Бизга боғланинг
Хотинни эрига иситиш мумкинми?
Савол:
Бир киши бир аёлга уйланди, эр-хотин бир-бирини қаттиқ яхши кўришарди. Орадан бирмунча вақт ўтгач, аёл ҳеч қандай сабабсиз эрини қаттиқ ёмон кўриб қолди. Унга сеҳр қилинган бўлса керак дейилди. Баъзилар эрга ана шундай иш билан шуғулланадиган (яъни, сеҳр воситасида иситма-совутма қиладиган) шахс ҳузурига боришни маслаҳат беришди ва «заруратлар ман қилинган ишларни ҳам ҳалол қилади» қоидасига биноан, бу иш аёлини олиб қолиш ва сеҳрни даф қилишнинг йўли, дейишди. Бироқ, эр бунга кўнмаяпти. Чунки, у бундай қилишни куфр деб эътиқод қилади. Айтингчи, сеҳрга мубтало бўлган киши сеҳрни сеҳр воситасида даф қилиши мумкинми, ёки ишни тек ташлаб, сабр қилиши лозим бўладими? Сеҳрни шу йўл билан даф қилиш душман макрини қайтариш саналадими, куфр саналадими?
Жавоб:
Биров сизга сеҳр қилган бўлса, сиз ҳам айни шу йўл билан, яъни сеҳр билан уни даф қилиш учун сеҳргар ҳузурига боришингиз жоиз бўлмайди. Акс ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Шумланган ё у учун шумланадиган нарса қилиб берилган, фолбинлик қилган ёки унга фолбинлик қилинган, сеҳр қилган ёки унга сеҳр қилиб берилган киши биздан эмас» деган сўзлари умуми остига дохил бўлади (Табароний Имрон ибн Ҳусойндан ривоят қилган, саҳиҳ, Ас-силсилатус-саҳиҳа: №2195).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нушра ҳақида сўралганда: «У шайтоннинг амалидан», деб жавоб берганлар (Аҳмад ва Абу Довуд яхши санад билан ривоят қилганлар, Ас-силсилатус-саҳиҳа: №276). Нушра деб сеҳрланган кишидаги сеҳрни сеҳр воситасида ечишга айтилади.
Ушбу дардни кетказиш учун кифоя қилгудек шаръий дуолар ва даволар мавжуд бўлиб, мусулмон киши ўзини Аллоҳ таоло изн берган зикр ва дуолар ҳамда жоиз бўлган даволар воситасида муолажа қилиши, Аллоҳнинг буйруқларига бўйсуниш ва қайтариқларидан тийилиш билан Аллоҳдан тақво қилиши лозим. «Ким Аллоҳдан тақво қилса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур» (Талоқ: 2).
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга ҳамда у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.
(Илмий Тадқиқотлар ва Фатво бериш Доимий Қўмитаси: 1/556).