Илм ва амал ҳақида

    2541 марта кўрилган

    Абдулазиз қори ибн Абдулфаттоҳ
    Ислом Нури таржимаси

    Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

    Ким Аллоҳ ва Расулига итоат қилса, тўғри йўлга йўлланибди. Ким уларга итоатсизлик қилса, фақат ўзига зарар етказади ва Аллоҳга бирон нарса билан зарар етказолмайди.

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингизда дунёдан ўтинглар!». (Оли Имрон: 103).

    «Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Аллоҳ устингиздан кузатувчи бўлган Зотдир». (Нисо: 1).

    «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг расулига итоат этса, бас, у буюк саодатга эришибди». (Аҳзоб: 70, 71).

    Дарҳақиқат, сўзларнинг энг яхшиси Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг энг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганидир. (Динда) янги пайдо қилинган ҳар бир иш бидъат, ҳар бир бидъат залолат, ҳар бир залолат дўзахдадир.

    Аммо баъд…

    Иймон ҳақида айтиб ўтганимиз ҳадисларни эшитган бир биродардан: «Мен нима қилишим керак? Умуман, ҳар бир мусулмон зиммасидаги вазифа нималардан иборат?» деган савол тушибди.

    Саҳобалар розияллоҳу анҳум Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шу каби саволларни сўрардилар. Улардан бири: «Бизни жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган бир амалга йўлланг», деб сўраган эди (Бухорий «Саҳиҳ»ида «Закотнинг вожиб бўлиши ҳақидаги боб»да (2/502, №1396) ривоят қилган).

    Абдулқайс элчилари у зотдан: «Бизга аниқ-равшан буйруқ беринг, уни ортимиздагиларга етказайлик ва шу билан жаннатга кирайлик», деб сўрашган эди (Бухорий «Саҳиҳ»ида «Иймон китоб»да (1/29, №53) ривоят қилган).

    Хўш, ҳар бир мусулмон зиммасидаги вазифалар нималардан иборат?

    Ҳар бир мусулмон зиммасида асосан иккита иш – илм ва амал фарздир.

    Илмдан мурод – дин ишларида ўзи учун зарурий бўлган нарсаларни ўрганмоғи бўлиб, иймон ва эътиқодини тузатадиган, амалларини ислоҳ қиладиган нарсаларни таълим олиши фарз бўлади.

    Шу қадар илмга эга бўлиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл зиммасида фарз бўлиб, уни тарк қилиш билан ҳеч ким – ким бўлишидан қатъий назар – узрли саналмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир» (Ибн Абдилбар «Жомиъ баянил-илми ва фазлиҳи»да (1/23, №15) келтирган) деган сўзлари ҳам дин ишларидан ана шу зарурий миқдорни ўрганишга ишора қилади.

    Мусулмон киши динидан бирон нарсани ўқиб-ўрганса, уни татбиқ қилишга шошилиши лозим бўлади. Асҳоби киром розияллоҳу анҳум ана шундай қилардилар. Қачон беш ё ўн оят нозил бўлса, дарҳол улардаги нарсаларни ўрганиш ва амал қилишга шошилардилар (Ибн Саъд «Табақот»да (6/172), Ал-Қасвий «Ал-маърифа ват-тарих»да (2/589) ва бошқалар Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар, исноди саҳиҳ).

    Илм ва амал томонга йўл олган экансиз, билингки, ўқиб-ўрганиш ва иймон келтириш лозим бўлган нарсалар бор, ўқиб-ўрганиш ва амал қилиш лозим бўлган нарсалар бор.

    Ўқиб-ўрганиш ва иймон келтириш вожиб бўлган ишлар иймонга тааллуқли олти иш, яъни иймоннинг олти рукнидир. Улар: Аллоҳ азза ва жаллага, Унинг малоикаларига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва қадарнинг яхши ва ёмонига иймон келтиришдир.

    Ўқиб-ўрганиш ва амал қилиш вожиб бўлган ҳамда татбиқ қилишга ошиқиш лозим бўлган ишлар – Аллоҳнинг ўзигагина ибодат қилиш ва Унга бирон нарсани ширк келтирмаслик, намозни адо қилиш, закотни ўташ, Рамазон рўзасини тутиш, йўлига қодир бўлган одам ҳаж қилиши, Аллоҳ йўлида молу жон билан жиҳод қилишдир.

    Бандаларга нисбатан зиммангизда вожиб бўлган ишлар эса, энг аввало мусулмонлар сизнинг тилингиз ва қўлингиздан саломат бўлишлари ҳамда озор ва ёмонликларингизни мусулмон биродарларингиздан тийишингиздир.

    Шундан сўнг уларга нисбатан меҳр-мурувватли, холис насиҳатгўй бўлишингиз, уларга зулм қилмаслигингиз, хиёнат қилмаслигингиз, уларни ёрдамсиз қолдирмаслигингиздир.

    Уларни Аллоҳ йўлида яхши кўришингиз ва дўст тутишингиз, куфр ва тоғутни ҳамда куфр аҳлини ва тоғутларга сиғинувчиларни ёмон кўришингиз, уларни душман деб билишингиз ва қодир бўлганингизча қўлингиз билан, молингиз билан, қаламингиз билан, тилингиз билан, саъй-ҳаракатингиз билан, ақлингиз билан, фикрингиз билан уларга қарши кураш олиб боришингиз фарздир.

    Мусулмон биродар! Шу билан бир қаторда гуноҳи кабираларга тушиб қолишдан эҳтиёт бўлишингиз керак бўлади. Хусусан, гуноҳи кабираларнинг энг каттаси бўлмиш Аллоҳга ширк келтиришдан эҳтиёт бўлинг. Зеро, Аллоҳга ширк келтириш банданинг барча амалларини бекор қилиб ташлайди. Агар юқорида биз санаб ўтган ишларнинг ҳаммасини қилган бўлсангиз ва бу борада кўп куч-ҳаракатлар сарфлаган бўлсангиз-у, Аллоҳга ширк келтирган ҳолатда дунёдан ўтсангиз, барча амалларингиз бекор кетади.

    Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча гуноҳларни кечириши мумкин, аммо У Ўзига ширк келтирилишини асло кечирмайди.

    Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо: 48).

    Яна айтади: «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб колурсан! Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилувчилардан бўлгин!» Зумар: 65, 66).

    Шундай экан, мусулмон биродар, ширкка тушиб қолишдан эҳтиёт бўлинг, бу буюк гуноҳни қилган кишини Аллоҳ кечирмайди ва у Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлади. Бундан бошқа гуноҳларга тушиб қолган одамни эса Аллоҳ истаса Ўз адли билан азобга дучор қилади, истаса Ўз фазли билан уни кечириб юборади.

    Парвардигор субҳанаҳу ва таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади: «Қай бир киши Менга бирон нарсани шерик қилмаган ҳолида ер юзи тўла гуноҳлар билан Менга йўлиқса, Мен унга ер юзи тўла мағфират билан рўбарў бўламан» (Муслим «Саҳиҳ»ида «Зикр ва дуонинг фазли» бобида (4/2068) ривоят қилган).

    Мусулмон биродар, шундай экан, иймонингизни ислоҳ қилинг, уни энг аввало ширк кирлигидан покланг. Токи Раббингизга ширк аралашмаган соф иймон билан рўпара бўлинг. Аввало иймонингизни тузатинг, шунда эътиқодингиз ва амалингиз тузалади. Қуръонда айтилгани каби: «Ҳудди ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча қилиб бузиб-чуватиб ташлаган хотинга ўхшаб қолмангиз!» (Наҳл: 92). Бу солиҳ амалларни ва яхшиликнинг ҳамма турларини қиладиган, бироқ жоҳиллигидан ё кимларгадир тақлид қилиб ё ота-боболарига эргашиб ширкка ва ширк амалларига аралашиб қолишдан сақланмайдиган одамнинг мисолидир. Аллоҳ сақласин, бундай одам ширки сабабли барча солиҳ амалларини ва ҳамма яхшиликларини бекор қилиб юборади. Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг суюкли пайғамбарига хитоб қилиб деди: «Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб колурсан!» (Зумар: 65) ва бу хитоб билан у зотнинг умматлари мурод бўлди.

    Мусулмон биродар! Энг аввал ўзингизни, сўнг қарамоғингиз остидагиларни жаннатга олиб борувчи йўлга йўлланг. Ўзингиз жаннат йўлига юриб, оилангиз, бола-чақангиз ва ёр-биродарларингизни унутманг, уларни ҳам ёнингизга чорланг, ҳалокат йўлида қолиб кетишларига йўл қўйманг!

    «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим: 6).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам энг аввал ўзларини ислоҳ қилишдан бошлаганлар. Ҳали болалик ва ўсмирлик пайтларидаёқ ўзларига тенгқур Макка ўспиринлари қиладиган ўйин-кулги ва беҳуда ишлардан юз ўгирган ва ўзларини ҳар қандай бўлмағур ишлардан пок тутган эдилар. Кейинроқ у зотга ёлғизлик суюмли қилинди, Ҳиро ғорига кетиб, кунларини ўша ерда Парвардигорга ибодат билан ўтказадиган бўлдилар, бир мунча вақт шу ҳолда давом этганларидан сўнг ваҳий у зотга мана шундай покиза ҳолатларида нозил бўлди. (Бухорий «Саҳиҳ»ида «Ваҳийнинг бошланиши» китобида (1/4, №3) ривоят қилган).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий қандай бошланганини эсланг. Илк бор у зотнинг ўзларига хос бўлган оятлар нозил бўлди ва у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмга буюрилдилар: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, барча мавжудотни) яратган зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан (бошлаб) ўқинг!» (Алақ: 1).

    Кейин у зотнинг ўзларини амалга буюрувчи оятлар нозил бўлди: «Эй (кийимларига) ўралиб олган зот, кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг!» (Муззаммил: 1, 2).

    Кейин рисолатни етказиш ва бу вазифани даставвал ўз аҳлларидан ва қариндош-уруғларидан бошлаш буйруғи нозил бўлди: «Яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огохлантиринг!» (Шуъаро: 214).

    Шундан кейин даъватни бутун инсониятга етказиш буйруғи нозил бўлди: «Бас, сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, ҳақ динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг!» (Ҳижр: 94).

    Бу ишнинг раббоний тартиби мана шудир. Биз ҳам ҳаётимизни Аллоҳ азза ва жалла буюрганидек тартибга солишимиз, тартибни Аллоҳ бошлаган нарса билан бошлаб, Аллоҳ тугатган нарса билан тугатишимиз лозим бўлади. Оқибат тақводорларникидир:

    «Тақводор зотлар эса уларга Парвардигорлари ато этган нарсалар билан шод-ҳуррам бўлган ҳолларида шак-шубҳасиз жаннатлар ва неъматлар ичра барқарордирлар. Парвардигорлари уларни дўзах азобидан сақлагандир. (Уларга): «Сизлар қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли қатор тизилган сўрилар устида ястанган ҳолларингизда кўнгилдагидек еб-ичинглар», (дейилур) ва Биз уларга шаҳло кўзларни жуфти ҳалол қилиб бердик. Ўзлари иймон келтириб, зурриётлари ҳам уларга иймон билан эргашган зотларга (ўша) зурриётларини қўшдик ва уларга қилган амалларидан бирон нарсани ҳам камитмадик. Ҳар бир киши ўзи касб қилган иши билан гаровга олинувчидир – ушланувчидир» (Ват-тур: 17-21).

    Аллоҳнинг бандалари! Албатта, Аллоҳ адолатга, чиройли амаллар қилишга ва қавм-қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқлик, ёмон ишлар ва зўравонликлардан қайтаради. У зот шояд ибрат-эслатма оларсизлар, деб сизларга панд-насиҳат қилади. Улуғ Аллоҳни ёдга олингиз, У ҳам сизларни ёдга олади. Унинг неъматларига шукр бажо келтирингиз, неъматларини яна-да зиёда қилади. Аниқки Аллоҳни зикр қилмоқ барча нарсадан улуғроқдир. Аллоҳ қилаётан ишларингизни билиб туради.

    03/04/2009

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1963