Ийсо ибн Марям алайҳиссолату вассаломнинг қиссаси

    1— Мўжизавий қисса

    Ийсонинг даври келди. У пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан аввалги пайғамбарларнинг сўнггисидир.

    Ийсо алайҳиссолату вассалом қиссасида Аллоҳнинг ғолиб иродаси, мутлақ қудрати ва нозик ҳикмати намоён бўлди. Ийсо алайҳиссаломнинг барча ишлари мўжиза эди. Унинг туғилиши мўжиза бўлди, ақлларни ҳайратга солди, табиий қонунлар бекор бўлди. Табиий қонунларга улуғ илоҳдек иймон келтирганларга, тажриба, кўриниб турган нарсалар ҳамда тиб ва табиат қонунларини ўзгармас деб қатъий ишонадиганларга Ийсонинг мазкур қонунларга зид равишда туғилишига иймон келтириш ва уни тасдиқлаш жуда оғир бўлди. Бу каби инсонлар Аллоҳнинг барча нарсаларни иҳота қилган ва барча нарсаларга ғолиб бўлган ҳамда олдида ҳеч бир нарса тўсиқ бўла олмайдиган қудратини билишмас эди. «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур.» (Ёсин: 82)

    Аллоҳни қодир, хоҳловчи, холиқ ва яратувчи илоҳ деб иймон келтирган киши учун Ийсо алайҳиссаломнинг ғайритабиий туғилишига ишониш енгил бўлди: «У Аллоҳ яратувчидир, (йўқдан) бор қилувчидир, (барча нарсага) сурат-шакл берувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтур. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир.» (Ҳашр: 24)

    Аллоҳ таолонинг Одам (алайҳиссалом) ни ота-онасиз, сув ва лойдан яратганига иймон келтирган одамга отасиз фақат онадан туғилишга иймон келтириши анчагина енгилдир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло деди: «Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ олдида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдаи яратиб, сўнгра «Бўл», деди, у (жонли одам) бўлди.» (Оли Имрон: 59)

    2— Ҳамма ёғи ажойиб иш

    Ийсо алайҳиссаломнинг барча ишлари ҳайратомуздир. У зотнинг туғилиши Юнонларнинг ақлий фанлар ва математика соҳасида чўққига чиқишган бир пайт бўлиб, тиббиёт ҳам ўзига хос этиборга эга эди.

    3— Яҳудийларнинг зоҳирий сабабларга суяниши

    Яҳудийлар ичларида кўп пайғамбарлар ўтган бўлса-да, ўз даврларида ҳукмрон бўлган илмларга бўйсундилар. Улар руҳ ва унга боғлиқ ҳамма нарсани инкор этишар ва кўраётган барча нарсаларини моддий изоҳлашар эди. Улар сабаби бўлган нарсаларнигина бор ва бўлиши мумкин деб ҳисоблардилар. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга берган мўжизалар тор доирали моддий ақллар учун даво ва замон эҳтиёжига жавоб бўлди.

    Яҳудийлар нарсаларнинг зоҳири олдида тўхтаб, мағиз қолиб пўстлоққа ёпишиб, ирқчилик ва қондошликни улуғлаш ҳамда молу-дунё муҳаббатига муккасидан кетдилар. Дунё ҳаётига берилиб, қалблари қора, табиатлари эса қўпол бўлди. Улар кучсизларга раҳм, фақирларга меҳр қилмас, томирларида яҳудийлик қони оқмаган ҳар бир кишига ҳайвон, ит, балки, жонсиз нарсалар каби муомала қилар эдилар. Айни пайтда, улар кучли ва давлатманд одамларга бўйсунар, имконлари бўлгани замон шафқатсизлашар, имконлари бўлмагани маҳал мулойимлашар эди. Сурия ва Фаластинда узоқ замонлар римликлар ҳукмронлиги остида яшашган қуллик ва хорлик ҳаёти уларда мунофиқлик, хорлик, ҳийлакорлик, махфий фитнлар уюштиришни пайдо қилган эди.

    4— Камситиш ва қаршилик

    Пайғамбарларни менсимаслик ва уларга қарши ҳатто ўлдириш билан журъат этиш, судхўрлик, диний таълимотлар билан ўйнашиш яҳудийларда бағритошлик, инсоний туйғуни заифлашишини вужудга келтирди. Улардан кўпларининг қалбларида Аллоҳга холис муҳаббат, инсониятга ҳурмат қолмади. Улар ҳамдардлик, ҳамкорлик, эзгулик ва саховат маъноларини унутаёзган эдилар. Яҳудийлар пайғамбарликка ва рисолатга иймон келтиришар, ичларидан кўплаб пайғамбарлар чиққан, китоблари уларнинг хабарлари билан тўлиб-тошган эди. Бироқ улар охирги пайтларда ўз хоҳишларига мувофиқ келган нарсаларга, турмуш тарзлари ва ахлоқларида уларни қўллаб қувватлайдиганларга иймон келтирадиган бўлиб қолишди. Уларни танқид қилган, соғлом дин, очиқ ҳақиқат ва аҳволларни ислоҳ қилишга чақиргàн одамни эса ўзлари учун душман ҳисоблашар, унга қарши курашишарди. Уларда бўҳтон, уйдирма, ҳақиқатни яшириш ва сохта гувоҳлик беришга журъат бор эди.

    5— Бану Исроилга Аллоҳнинг неъмати

    Улар ўзларига замондош халқлардан тавҳид ақидаси билан ажралиб турардилар. Мана шу боис Аллоҳ уларни бошқалардан афзал қилди: «Эй Бану Исроил, сизларга инъом қилган неъматимни ва сизларни бутун оламга афзал қилган пайтимни эсланг.» (Бақара: 122)

    6— Нонкўрлик

    Мушрик, бутпараст халқлар билан қўшни яшаш, аралашиш ва пайғамбарлар таълимотларидан узоқ вақт узилиб қолиш оқибатида яҳудийларга сохта эътиқод ва жоҳилий одатлар кириб келди. Улар Мисрда бузоққа сиғиндилар, Узайр (пайғамбар) ни улуғлаб, уни инсонлик даражасидан юқори мартабаларга чиқардилар. Шармсизлик шу даражага етиб борди-ки, улар ширк, бутпарастлик, сеҳр, куфр ва ёмон ишларни баъзи пайғамбарларга нисбатладилар. Уларнинг ҳақларида Аллоҳдан қўрқмадилар.

    7— Кибр ва насл-насабга суяниш

    Шундай бўлишига қарамай, яҳудийлар насл-насабга қаттиқ суянишар ва орзу-умидларга ўта берилишар: «Биз Аллоҳнинг ўғиллари ва суюклиларимиз» (Моида: 18) ва: «Бизларга дўзах ўти саноқли кунлардагина тегади», (Бақара: 80) дер эдилар.

    8 – Масиҳ алайҳиссаломнинг туғилиши маълум нарсаларга қарши

    Ийсо алйҳиссаломнинг туғилиши, ҳаёти, даъвати ва турмуш тарзи ҳаммага маълум нарсаларга, кенг тарқалган урф-одатларга, ҳаёт қонунларига, яҳудийлар иймон келтирган, унинг устида рақобатлашаётган ва у туфайли жанг қилаётган олий ғояларга зид бўлди. Ийсо алайҳиссалом ғайриодатий кўринишда туғилди; бешикдалигида одамларга сўзлади; фақир ва обида онанинг бағрида ўсди; улуғлик ва бойликдан узоқ бўлган таҳқиру-таъналар тўлиб тошган муҳитда яшади. Ийсо алайҳиссалом камбағаллар билан ўтирар, бирга таомланар ва уларга меҳрибонлик қилар, заиф ва ғарибларга ҳамдардлик қилар, бой билан камбағалнинг, шоҳ билан гадонинг, аслзода билан оддий одамнинг ўртасини ажратмас эди.

    9— Ийсонинг мўжизалари

    Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни пайғамбарлик билан мушарраф этиб, унга Инжилни берди, уни Жибрил алайҳиссалом ва мўъжизалар билан қувватлади. Аллоҳ таоло табиблар даволашдан ожиз қолган касалларга Ийсо орқали шифо берарди. У кўр ва моҳовларни тузатар, Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтирар, одамларга лойдан қуш ясаб, унга дам солса, у (тирик) қуш бўлиб учиб кетар эди. Ва яна у одамлар уйларида еган ҳамда сақлаб қўйган озиқ-овқатлардан хабар берар эди.

    Бу ишлар Тавротда баён қилинган пайғамбарларнинг мўжизалари ва илоҳий қудратга бўлган ишончни қайтарар ва уларга бўлган иймонни янгилар ва ибодатни ҳис ва тажрибага яқинлаштирар эди. Шундай бўлсада, илоҳий қудратнинг кенг қамровлилиги ва раббоний иродани инкор этган кимсалар Ийсо алайҳиссалом олиб келган нарсаларда ўзлари билган ва кўрган нарсаларидан ортиқча бирон нарса йўқ эканини қатъий айтдилар.

    10— Ийсо алайҳиссаломнинг динга даъвати ва яҳудийларнинг уни рад етиши

    Яҳудийлар хом хаёллари ва ғулувлари сабабли ёлғон тўқишарди. Улар Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ҳаром, ҳаром қилган нарсаларни ҳалол қилишди. Шунинг учун Ийсо алайҳиссалом уларни диннинг мағзи ва ҳақиқатига, Аллоҳни барча муҳаббатдан устун муҳаббат билан яхши кўриш, инсониятга раҳмли ва камбағалларга ҳамдард бўлишга чақирди. У уларни холис тавҳидга, пайғамбарлар динига кириб қолган жоҳилий одатлар ва ботил эътиқодларнинг барчасини тарк этишга даъват этди.

    11— Яҳудийлар Ийсо алайҳиссаломга қарши кураш бошладилар

    Ийсо алайҳиссаломнинг сўзлари яҳудийларга оғир ботди ва улар унга қарши биргаликда кураш бошладилар. Улар Ийсо алайҳиссаломга туҳмат ва бўҳтонлар қилиб, уни хунук сўзлар билан ҳақоратладилар. Унинг онаси обида Марямга туҳмат қилишди, ўзини эса таъқиб қилишар, унга қарши безориларни гиж-гижлашар ва унинг йўлларига тўсиқлар қўйишарди.

    12— Ийсо алайҳиссаломнинг Қуръон Каримдаги қиссаси

    Кейин, яҳудийлар Ийсо алайҳиссаломни ўлдириб, ундан қутилиш пайига тушдилар. Бироқ, Аллоҳ таоло Ийсони улардан ҳимоя қилиб, уларнинг ҳийлаларини пучга чиқарди-да, уни Ўзининг ҳузурига (Осмонга) кўтариб, мукаррам қилди. (Болалар,) Қуръондаги Ийсо алайҳиссаломнинг қиссасини ўқинглар:

    «Эсланг (эй Муҳаммад), фаришталар: «Ё Ма­рям, албатта Аллоҳ сенга Ўзининг Сўзини хушхабар қилиб берадики, унинг исми ал-Масиҳ Ийсо ибни Марям бўлиб, дунёю охиратда обрўли ва (Аллоҳнинг) яқинларидан бўлур ҳамда одам­ларга гўдаклик пайтида ҳам вояга етган чоғидагидек гапирур ва солиҳ бандалардан бўлур», деганларида, Марям: «Парвардигорим, менга одамзод тегмаган бўлса, қаёқдан менда фарзанд бўлсин?» — деди. Аллоҳ айтди: «Шундай, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсасини (Ўзи хоҳлаган суратда) яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга: «Бўл!» — дейди. Бас, у иш бўлади».

    И з о ҳ. Аллоҳнинг сўзи — Ийсо ибни Марямдир. Чунки у зот Қуръоннинг хабарига кўра Аллоҳнинг: «Бўл!» — деган сўзи — фармони билан Марямдан отасиз таваллуд топганлар.

    48-49. Унга (Ийсога) ёзиш ва ҳикмат илмини, Таврот ва Инжилни таълим беради ҳамда уни бани Исроил қавмига пайғамбар қилади. (Ийсо бани Исроилга дейди): «Мен (ўзимнинг ҳақ пайғамбар эканлигим ҳақида) сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим: Мен сизларга лойдан қуш тимсолини ясаб унга пуфласам, у Аллоҳнинг изни-иродаси билан ҳақиқий қуш бўлади. Ва яна кўр, пес касалларини тузата оламан ва Аллоҳнинг изни билан ўликларни тирилтираман ҳамда сизларга ейдиган ва уйларингизда сақлайдиган нарсаларингизни айтиб бераман. Агар мўмин бўлсангизлар, албатта бу ишларда сизлар учун аниқ оят-далиллар бордир».

    50. «(Мен) сизларга ўзимдан олдинги Тавротнинг (ҳақ эканлигини) тасдиқловчи бўлган ҳолда, сизлар учун ҳаром қилинган айрим нарсаларни ҳалол қилиш учун (келдим). Ва сизларга Парвардигорингиздан оят-далил келтирдим. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва менга итоат қилингиз! 51. Албатта Аллоҳ Роббим ва Роббингиздир. Унга ибодат қилингиз! Мана шу тўғри йўлдир!» 52-53. Қачонки Ийсо улар томондан куфрни кўргач: «Аллоҳнинг динига даъват қилишимда ким менга ёрдамчи бўлади?» — деди. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам берувчилармиз. Аллоҳга иймон келтирдик. (Эй Ийсо), гувоҳ бўлгинки, биз Аллоҳга бўйсунувчилармиз. Парвардигоро, нозил қилган нарсангга ишондик, пайғамбарингга эргашдик. Бас, бизни (Ўзингнинг бирлигингга, пайғамбарингнинг ҳақлигига) гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин!» 54. (Яҳудийлар) макр қилдилар. Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ макр қилувчиларнинг яхшисидир.

    И з о ҳ. Улар Ийсо алайҳис-саломни ўлдирмоқчи бўлдилар. Аллоҳ эса унга бирор зарар етказмай Ўз ҳузурига — самога кўтарди. Аллоҳнинг «макри» — тадбири устунроқ бўлиб чиқди.

    55. (Эй Муҳаммад), Аллоҳ айтган бу сўзларни эсланг: «Ё Ийсо, албатта Мен сени вафот қилдираман ва Ўз ҳузуримга кўтараман. Кофирлар ёмонлигидан халос қиламан ҳамда то Қиёмат Кунигача сенга эргашганларни кофирлардан юқори қўяман. Сўнгра Менга қайтасизлар. Ўзим сизлар талашиб-тортишган нарсалар ҳақида ораларингизда ҳакамлик қиламан. 56. Кофир бўлган кимсаларга дунё ва охиратда қаттиқ азоб-ла азоб бераман, улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас. 57. (Аллоҳ) иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга эса ажрларини комил суратда беради. Аллоҳ зулм қилувчиларни севмайди. (Бинобарин Ўзи ҳам ҳеч кимга зулм қилмай, ҳар кимга қилган ишига лойиқ жазо беради)». 58. (Эй Муҳаммад), Сизга тиловат қилаётганимиз бу қисса Аллоҳнинг оятлари ва ҳикматли эслатмаларидандир. 59. Албатта Ийсонинг (отасиз туғилишининг) мисоли Аллоҳ олдида худди Одамнинг мисоли кабидирки, уни тупроқдаи яратиб, сўнгра «Бўл», деди, у (жонли одам) бўлди.

    И з о ҳ. Ривоят қилишларича, бир гуруҳ насронийлар пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига келиб: «Нега сен бизнинг пайғамбаримиз Ийсони: «у ҳам бир инсон, Аллоҳнинг бандаси», деб ҳақорат қиласан! Агар у худо бўлмаганида отасиз туғилармиди?» — дейишди. Шунда Одамнинг на ота, на онасиз дунёга келиши уни бандалик қилишдан тўсмагани янглиғ, Ийсонинг отасиз туғилиши ҳам унинг банда бўлишига монеъ бўлмайди, деган мазмунда юқоридаги оят нозил бўлди.

    60. (Бу) Парвардигорингиз томонидан бўлган ҳақ сўздир, шубҳа қилувчилардан
    бўлманг!
    (Оли Имрон: 45-60)

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962