ёмонроқ шарманда қилиши, унга нисбатан ёмон таъсир кўрсатиши ва танг аҳволга солиб қўйиши мумкин. Баъзан хатокор бундай пайтда унга нисбатан бу услуб қўлланмаган бўлишини ва хатосини юзига шартта-шартта айтилган бўлишини истаб қолади. Бунда қуйидаги омиллар кучли рол ўйнайди: Ўша гапни ким гапирди, гап кимларнинг ҳузурида айтилди, қўзғотиш ва жунбушга келтириш услубида гапирилдими ё насиҳат ва меҳрибонлик услубида гапирилдими??…
Бевосита юзга гапирмаслик услуби агар ҳикмат билан ишлатилса, хатокорга ҳам, бошқаларга ҳам фойдали тарбия услубидир.
15) Хатокорга қарши оммани қўзғотиш
Бу услубни муайян ҳолатлардагина қўланилади, бунда салбий натижалар келиб чиқиб қолмаслиги учун ҳамма нарсани чуқур ҳисобга олиш лозим бўлади. Қуйида ушбу услубнинг пайғамбарона мисолини келтирамиз:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига қўшнисидан шикоят қилиб келди. У зот: «Бор, сабр қил», дедилар. У одам яна икки ё уч марта келгач: «Бор, анжомларингни кўчага олиб чиқиб ташла», дедилар. У анжомларини кўчага олиб чиқиб ташлади. Шунда одамлар ундан бунинг сабабини сўрай бошладилар, у эса бўлган воқеани айтиб берарди. Одамлар унинг қўшнисини лаънатлаб: «Аллоҳ уни ундай қилсин, бундай қилсин», дея бошладилар. Шундан сўнг қўшниси келиб: «Уйингга қайт, энди мендан ёмонлик кўрмайсан», деди (Саҳиҳу сунани Аби Довуд: 4292).
Ушбу услубнинг муқобилида бошқа бир услуб ҳам борки, уни бошқача ҳолатларда ва бошқа шахсларга нисбатан хатокорни омманинг озоридан ҳимоя қилиш мақсадида қўлланилади. Қуйида буни билиб оласиз:
16) Хатокорга қарши шайтонга ёрдам беришдан сақланиш
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида бир кишининг исми Абдуллоҳ бўлиб, ҳимор (эшак) деган лақаби бор эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кулдирарди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни шароб ичгани учун дарра урдиргандилар. Бир куни уни яна олиб келинди, у зот буюрдилар, унга дарра урилди. Шунда қавмдан бир киши: «Аллоҳим, унга лаънат ёғдиргин, бунча кўп олиб келинмаса уни», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга лаънат айтманглар. Аллоҳга қасамки, мен унинг Аллоҳ ва Расулини яхши кўришини биламан», дедилар (Имом Бухорий ривояти, Фатҳ: 6780).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига бир мастни олиб келинди. У зот уни уришга буюрдилар. Қай биримиз уни қўли билан урди, яна кимдир оёқ кийими билан урди, яна кимдир чопони билан урди. Ҳалаги одам кетгач, бир киши: «Унга нима бўлган ўзи, Аллоҳ хор қилсин», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Биродарингизга қарши шайтонга ёрдамчи бўлманглар!», дедилар (Фатҳул Борий: №6781).
У кишидан ривоят қилинган яна бир ҳадисда айтилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига ичиб олган бир одамни олиб келинди. У зот: «Уринглар уни!», дедилар. Кимдир қўли билан, кимдир оёқ кийими билан, кимдир (устки) кийими билан урди. Ҳалиги одам кетгач, қавмдан бир киши: «Аллоҳ хор қилсин сени», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай деманглар, унга қарши шайтонга ёрдам берманглар», дедилар (Имом Бухорий ривояти, Фатҳ: №6777).
Бир ривоятда: «Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: «Унинг таъзирини бериб қўйинглар», дедилар. Шунда улар унга юзланиб: «Аллоҳдан тақво қилсанг бўлмайдими», «Аллоҳдан қўрқмайсанми», «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳаё қилсанг бўлмайдими», деган гаплар билан таъзир беришди, сўнг қўйиб юборишди». Ушбу ривоят охирида келади: «Лекин, «Эй Аллоҳим, уни мағфират қил, эй Аллоҳим, унга раҳм қил» денглар» (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: №3759).
Бир ривоятда: «Ҳалиги одам кетгач, қавмдан бир киши: «Аллоҳ сени расво қилсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бундай деманглар, унга қарши шайтонга ёрдам берманглар, балки «раҳимакаллоҳ» (Аллоҳ сенга раҳм қилсин) денглар», дедилар» (Аҳмад ривояти: 2/300, Аҳмад Шокир иснодини саҳиҳ санаган: №7973).
Ушбу ривоятлар йиғиндисидан олинадики, мусулмон киши гарчи маъсиятга қўл урган бўлса ҳам, унда Исомнинг асли ва Аллоҳу Расулига муҳаббатнинг асли сақланиб қолади. Бинобарин, буни ундан нафий қилиш (йўқ деб санаш) ва унинг зарарига шайтонга ёрдам берадиган сўз билан дуо қилиш жоиз бўлмайди. Балки, унга ҳидоят, мағфират ва раҳмат сўраб дуо қилиш керак бўлади.
17) Хато ишдан тийилишни талаб қилиш
Бунинг ҳам хатокорни хатода давом этишидан ва ёмонлигининг зиёдалашишидан тўхтатиб қолишда ўзига яраша ўрни бордир ва бу билан мункарни инкор қилиш вазифаси ортга сурилмасдан амалга ошган бўлади.
Умар розияллоҳу анҳу: «Отамга қасамки, йўқ», деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бас қил, ким Аллоҳдан бошқа бирон нарсага қасам ичса, ширк келтирибди», дедилар (Аҳмад ривояти: 1/47, Аҳмад Шокир иснодини саҳиҳ деган: №329).
Абу Довуд «Сунан»ида Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Жумъа куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хутба қилиб турганларида бир киши масжидга келиб одамларнинг елкасидан ошиб олдинга ўта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига қараб: «Ўтир, кеч қолибсан, энди одамларга озор ҳам берасанми», дедилар.
Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларида кекирди. Шунда у зот дедилар: «Кекиришингни биздан нарироқ қил. Чунки Қиёмат куни энг кўп оч қолиб кетадиган одам бу дунёда энг кўп тўқ юрадиган одамдир» (Термизий, Ибн Можа ривоятлари, Термизий ҳасан, ғариб ҳадис деган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 343).
Ушбу ҳадисларда хатокорни хато ишидан тийилишга очиқ талаб қилиш кўринади.
18) Хатокорни хатосини тузатишга йўллаб қўйиш
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни бир неча услублар билан қилганлар. Жумладан:
– Хатокор хатосини ўзи тузатиши учун унинг диққатини хатосига қаратиш.
Бунга Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадис мисол бўлади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга эдик. У зот (масжидга) кириб, масжид ўртасида бармоқларини бир-бирига кириштириб ўтирган кишини кўрдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга ишора қилдилар, бироқ у сезмади. Шунда Абу Саидга қараб: «Агар бировингиз намоз ўқиса, бармоқларини бир-бирига кириштирмасин. Зеро, кириштириш шайтондандир. Сизлардан бирингиз модомики масжидда бўларкан, то чиқиб кетгунича намозда давом этган бўлади» (Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган: 3/54, Ҳайсамий «Мажмаъ»да (2/25) иснодини саҳиҳ деган).
– Имкони бўлса, ўша ишни тўғри кўринишда қилишни талаб қилиш.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидга кирдилар. Бир киши ҳам масжидга кириб намоз ўқиди-да, сўнг келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саломига алик олиб: «Боринг, намозингизни қайта ўқинг, сиз намоз ўқимадингиз», дедилар. У киши қайтди ва аввал қандай намоз ўқиган бўлса, шундай намоз ўқиди, сўнг келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна: «Боринг, намозингизни қайта ўқинг, сиз намоз ўқимадингиз», дедилар. Мана шу ҳолат уч марта такрорлангач, ҳалиги киши: «Сизни ҳақ билан жўнатган Зотга қасамки, мен бундан яхшироқ намоз ўқишни билмайман, менга ўргатинг» деди. Шунда ул зот: «Агар намозга турсангиз, таҳоратни тўкис қилинг, кейин қиблага юзланиб (такбиратул-эҳромга) такбир айтинг, сўнгра Қуръондан муяссар бўлганича ўқинг, сўнгра рукуъ қилинг ва рукуъда хотиржам туринг, сўнгра рукуъдан бошингизни кўтаринг, қоматингиз тик бўлсин, сўнгра сажда қилинг ва саждада хотиржам туринг, сўнгра бошингизни саждадан кўтариб, хотиржам ўтиринг ва барча намозингизни шу зайлда ўқинг», дедилар (Муттафақун алайҳ, лафз Бухорийга тегишли, Фатҳ: №6251).
Кўриниб турибдики:
· Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларидаги одамларга таълим бериш учун уларнинг феълларидан огоҳ бўлиб турардилар. Имом Насоий ривоятида келганидек: «Бир киши масжидга кириб, намоз ўқиди. Биз сезмаган ҳолимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кузатиб турган эканлар. У намозидан фориғ бўлгач, келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салом берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Боринг, намозингизни қайта ўқинг, сиз намоз ўқимадингиз», дедилар…» (Саҳиҳ сунан ан-Насоий: №1008).
Ўз атрофидагиларга нисбатан уйғоқ ҳолда бўлиш мураббийнинг сифатидан саналади.
· Хато қилган кишидан ўша ишини яна бир қилиб кўрсатишини сўраш таълимдаги ҳикматдан саналади. Чунки, шояд у ўз хатосини пайқаб қолар, хусусан агар хато кўзга яққол ташланиб турадиган ва ундан содир бўлиши номуносиб иш саналадиган бўлса, уни ўзи тузатиб олар, агар эсида йўқ қилиб қўйган бўлса, эсига тушиб қолар.
· Хатокор агар хатосига огоҳланмаса, унга хатосини батафсил тушунтириш лозим бўлади.
· Бир шахсга бир маълумотни унинг ўзи билишга қизиққанидан, у ҳақда сўраганидан ва қалби унга боғланганидан кейин берилса, унинг ўзи сўрамасидан ва қизиқмасидан туриб берилгандан кўра бу унинг зеҳнида сақланиб қолишига яқинроқ бўлади.
Таълим-тарбия воситалари жуда кўп, мураббий улардан ҳолат ва вазиятга муносибини танлаб олади.
Хато ишни тўғри кўринишда қайтадан қилишни талаб қилишга қуйидаги ҳадис ҳам мисол бўлади:
Жобир розияллоҳу анҳу айтади: Менга Умар ибн Хаттоб хабар беришича, бир киши таҳорат қилиб, оёғида тирноқча жойи ювилмай қолиб кетибди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни кўриб: «Қайтиб, яхшилаб таҳорат қил», дебдилар. У қайтиб (таҳорат қилиб), сўнг намоз ўқибди (Саҳиҳ Муслим: №243).
Яна бир мисол: Имом Термизий «Сунан»ида Калда ибн Ҳанбалдан ривоят қилади: Сафвон ибн Умайя уни қатиқ, оғиз (янги туққан молнинг) сути ва тарра билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига юборди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам водийнинг юқори томонида эдилар. У айтади: «Мен салом ҳам бермасдан, изн ҳам сўрамасдан у зот ҳузурларига кириб бордим. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайт, «ассалому алайкум, кирсам бўладими?», деб сўра», дедилар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: №2180).
– Имкон қадар хатони тўғрилашни талаб қилиш
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ»ида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирон бир эркак бирон аёл билан маҳрамисиз ёлғиз-холи қолмасин. Аёл киши маҳрамисиз сафар қилмасин», дедилар. Шунда бир киши туриб: «Ё Расулуллоҳ, менинг аёлим ҳаж учун йўлга чиқди, мен эса фалон ва фалон жангга ёзилиб қўйган эдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бор, аёлинг билан бирга ҳаж қил», дедилар» (Фатҳ: №5233).
– Хатонинг асоратини тузатишни талаб қилиш
Имом Насоий раҳимаҳуллоҳ «Сунан»ида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Эй Расулуллоҳ, мен сиз билан ҳижратга байъатлашиш учун келдим. Лекин ота-онамни йиғлаган ҳолда қолдирдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар ҳузурига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин», дедилар (Саҳиҳ сунан ан-Насоий 3881).
– Хатога каффорат тўлаш
Агар айрим хатоларнинг олдини олиш иложсиз бўлса, уларнинг асоратини ўчириб юборадиган бошқа эшиклар ҳам қилиб қўйилган. Каффоратлар шулар жумласига киради. Қасамнинг каффорати, зиҳорнинг каффорати, билмасдан ўлдириб қўйиш каффорати, Рамазоннинг кундузида жинсий алоқа қилиш каффорати каби.
19) Хато жойини инкор қилиб, қолганини қабул қилиш
Баъзан гап-сўз ё иш-амалнинг ҳаммаси хатодан иборат бўлмайди. Шунда хато жойини инкор қилишга чекланиш ва хатони гап ё ишнинг ҳаммасига умумлаштирмаслик ҳикматдан бўлади. Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Рубаййиъ бинт Муаввиз ибн Афродан ривоят қилган қуйидаги ҳадис шунга далолат қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўйим куни кириб, ҳозир сен билан мен ўтирганимиздек ўтирдилар. Кейин уйимиздаги жориялар дуф чалиб, Бадр жангида ўлдирилган аждодларимизни мадҳ этиб, куйлай бошладилар. Улардан бири: «Ичимизда эртага нима бўлишини билувчи пайғамбар бор», деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Буни қолдиргин-да, бошқаларини айтавер», дедилар» (Фатҳул Борий: №5147).
Термизий ривоятида: «Мана шу жойини айтма, ундан олдинги айтаётганларингни айтавер», дедилар (Саҳиҳ сунан ат-Термизий: №1090).
Ибн Можа ривоятида: «Аммо, шунисини айтманглар! Эртага нима бўлишини Аллоҳдан бошқаси билмайди», дедилар (Саҳиҳ сунан Ибн Можа: №1539).
Шубҳасиз, бу каби тасарруф хатокорга унинг хатосини инкор қилаётган ва тузатаётган кишининг инсоф ва адолатини сездиради ва унинг танбеҳини қабул қилишга ундайди. Энди бошқа баъзи инкор қилувчилар бўладики, хатодан ғазабга тўлиб, инкорни ҳам ҳаддан ошириб юборадилар ва гапнинг ичидаги тўғрисию хатосини аралаштириб, ҳаммасини хатога чиқариб юборадилар. Бу эса уларнинг сўзлари қабул қилинмаслигига ва хатокорнинг инкор қилувчига бўйин эгмаслигига сабаб бўлади.
Баъзи хатокорлар бўладики, ўша гапирган гапининг ўзи хато бўлмайди, балки ўша гапни қайсидир бир муносабатга боғлаб гапириши хато бўлади. Мисол учун, баъзилар биров вафот этганда: «ал-Фотиҳа!» (яъни, Қуръон ўқинглар), дейди, шу ерда ҳозир бўлганлар Қуръон ўқийдилар. Уларга аслида, Қуръон ўқиш хато эмаслигини, балки Қуръонни ибодат кўринишида мана шу муносабатга хослаб қўйиш шаръий далили бўлмаган хато ва бидъат эканини тушунтириш керак бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ёнларида акса уриб, «Алҳамду лиллаҳи, вассаламу ала росулиллаҳ» деган кишининг диққатини айни шу маънога қаратган эдилар. Яъни, у кишига: «Мен ҳам «Алҳамду лиллаҳи, вассаламу ала росулиллаҳ» дейман, лекин бундай (ўринга хослаб) эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга бундай ўргатмаганлар, балки «Алҳамду лиллаҳи ала кулли ҳал» (Ҳар қандай ҳолда ҳам Аллоҳга ҳамд бўлсин) дейишни ўргатганлар», дедилар (Сунанут-Термизий: №2738).
20) Ҳақни эгасига қайтариш ва хатокорнинг обрў-эътиборига ҳам путур етказмаслик
Имом Муслим Авф ибн Моликдан ривоят қилади: Ҳимярлик бир киши душманнинг бир одамини ўлдирди, сўнг унинг нарсаларини ўлжа сифатида олишни истаганида қўшиннинг қўмондони бўлмиш Холид ибн Валид унга буни ман қилди. Авф ибн Молик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бориб, буни айтиб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Холиддан: «Нега унинг нарсаларини ўлжа қилиб олишига монеълик қилдингиз?», деб сўрадилар. «Унга бу кўплик қилади деб ўйладим, ё Расулуллоҳ», деди Холид. «Беринг унга ўлжасини!», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Холид Авфнинг ёнидан ўтаётганида Авф унинг кийими этагидан тортди ва: «Сенга айтган ишимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақд қилиб олиб бердимми?!», деди. Унинг бу гапини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшитиб қолдилар ва ғазабланиб: «Берманг эй Холид! Берманг эй Холид! Сизлар менинг амирларимни ўз ҳолига қўясизларми, йўқми?! Сизлар билан уларнинг мисоли туя ё қўйлар боқтириладиган бир кишининг мисолига ўхшайди, уларни ўтлатиб, суғориш вақти келганда бир ҳовузга олиб келади, (туялар ё қўйлар) ҳовузнинг тиниқ сувини ичиб, лойқасини қолдиради. Тиниғи сизларга, лойқаси уларга (яъни амирларимга)», дедилар (Саҳиҳ Муслим, шарҳ Нававий: №12/64).
Имом Аҳмад мазкур воқеани тўлароқ кўринишда Авф ибн Молик ал-Ашжаъийдан ривоят қилган. У айтади: «Шом тарафга ғазот қилдик. Бизга Холид ибн Валид амир қилинган эди. Ҳимярнинг Мададидан келган бир киши ҳам бизга қўшилди. У бизнинг кўчларимиз олдига келганида биргина қиличдан бошқа ҳеч қандай қуроли йўқ эди. Мусулмонлардан бир киши туя сўйган эди. У қилиб бу қилиб охири унинг терисидан битта қалқон кўринишида кесиб олди, сўнг уни ерга ёйиб устида олов ёқиб қуритди ва соп ясаб, уни қалқон қилиб олди. Шундан сўнг биз румликлар ва Қузоъалик араблар аралаш душманимиз билан тўқнашдик, улар бизга қарши қаттиқ жанг қилишди. Қавм ичида румлик бир киши бўлиб, малларанг от миниб олган, отининг эгари тилладан қилинган, камарига тилла суви юритилган, қиличи ҳам шундай эди. У тинмай қавмга ҳамла қилар эди. Ҳалиги мададлик одам ўша румликниг кўзини шамғалат қилиб, орқасига ўтиб олди ва отининг оёғига қилич урди. От йиқилгач, эгасини ҳам қилич солиб ўлдирди. Аллоҳ таоло фатҳ (ғалаба) бергач, у ўша (ўзи ўлдирган румлик)нинг нарсаларини ўлжа сифатида талаб қилиб келди, одамлар уни шу одам ўлдирганига гувоҳлик беришди. Холид унинг баъзи нарсаларини бериб, қолганини ушлаб қолди. У одам Авфнинг олдига келиб, айтиб берди. Авф унга: «Бор унга, қолганини ҳам берсин», деди. У борган эди, (Холид) бермади. Шундан сўнг Авфнинг ўзи Холид ёнига келиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлжани (унинг эгасини) ўлдирган кишига берилишига ҳукм қилганларини билмайсанми?!», деди. «Биламан», деб жавоб берди Холид. «Нега унда ўлдирган кишисининг нарсаларини унга ўлжа қилиб бермайсан?!», деди. «Унга кўплик қилади деб ўйладим», деди Холид. Авф деди: «Қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига кўзим тушса, албатта бу ишингни у зотга айтаман». Мадинага келишгач, Авф ҳалиги одамни қўзғаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ҳақ талаб қилишга юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Холидни чорлатдилар, Авф ҳам ўтирган эди. У зот Холидга: «Нега бу кишига ўлдирган кишисининг нарсаларини ўлжа қилиб бермадингиз?!», дедилар. «Унга кўплик қилади деб ўйладим, ё Расулуллоҳ», деди Холид. «Беринг унга!», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Холид Авфнинг ёнидан ўтаркан, Авф унинг ридосидан тортиб: «Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб боплайман деганим нарса сенга етдими?!», деди. Унинг бу гапини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эшитиб қолдилар ва ғазабланиб: «Берманг эй Холид! Сизлар менинг амирларимни ўз ҳолига қўясизларми, йўқми?! Сизлар билан уларнинг мисоли туя ё қўйлар боқиш юклатилган бир кишининг мисолига ўхшайди, уларни ўтлатиб, суғориш вақти келганда бир ҳовузга олиб келади, (туялар ё қўйлар) ҳовузнинг тиниқ сувини ичиб, лойқасини қолдиради. Тиниғи сизларга, лойқаси уларга (яъни амирларимга)», дедилар.
Кўрамизки, Холид ўлдирилганнинг кўп (ва қимматбаҳо) нарсаларини ўлдирган кишига бермаслик билан хато ижтиҳод қилганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақни эгасига қайтариш билан ишни ўз нисобига туширишга буюрдилар. Лекин, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Авф розияллоҳу анҳунинг Холидни таҳқирлаб, этагидан тортиб, киноя билан: «Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб боплайман деганим нарса сенга етдими?!», деган гапини эшитгач, ғазабландилар ва: «Берманг унга эй Холид!», дедилар. Бу эса амир ва қўмондоннинг обрў-эътиборини ўз ўрнига қайтариш бобидан эди. Чунки, одамлар ичида унинг обрўси сақланишида очиқ маслаҳат (фойда) бор.
Бу ерда бир мушкила ўртага чиқади: Агар қотил ўлжага ҳақдор бўлса, нега уни бундан ман қилдилар? Нававий раҳимаҳуллоҳ бунга икки жиҳатдан жавоб беради:
Биринчидан, балки кейинроқ қотилга ўлжасини бергандирлар, фақат Холид розияллоҳу анҳуга тилларини узайтиришгани ва волийнинг ҳурматини поймол қилишгани учун унга ва Авфга таъзир бўлсин дебгина кечиктириб тургандирлар.
Иккинчидан, балки ўлжа эгасининг қалбини эритгандирлар ва у ўлжани ўз ихтиёри билан тарк қилиб, мусулмонларга қолдиргандир. Нима бўлганда ҳам, бундан мақсад амирларнинг ҳурматини сақлаш важидан Холид розияллоҳу анҳунинг кўнглини оғритмаслик эди. (Ал-фатҳур-раббоний: 14/84).
Унга нисбатан хато иш қилинган кишига обрў-эътиборини қайтариб бериш масаласига қуйидаги ҳадис ҳам мисол бўлади:
Имом Аҳмад «Муснад»ида Абу Туфайл Омир ибн Восиладан ривоят қилади: «Бир киши бир қавм олдидан ўтаётиб, уларга салом берди, улар унинг саломига алик олдилар. Ўтиб кетганидан сўнг қавмдан бир киши: «Аллоҳга қасамки, мен буни Аллоҳ учун ёмон кўраман», деди. Мажлис аҳли: «Аллоҳга қасамки, сен жуда ёмон гап айтдинг. Энди биз бу гапингни унга етказамиз. Тур эй фалончи, унга бунинг гапини етказ», дедилар. Уларнинг элчиси ҳалиги одамнинг ортидан бориб, гапларини айтди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб: «Ё Расулуллоҳ, мен мусулмонларнинг бир йиғини олдидан ўтиб кетаётиб, уларга салом бердим, улар саломимга алик олишди, ичларида фалончи ҳам бор эди. Ўтиб кетганимдан кейин бир одам орқамдан етиб олиб, менга айтдики, ўша фалончи: «Аллоҳга қасамки, мен буни Аллоҳ учун ёмон кўраман», деб айтибди. Сиз у одамни чақириб, мени нега ёмон кўришини сўрасангиз», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у одамни чақиртириб, бу киши айтган гап ҳақида сўрадилар. У эътироф этиб: «Ҳақиқатан шундай дедим, ё Расулуллоҳ», деди. «Уни нима учун ёмон кўрасиз?», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. У деди: «Мен унинг қўшнисиман, мен уни яхши биламан. Аллоҳга қасамки, мен унинг яхши ҳам, фожир ҳам ўқийдиган мана шу фарз намозлардан бошқа намоз ўқиганини умуман кўрмадим». «Ё Расулуллоҳ, ундан сўрангчи, мен ўша (фарз намоз)ни ўз вақтидан кечиктирганимни ё унга таҳоратни яхши қилмаганимни ё рукуъ ва сужудларини яхши бажармаганимни ҳеч кўрганмикин?», деди у. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб сўрагандилар, у: «Йўқ», деб жавоб берди. Кейин деди: «Аллоҳга қасамки, мен унинг яхши ҳам, фожир ҳам рўзасини тутадиган шу ой (рамазон)дан бошқа пайт рўза тутганини кўрмадим». У деди: «Ё Расулуллоҳ, у менинг рўзани бузганимни ёки унинг ҳаққидан бирор нарсани нуқсонли қилганимни ҳеч кўрганмикин?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан бу ҳақда сўрагандилар, у: «Йўқ», деб жавоб берди. Кейин деди: «Аллоҳга қасамки, мен унинг ўз молидан яхши ҳам, фожир ҳам берадиган мана шу садақа (яъни закот)дан бошқа бирон нарсани Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилганини ёки сўровчи-тиламчига бирон нарса берганини ҳеч кўрмадим». У деди: «Ё Расулуллоҳ, ундан сўраб кўрингчи, закотдан бирон нарсани ҳеч яшириб қолганмикинман ё уни талаб қилган кишига бахиллик қилганмикинман?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрагандилар, у: «Йўқ», деди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Тур! Билмайманки, балки у сендан кўра яхшироқ бўлса», дедилар. (Муснад: 5/455, Ҳайсамий «Мажмаъ»да (1/291) айтади: Аҳмаднинг ровийлари ишончли).
Хатокор тавба қилганидан ва хатосидан қайтганидан кейин тўғриликда сабот билан туришини ва одамлар орасида одатий ҳаёт кечиришини таъминлаш учун унинг обрўсини сақлаш жуда муҳим ишлардан саналади. Ўғирлик туфайли қўли кесилган махзумиялик аёлнинг кейинги ҳаётини Оиша розияллоҳу анҳо сифатлаб айтганлар: «Шундан сўнг унинг тавбаси чиройли бўлди ва турмушга чиқди. У менинг олдимга келиб турарди ва мен унинг эҳтиёжларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказиб турардим» (Саҳиҳ Муслим: №1688).
21) Хато икки тарафдан ўтганда гапни ҳар икки жанжаллашувчига қаратиш
Кўп вақтларда хато икки тарафдан ўтган бўлади, хатокорга нисбатан ҳам хато қилинган бўлади. Лекин, кўпинча иккала тарафининг хато нисбати тафовутли бўлади. Шундай ҳолларда гапни хатонинг ҳар икки тарафига йўналтириш ва иккала тарафга ҳам насиҳат қилиш керак бўлади. Қуйида бунга мисол олиб келамиз:
Абдуллоҳ ибн Аби Авфодан ривоят қилинади: Абдурраҳмон ибн Авф Холид ибн Валид устидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Холид, Бадр аҳлидан бўлган кишига озор берманг! Уҳуд тоғича олтин сарфлаб ҳам унинг амалига ета олмайсиз», дедилар. У: «Ўзлари менинг ғашимга тегишади, кейин мен ҳам жавоб қиламан», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Холидга озор берманглар! Зеро, у Аллоҳнинг кофирлар устига суғурган қиличларидан бир қиличдир», дедилар (Табароний «Ал-муъжамул-кабирда (№3801) ривоят қилган, Ҳайсамий «Мажмаъ»да (9/349): «Табаронийнинг ровийлари ишончли» деган).
22) Хатокордан кимга нисбатан хато содир қилган бўлса, ўша кишидан кечирим сўрашни талаб қилиш
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Араблар сафарларда баъзилари баъзиларига хизмат қилиб юришарди. Абу Бакр ва Умар билан бирга бир киши бўлиб, у уларга хизмат қилиб борарди. Улар ухлаб туриб, қарашса, у уларга егулик ҳозирламаган экан. Шунда бир-бирларига қараб: «Бу роса уйқучи экан-ку», дейишди. Сўнг уни уйғотишиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бор, Абу Бакр ва Умар сизга салом айтдилар ва сиздан бирон нонхуруш сўрадилар, дегин», дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уларга салом айт ва аллақачон нонхурушлик бўлибсизлар, дегин», деб юбордилар. Улар бу гапдан қўрқиб кетишди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, биз сиздан нонхуруш сўраб, одам юборсак, сиз бизнинг аллақачон нонхурушлик бўлганимизни айтибсиз, биз нима нонхурушга эга бўлдик?», дейишди. «Биродарингизнинг гўштини (нонхуруш қилдингиз), жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, мен тишларингиз орасида унинг (яъни, иккалангиз ғийбатини қилган кишининг) гўштини кўраяпман», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Улар: «Бизнинг ҳаққимизга истиғфор айтинг», дегандилар: «Ҳақларингизга у истиғфор айтсин», дедилар. (Ибн Касир «Тафсир»ида «Ҳужурот» сураси тафсирида келтирган, Албоний шу маънодаги ҳадисни «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да келтирган: №2608).