Иккинчи баҳс: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларни мазах қилиш кўринишлари

    Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қадрини баланд қилди, унга итоат қилишга амр этиб, деди:

    «Пайғамбар сизларга олиб келган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар». (Ҳашр: 7);

    «Эй мўминлар, Оллоҳга итоат қилинглар, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйсунинглар! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Оллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Оллоҳга ва пайғамбарига қайтаринглар! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир». (Нисо: 59);

    «Йўқ, Роббингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар». (Нисо: 65)

    Ушбу улуғ пайғамбарни — Аллоҳ унга салавоту саломлар йўлласин — мазах ва истеҳзо қилиш асло мумкин эмас. Ким шу ишни қилса Аллоҳга кофир бўлади ва Ислом Уммати сафидан чиқади.

    Мана сизга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам устидан мазах қилиш кўринишларидан баъзилари:

    1 – Мусулмонларга очлик, чанқоқлик ва йўл машаққатларидан анчагинаси етган Табук жанггида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир неча одам мазах қилди. Етти қат осмон устидан бу мазах қилувчи кимсаларнинг кофир эканлигини эълон қилган оятлар нозил бўлди: «Қасамки, агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, улар: «Биз фақат бахслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос», дейдилар. Айтинг: «Сизлар Аллоҳ, Унинг оятлари ва расули устидан кулаяпсизларми? Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз!» Агар сизлардан бир тоифани афв қилсак, бошқа бир тоифани жиноятчи бўлганликлари сабабли азоблаймиз». (Тавба: 65, 66)

    Бу оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразий ва бошқалардан ривоятлар нақл қилинди. Улар айтдилар: «Мунофиқлардан бири: «Мен қориларимиздан кўра қориннини ўйлайдиган, ёлғончи ва қўрқоқ бўлган одамларни кўрмадим!»- деди. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб келди. Бу сўзларни айтган мунофиқ туясига миниб, йўлга отланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдига келиб: «Ё расулуллоҳ, биз бахслашиб, ҳазиллашаётган эдик», деди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлар Аллоҳ, Унинг оятлари ва расули устидан кулаяпсизларми?» оятини » …. азоблаймиз.» гача ўқидилар. Мунофиқ, туянинг қоринбоғига осилиб, оёқлари тошларни суриб кетар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса унга қиё ҳам боқиб қўймас эдилар».

    Қатода раҳимаҳуллоҳ деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Табук жанггида экан, баъзи мунофиқлар: «Бу одам Шомнинг қаср ва саройларини фатҳ қилишни умид қилаяптими? У тушини сувга айтсин!»- дейишди. Аллоҳ таоло буни пайғамбарига билдирди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фалон гуруҳни тўҳтатинг»- дедилар, сўнгра уларнинг олдига бориб дедилар: «Шундай-шундай деган сизларми?» Улар: «Биз баҳслашиб, ҳазиллаётган эдик»- дедилар. Ўша пайтда Аллоҳ таоло мазкур оятни нозил қилди».

    Ибн Исҳоқ айтди: Мунофиқлардан бир жамоаси — улар ичида Амр ибн Авф ибн Умайя ибн Зайд уруғидан бўлган Вадиа ибн Собит ва Бани Саламанинг иттифоқчиси Ашжаъ қабиласидан Махший ибн Ҳумаййир бор эди — Табук сари отланган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ишора қилиб, мусулмонлар қалбига қўрқув солиш учун бир-бирларига дедилар: «Сизлар оқ қулоқларнинг жаллодларини бир-бирларини ўлдираётган араблар каби деб ўйлайсизларми? Аллоҳ номига қасамки, эртага сизлар арқонларга боғланган ҳолда бўласиз деб ўйлаймиз! Махший ибн Ҳумаййир деди: «Ҳар биримизга юз дарра урилишига ҳукм қилинишини орзу қилдим. Сизларнинг шу айтган сўзларингиз сабабли Қуръон оятлари нозил бўлишидан қочиб қутула олмаймиз».

    Ибн Исҳоқ айтади: Менга етиб келган хабарга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳуга дедилар: «Уларга тез етиб бор. Улар куйиб бўлдилар. Улардан айтган сўзлари ҳақида сўра. Агар инкор этсалар, «Инкор қилманглар! сизлар шундай-шундай дединглар!»- деб айт. Аммор розияллоҳу анҳу уларнинг олдига бориб, юқоридаги сўзларни айтди. Улар бу сўзларни эшитганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига узр сўраб келдилар. Вадиа ибн Собит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минган туянинг ёпқичига осилиб: «Ё Расулуллоҳ, биз баҳслашиб, ҳазиллашаётган эдик» деди. Шу пайт Аллоҳ азза ва жалла ушбу оятни нозил қилди: «Агар улардан (нега сизнинг устингиздан кулганлари ҳақида) сўрасангиз, улар: «Биз фақат бахслашиб, ҳазиллашиб келяпмиз, холос», дейдилар».

    Махший ибн Ҳумаййир разияллоҳу анҳу ушбу оятда афв қилинганлардан эди. У: «Ё Расулулллоҳ, отамнинг ва менинг исмим мени ўтқизиб қўйди, менинг ва отамнинг исмини ўзгартиринг»- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга «Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон» деб исм қўйдилар. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолога дуо қилиб, шаҳид бўлиб ўлиш ва жасадидан асар ҳам қолмаслигини сўради. У Ямома жанггида ўлдирилди ва унинг жасадидан асар ҳам топилмади».

    Қиссадан ҳисса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар устидан мазах қилган кимсаларнинг жиҳодага чиқишлари ҳам уларнинг кечирилишларига сабаб бўла олмади.

    2 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мазах қилиш кўринишларидан бири яна Табук ғазотига кетишда содир бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туяси адашиб кетиб қолди, шунда мунофиқлардан бири бўлган Зайд ибн Лусайт исмли киши Расулуллоҳни мазах қилиб: «У пайғамбарман деб, даъво қилмайдими? Сизларга осмондан хабар келтирмайдими? Наҳотки, бу одам ўзининг туяси қаерда эканини билмаса?!»- деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир одам шундай дебди, дедилар-да, айнан унинг сўзларини такрорладилар. Мен Аллоҳга қасамки, Аллоҳ билдирган ва хабар берган нарсаларнигина биламан. Аллоҳ менга туям қаердалигини билдирди. У водий ичидаги фалон дарададир. Унинг жилови дарахтга ўралашиб қолган. Бориб, уни менга олиб келинглар. Улар бориб, туяни олиб келдилар.

    3 – Бизга замондош бўлган истеҳзочилар оғзидан ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши, баданларни жимирлатадиган куфр ва даҳрийлик сўзлари чиқмоқда. Улардан бири, таъбир жоиз бўлса, «жадидчилик шоирлари» деб аталган кимсалар бўлиб, ғарб ва шарқдаги кофир оқимлар олиб келган куфрий бошбошдоқлик билан суғорилган фикрларга қурбон бўлганлар.

    Улар ўз орамиздан чиққан, исмлари ҳам ўз исмларимиздан бўлишига қарамай, динимизга ҳақиқий душманлримиздан кўра қаттиқроқ душман бўлган кимсалардир. Мана бу «шоирбачча» Муҳаммад Жабр ал-Ҳарбий шундай деди, унинг айтганлари нақадар ёмон :

    Саҳромизни қоплади

    Кечаларнинг зулмати.

    Урфимизни қоплади

    Ҳошимийнинг зарлари!

    Айтингчи, бу Умматни жаҳолат қоронғулигидан Ислом нурига олиб чиққан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа Ҳошимий бормидики, бу аблаҳ валақлаб, динимизни «зулмат» ва «кеча» деб атамоқда?!

    4 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мазах қилиш кўринишларидан бири, машҳур ҳажвчи рассом-карикатурачи Салоҳ Жоҳин «ал-Аҳром» рўзномасида элон қилган расмдир. У ўз бармоқлари билан қолоқликка рамз бўлиши учун эшакка тескари ўтирган бир саҳровий кишини чизган ва у билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ишора қилган. Суратнинг таг рангги-фонида эса, бир хўроз ва тўққиз макиён акс эттирилган бўлиб, сурат остига «Муҳаммад Афанди тўққиз хотиннинг эри»- деб ном қўйилган. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарши қаттиқ ҳужум ва ўта қабиҳ мазахдир!

    5 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати устидан мазах қилиш кўринишларидан бири, Муҳаммад Ғаззолий ўз китобида «Ўзларига хотинларни бошлиқ қилган халқ ҳаргиз нажот топмас!» ҳадисини келтирган. У мазкур ҳадис устидан кулиб, Билқис, Виктория, Индира Ганди ва Голд Маер каби аёлларнинг ўз халқларини муваффақиятларга олиб чиққани ва бошқа нарсаларни айтади. Ҳолбуки, ушбу ҳадис имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» китобида ривоят қилинган.

    6 – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган динни етказган кишилар устидан кулиш – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари устидан кулиш, демакдир. Бунга «ғўр шоирбаччалар»дан бирининг «Бизга омадсиз омадсиздан, у эса жоҳилдан ҳадис айтди!» дея ёзган масхаромуз сўзлари мисол бўлади.

    Унинг ўртоғи эса: «Бизга шайх Имом Солиҳ ибн Абдулҳайдан, у эса Саййид ибн Дарвишдан, у эса отасидан, отаси бобосидан ҳадис ривоят қилди!» демоқда.

    Бу – динни авлодларга етказиб берадиган уламолар – ҳадисларнинг ровийларига нисбатан ҳаёсизларча қилинган журъатдир. Ҳолбуки, ривоят ва ровийларни текшириш илмининг шарафига бошқа дин аҳллари сазовор бўла олмадилар. Шундай бўлсада, бу хусусият даҳрий ва эрмакчилар олдига ёзилган мазах дастурхони бўлиб қолди.

    7 – Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу хипча болдир эдилар. Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун Арок бутасидан мисвок олиш учун чиққан эди, шамол дарахтни у ён бу ёнга қаттиқ қимирлатарди. Шунда унинг хипча болдирлари кўриниб қолди, буни кўрган саҳобалар кулдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, бу икки болдир Аллоҳнинг мезонида Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқдир»- дедилар.

    8 – Мана бу истеҳзочи ёзувчи эса Абу Зарр ал-Ғифорий устидан кулмоқда: «Одил Абу Зарр ал-Ғифорий каби имомдирки, ёлғиз юради, ёлғиз ўлади ва қиёмат кунида ҳам ёлғиз қайта тирилади!». Бузуқ маданият, пасткашлик ва ахлоқий бузуқлик рамзларидан бири (яъни, Одил, унинг ким бўлганлиги зикр қилинмаган, тарж.) Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пок саҳобаларига ўхшатилмоқда!!

    – «Табарий тафсири, 10 / 173; «Ибн Касир тафсири, 4 / 111; Воҳидий «Асбабун-нузул», 250.

    – Табарий тафсири, 10 / 172; Ибн Касир тафсири, 4 / 112; Воҳидий, «Асбабун-нузул», 250.

    – Ибн Ҳишом, «ас-Сийратун-набавийя», 4/168. Ибн Касир тафсири, 4/12.

    – Ибн Ҳишом, «ас-Сийратун-набавийя», 4/166. «Зодул-маъод», 3/533. Китоб тадқиқотчиси бу ҳадис ровийларининг ишончли эканини таъкидлаган.

    – Ямома ойномаси, 887 сон. «аш-Шарқул-авсат» рўзномаси, 15/7/1407 ҳ. Қарний, «Анил-ҳадаса», 69.

    – Устоз Муҳаммад Қутб, «Воқиунал-муъасир», 358.

    – «ас-Суннатун-Набавийя», 50-51.

    – Қарний, «ал-Ҳидаса», 138 («Укоз» рўзномасидан кўчирилди, 7601 сони.

    – Аввалги манбаъ, 71. «аш-Шарқ» ойномасидан иқтибос қилинди, 362 сони.

    – Имом Аҳмад, «Фазоилус-саҳоба»: 2 / 843. Уни тадқиқ қилган олим: «Бунинг исноди ҳасандир»- деди. «Муснад», 1 / 421, Ал-Мустадрак: 5385.

    – «ал-Мусаввир» ойномаси, 3507 сон.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963