Бизга боғланинг
ҲИЖОБ НИМА УЧУН КЕРАК?
Барча оламларнинг ҳукмдори, меҳрибон ва раҳмли, қиёмат кунининг подшоҳи бўлмиш Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Яхши оқибат тақво эгалари, ҳалокат адолатсиз кимсалар учундир.
Парвардигорим, ўз банданг, расулинг Муҳаммад соллаллоху алайҳи ва саллам ҳамда у кишининг аҳли ҳамда саҳобаларига Сенинг раҳмат ва марҳаматларинг бўлсин.
Шариат мусулмон аёлнинг мавқеини кўтарадиган ва иффатини сақлаш учун кафолат берадиган улкан ғамхўрликларни ўз зиммасига олади.
Шариатда аёл либоси ҳамда зийнатларини мухофаза қилиб чегаралашдан мақсад ҳар қандай бузуқлик ва ҳаёсизликка олиб борувчи омил ҳисобланмиш аёл гўзаллигини кўз-кўз қилинишининг олдини олишдир. Бу соҳада Ислом қонунлари ҳар қандай ҳолатда ҳам аёл эркини асло чекламайди, аксинча уни хорлик ва разиллик ботқоғига ботиб қолишдан муҳофаза қилади. Шу билан бирга Ислом аёлни бегона номаҳрамларнинг назаридан сақлайди.
Эй менинг муслима опа-сингилларим! Ушбу рисолада биз ҳижобнинг фазилатлари ҳақида сўз юритмоқчимиз, токи ҳижоб барча учун қадр-кимматли ва мўътабар бўлиб ҳисоблансин. Шунингдек, бу китобда ҳижоб тутувчиларнинг мунаввар тақдирлари ҳақида хушхабар берамиз. Биз ўзни кўз-кўз қилишнинг ёмон оқибатлари ҳақида сўз юритмоқчимизки, бу нарсадан инсонларни қайтариш ва шу каби ҳаёсизликларнинг бу дунёда ва у дунёдаги оғир оқибатларидан огоҳ қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйдик.
Мутлақ сақловчи зот Аллох таолога беадад ҳамду санолар бўлсин ва Аллохнинг Ўзи биз учун ҳар ишда кифоядир.
Ҳижоб Аллоҳ таолога ва Унинг пайғамбарига бўлган итоатни ифодалайди. Аллоҳ таоло Ўзига, шунингдек, пайғамбарига итоат қилишни барчамизга амр қилди: «Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган – буюрган вақтида бирон мўъмин ва мўъмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озиш билан озибди» (Ахзоб сураси, 36-оят).
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўзларида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича – бўйинсунмагунларича зинҳор мўъмин бўла олмайдилар» (Нисо сураси, 65-оят).
Аллоҳ таоло аёлларга ҳижоб тутишни буюрди. Қодир ва олий зот бўлган Аллоҳ таоло айтади: «Мўмина аёлларга хам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устиларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар!» (Нур сураси, 31-оят);
«Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни бесабаб ўз уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон бир ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан тусан қилманглар!» (Аҳзоб сураси, 33-оят);
«Қачон сизлар (пайғамбар аёлларидан) бирон нарса сўрасангизлар, парда ортидан туриб сўранглар. Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир» (Аҳзоб сураси, 53-оят);
«Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўъминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар!» (Аҳзоб сураси, 59-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёл авратдир», деганлар Бу эса аёлнинг мастура – ўранган бўлиши кераклигини англатади.
Аллоҳ таоло аёлнинг ҳижоб тутишини иффат рамзи деб белгилади. Аллоҳ айтади: «Эй пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўъминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин воситадир»(Аҳзоб сураси, 59-оят).
Аллоҳ таоло фитнага сабаб бўлиш ва бировларни ўзига жалб қилиш ёшидан ўтган кекса аёллар ҳижоб ёпинмаган ҳолда, юз ва кафтларининг очиқ бўлиши жоизлигини билдириб айтади: «Хотинлардан кексайиб қолган, эрга тегишни ўйламайдиганлари бирон бир зеб-зийнатлари билан ясанмаган ҳолларида кийимларини (яъни рўмол-ёпинчиқларини) олиб қўйишларида уларда гуноҳ йўқдир» (Нур сураси, 60-оят).
Лекин оятнинг давомида Аллоҳ кекса аёллар учун афзалроқ ва маъқулроқ бўлган нарсани ойдинлаштириб баён қиладики: «Ўзларини пок (яъни рўмол, ёпинчиқларда) тутишлари ўзлари учун яхшироқдир» (Нур сураси, 60-оят). Яъни у аёллар учун устки ёпинчиқларида[1] юришлари афзалроқдир.
Ушбу тариқа Аллоҳ ҳижобни иффатнинг аломати эканини маълум қиладики, ҳатто бу либос кекса аёллар учун ҳам лозим топилди. Энди фитнанинг уяси бўлган ёш қизлар хақида нима дейиш мумкин?!
Аллоҳ таоло айтади: «Қачон сизлар (пайғамбар аёлларидан) бирон нарса сўрасангизлар парда ортидан туриб сўранглар. Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир» (Аҳзоб сураси, 53-оят).
Аллоҳ ҳижобни мўмин ва мўминалар қалбидаги поклик каби тасвирлади. Зеро, кўз бирон бир нарсани кўрмаса, қалбда ҳам ҳеч қандай номаъқуллиқ кечмайди. Модомики кўз бирор нарсага тушар экан, қалб ҳам бирор нарсани хоҳлаши ёки аксинча хоҳламаслиги ҳам мумкин. Бундан келиб чиқадики, қалб ҳам кераксиз, номаъқул нарсаларга гувоҳ бўлмаслиги лозимдирки, зеро бу нарса кишини йўлдан оздиради. Ҳижоб ҳатто қалбида марази бор кишиларнинг ҳам шаҳватини ман қилади. «Бас, сизлар (парда ортидан бирор номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимсалар тама қилиб қолур. Яхши-тўғри сўзни сўзланглар» (Аҳзоб сураси, 32-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло ҳаёли, айбларни яширувчи Зотдир ва у кўздан яширин (бўлишни) ёқтиради». Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ буюк ва қодир зотдир. У зот либосини ўз уйидан бошқа ерда ечган аёлни ўз ҳимоясидан маҳрум қилади» – дея марҳамат қиладилар.
Аллоҳ таоло айтади: «Эй Одам болалари, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан (либосини) ҳам туширдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир» (Аъроф сураси, 26- оят).
Аллоҳ таоло ҳижоб ҳақида сўз юритар экан, хусусан, мўмина аёлларга қарата хитоб қилади: «Мўмина аёлларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар!» (Нур сураси, 31-оят);
«Эй Пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар!» (Аҳзоб сураси, 59-оят).
Бани Тамим қабиласидан бўлган аёллар энсиз, тор кийимларини кийган ҳолларида Оиша (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) онамизнинг ҳузурига келганларида, у киши у аёлларга айтдиларки: «Агар сизлар иймонли аёллар бўлсангиз, бу либослар мўмина аёлларнинг либоси эмас. Агар сизлар иймонсиз бўлсангиз, у ҳолда бу либосларингиз билан ҳузурланиб юраверинглар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Ҳар бир дин ўзига хос хусусиятга эга. Исломнинг ўзига хос хусусияти ҳаёдир».
Шунингдек, у киши айтганларки: «Ҳаё иймондан, иймон эса жаннатдадир». Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: «Ҳаё ва иймон ўзаро чамбарчас боғлиқдир. Агар ушбу икки сифатдан бири йўқ қилинса, иккинчиси ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади».
Оиша (Аллоҳ у кишидан рози бўлсин) ҳикоя қиладилар: «Расулуллоҳ ва отам дафн қилинган уйга – дахмага кирганимда бу ерда ўз отам ва эрим бор, деган ўй билан устимдаги ёпинчиқни олиб қўяр эдим. Кейинроқ бу дахмага Умар дафн қилингач, ундан ҳаё қилиб ёпинчиққа ўранган ҳолда кирадиган бўлдим». Бундан маълум бўладики, ҳижоб аёл табиатига хос бўлган ҳаё билан уйғунлашади.
Шунингдек, соғлом фикрли, эс-хуши жойида ва ўз аёли ёки қизини турли хил нопок назарлардан муҳофаза қиладиган эркакнинг аёл номусини ҳимоя қилиш деган табиий туйғуси билан ҳижоб тўла мос келади.
Жоҳилият ва ислом давридаги кўпгина қонли тўқнашувларнинг асосий сабаби – аёл номуси ва эркини сақлаш бўлган эди.
Ўзни кўз-кўз қилиб намойиш этиш Аллоҳ ва Расулига осийлик қилиш ҳисобланади.
Дарҳақиқат, қайси бир кимса Аллоҳ азза ва жалла ҳамда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўйсунмас экан, фақат ўзигагина зарар келтиради ва бу билан у киши Аллоҳга ҳеч қандай зиён етказа олмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Умматимнинг барчаси жаннатга киради, магар жаннатдан бош тортганларгина унга кирмаслар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: Эй Расулуллоҳ, жаннатдан бош тортувчилар ҳам борми? У киши жавоб бердилар: «Кимки менга итоат этса, жаннатга киради. Модомики менга итоат этмас экан, жаннатга киришдан ҳам бош тортибди».
Умайя бинт Руқайқа розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига исломга содиқлиги ҳақида қасамёд қилиш учун келганида Расулулллоҳ унга дедилар: «Мен сендан қуйидаги шартларга биноан қасамёдингни қабул қиламан: Аллоҳга ҳеч нарса ва ҳеч кимни шерик қилмайсан, ўгрилик, зино, ғийбат ва тухмат қилмайсан, фарзандларингни ўлдирмайсан, марҳумлар устида дод солиб йиғламайсан, жоҳилият даврингдаги каби ўзингни кўз-кўз қилмайсан».
Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзни кўз-кўз қилишни энг даҳшатли, ҳалок қилувчи гуноҳлар қаторида санаб ўтдилар.
Расулуллоҳдан ривоят қиладиларки, «Ўз гўзаллигини бировлар олдида намойиш қилувчи аёл қиёмат кунида дахшатли, нурсиз зулмат кўринишида бўлади». Бунинг маъноси шундан иборатки, беҳаё ва ўз либосини мағрурларча намойиш қилаётган аёл қиёмат кунида гўё дахшатли қоронғуликдан яралган каби қоп-қора кўринишда намоён бўлади. Гарчи бу ҳадис ўз ишончлилиги жиҳатидан заиф бўлса ҳам, унинг мазмуни ҳақдир. Гап шундаки, гуноҳ иш қилиш мобайнидаги лаззат азоб билан, роҳат уқубат билан, тўқлик очлик билан, фаровонлик йўқчилик билан, ёруғлик зулмат билан жазоланади. Бунинг акси ҳам бўлиши мумкинки, рўзадор кишининг оғзидан келаётган хид ёки Аллоҳ йўлида қурбон бўлган шаҳиднинг қони қиёмат кунида мушк-анбарнинг хидидан кўра ёқимлироқ, хушбўйроқ деб эътироф қилинади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилганлар: «Аёлларингизнинг энг яхшиси, Аллоҳдан тақво қилувчи меҳрибон, хушмуомала, серфарзанд ҳамда юмшоқтабиат ва ҳамдард бўлувчи аёллардир. Аёлларингизнинг энг ёмони ўзини кўз-кўз қилувчи ва мутакаббир аёллардирки, улар мунофиқдирлар. Бу каби аёллардан жаннатга фақат «оқ қарға»га ўхшаганларигина кира оладилар». Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу каби аёлларнинг жаннатга камдан-кам киришларини таъкидлаб, улар учун «оқ қарға» иборасини кўчма маънода ишлатганлар. Аслида ҳам оқ қарға табиатда жуда кам учрайдиган қушдир.
Расулуллоҳ дедилар: «Ўз эрининг уйидан бошқа ерда либосини ечган аёл Аллоҳ ва ўзи ўртасидаги пардани йиртибди. Албатта, Аллоҳ ҳар ишга Қодир ва Буюк зотдир».
Аввалда таъкидлаганимиздек, аёл авратдир. Авратни очмоқ жирканч ва разил ишдир: «Улар қачон бузуқ иш қилсалар: «Ота-боболаримизни шундай ҳолда топганмиз. Буни бизга Аллоҳ буюрган», дейдилар. Айтинг (Эй Муҳаммад) Аллоҳ ҳеч қачон бундай бузуқ ишларга буюрмайди» (Аъроф сураси, 28-оят).
Шайтондан бошқа ҳеч ким бу каби бузуқликлар қилишга чорламайди: «Шайтон сизларни камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради» (Бақара сураси, 268-оят).
Ўзини кўз-кўз қилувчи аёл жамиятда бузуқликларни тарқатувчи хавфли ва зарарли бактерия кабидир. Аллоҳ таоло айтади: «Мўминлар орасида бузуқликлар тарқатишни яхши кўрган кимсалар бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам аламли азобга гирифтордирлар. Аллоҳ билувчи, сизлар эса билмассизлар» (Нур сураси, 19-оят).
Одам алайҳиссалом билан Ҳавво ҳамда Аллоҳнинг душмани Иблис орасида бўлган воқеалар шуни маълум қиладики, Иблис ҳамма ерда ахлоқсизликни ёйиш ва одамларнинг авратларини очишга ҳаракат қилади. Иблиснинг асосий мақсади инсонларни ҳаёсиз қилиш ва ўзларини кўз-кўз қилишга ўргатишдир. Аллоҳ таоло айтади: «Эй Одам болалари, Шайтон оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни уятли аҳволга солиш) учун либосларини ечиб жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин» (Аъроф сураси, 27-оят).
Ушбу тариқа Иблис ўз-ўзини кўз-кўз қилиш ва ёпинчиқларни ечишга бўлган даъватнинг асосчиси бўлди. Шунингдек, ҳозирда «аёл озодлиги» деб номланаётган сохта шиорларнинг ҳам раҳнамоси Иблиснинг ўзидир. У ўзига итоат қилувчи ва Аллоҳга осийлик қилувчиларнинг имоми-раҳнамосидир. Булар (яъни Аллоҳга осийлик қилиб Шайтонга итоат этувчилар) биринчи навбатда ўзини кўз-кўз қилувчи, мусулмон ёшларни йўлдан оздирувчи беҳаё аёллардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мен ўзимдан кейин эркакларга аёллардан кўра хавфлироқ фитнани қолдирмадим».
Яҳудийлар халқларни аёл фитнаси ёрдамида бузиш бўйича ниҳоят даражада муваффақият қозондилар. Аёлнинг ташқи гўзаллигидан фойдаланиш ер юзидаги яҳудий ташкилотларининг энг синалган ва энг ишончли қуроли ҳисобланади. Бу соҳада улар анчагина бой тажрибага эгадирлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дунё ишларида эҳтиёткор бўлинглар, шунингдек, аёллар масаласида ҳам эҳтиёт бўлинглар. Чунки Бану Исроилдаги биринчи низо аёллар туфайли содир бўлди».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кофирларга ўхшашдан ва аёллар масаласида уларга эргашишдан қайтарганига қарамай, кўпчилик мусулмонлар бу қайтариққа амал қилмаяптилар. Шундай қилиб, Расулуллоҳнинг башоратлари рўёбга чиқди. У киши айтганлар: «Сизлар аввалги халқларнинг изидан эргашасизлар. Ҳатто улар добнинг[2] инига кирсалар ҳам ортидан эргашиб кирасизлар». Расулуллоҳдан сўрадилар: Булар (аввалги халқлар–тарж.) яҳудий ва насороларми? Расулуллоҳ жавоб бердилар: «Яна ким бўлмаса?!»
Аллоҳ ва Расулига бўйсунмай, яҳуд ва насороларга кўр-кўрона эргашаётган аёллар Аллоҳнинг буйруғини «эшитдик ва итоат этмадик» дея қарши олиб Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлган яҳудийларга нақадар ўхшамасалар! Шунингдек, бу каби аёллар Аллоҳнинг амрини эшитгач, «эшитдик ва итоат этдик» дея жавоб бераётган ҳақ муслима аёллардан нақадар узок бўлмасалар! Аллоҳ таоло айтади: «Ким ҳақ йўлни билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, Биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга дохил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!» (Нисо сураси, 115-оят).
Аллоҳ таоло айтади: «Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни бесабаб ўз уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон бир ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик(даври)даги ясан-тусан каби ясан тусан қилманглар! (Аҳзоб сураси, 33-оят).
Расулуллоҳ жоҳилият (исломдан аввалги) даврдаги каби ўликка дод солиб йиғлашни ифлос ва жирканч амаллардан деб номлади ва бу даврдан юз ўгиришимизни буюрдилар. Қуръонда Пайғамбар алайҳис салом ҳақида шундай дейилган: «У пайғамбар уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устларидаги кишанларини олиб ташлайди» (Аъроф сураси, 157-оят).
Худди шу каби ўзни кўз-кўз қилиш жирканч ва разил ишдирки, бу нарса аввалги жоҳилият даврининг удуми эди. Расулуллоҳ бизни бу нарсадан қайтариб дедилар: «Мен жоҳилият давридаги барча нарсани бекор қилдим». Бу ҳадис ўзини кўз-кўз қилиш, жоҳилият пайтидаги каби маййитга дод солиб йиғлаш, ғийбат, гумонсираш, такаббурлик ва судхўрлик каби амалларни ўз ичига олади.
Ёпинчиқсиз ва яланғоч юришга интилиш фақат ҳайвонларгагина хос бўлган туғма хусусиятдир. Инсонларда эса бундай хусусият фақат тубан кишилардагина бўлиши мумкин. Бу каби инсонларнинг ҳаё ва ҳижоб кийиш хусусидаги онг савиялари ҳаё ва ўранишга нисбатан табиий равишда муҳаббат ҳисси билан Аллоҳ шарафлаган инсон онгининг савиясидан анча тубандир. Ўз зийнатларини кўз-кўз қилишни, ахлоқсизликни ҳамда ҳаёсизликни гўзаллик деб ҳисоблаш бу – инсоннинг табиий хусусиятларининг бузилишидан ўзга нарса эмас. Ҳолбуки, бу нарса жоҳиллик ва маънавий бузуқлик белгисидир. Инсоннинг маънавий юксалиши унинг ўз авратини либос ёрдамида ёпиши билан чамбарчас боғлиқ. Инсониятнинг либос билан ўраниши ҳамиша тараққиёт маҳсули бўлиб келган. Шунингдек, аёлнинг ҳижоб билан ўраниш инстинкти кишининг иймонидан қувват олувчи инстинкт – ўз номусини ҳимоя қилиш инстинкти билан тўла мувофиқ келади.
Авратни либос билан ўрашдан қочиш масаласига келсак, бу ҳол ўз гўзаллигини кўз-кўз қилиш ва икки жинсни ўзаро шаҳвоний ишларга ундовчи, ҳирсдан қувват олувчи инстинктдир. Бундай ишга интилган ва бунга рози бўлган ҳар қандай кимса қалбидаги ўз номусини сақлаш ҳиссини йўқотади. Шунингдек, ўша киши бунинг эвазига бузуқ аёлларнинг кўз-кўз қилаётган гўзаллиги ва номаҳрам аёл билан зино қилиш оркали жирканч махлуққа айланади. Бундан келиб чиқадики, суюқоёқлик ва ўзни кўз-кўз қилиш инсоний хусусиятларнинг йўқ бўлиши, беҳаёлик, қизғониш ҳиссининг йўқолгани ва ҳиссиётнинг заифлашуви, ҳис-туйғуларнинг нобуд бўлганидан нишонадир.
Шариат ва тарихни диққат билан ўрганган киши шунга амин бўладики, гўзалликни кўз-кўз қилиш бузуқликдир. Бу нарса динга ҳам, дунёга ҳам баробар зарар келтиради. Агар икки жинс андишасизларча фаҳш ишга машғул бўлса, иш яна ҳам ёмон тус олади. Бунинг ёмон оқибатлари қуйидагилар:
- Суюқоёқлар турли-туман беҳаё либослар, зийнатлар билан эркакларнинг эътиборини тортиш учун ясан-тусан қиладилар. Бу эса маънавиятнинг тубанлашуви ва пулларни ҳаромга сарфлашга олиб келади. Бунинг оқибатида аёл жирканч ва арзимас савдо молига ўхшаб қоладики, уни ҳар кимга таклиф этиш ва ҳар ким кўздан кечириб чиқиши мумкин бўлган матоҳга айланади.
- Эркакларнинг маънавий бузилиши. Бу ҳол биринчи навбатда ўспиринларни, сўнг ёшларни фоҳишабозлик ва турли ҳаром ишларни қилишга ундайди.
- Оилавий алоқаларнинг узилиши, оилада ўзаро ишончнинг йўқолиши ва ажралишлар сонининг кўпайиши.
- Аёлни реклама ашёси сифатида сотиш ёки унинг савдо тизимларида ҳаридорларни чақириш воситаси бўлиб қолиши.
- Аёлни обрўсизлантириш, ёмон ният ва айёрона мақсадларда уни барчага намойиш қилиш. Бунинг оқибатида аёл юзсиз ва ёвуз кишиларнинг тажовузига дучор бўлади.
- Турли хил касалликларнинг тарқалиши. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қайси бир қавмда фаҳш пайдо бўлиши ва улар ўша иш билан очиқдан очиқ шуғулланишлари билан дарҳол улар орасида уларнинг ота-бобларида бўлмаган ўлат касаллиги ва бошқа касалликлар тарқалади».
- Нигоҳ билан зино қилиш кенг тарқалади. Расулуллоҳ айтганлар: «Кўзнинг зиноси назар солишдир…» Бу ҳолатларда Аллоҳ таолонинг раҳматига эришиш мақсадида шариатнинг бегона аёллардан нигоҳни олиб қочиш ҳақидаги буйруғини амалга ошириш қийинлашади.
- Башарият учун Аллоҳнинг оммавий қирғин балосини юбориш хавфи. Бунинг оқибати атом қуроллари ёки зилзилаларнинг асоратидан ҳам хавфлироқдир. Зеро Аллоҳ таоло шундай деган: «Биз қачон бир шаҳарни халок қилишни хохласак, унинг боёнларини (Ўзимиз юборган пайғамбарга итоат этишга) буюриб, улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар (аҳолиси) устига Сўз (азоб тушиши) вожиб–муқаррар бўлур» (Исро сураси, 16-оят).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар инсонлар ёвузликни кўриб, уни ман қилмасалар, улар Аллоҳнинг азоби тушишига яқинлашибдилар».
1. Ҳижоб аёлнинг бутун танасини ёпиб туриши керак, шу қаторда ҳар эҳтимолга кўра юзини ва кафтини ҳам.
2. Ҳижобнинг ўзи безак, зеб-зийнат бўлмаслиги керак. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: «Кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосдан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмол билан тўссинлар» (Нур сураси, 31-оят);
«…илгариги динсизлик (даври) даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар!» (Аҳзоб сураси, 33-оят). Аллоҳ ҳижобни аёлнинг гўзаллиги, зийнатларини беркитиб туриши учун мажбурий қилди. Шунинг учун ҳам ҳижобнинг ўзи зийнат, ясан-тусан бўлиши ақлсизлик ҳисобланади.
3. Ҳижоб қадди-қоматни намоён қиладиган даражада юпқа матодан бўлмаслиги керак ва кўзга ташланмайдиган тусда бўлиши лозим. Фақат шу ҳолдагина аёлнинг ҳақиқий ўранишига (ҳижобланишига) эришиш мумкин. Юпқа ҳижоб аёлни номигагина ўрайди. Аслида эса у яланғоч ҳолдадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Умматимнинг охирида ясан-тусан қилиб кийинган – яланғоч (ярим яланғоч) бошлари туянинг ўркачига ўхшаш қийшайган аёллар бўлади. Уларни лаънатланглар, чунки улар малъун (яъни лаънатланган)дирлар». Бошқа бир ҳадисда бунга қўшимча равишда шундай дейилган: «Улар ҳаргиз жаннатга кирмайдилар, ҳатто ҳидини ҳам ҳидламайдилар. Ҳолбуки, унинг ҳиди бир қанча масофадан келиб туради». Юқорида келтирилган матнлардан маълум бўладики, нафис, ҳарир, қоматларини кўрсатиб турувчи кийим кийиш қаттик, ҳалокатли гуноҳдир.
4. Ҳижоб кенг бўлиши, тор бўлмаслиги лозим. Чунки ундан мақсад атрофдагиларни ўзига жалб қилишдан сақланишдир. Тор ҳижоб аёлнинг бутун қоматини намоён қилади. Бундай аёлга назари тушган эркак аёлнинг бутун қадди-қоматини кўз олдига келтириб, тасаввур қилиши мумкин. Бундай ҳолатда эса маълум бир разиллик, фитна содир бўлади. Усома ибн Зайд айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга Диҳятул Калбий совға қилган кийимни бердилар. Мен эса уни ўз аёлимга кийдириб қўйдим. Кейинроқ Расулуллоҳ мени кўриб : «Нега (ҳалиги) кийимингни киймаяпсан?» деб сўрадилар. Мен: «Уни аёлимга кийдириб қўйдим»,- деб жавоб бердим. Шунда у киши айтдилар: «Аёлингга бориб айтки, унинг ичидан кўйлак кийиб олсин, токи унинг қомати ва жисми билинмасин».
5. Ҳижоб атир ёки бошқа хушбўй нарсалар билан хушбўйланган бўлмаслиги лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Хушбўй нарсаларни сепиб, шу ҳолда эркаклар ундан келаётган хушбўй ҳидни сезишлари учун уйидан чиққан ҳар қандай аёл зинокордир».
6. Ҳижоб эркакларнинг кийимига ўхшамаслиги керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ўзларини эркакка ўхшатган аёллар бизлардан эмас ҳамда ўзларини аёлларга ўхшатган эркаклар ҳам бизлардан эмасдир». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай деган: «Расулуллоҳ аёллар кийимини кийган эркакларни ва эркаклар кийимини кийиб юрувчи аёлларни лаънатладилар». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганларки: «Инсонларнинг уч тоифаси борки, улар жаннатга кирмайдилар ва қиёмат кунида Аллоҳ уларга қиё ҳам боқмайди: Ота-онасини ҳурмат қилмаганлар, ўзини эркакка ўхшатган аёл, ўз аёлининг иффатини сақлашга бепарво бўлган эркак».
7. Ҳижоб иймонсиз, кофир аёлларнинг кийимларига ўхшамаслиги шарт. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким қайси бир қавмга ўзини ўхшатса, бас у ўшалардандир». Абдуллоҳ ибн Амр шундай деганлар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мени махсар бўёғи билан заъфарон рангга бўялган кийимда кўриб: «Бу иймонсиз кишиларнинг кийими, буни асло бошқа киймагин», дедилар».
8. Ҳижоб кўзга ташланувчан, атрофдагилар назарини ўзига тортадиган бўлмаслиги лозим. Расулуллоҳ бу ҳақда шундай деганлар: «Бу дунёда одамлар кўзига ташланувчи кийим кийиб юрувчи кимсага Аллоҳ қиёмат кунида хорлик либосини кийдириб қўяди». Кўзга ташланувчан ва ажралиб турувчи кийим, бу нарсани киювчилар учун одамларнинг диққатини ўзига жалб қилиш воситаси бўлиб хизмат қилади. Бу либос одамларнинг олдида гердайиб юрувчи мақтанчоқ кишининг қимматбаҳо, дабдабали кийими бўлиши ёки ўзининг зоҳидлигини намойиш қилишга уринаётган риёкор кишининг жулдур кийими ҳам бўлиши мумкин.
Эй менинг муслима синглим! Агар сен шариат юқорида келтирган шартларини билиб олган бўлсанг, шу нарсани тушуниб олишинг шартки, ҳижоб кийиб юрибман деган қизларнинг кўпчилиги аслида ҳижоб тутувчилар қаторига кирмайди. Чунки уларда ҳақиқий ҳижобнинг асаридан ҳеч нарса қолмаган. Бу ерда ўз номи билан аталиши лозим бўлган нарса бошқачароқ ном билан аталмоқда. Зеро, улар ўз гўзаллигини намойиш қилишни ҳижоб тутиш деб, шунингдек, Аллоҳга осийликни Аллоҳга итоат деб номламоқдалар.
Ислом тараққиётининг душманлари Исломни бошланишидаёқ бўғиб йўқ қилиш мақсадида ўзларининг «қарши кураш машина»ларини ишга солиб, Исломни емиришга бор кучларини сарфладилар. Лекин Аллоҳ таоло уларнинг барча кирдикорларини барбод қилди ва қалбларида иймони собит бўлган мўмин ҳамда мўминалар Аллоҳга итоат этишда содиқ қолдилар.
Очиқ курашда муваффақият қозона олмаган Ислом душманлари Ислом тараққиётини ҳидоят йўлидан оғдириб юбориш мақсадида энг маккор ва энг разил усуллар билан зарба беришга қасд қилдилар. Улар ўзлари ихтиро қилган янги нусхадаги ҳижобларни бу нарсани ўзаро мусулмонлар билан муроса, сулҳ деб номлаб, фаол равишда тарқата бошладилар. Шунингдек, улар бу нарса Аллоҳга итоат этишга ҳам, шу билан бирга жамиятни ҳам қониқтиради, қолаверса, аёл «гўзаллигини» ҳам муҳофаза қилади, деб жар солдилар.
Шаръий ҳижобнинг кўп ерда кенг тарқалгани боис иқтисодий қийинчиликларни бошидан кечираётган мода уйлари ҳижобнинг ҳақиқий маъносини бузиб кўрсатувчи ва аёл гўзаллигини кўз-кўз қилувчи янги сунъий ҳижоб намуналарини бозорларга тарқатдилар. Натижада ўша сунъий ҳижоблар «замонавий ҳижоб» деган жарангдор номга эга бўлди, ҳолбуки, бу каби нарсалар аввалда эҳтиёткорлик ва танқид билан қарши олинган эди. Ижтимоий қийинчиликларини даф қилиш учун «муроса»га интилаётган суюқоёқларнинг маълум қисмини шаръий ҳижобнинг моддий зарбаси қийин аҳволга солиб қўйди. Вақт ўтиши билан «замонавий ҳижоб» дея ном олган «фитна қўзғовчи таннозлик либослари» ҳар ерда тарқала бошлади. Ушбу ёмон отлик «ҳижоб»ни кийиб юрган кимсалар ўзларини намунали қиз ёки аёл деб ҳисоблай бошладилар.
Замонавий ҳижобга ўралиб олган эй синглим! Ўз Роббинг Аллоҳ ва пайғамбари рози бўладиган шаръий ҳижобга бу кийинишим мувофиқ келади деб кўр-кўрона инонишдан сақлансанг-чи! Сенинг ушбу хатти-ҳаракатингни мақтаб, сенга ёмон маслаҳатлар бераётганларга алданиб қолишдан эҳтиёт бўл. Буларнинг барчасига алданиб қолмагин ва ўзингга ўзинг таскин бериб, «менинг аҳволим мана бу очиқ-сочиқ юрганлардан кўра яхшироқдир, ахир аҳмоқона иш ҳам яхши иш каби турли даражага эгаку», – деб айтмагин. Сен ҳижоб тутиш шартлари ва шариатнинг буйруқларини маҳкам тутган тақволи опа-сингилларингдан ибрат олишинг лозимдир.
Расулуллоҳдан ривоят қилинадики, у киши шундай деганлар: «Дунё ишларида ўзингиздан паст бўлган кимсаларга боқинг ва динда ўзингиздан юқори бўлган кимсаларга боқинг. Мана шу Аллоҳнинг сизларга берган неъматига нисбатан ношукр бўлмаслигингизга олиб борувчи бу энг муносиб ишдир».
Умар ибн Хаттоб Аллоҳнинг қуйидаги оятларини ўқидилар: «Албатта «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри-устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): “Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар!”» (Фуссилат сураси, 30-оят), сўнг у киши айтдилар: «Маккор тулкилар каби айёрлик қилмай Аллоҳга бўлган итоатларида собит турган кимсаларга Аллоҳнинг Ўзи мададкор бўлсин».
Аллоҳга итоат этишда мустаҳкам ва оғишмайдиган бўлинглар ва ҳақ йўлдан ҳар қандай залолатдан холи бўлган ҳолатда юриб боринглар. Ҳар қандай осийликни ташлаб, чин дилдан тавба қилишга шошилинглар. «Барчангиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки, (шунда) нажот топсангизлар» (Нур сураси, 31-оят).
Биз (ушбу буйруқни) эшитамиз ва унга итоат қиламиз.
Қалби Исломга нисбатан муҳаббат ва ҳурматга тўла бўлган чин мусулмон Қодир ва Буюк бўлган Роббисининг буйруғини эшитиши биланоқ, дарҳол уни ҳаётига татбиқ этади. Бунда ҳақиқий мусулмонлар ўзларининг воқеъдаги ҳолатини тасаввур қила олмайдиган ва ўз тақдирига беэътибор, ўзини йўқотиб қўйган кишилар тўдасига парво қилмаган ҳолларида Расулуллоҳнинг суннатларига итоат этадилар.
Аллоҳ Буюк ва ҳар ишга Қодир зотдир. У Зот Ўзига ва пайғамбарига итоат этишдан бўйин товлаган кишиларнинг иймонини тан олмайди. Аллоҳ таоло айтган: «Улар (яъни мунофиқлар): «Аллоҳга ва пайғамбарга иймон келтирдик ва бўйсундик», дейдилару, шундан кейин улардан бўлган бир гуруҳ юз ўгириб кетур. Улар мўмин эмасдирлар. Қачон улар Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорлансалар, баногоҳ улардан бир гуруҳи (пайғамбар ҳузурига келишдан) юз ўгирувчидир. Агар ҳақиқат улар (тарафда) бўлса, (пайғамбар олдиларига) бўйин эгиб келурлар. Уларнинг дилида мараз борми ёки Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканлигидан шубҳадаларми ёҳуд Аллоҳ ва унинг пайғамбари ўзларига зулм қилишидан қўрқадиларми?! Йўқ, уларнинг ўзлари золимдирлар! Аллоҳ ва унинг пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида, мўминларнинг сўзи «эшитдик ва бўйинсундик» (демоқдир). Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир. Ким Аллоҳ ва унинг пайғамбарига бўйинсунса ва Аллоҳдан қўрқиб тақво қилса, бас, ана ўшаларгина (бахт-саодатга) эришгувчилардир» (Нур сураси, 47-52).
Сафийя бинти Шайба розияллоҳу анҳо айтади: «Биз Ойша розияллоҳу анҳонинг уйида бўлганимизда Қурайш аёллари ва уларнинг фазилатлари ҳақида сўз очганимизда Ойша айтдиларки: «Қурайш аёллари фазилат эгаларидир. Лекин Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, мен ансорий аёллардан кўра Аллоҳнинг китобини тасдиқловчироқ ва унинг оятларига иймонлироқ аёлларни кўрмадим». «Нур» сурасидан ушбу оят нозил бўлди: «…кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар» (Нур сураси, 31-оят). Ушбу илоҳий ҳукмдан сўнг ансорий эркаклар ўз аёлларига бориб Аллоҳ нозил қилган оятни уларга тиловат қилиб бердилар. Ансорларнинг ҳар бир эркаги ушбу оятни ўз хотини, қизи, опа-сингиллари ва барча қариндошларига тиловат қилиб берганларида буни эшитган ҳар бир аёл Аллоҳнинг Ўз китобида нозил қилган ҳукмига иймон келтириб, уни бажаришга интилган ҳолларида дарҳол изор-лўнгиларини олиб унинг бир бўлагини йиртиб бошларига ёпдилар ва кўкракларини ёпинчиқ билан ўрадилар.
Хуллас, Аллохнинг буйруғи билан баробар келадиган ҳеч нарса йўқ ва ҳеч қандай иккиланишсиз Аллоҳ таолонинг амрини бажариш лозим. Тавба қилгин, муслима синглим! «Мен келажакда тавба қиламан, намоз ўқийман, ҳижоб тутаман» деган сўзлардан йироқ бўл. Чунки тавба қилиши лозим бўлганлар учун тавбани ортга суриш ҳам гуноҳдир. Мусо алайҳиссалом айтган қуйидаги сўзларни сен ҳам такрорлагин: «Мен эса сен рози бўлишинг учун шошдим, Парвардигорим!» (Тоҳа сураси, 84-оят).
Шунингдек, аввалги мўмин ва мўминалар айтган қуйидаги гапларни сен ҳам айтгин:
«Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат ўзингга қайтажакмиз» (Бақара сураси, 285-оят).
Хотимада Оламларнинг Робби Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтамиз!
- Яъни, ҳижобларида (Тарж.). ↑
- Доб калтакесаксимон судралувчи бўлиб, ўз инини ер остидан кавлайди. Унинг гўшти калтакесакнинг акси ўлароқ истеъмол қилинади, хусусан ўтга тоблангани. Расулуллоҳга ҳам уни тақдим қилинганида «Сизлар еяверинглар, мен уни еб ўрганмаганман» деб жавоб берганлар. Добни баъзи уламолар ботмунчоқ деб ҳам атаганлар, валлоҳу аълам. ↑