Яхши яшаш ва бахтли ҳаёт кечиришни ким қандай тушунади

    Абдулазиз ибн Абдулфаттоҳ қори
    Ислом Нури таржимаси

    Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

    Аммо баъд…

    Мўмин биродарлар! Яхши яшаш бу ҳаётдаги олийжаноб мақсад ва юксак ғоялардан бўлиб, ҳар бир одам боласи шунга интилади, уни қидиради, ортидан югуради, унга эришиш йўлида кўп нарсаларни қурбон қилади. Бу ҳаётда бирон бир инсон йўқки, яхши яшаш ва бахтли ҳаёт илинжида елиб-югурмаса, унга эришиш учун жон куйдирмаса, бунинг йўлида қийинчиликларни кўтармаса. Бу ҳақиқатга барча одамлар иттифоқ қилганлар. Бироқ, яхши ҳаёт деганда нимани тушуниш керак, бахт маъноси нима, деган савол жавобида бу каби иттифоқни кўрмайсиз, балки ҳар ким бу саволга ўзининг тушунчасидан келиб чиқиб жавоб беради. Бинобарин, унга эришиш ва уни қўлга киритишда ҳам ҳамма ўзига хос услуб ва воситаларга мурожаат қилади.

    Инсоният элатлар ва миллатлар даражасида бўлсин, катта-кичик жамиятлар даражасида бўлсин, бу маънони тушунишда бир-биридан кескин фарқ қилади. Ҳатто, биргина оиланинг аъзолари ичида ҳам бу борада турлича фикрлар ва қарашлар мавжудлигини кўриш мумкин. Кўп ҳолларда отанинг яхши яшаш ва бахтли ҳаёт ҳақидаги тушунчаси боласининг тушунчасидан бутунлай бошқача, оғанинг тушунчаси ининикидан ўзгача, хотиннинг тушунчаси эрникидан фарқли бўлиб чиқади, бунинг ортидан қанчадан-қанча уруш-жанжаллар ва келишмовчиликлар ўртага чиқади.

    Ҳамма замонларда ҳам яхши ҳаёт тушунчаси атрофида одамлар тафовутли бўлиб келганлар. Бу маънода уларни бир неча гуруҳларга бўлиш мумкин.

    Баъзилар яхши ҳаёт деганда мол-дунёси кўп бўлишини, ризқи кенг-мўл бўлишини тушунади, шунга эришиш учун ҳаракат қилади, жон куйдиради, мақсадига етказиши мумкин бўлган ҳамма воситаларни ишга солади. Ҳатто, айримлар бўладики, бу мақсад йўлида ҳар қандай воситани қўллаш мумкин деб ҳисоблайди ва мақсадига эришиш учун ҳаром-ҳариш йўлларга юришдан ҳам тоймайди.

    Дунё топиш учун судхўрлик қилишдан ҳам тортинмайди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳ таоло рибони егувчини ҳам, унга рибо берувчини ҳам, котибини ҳам, гувоҳларини ҳам лаънатласин» деган ҳадисларини эшитгиси ҳам келмайди (ҳадисни Имом Муслим «Саҳиҳ»ида (1598) ривоят қилган).

    Порахўрлик билан бўлса ҳам мол кўпайтиришга тиришади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Аллоҳ таоло порахўрни ҳам, унга пора берувчини ҳам, улар ўртасига тушиб ҳаракат қилувчини ҳам лаънатласин» деган ҳадисларини айтилса, у қулоғидан кириб, бу қулоғидан чиқиб кетади (Шу маънодаги ҳадисни имом Аҳмад (2/387) ва Имом Термизий (1336) ривоят қилганлар, Термизий ҳасан, саҳиҳ санаган).

    Етимларнинг молини зулм билан еб бўлса-да, одамларнинг молларини ботил йўл билан қўлга киритиб бўлса-да, хиёнат, алдов, ёлғон қасам ичиб ва ҳаром ҳийлалар қилиб бўлса-да мол-дунё кўпайтиришга ҳаракат қилади. Буларнинг ҳаммасини у ўз тушунчаси бўйича яхши яшаш ва бахтли ҳаёт кечиришга эришиш йўлида қилади, бу йўлда ўзини ҳам аямайди, қўл остидагиларни ҳам аяб ўтирмайди, уларни қийинчиликларга гирифтор қилади, зулм ўтказади. Шу йўл билан ҳатто Аллоҳ ва Расули улардан огоҳлантирган кимсалар сафига қўшилиб қолади: «Бас, сизни уларнинг молу дунёлари ва бола-чақалари қизиқтирмасин! Чунки Аллоҳ ўша нарсалар сабабли ҳаёти дунёда уларни азоб-уқубатга солишни ва кофир бўлган ҳолларида жонлари чиқишини истайди, холос» (Тавба: 5).

    Ўзининг тушунчасида бўлмаганларни яхши ҳаёт маъносини тушунмайдиган ва унинг мазасини билмайдиганлар деб атайди. Молни ҳалолдан касб қилиб, ҳалолга сарфлашга, у билан Аллоҳнинг тоатида ёрдамланишга, мол-дунё динларини фитнага солмаслигига ҳаракат қиладиган одамлар камайиб кетди. Жуда кўпчилик одамни кўрасизки, на баданида роҳат бор, на кўнглида хотиржамлик бор. Нархлар тушиб кетса, ғамдан юраклари ёрилиб кетишга яқин бўлади, нарх-наво кўтарилиб кетса, тамаъдан юраклари отилиб чиқишга яқин бўлади. Улар доим икки ўт ўртасида бўлиб, на кўнгиллари таскин топади, на яшашларида ҳаловат бўлади. Шу молни деб ҳаётлари фитна ичида ўтади, шу молни деб асаблари қақшайди, шу молни деб машаққатларга гирифтор бўлишади. Қўлларида пул бор, дунё ишларига ошиқадилар. Лекин, одамларнинг молларини қўлга киритишни Аллоҳ таборака ва таолонинг тоатини қўлга киритишдан муқаддам қўядилар. Эртага Аллоҳ таоло ҳузурида туришлари, ошкору яширин ҳамма нарсадан яхши хабардор, ғайбни билувчи Зот олдида сўроқ-саволга тутилишлари ҳақида фикр қилмайдилар. Улар наздида яхши ҳаёт маъноси шудир.

    Яна бир турли одамлар борки, яхши ҳаётни мансаб ва обрўга эришишда деб кўрадилар, унга эришишга жон-жаҳдлари билан ҳаракат қиладилар, шу мақсад йўлида ҳар қандай қимматли нарсаларини қурбон қилишга тайёр бўладилар. Мансабларга тирмашадилар, унга ўзларини боғлайдилар, мансаб пиллапояларидан кўтарилишда ҳамкорлик қилган ва ёрдам берган кишиларни мунофиқ ва тилёғламачи бўлса ҳам яхши кўрадилар, ўзларига холис насиҳат қилган соф ниятли кишиларни ёмон кўрадилар. Кўпларининг ҳолати шундан бошқача эмас. Шундай бўлгани ҳолда, мана шу ҳаётни энг яхши ҳаёт деб биладилар, динларидан баъзи нарсани қўлдан бериш, Парвардигорларининг тоатидан машғул бўлиб қолиш, Холиққа маъсият бўладиган ўринларда махлуққа итоат қилиш уларни қайғуга солмайди. Камдан-кам одам мансабни ўзи истамаган ҳолда, фақат Аллоҳнинг тоати деб қабул қилади, мансаб берилса унинг масъулиятини адо этишда Аллоҳдан ёрдам сўрайди ва унда Аллоҳга итоат қилади, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Зар розияллоҳу анҳуга айтган насиҳатларини ёдда тутади: «Эй Абу Зар, сиз заифсиз. Амирлик омонат, қиёмат куни эса шармандалик ва надоматдир. Фақат ким уни ҳақ билан ушласа ва зиммасидаги омонатни адо этса бундан мустасно» (Имом Муслим ривояти).

    Яна бир турли одамлар борки, яхши яшаш ва бахтли ҳаёт деганда фақат нафс шаҳватларига етишишни, кўнгил истаклари ва ҳаёт лаззатларидан нафси тилаганича фойдаланишни тушунади, уларга ҳар қандай йўл билан бўлса-да етишишга уринади, бу йўлда Аллоҳ таолонинг маъсиятларига қўл уришдан ҳам чекинмайди. Ундайларни кўрасизки, ҳаром-ҳаришдан парҳез қилмай, тўғри келган нарсани еб-ичиб, кўнгиллари тилаган маишатни қилиб, ҳайвонлардек, балки ҳайвонлардан ҳам тубанроқ ҳаёт кечиришади, «Аллоҳдан қўрқсаларинг бўлмайдими?!», дейилса ҳайрон бўлишади, яхши ҳаёт маъносини улардан бошқача тушунадиган одамлардан ажабланишади, маишат учун бир диёрдан бошқа диёрга боришга, Аллоҳнинг маъсияти учун, гуноҳлар билан лаззатланиш учун сафарларга чиқишга асло эринишмайди. Уларни тансиҳатлик, ватаннинг тинчлиги, ҳаётнинг тўкинлиги неъмати алдаб қўяди. Ушбу неъматларга шукрона бажо келтириш ўрнига куфрони неъмат қилишади. Қалбларини ғафлат эгаллаб олганидан атроф диёрлардаги халқларнинг урушлар, бало-ю офатлар ва ҳар хил касалликлар билан силлалари қуриб ётганини, баъзи жойларда одамлар очликдан ўлаётганини кўриб ва эшитиб туриб, бундан ибрат олишмайди, аксинча, ғафлатлари яна ҳам зиёдалашади. Уларга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари ғоят мос келади: «Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир» (Аъроф: 179).

    Яна бир хил одамлар борки – уларнинг аянчли аҳволида бўлиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз – яхши ҳаётни фақат Аллоҳнинг маъсиятида кўришади. Гуноҳу маъсиятларни ошкора қилишади, қилаётган гуноҳлари билан мақтанишади, баъзилари ҳатто қилаётган гуноҳларини гуноҳ деб билмайди ҳам, маъсият ботқоғига қанчалик чуқур ботса, яхши ҳаётдан шунчалик кўп насибадор бўлаяпман деб ўйлайди, улардан бошқача фикрлайдиганларни ҳаётнинг лаззатидан бебаҳралар деб устларидан кулишади. Ширк ва куфр аҳлидан бўлсалар, ўзларининг ширк ва куфр билан, Аллоҳни ва Унинг пайғамбарларини ёлғончи қилиш билан тўлган ҳаётларини яхши ва озод ҳаёт деб билишади. Аллоҳга ширк келтиришади, тавҳид аҳлини айблашади, Аллоҳга осий бўлишади, Унга тоат-ибодат қилувчиларга озор беришади. Агар ширк ва куфр аҳлидан бўлмай, гуноҳи кабира аҳлидан бўлсалар – ундайлар бугун ҳаддан зиёд кўпайди – бир гуноҳи кабирадан бошқасига ҳеч тортинмай ўтишади, дилларидан Аллоҳнинг ҳайбати ва улуғворлигини ҳис қилиш йўқолган, қалблари муҳрланиб қолган бўлади. Шу боис маъруфни мункар, мункарни маъруф деб кўрадиган бўлиб қолишади. Улар наздида яхши ҳаёт маъноси мана шудир. Аллоҳ ундайлардан Ўзи асрасин.

    Бундан бошқа ҳам яна кўплаб турдаги одамлар борки, уларни кундалик ҳаётда кўриб, эшитиб турилади. Бироқ, ҳозир уларни бирма-бир санаш мақоми эмас. Аллоҳ азза ва жалладан бизларга Ўзи рози бўладиган покиза ҳаёт ато этишини ва бизни Ўзининг тўғри йўлида қилишини сўраймиз.

    Мўмин биродарлар! Бу ҳаётдаги айрим тоифа аҳлларини ва уларнинг яхши ҳаёт ҳақидаги тушунчаларини билиб ўтганимиздан кейин, келинглар, энди Аллоҳ таборака ва таоло яхши ва покиза ҳаёт деб атаган бахтли ҳаёт қандай бўлишига қулоқ тутайлик. Аллоҳдан кўра тўғрироқ сўзловчи ким бор?!

    Аллоҳ таборака ва таоло айтади: «Эркакми ё аёлми  кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, Биз унга яхши-покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 97).

    Бу Аллоҳ таолонинг гувоҳлиги ва яхши ҳаёт ҳақидаги таърифидир. Бироқ, жуда кўпчилик одамлар бундан ғофил бўлиб, олдиларида турган бахтли ҳаётни кўрмай, уни бошқа жойлардан излашади. «Эркакми ё аёлми — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, Биз унга яхши-покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз».

    Дунёда ҳам уларга покиза ҳаёт ато этилади: «Биз унга яхши-покиза ҳаёт ато этурмиз».

    Охиратда ҳам покиза ҳаётга муяссар қилинадилар: «Уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз».

    Демак, покиза ва бахтли ҳаётнинг пойдевори катта ва буюк, бироқ Аллоҳ енгил қилганларга енгил бўлган иккита иш устига қурилади:

    Биринчи иш: Аллоҳ таборака ва таолога иймон келтириш.

    Иккинчи иш: Аллоҳ таборака ва таоло тузиб берган ва Унинг Пайғамбари келтирган шариатга мувофиқ солиҳ амал қилиш.

    Ушбу покиза ҳаёт билан энг аввал баҳраманд бўлган ва унинг маъносини билган кишилар Аллоҳнинг пайғамбарларидир – барчаларига Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин – ва уларнинг имоми, саййиди ва сўнггилари бўлмиш пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар.

    Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари ва у зотнинг пайғамбар биродарларининг асҳобларидир. Уларнинг бошида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу турадилар. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у киши ҳақларида: «Агар умматим ичидан бирон кишини халил тутсайдим, албатта Абу Бакрни халил тутган бўлардим», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

    У кишидан сўнг Умар, Усмон, Алий розияллоҳу анҳум, сўнг бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳум, сўнг то қиёматгача уларга яхшилик билан эргашган зотлар турадилар.

    Улар бахтли ҳаёт маъносини билиб, у учун амал қиладилар, бу ҳаётнинг маъносини англаб, унга ўз ҳаққини берадилар ва охират ҳаётининг маъносини англаб, унга ҳам ўз ҳаққини берадилар. Улар Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ўқиб, англайдилар: «Сизларга берилган нарсалар фақат ҳаёти дунёнинг мато ва зийнатларидир. Аллоҳ ҳузуридаги (ажру-мукофот) эса яхшироқ ва боқийроқдир. Ахир ақл юргизмайсизларми?!» (Қасас: 60).

    Улар Аллоҳ таолонинг мана бу оятларидан огоҳланадилар: «Куфр йўлини тутган кимсалар учун бу ҳаёти дунё чиройли қилинди. Улар иймон эгаларининг устларидан куладилар. Ҳолбуки, Қиёмат Кунида тақводор зотлар улардан баланддир. Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга ҳисобсиз ризқ беради» (Бақара: 212).

    Агар уларга дунё оқиб келса ва ўзлари истамаган ҳолда остоналарига келса, бу уларни охиратдан маҳрум бўлиб қолишлари ҳисобига эмасмикин деб қўрқиб, ундан воз кечадилар. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу сўзларга қулоқ тутинг: «Аллоҳга қасамки, агар истасам, ораларингиздаги энг фахрли либос ва энг хушхўр таом эгаси бўлар, ичингизда энг дабдабали ҳаёт кечирувчи ўзим бўлар эдим. Аммо, мен Аллоҳ таолонинг айрим қавмларни айблаб: «Сизлар ўз ҳузур-ҳаловатларингизни ҳаёти дунёларингиздаёқ кетказдингиз ва улардан фойдаланиб бўлдингиз» (Аҳқоф: 20), деганини эшитганман».

    Алий розияллоҳу анҳу туннинг охирги соатларида бедор бўлар ва соқолларини тутамлаб, дунёга хитоб қилиб айтардилар: «Сен ҳали менга оқиб келдингми?! Менга ўзингни пардозлаб кўрсатдингми?! Ҳайҳот, ҳайҳот! Бор, мендан бошқасини алда! Мен сени уч талоқ қилдим. Сенинг тамаинг ҳақир, мажлисинг хатарли. Бор, мендан бошқасини алда! Ҳайҳот! Оҳ, (охират учун) озуқа мунча кам бўлмаса, сафар нақадар йироқ бўлмаса, йўл нақадар хатарларга тўла бўлмаса!» (Абу Нуъайм «Ҳиля»да келтирган, санади заиф).

    Аллоҳдан қўрқинг эй Аллоҳнинг бандалари! Билингки, покиза ва бахтли ҳаётнинг маъноси шудир! Сиз шу ҳаётга қизиқинг, унга озуқа олинг! Ундан ғофилларнинг ва ҳалокат сари йўл олганларнинг кўплиги сизни алдаб қўймасин! Билингки, сизни Аллоҳнинг розилигига етказадиган ягона йўл шудир!

    Аллоҳнинг бандаси ва расулига саловот ва саломлар айтингиз. Аллоҳ таоло сизларни шунга буюриб: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!», деди (Аҳзоб: 56).

    Эй аллоҳим, Ўзингнинг севикли пайғамбаринг Муҳаммад Мустафога, у зотнинг аҳли ва асҳобига ҳамда то қиёмат уларга яхшилик билан эргашганларга саловоту саломлар йўллагайсан.

    24.04.2009

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962