Қиёматнинг катта аломатлари: Қуёшнинг ботиш томонидан чиқиши, ер жонивори, тутун, ер ютиши ва бошқа аломатлар

    Охират ҳовлиси силсиласи

    الشيخ محمد حسان

    في رحاب الدار الآخرة

    علامات الساعة الكبرى

    الشمس ، الدابة ، الدخان ، الخسوف

    Шайх Муҳаммад Ҳассон
    Ислом Нури таржимаси

    Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

    «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

    Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

    Аммо баъд…

    Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

    Бугунги суҳбатимиз «Охират ҳовлиси силсиласи»дан еттинчи суҳбат бўлади. Ушбу силсила давомида биз биз Имом Муслим «Саҳиҳ»да Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилган қиёматнинг катта аломатлари ҳақида сўз юритаётган эдик.

    Мазкур ҳадисни яна бир эсга олиб ўтамиз:

    «Гаплашиб ўтирган эдик, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар ва: «Нима тўғрисида гаплашаяпсизлар?», дедилар. Биз: «Қиёмат ҳақида гаплашаяпмиз», дедик. «Қиёмат то ундан олдин ўнта аломатни кўрмагунларингча қоим бўлмайди», дедилар ва тутунни, Дажжолни, добба (ер жонивори)ни, қуёшнинг ботиш тарафидан чиқишини, Ийсо ибн Марямнинг тушишини, Яъжуж ва Маъжужни ва учта ер ютишни – биттаси машриқда, иккинчиси мағрибда, учинчиси араб жазирасидаги ер ютишини зикр қилдилар, охиргиси Ямандан чиқадиган ва одамларни маҳшарлари сари ҳайдайдиган ўт эди» (Муслим: №2901, Абу Довуд: №4311, Термизий: №2184).

    Бугун сизлар билан биз мазкур ҳадисда зикр қилинган аломатларнинг қолганлари – қуёшнинг ботиш тарафидан чиқиши, добба (ер жонивори) чиқиши, тутун ва ер ютиши ҳақида сўзлашамиз.

    Қуёшнинг ботиш тарафдан чиқиши

    Қуёш бу олам ичра яратилибдики, ҳар куни бир хилда, машриқдан чиқиб, мағрибга ботади, бирон кун ҳам бундан бошқача бўлгани кузатилмаган ва бу ҳол то қиёматгача шундай давом этади.

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Қуёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур. Бу қудратли ва билувчи зотнинг тақдири — ўлчовидир. Биз ойни ҳам токи у эски (хурмо) бутоғи каби бўлиб (эгилиб ҳилол ҳолига келиб) қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз. На қуёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) барчалари фалакда сузиб юрур» (Ясин: 38-40).

    Ҳеч шак-шубҳасиз, бу ҳол покиза ва саломат фитратни Аллоҳнинг ягоналигини тан олишга мажбур этадиган ва уни бу ҳақда сўзлатадиган ҳамда Аллоҳнинг қудратига далил бўладиган оят-аломатлардан биридир.

    Шунинг учун Аллоҳнинг пайғамбари Иброҳим Халилуллоҳ алайҳиссалом ер юзининг энг катта тоғут-золимларидан бирига хитобларида айни шу оят-аломатни тилга олгандилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

    «Аллоҳ подшоҳлик берганидан ҳовлиқиб Иброҳим билан Парвардигори ҳақида талашган кимсанинг (Намруднинг) ҳоли-хабарини билмадингизми? Қайсики Иброҳим: «Парвардигорим тирилтириб, ўлдирадиган зотдир», деганида, у: «Мен (ҳам) тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим айтди: «Албатта Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқаради. Сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи?» Шунда бу инкор қилувчи довдираб қолди. Аллоҳ золим кимсаларни ҳидоят қилмайди» (Бақара: 258).

    Қаранг, Иброҳим Халилуллоҳ золим тоғут Намруд ибн Канъон билан ўртада кечган баҳсларида: «Менинг Парвардигорим тирилтириб, ўлдирувчи Зот», деганларида Намруд нодонлик ва сурбетлик билан: «Ўлдириш ва тирилтириш менинг ҳам қўлимдан келади», деди. Сўнгра икки кишини келтирди-да, бирини ўлдириб, иккинчисини қўйиб юборди. Лекин, бу жоҳилона ғурур нубувватнинг ёрқин нури қаршисида қаергача борарди?!

    Иброҳим алайҳиссалом унинг аҳмоқлигини кўргач, нубувват зиёсидан мунаввар бўлган кучли заковат билан дедилар: «Менинг Парвардигорим қуёшни шарқдан чиқаради. Агар сен чиндан ҳам қудрат эгаси бўлсанг, уни ғарбдан чиқаргинчи?!». Ана шундагина Намруд жавоб тополмай, каловланиб қолди.

    Қуёш Аллоҳ яратган кунидан бери бир хил, мунтазам равишда фақат шарқдан чиқиб, фақат ғарбга ботади, лоақал бир кунга бўлса ҳам, бу йўналишини ўзгартирган эмас.

    Ваъда қилинган кун етиб келгач, қуёш Парвардигоридан одатдагидек машриқдан чиқишга изн сўрайди, бироқ унга изн берилмайди.

    «Саҳиҳ Муслим»да Абу Зар ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кун ботар пайтида асҳобларига: «Бу қуёш қаёққа кетишини биласизларми?», дедилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дейишди. Шунда у зот дедилар: «Албатта, у то ўзининг Арш остидаги қароргоҳига етгунча юриб бораверади. Сўнгра Аллоҳ жалла ва алога сажда қилиб йиқилади. То унга: «Кўтарил, келган ерингга қайт!», дейилгунча шу ҳолда тураверади. Кейин чиқар жойидан – яъни, машриқидан – чиқади. Кейин то ўзининг Арш остидаги қароргоҳига етгунча юриб бораверади. Сўнгра Аллоҳ жалла ва алога сажда қилиб йиқилади. То унга: «Кўтарил, келган ерингга қайт!», дейилгунча шу ҳолда тураверади. Кейин чиқар жойидан чиқади. У мана шундай ҳолатда, одамлар ундан бирон нарсани инкор қилмаган (яъни, ғайри табиий санамаган) ҳолида давом этаверади. То (бир кун келиб, одатдагидек) яна юриб, ўша Арш остидаги ўз қароргоҳига боради. Шунда унга: «Кўтарил, ботиш тарафингдан чиқиб тонг оттир!», дейилади. Бас, у мағрибидан чиқиб келади».

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:

    «Ўша қачон бўлади, биласизларми? Бу ҳеч бир жонга, олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, иймони наф бермайдиган пайтда бўлади», дедилар».

    (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №4802, Муслим: №159, Термизий: №3225).

    Ажабланманг, борлиқдаги ҳар бир нарса Аллоҳга сажда қилади.

    Аллоҳ жалла ва ало айтади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз осмонлардаги ва ердаги бор жонзот, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дов-дарахтлар ва (барча) жониворлар ҳамда кўпдан-кўп инсонлар (ёлғиз) Аллоҳга сажда қилишини кўрмадингизми? Кўп (одамларга эса кофир бўлганлари сабабли) азоб ҳақ бўлгандир. Кимни Аллоҳ хор қилиб қўйса, бас, уни (ҳеч ким) азиз қилувчи бўлмас. Албатта Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани қилур» (Ҳаж: 18).

    Инсу жиндан бўлган кофирлардан бошқа борлиқдаги ҳар бир нарса еру осмонлар Парвардигорига сажда қилади.

    Аллоҳнинг ягоналигини ва Холиқнинг улуғворлигини билмоқчи бўлсангиз, еру осмонларга боқинг.

    Осмоннинг баландлигига, ернинг кенглигига, тоғларнинг пурвиқорлигига, фалакларнинг айланишига, денгизларнинг мавжланишига боқинг..

    Ҳаракату сукунатдаги ҳар бир нарсага боқинг..

    Аллоҳга қасамки, ҳамма-ҳаммаси Аллоҳнинг тавҳидига иқрор бўлиб, Аллоҳга сажда қилиб туради, ўз хожасининг зикридан ғофил бўлмайди. Фақат инсу жиннинг кофирларигина бу бахтдан мосуво.. Ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ!

    Эй қуёш, мағрибдан чиқ! Қуёш Парвардигорнинг шу биргина амрини ўша заҳоти ижро қилишга ошиқади ва мағрибидан чиқиб келади!!

    Ушбу маъно Ибн Мардавайҳ ҳасан санад билан Абдуллоҳ ибн Аби Авфодан ривоят қилган ҳадисда яна ҳам очиқроқ кўринади:

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одамларга бир кеча келадики, у сизларнинг кечаларингиздан уч кечага тенг келади. Ўша кеча бўлганида нафл ибодат билан машғул бўлувчилар буни биладилар. Улардан бирлари (уйқудан) туриб, ўз ҳизбини (яъни, намозида кундалик ўқийдиган Қуръон оятларини) ўқийди. Кейин ётиб ухлайди. Кейин туриб, яна ўз ҳизбини ўқийди. Кейин яна ётиб ухлайди. (Одамлар) қўрқиб, масжидларга шошилишади. Шундай ҳолатда турганларида тўсатдан қуёшни мағрибидан чиққанини кўрадилар».

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига эътибор беринг! Ўша кеча бўлганида нафл ибодат билан машғул кишилар буни биладилар. Яъни, кечалари туриб, Аллоҳ роббул оламийнга намозда қоим бўлувчи кишилар буни биладилар.

    Хўш, бу улкан аломат қачон содир бўлади?

    Юқорироқда олиб келганим ҳадиснинг Абу Зардан қилинган ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Ўша қачон бўлади, биласизларми? Бу ҳеч бир жонга, олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, иймони наф бермайдиган пайтда бўлади», дедилар.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қуёш мағрибидан чиқса ва одамлар уни кўрсалар, ҳамма-ҳаммалари иймон келтиришади» (Бухорий: №6506, Муслим: №157, Абу Довуд: №4312).

    Бироқ.. Ҳайҳот, энди у иймон фойда бермайди!!

    «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қачон уч нарса чиқса, ҳеч бир жонга агар у олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик касб қилмаган бўлса, иймони наф бермайди: қуёшнинг мағрибидан чиқиши, Дажжол ва доббатул-арз (ер жонивори)». (Муслим: №158, Термизий: №3074).

    Севикли дўстим! Аввало ўзимни, кейин сизни Аллоҳ таоло тавба эшигини ёпмасидан туриб, Унга тавба ва инобат қилишга чақираман.

    Зеро, Аҳмад саҳиҳ санад билан келтирган ҳадисда Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Модомики тавба мақбул бўлиб тураркан, ҳижрат тўхтамайди. Тавба эса то қуёш мағрибидан чиқмагунича мақбул бўлаверади. Қачон қуёш мағрибидан чиқса, ҳар бир қалбга ичида бор нарсаси билан муҳр урилади ва одамлар (шунгача қилган) амалга кифояланади» (Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да (№7469) саҳиҳ санаган).

    Эй ғофил.. Эй ўйин-кулгига муккасидан кетган.. Эй тавҳидни зое қилган.. Эй намозга бепарво қаровчи.. Эй закотни зое қилувчи.. Эй ота-онасига оқ бўлиб юрган.. Эй Аллоҳдан юз ўгириб юрган.. Эй Аллоҳнинг марҳаматини динсизлик билан қарши олувчи..

    Ғўрлик даврингда ўтган

    Ишларингни қўй энди,

    Гуноҳларингни эслаб,

    Кўзингдан ёш қуй энди.

    Гарчи сен эдинг ғофил,

    Икки фаришта огоҳ,

    Сен маъсиятга машғул,

    Улар ёзишга, эвоҳ!

    Бу жон сенга берилган

    Омонатдир билсанг гар.

    Эгасига у бир кун

    Албатта қайтарилар.

    Сен алданиб, ортидан

    Елиб-югурган дунё

    Ҳовлидир бир ўткинчи,

    Алдамчи мисли рўё.

    Билки, кечаю кундуз

    Олганинг ҳар бир нафас

    Ҳисоблидир барчаси,

    Кетмагай беиз, абас.

    «Саҳиҳ Муслим»да Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло кундузнинг гуноҳкори тавба қилиши учун тунда қўлини ёзади, кечанинг гуноҳкори тавба қилиши учун кундузи қўлини ёзади, то қуёш мағрибидан чиқмагунича (шу ҳол давом этаверади)», дедилар (Муслим: №2760).

    Қуёш мағрибидан чиқиб келган кунда Аллоҳнинг тоатида устувор турган кишига шодлик бўлсин!

    Эй Аллоҳ, бизни ҳам тавҳид, иймон ва тоат аҳлидан қилгайсан, Ўзингни рози қиладиган солиҳ амалларга муваффақ этгайсан, эй оламлар Парвардигори!

    Аллоҳ жалла ва ало айтади:

    «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга
    тоат-ибодат қилишда) тўғри устивор бўлган зотларнинг олдиларига
    (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин
    бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар
    ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун
    (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у
    жойда истаган нарсаларингиз бордир.
    (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот
    томонидан бўлган зиёфатдир»
    (Фуссилат: 30-32).

    Добба – ер жонивори

    Аллоҳ таоло айтади:

    «Қачон (кофирларнинг) устига сўз-азоб тушганида (яъни қиёмат яқинлашиб қолганида), Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга (қайта тирилишни инкор қилувчи) одамлар Бизнинг оятларимизга (Қуръонга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва унинг динига) ишонмайдиганлар эканлари ҳақида сўзлар» (Намл: 82).

    Жонивор гапиради!! Ҳайвонга тил битади!! У одамлар тушунадиган тилда сўзлайди, уларга қарши ҳужжат барпо қилади, уларга Аллоҳнинг оятларига ишонмайдиган бўлиб қолганларини ва уларни тасдиқламай қўйганликларини эслатади.

    Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёматнинг биринчи аломати қуёшнинг мағрибидан чиқиши ва добба-жониворнинг чошгоҳ пайтида одамларга чиқишидир. Қайси бири олдин чиқса, кейингиси тезда унинг орқасидан чиқади» (Муслим: №2941, Абу Довуд: №4310).

    Добба-жонивор чиқиши жуда ажиб бир иш! Ҳақиқий тадаббур қилиб кўрсангиз, юрагингиз ёрилиб кетгудек бир ҳолат! Бир жонивор чиқиб, ер юзида кезиб юради. Мўмин билан кофирнинг ўртасини ажратади. Мўминга ҳам белги қўяди, кофирга ҳам белги қўяди. Кофирнинг бурнига белги босади, шунда унинг юзи қорайиб кетади. Мўминнинг юзига белги босади, шунда унинг юзи нурланиб, ёруғ юлдуздек ёришиб кўринади.. Жуда қизиқ ҳолат!!

    Имом Аҳмад «Муснад»ида ривоят қилган ва Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Добба чиқиб, одамларнинг бурунларига белги қўяди». (Аҳмад: №22209, Саҳиҳул-жомиъ: №2927).

    Мана бу ҳадис эса ундан ҳам қизиқроқ. Уни Аҳмад «Муснад»ида ва Термизий «Сунан»ида ривоят қилганлар. Илмий омонат юзасидан айтиб ўтишим керак, бу ҳадис иснодини шайх Албоний заиф санаган, чунки ровийлар силсиласида Алий ибн Зайд ибн Жудъон бор бўлиб, Албоний уни заиф дейдилар. Аммо, аллома Аҳмад Шокир ҳадис санадини саҳиҳ санаб, Алий ибн Зайд ибн Жудъон ҳақида ихтилоф бор, кучлироқ сўзга кўра, у ишончли, деганлар. Имом Термизий уни ҳасан ҳадис деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Добба-жонивор Мусонинг асоси ва Сулаймоннинг узуги унда бўлган ҳолда чиқиб, кофирнинг бурнига белги қўяди, мўминнинг юзидан нур ёғилиб туради. Ҳатто, битта дастурхон аҳли таомга йиғилганларида (бир-бирларини) буниси: «Эй мўмин!», деб, униси эса: «Эй кофир!», деб чақиришади. Чунки, добба ҳақиқатни очиб, равшан қилиб қўйган, мўминни кофирдан ажратиб қўйган бўлади» (Абу Довуд: №3186).

    Айрим мусаннифлар добба-жонивор васфида ўта ғулувга кетиб, уни ғаройиб, хаёлий, драматик кўринишда сифатлашади. Баъзилари уни боши ҳўкизнинг боши, кўзи тўнғизнинг кўзи, қулоғи филнинг қулоғи, бўйни туяқушнинг бўйни, кўкраги шернинг кўкраги, оёқлари туянинг оёқлари ва ҳоказо ғаройиб кўриниш эгаси қилиб тасвирлашган. (Буларнинг бари асоссиз, ИНТ)

    Тутун

    Тутун – қиёматнинг мўмин киши ер юзида гувоҳ бўладиган энг охирги аломатидир. Ундан кейинги бошқа аломатларни мўминлар кўрмайдилар, у азобларни муваҳҳид зотлар бошдан кечирмайдилар. Балки, у аломатлар фақат ер юзининг энг ёмон халқлари бўлмиш кофир ва фожир кимсалар устига келади.

    Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтишларича, қиёматнинг аломатларидан бўлмиш бу тутун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мушрикларга қилган дуоибадлари ортидан содир бўлиб ўтгандир.

    Ўшанда тутун ҳақиқатда бўлган. Бироқ, Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорий ҳадисида қиёматнинг катта аломатларидан бири ўлароқ келган тутун Макка мушриклари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуолари ортидан гувоҳ бўлишган у тутундан бутунлай бошқадир. Аллоҳ таоло ушбу аломат ҳақида айтади: «Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз осмон очиқ (яъни барчага кўринадиган) тутунни келтирадиган Кунга кўз тутинг! У (тутун барча) одамларни ўраб олур. Бу аламли азобдир» (Духон: 10-11).

    Тутун чиққанидан сўнг Аллоҳ тавбаларни қабул қилмайди.

    Тутун чиққач, Аллоҳ таоло ипакдан ҳам мулойим бир шамолни юборади. У шамол ер юзидаги мўминларнинг жонларини қабз қилади, ер юзида биронта ҳам мўмин қолмайди.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «У қалбида бир уруғ-дон оғирлигича иймони бор бирон кишини ҳам қўймай, албатта, қабз қилади, ер юзида фақат энг ёмон одамлар қолади». (Муслим: №1924).

    Яъни, ер юзида фақат Аллоҳга иймон келтирмаган кофир ва фожир одамлар қолади.

    «Саҳиҳ Муслим»да Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қиёмат фақат энг ёмон одамлар устида қоим бўлади» (Муслим: №2949).

    Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Токи ер юзида «Аллоҳ, Аллоҳ» дейилмай қолмагунча қиёмат қоим бўлмас».

    Ер юзида «Аллоҳ» деб айтилмай қолади. Чунки, муваҳҳидларнинг руҳлари қабз этилиб, фақат кофирлар қолади. Улар на Аллоҳни танийдилар, на Уни ягона деб биладилар. Қиёмат ўшандай кимсалар устига қоим бўлади. Балки, азоб устига азоб, бало устига бало бўладиган бошқа аломатлар ҳам зоҳир бўлади.

    Улар қайси аломатлар бўлади?! Қуйида улар ҳақида сўз юритамиз.

    Уч бора ер ютиши
    Машриқдаги биринчи ер ютиши:

    Машриқда ер ютиши содир бўлади. Маълумки, бундай ҳолатда ернинг ёрилиши содир бўлади.

    Аллоҳ таоло Қорун ҳақида ҳикоя қиларкан: «Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам (ерга) ютдирдик» (Қасас: 81).

    Аллоҳ таоло мўминларнинг жонларини қабз этганидан сўнг машриқда энг ёмон халқларга ер ютиши содир бўлади.

    Мағрибдаги иккинчи ва араб жазирасидаги учинчи ер ютишлари

    Мазкур ер ютишлар бўлиб ўтганидан сўнг қиёматнинг катта аломатларининг сўнггиси содир бўлади. Яъни – ҳозирда Яманда жойлашган – Адан шаҳри қаъридан чиқиб, барча одамларни маҳшарлари сари ҳайдайдиган ўт ҳодисаси содир бўлади.

    Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу: «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига боқиб, унинг ёлғончи кимсанинг юзи эмаслигини билдим», дейдилар. Шундан сўнг бу киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирганлар. Ушбу ҳадисдан биз сўз юритаётган мавзуга тааллуқли жойи шуки, Абдуллоҳ ибн Салом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир неча саволлар берадилар. Жумладан, у киши қиёматнинг илк аломати ҳақида сўраганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Адан қаъридан чиқиб, одамларни машриқдан мағрибга йиғадиган ўт-олов», деб жавоб берганлар.

    Зийрак ўқувчи бу икки ҳадис ўртасидаги зоҳирий қарама-қаршиликни дарров ҳис қилган бўлса керак. Бироқ, аслида ҳеч қандай қарама-қаршилик мавжуд эмас. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳузайфа ривоятида келган: «Улар ичида охиргиси ўтдир» деган сўзлари маъноси – у бир аломатки, содир бўлганидан сўнг сур чалиниш ва қабрлардан туриб чиқиш кўринишлари билан қиёмат бошланади. (Демак, Абдуллоҳ ибн Саломнинг ҳадисидаги қиёматнинг илк аломатидан мурод Қиёмат бошланганига аломат эканидир. Ҳузайфанинг ҳадисидаги охирги ўт, Қиёмат яқинлашганига бўладиган аломатларнинг охиргиси демакдир. Икки ҳадисда келган бу аломат бирдир. ИНТ)

    Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Одамлар қиёмат куни рағбат қилган ва қўрққан ҳолларида, уч тариқада (маҳшарга) йиғилади. Икки киши бир туяда, уч киши бир туяда, тўрт киши бир туяда, ўн киши бир туяда (келади). Қолганларини ўт-олов йиғиб келади. Кундузи дам олган жойларида ҳам ўт улар билан бирга, кечани ўтказган жойларида ҳам ўт улар билан бирга, тонг оттирган жойларида ҳам ўт улар билан бирга, кечкиртирган жойларида ҳам ўт улар билан бирга бўлади». (Бухорий: №6522, Муслим: №2861).

    Қуртубий айтадилар: Ҳашр – йиғмоқ маъносида бўлиб, тўрт хил бўлади. Биринчи ва иккинчи ҳашр дунёда, учинчи ва тўртинчи ҳашр охиратдадир.

    Биринчи ҳашр – Аллоҳ таолонинг «Ҳашр» сурасидаги қуйидаги сўзларида зикр қилинган: «У аҳли китоблардан (яҳудийлардан) кофир бўлган кимсаларни биринчи тўплашдаёқ ўз диёрларидан ҳайдаб чиқарган зотдир» (Ҳашр: 2).

    Иккинчи ҳашр – Ҳузайфанинг ҳадисида: «Охиргиси Ямандан чиқадиган ва одамларни маҳшарлари сари ҳайдайдиган ўт» деган сўзларда ифода этилган ҳашрдир. Демак, ўт одамларни йиғиб келиши шу дунёда бўлади.

    Учинчи ҳашр – Одамлар қайта тирилганларидан сўнг қабрларидан ва бошқа ўринлардан маҳшарга йиғилишлари.

    Тўртинчи ҳашр – Одамларнинг жаннатга ёки дўзахга йиғилишлари.

    Жумҳур муҳаққиқ уламолар сўзларига кўра, Ҳузайфанинг ҳадисида қиёматнинг катта аломатларидан бири сифатида зикр этилган ҳашр шу дунёда бўлади. Бунга очиқ ва саҳиҳ далил шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки, охиратдаги ҳашрда мўминлар ҳам, кофирлар ҳам ялангоёқ, яланғоч ва хатна қилинмаган ҳолда маҳшарга йиғилади. «Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда маҳшарга йиғиласизлар», деганлар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо: «Ё Расулуллоҳ! Эркак-у аёллар бир-бирига қарайдилар-ку!», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй Оиша, иш (яъни, аҳволнинг оғирлиги) бу нарса уларга аҳамиятли бўлишидан қаттиқроқ», деб жавоб берганлар (Бухорий: №6527, Муслим: №2859).

    Анас розияллоҳу анҳу ривоятларида: «Эй Оиша, менга шундай бир оят нозил бўлдики, эгнингда кийим бўладими, йўқми, бунинг сенга зарари (яъни, аҳамияти) бўлмай қолади». Шундай деб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улардан ҳар бир киши учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур!» (Абаса: 37) оятини ўқидилар».

    Шеър (мазмуни):

    Тасаввур қил, ҳисоб куни маҳшаргоҳ ичра,

    Туришингни қўрқиб, гангиб, вужудинг титраб..

    Жаҳаннам ғазабла ўкирар, ўрлар,

    Осийларни бағрига чорлар.

    Арш соҳиби қаҳру ғазаб ила дер:

    «Эй банда, номангни ўқи бирма-бир!

    Кўргинчи, бормикан унда лоақал,

    Сен қилиб ўтмаган биргина амал?!»

    Номанг ўқиб, бўлганингда барига иқрор,

    Дўзах посбонларига амр этур Жаббор:

    «Эй фаришталарим, ушлангиз уни,

    Дўзахнинг қаърига ташлангиз уни!».

    Мушриклар эртага дўзахда ёнарлар,

    Мўминлар абадий жаннатда қоларлар.

    Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳузайфа ибн Усайд ал-Ғифорий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда хабар берган қиёматнинг катта аломатлари ҳақидаги сўзимиз ниҳоясига етди.

    Аммо, ушбу ҳадисда зикр қилинмаган, бироқ юракларга қўрқув соладиган яна бир қанча аломатлар ҳам борлиги маълум. У аломатлар қайсилар, дейсизми?

    Улар қуйидагилар:

    Каъбанинг тошларини битта-битталаб вайрон қилиниши

    Каъба – қалблар унга интиладиган ва кўнгиллар унга ташна бўладиган Байтуллоҳ (Аллоҳнинг уйи)дир. Аллоҳ таоло уни шундай васф қилган: «Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилдик» (Бақара: 125).

    Яъни, ундан ҳеч малолланмайдилар, унга боққанлари сари боққилари келаверади, қайтиб кетсалар, яна келишга ва уни зиёрат қилишга иштиёқлари кундан-кун ортаверади.

    Ана шу Каъбани – Аллоҳнинг уйини тошларини битта-битта кўчириб, вайрон этилиши қиёматнинг катта аломатларидан яна биридир.

    Аввалроқ айтиб ўтганимдек, Ийсо ибн Марям алайҳиссалом ерга тушиб келгач, Дажжолни ўлдириб, унинг ёмонлигидан одамларни қутқарадилар. Сўнг Яъжуж ва Маъжуж қавмини ҳалок қилишини сўраб, Аллоҳга илтижо қиладилар. Аллоҳ уларнинг дуоларини ижобат қилиб, Яъжуж ва Маъжужни ҳалок қилади. Мўл-кўл ёмғир ёғдириб, ер юзини уларнинг жасадлари бадбўйлигидан тозалаб, ерни худди ойнадек покиза ва силлиқ қилиб қўяди. Ерда барака бўлади, осмондан барака ёғилади. Одамлар Ийсо пайғамбар билан тинчлик ва омонликда ҳаёт кечирадилар. Кейин Ийсо пайғамбар ҳаж қилиш учун Байтуллоҳга кетадилар.

    Демак, Аллоҳнинг пайғамбари Ийсо тушган пайтларда ҳам ҳаж ибодати сақланиб турган бўлар экан.

    Кейин Аллоҳ таоло Ийсога ўлимни тақдир қилади. Ийсо Мадинаи Мунавварада вафот этадилар. У кишининг жанозаларини мусулмонлар ўқийдилар ва ҳужраи муборакка, Муҳамад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнларига дафн этадилар.

    Ана шундан кейин мен юқорида айтиб ўтганим қиёмат аломатлари содир бўлиб, ер юзида фақат энг ёмон одамлар қолади. Қуръондан Аллоҳнинг оятлари ўчирилади, «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтадиган одам қолмайди, одамлар Байтуллоҳга ҳаж қилмай қўйишади, у ҳақда одамлар ҳеч нарса билмайдилар. Ана ўша энг ёмон халқлар ичида бир ҳабаш кимса ҳам бўлади. Ўша кимса Каъбани бузади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг Каъбани вайрон қилаётган ҳолидаги шакл-шамоилини худди кўриб тургандек тасвирлаб берганлар.

    У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «То икки болдири ингичка бир ҳабаш Каъбани бузмагунича қиёмат қоим бўлмайди» (Бухорий: №1596, Муслим: №2909).

    Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен Каъбани бузаётган кишини кўриб тургандекман, у қоп-қора, икки оёғи маймоқ бўлиб, Каъбанинг тошларини битталаб кўчирмоқда», деганлар (Бухорий: №1595).

    Шу билан бу дунё ҳаёти ширин-у аччиғи, ҳалол-у ҳароми, яхши-ю ёмони билан, ҳамма-ҳаммаси тамом бўлади. Ер юзида фақат энг ёмон халқлар бўлмиш кофирлар қолади. Қиёмат ўшалар устига қоим бўлади. Бу эса Аллоҳ таоло Исрофилга сурни чалишга амр этганидан ва у биринчи бор чалганидан сўнг содир бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзига тасдиқ бўлади: «Сур чалиниб, Аллоҳ Ўзи хохлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва ердаги (барча) кимсалар даҳшатга тушиб қолган ва барча У зот (ҳузурига) бўйин эгган ҳолда келган кунни эсланг» (Намл: 87).

    Қиёмат аломатлари ҳақидаги сўзларимизни шу билан якунлаймиз. Қиёматнинг бошланиши ва унинг ақлларни карахт қилиб, юракларни увиштириб қўядиган оғир босқичлари ҳақидаги сўзлар иншооллоҳ, кейинги суҳбатларимизда давом этади.

    2011 йил 30-июн

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963