Ҳижобга киришимга ёрдам беринг

    Савол:

    Сизлардан илтимос динимиз ҳақида, иймон ҳақида менга шундай маълумотлар берингларки ҳижобга кирай! Балки шу ишга сизлар туртки бўлсангизлар ажаб эмас

    Жавоб:

    Бисмиллаҳ вассолату вассаламу ала расулиллаҳ.

    Ҳурматли ўқувчимиз Гулнора, ўзингиздан отилиб чиқиб шу сўзларни бизга ёзишингиз қалбингизда иймон қўрининг борлигига далолат қилмоқда. Сиз биздан ва атрофингиздагилардан шу қолган қўрга иймон дамларини бериб юборишимиз ва бунинг натижасида қалбингиздаги иймон қувватланиб бутун вужудингизга ўз нурларини сочишини истамоқдасиз. Албатта биз бунга ҳаракат қиламиз, чунки бизнинг мақсадимиз бутун инсонлар Ўз роббиларини танишса, унинг буйруқларини қилиб қайтарганларидан қайтишса, унга чиройли тоат-ибодат қилишса.

    Яратган зот бандалари учун нима фойда-ю нима зарарлигини жуда яхши билади ва шунга кўра уларга баъзи нарсаларни буюрган бўлса, баъзиларини тақиқлаган. Бунинг мисоли ҳар бир замонавий электр уй жиҳозлари кабидирки, уларнинг ҳар бири билан жиҳоздан фойдаланиш қўлланмаси бўлади. У қўлланмада бу жиҳоз қандай ишлайди, нима қилса, тўғри-ю нима қилса, дуруст эмас. Қандай ҳолатларда ишлайди ва қанча тўкка муҳтож ва ҳоказо тафсилотлар. Кимда ким бу таълимотларга хилоф иш қилса пешона тери қилиб олган жиҳози дарҳол ишдан чиқади, ва ундан фойдаланиб бўлмайди. Бу бир оддий инсон ясаган жиҳоз шунчалик эътибор ва таълимотларга муҳтож экан, бутун бошли бир инсоннинг бу каби таълимотга муҳтожлиги шубҳасиздир.

    Парвардигоримизга беадад ҳамду санолар бўлсинки, у бизни яратди, йўғдан бор қилди, ризқлантирди, мамнун ҳаёт кечиришимиз учун барча эҳтиёжларимизни биз учун яратиб берди. Бизни эса улуғ бир мақсад — ягона илоҳ-Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилишимиз учун яратди ва бутун борлиқни бизга бўйсундириб қўйдики биз улар ёрдамида Аллоҳга ибодат қилсак. Бизни яратиб ўз ҳолимизга тек ташлаб қўймади. Билганинг билиб менга ибодат қил, билмаганингни дўзахга ўтин қиламан демади. Балки, бизга Аллоҳнинг динини таълим берадиган пайғамбарларни юборди, уларнинг охиргиси пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Аллоҳ ул Зотни ҳақ дин билан юборди, 23 йил давомида Қуръони Каримни бизга дастур ва ҳаёт учун қўлланма қилиб ул Зотга нозил қилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз зиммаларидаги вазифани тўла адо этдилар ва бу дунёдан кетар эканлар «Эй одамлар, мен сизларни очиқ-равшан йўл узра қолдирмоқдаманки, ундан фақат ҳалокатга учровчи (бадбахт) одамгина адашади» — дедилар. Аллоҳ, ким шу пайғамбарга эргашиб унинг айтганларини қилса, кенглиги еру осмонларча бўлган жаннатларга кириши, кимда ким унга эргашишдан бўйин товласа чуқурлиги мағрибу машриқ оралигича бўлган жаҳаннамга ташланажагининг хабарини берди. Бу жаннатлар ҳақида гапираверадиган бўлсак уларни сифатлашга тил ожизлик қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмоқчи у ерда кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган нарсалар бор, ва жаннатга кирган одам роҳат-фароғатдан бошқасини билмайди. У ерда улар учун фақат хоҳлаган нарсалари бўлади. У ердаги ҳамма нарсалар ҳалолдир, ҳаром деган нарсанинг ўзи йўқ. Бунинг ҳаммаси 50-60 йиллик, арзимаган ҳаётини фақат Аллоҳ ва расули айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб кечирган одам учундир. У ким бўлишидан катъий назар оқми, қорами, ўзбекми, ўрисми фарқи йўқ. Одам боласи бўлса бўлди. (Жинлар ҳам шу жумладан)

    Аммо ким шу арзимаган ҳаётида нафс-ҳавосига эргашиб пайғамбарга итоат этишдан бўйин товласа у учун ҳам, Улуғ Роббимизнинг тайёрлаб қўйган жазолари бор. «Унинг (яъни, ҳар бир кофир бўлган кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир. (Жаҳаннамда) унга йирингли сувдан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди. Унинг ортида (бундан-да) оғир азоб бордир.» (Иброҳим: 16, 17) бошқа бир оятда Аллоҳ таоло хабар қилади: «Бас, кофир бўлган кимсалар учун ўтдан бўлган кийимлар бичилди, (энди) уларнинг бошларидан қайноқ сув қуюлиб, 20. У (сув) билан уларнинг ичларидаги нарсалар ҳам, терилари ҳам эритиб юборилур. 21. Улар учун темир гурзилар бордир. 22. Ҳар қачон улар (дўзах) ғам-азобидан (қочиб) чиқмоқчи бўлсалар (гурзилар билан) яна унга қайтарилурлар ва (уларга): «Ўт азобини тотиб кўрингиз», (дейилур)

    «(ҳақ билан ботилнинг) ажралиш Куни (яъни Қиёмат Куни) барчаларининг (инсонларнинг) ҳисоб-китоб вақтидир. 41. У Кунда дўст дўстга бирон нарсада асқотмас ва уларга ёрдам ҳам берилмас. 42. Магар Аллоҳ раҳмат қилган кишиларгагина (ёрдам берилур). Албатта Унинг Ўзигина қудратли ва меҳрибондир. 43-44. Албатта (дўзахнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахти гуноҳкорнинг таомидир. 45-46. (У таом) мисоли қайноқ сувнинг қайнаши каби қоринларда қайнайдиган эритилган (доғланган) ёғдир! 47-48. (Дўзах фаришталарига): «Уни (гуноҳкорни) ушлаб дўзахнинг ўртасига судраб олиб боринглар, сўнгра боши устидан қайноқ сувдан — азобдан қуйинглар!» (деб амр этилур). 49-50. (Унга масхара қилиш учун: «Мана бу азобни) тотиб кўргин! Дарҳақиқат сенинг Ўзинггина «қудратли ва улуғдирсан». Дарвоқеъ бу (азоб) сизлар (ҳаёти дунёдалик пайтингизда) шак-шубҳа қилган нарсангиздир!» (дейилур).» (Зухруф: 40-50)

    Ул Қодир Зотни хеч ким ожиз қолдира олмайди. Бугунги кунда яъни ҳаёти дунёда ҳар ким хоҳлаганини қилиб юрганини кўриб, одам алданиб қолмаслиги керак! Мана ҳамма юрибди-ку! Намоз ўқимаса ҳам, ҳижобга кирмаса ҳам. Балки, ҳижобдагиларнинг ҳаёти хорроқ ўтяпти! Йўқ! Эй, ожиз инсон иш сен ўйлаганча эмас! Парвардигоринг Қуръонида айтиб қўйибди: «Биз уларга жон томирларидан ҳам яқинроқмиз» жон томири бўйиндаги икки бўртиб турадиган томирлар. Ва яна «У бирор сўзни сўзлайдиган бўлса, унинг олдида қаттиқ муроқаба қилиб тургучи бордир» ва яна бир оятда «Ва бизнинг элчиларимиз уларнинг олдида ёзиб турадилар» яъни ҳар бир қилган иши, айтган сўзи ҳаттоки дилидан ўтказган ўйини ҳам. Бу ожиз инсон ўзича ҳаёти дунёда қочиб қутилиб қоляпман деб ўйлайди. Афсус, минг афсуски аслида у ўзини ўзи алдамоқдадир. Жони чиқаётган пайтида бир лаҳзада бутун ҳаётида қилган ишлари кўз ўнгидан ўтади. Аллоҳнинг фариштаси унинг жонини суғургани келганида ҳамма нарсани тушуниб етади. Аллоҳ ҳар нарсага Қодир эканлигини жуда яхши англайди. Бироқ, энди кеч бўлди! Энди омонатни топшириш керак. Ана энди кўрадиганини кўраверсин! Ана энди Қуръонда айтилганидек: «То қачон улардан (кофирлар ёки Аллоҳнинг буйруқларини қилишда сустлик қилганлардан) бирига ўлим келганида: Парвардигоро, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам деб қолур. Йўқ, (у асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат, бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган Кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур. Изоҳ: Нақл қилишларича, умрини куфру-туғён билан совурган кимсага ўлим соати келганида шу қадар надомат ва азобга дучор қилинадики, бу азоб олдида дунёдаги барча азоб уқубатлар роҳат бўлиб қолади. Энди у жаҳаннамда шундай азобларга гирифтор бўладики, бунинг олдида ўлаётган соатида кўрган азоби роҳатга айланиб қолади.

    Юқорида айтганимиздек яратган Борий азза ва жалла эркаклар қандай бўлиши ва нималар қилиши шунингдек аёллар ҳам нима қилишларию қандай юришларини умумий ва батафсил баён қилди. Умумий буйруқлар келган оятларда эркак-аёл баробар мукаллафдирлар. Бунга ислом асослари бўлмиш намоз, рўза, закот каби фарз амаллар киради. Аллоҳ эркакларни аёллар устидан бош қилиб қўйди. Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 34-оятида шундай дейди: «Эркаклар хотинлари устида раҳбардурлар. Бунга сабаб Аллоҳ уларнинг бировларини бировларидан (яъни эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир. Бас, ибодат-итоатли ва эрлари йўқлигида Аллоҳнинг ҳифзу ҳимояти билан (эрларининг мол-мулкларини ва ўз иффатларини) сақловчи хотинлар — яхши хотинлардир….

    И з о ҳ. Ушбу оятда оиладаги эр билан хотиннинг ўрни белгилаб берилган. Шариат ҳукмича, эр аввало оиланинг барча молиявий ва маънавий тарафларига жавобгар бўлган, уни четдан бўладиган ҳар қандай хуружлардан ҳимоя қиладиган шахсдир. Мана шулар эвазига ва эркак киши учун фазилат ҳисобланмиш оғир-босиқлик, оила тебратишдаги тадбиркорлик каби сифатлар сабабли у оиланинг бошлиғи саналади. Яхши хотин эса диёнатли, эрнинг уйини обод қиладиган ва унга бир умр садоқатли бўлган аёлдир.»

    Яна эркакларга буюриб шундай дейди: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур.» (Таҳрим: 6)

    Аёлларга ҳам табиатларига муносиб ҳолда Нур сурасининг 31-оятида мана бундай буюрган: «Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар! Улар зеб-зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига…»

    Аҳзоб сурасининг 33- оятида эса мана бундай буйруқ қилди: «Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда (барча ишларда) Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат этинглар!»

    Аллоҳ барчамизни тўғри йўлга йўлласин.

    Ҳурматли Гулнора, сиз бизнинг саҳифамиздаги мақолалар бўлимидаги аёлларга хос мақолаларимизни ўқидингизми? Агар ўқимаган бўлсангиз уларни ўқишга тавсия этамиз.

    Биз яна қўлимиздан келганича сизга насиҳат қилишга ҳаракат қиламиз.

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962