«Ҳиснул муслим» шарҳи (7): зикр ва дуога тегишли одоблар (3)

    11) Дуода қўлларни кўтариш ва қиблага юзланиш. Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам сув олиб келишларини сўрадилар. Сўнг шу сув билан таҳорат қилдилар. Сўнг икки қўлларини кўтариб дедилар: “Аллоҳим, банданг Убайд Абу Амрни кечир” – у зотнинг қўлтиқлари остидаги оқ жойларини кўрдим – “Аллоҳим, қиёмат куни унинг даражасини кўпчилик одамлардан юқори қилгин”.

    Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бадр жанги куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга қарадилар, улар минг киши эди. Саҳобалар эса уч юз ўн тўққиз киши эди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам қиблага юзландиб, қўлларини ёйиб, Аллоҳга муножот қила бошладилар: “Аллоҳим, менга берган ваъдангни амалга ошир! Аллоҳим, менга берган ваъдангни бажар! Аллоҳим, агар мана шу мусулмон гуруҳи ҳалок бўлса, ер юзида ибодат қиладиган одам қолмайди!”. Қиблага юзланиб, қўлларини кўтарган ҳолларида дуо қилавердилар, ҳатто устларидаги ридолари тушиб кетди. Абу Бакр разияллоҳу анҳу келиб, у зотнинг ридоларини олиб, елкаларига ташладилар, сўнг ортларидан кучоқлаб: “Эй Аллоҳнинг пайғамбари, Раббингизга шунча дуо қилганингиз етар. У зот сизга берган ваъдасини албатта амалга оширади”, деди. Шунда Аллоҳ азза ва жалла: “Ўшанда Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилиб: «Мен сизларга кетма-кет келадиган минглаб фаришталар билан мадад берурман», деди[1]. Аллоҳ уларга фаришталар билан кўмак берди”.

    Анас разияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам фақат истисқода қўлларини кўтариб дуо қилардилар. У зот истисқода қўлларини шу даражада кўтарар эдиларки, ҳатто қўлтиқлари остидаги оқ жойи кўринар эди”[2].

    Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ ҳаёли ва саховатли зот. Киши қўлини кўтариб сўраса, унинг қўлини бўш қайтаришга уялади[3].

    12) Аллоҳ таолони зикр қиладиган жой зикрдан чалғитадиган нарсалардан холи ва тоза (покиза) бўлиши керак. Зеро, бундай қилиш зикрга ва зикр қилинаётган Зотга юксак эҳтиром белигисидир. Шу боис масжидларда ва шарафли ерларда зикр қилиш (шариатимизда) мақталган.

    Абу Майсара раҳимаҳуллоҳ бундай дегани нақл қилинади: “Аллоҳ таоло фақат покиза ерларда зикр қилиниши керак”.

    13) Зикр қилувчи одамнинг оғзи тоза бўлиши керак. Агар ундан нохуш ҳид келиб турган бўлса, мисвок билан тозалаб, сув билан чайиб ташалаши лозим.

    14) Аслида ҳар қандай ҳолат ва вазиятларда Аллоҳни зикр қилиш маҳбуб (Аллоҳга суюкли) амал саналади. Бироқ шариатимиз айрим ҳолатларда зикр қилишни истисно қилган бўлиб, уларнинг баъзиларини айтиб, қолганларига ишора қилиб ўтамиз. Жумладан, инсон ҳожат ўтаётган, жинсий алоқа қилаётган, имом хутба қилиб турган (яъни имомнинг хутбасини эшитиб турган) пайтда зикр қилиши шириатимизда тақиқланган. Шунингдек, намозда қиёмда турган пайтида зикр қилмаслиги, балки қироат билан машғул бўлиши керак.

    15) Биров салом берса, саломига алик олиб, сўнг зикрини давом эттираверади. Шунингдек, агар биров акса урса, унга: “Ярҳамукаллоҳ”, деб сўнг зикрини давом эттираверади. Имом хутбани бошлаган пайтда зикрини тўхтатиб туради ва муаззин азон айтаётган пайтда азоннинг сўзларини муаззин ортидан қайтариб, сўнг зикрини давом эттиради. Зикр қилаётган пайтида мункар (ножўя) ишни кўриб қолса, уни қайтариб ёки яхши ишга кўзи тушса, унга йўллаб қўйиб ёки биров маслаҳат сўраб қолса, унга жавоб бериб, сўнг зикрини давом эттиради. Мудроқ тутса ёки шунга ўхшаш ҳолатлар бўлса, зикрини бир муддатга тўхтатиб, сўнг давом эттиради.

    [1] Анфол сураси, 9-оят.
    [2] Муслим, 896. (М).
    [3] Аҳмад, 5\438, Абу Довуд, 1488, Термизий, 3551. Албоний Саҳиҳ деган. (М).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962