Бизга боғланинг
Кўчада юриш одоби
Эй ўғлон, кўчада кўп одам юради. Уларнинг баъзилари пиёда, баъзиси машинага
минган, бири шошилган ва бошқаси шошмасдан секин кетаётган, улардан баъзиси ёши
катта бўлса, бошқаси кичкина. Агар сен уларнинг орасида юрсанг, ўзингни ва
бошқаларни йўл озорларидан сақлашга мажбурсан. Шунинг учун сен қуйидаги
насиҳатларга қулоқ солишинг керак:
1. Тиқин кўчада кетаётганингда пиёдалар йўлакчасида юр.
2. Агар бирон дўстинг ёки қариндошингни кўриб қолсанг ва у билан кўришмоқчи бўлсанг, йўлнинг ўртасида у билан узоқ турма.
3. Агар кўчада ўртоқларинг билан кетаётган бўлсанг, энига бир саф бўлиб кўчани тўлдириб олманглар, чунки йўл ёлғиз сизлар учун эмас.
4. Агар бир ожиз ёки заиф киши йўлдан ўтказиб қўйишликни сўраб сендан ёрдам сўраса, унга ёрдам бер. Бу бечора билан юришга уялма.
5. Кўчада кетаётганингда китоб ўқиш билан машғул бўлма, ён-атрофга кўп аланглама. Тижорат дўконлари ёки ўйингоҳлар олдида кўп туриб қолма.
6. Юрганингда шошилиб тез ҳам юрма, жуда секин ҳам юрма, ўртача юргин ва доимо олдинга қара.
7. Машинага ёки бирон бир маркабга минган бўлсанг ҳам йўлда кетаётганингда овқат ейишинг одобдан эмас.
8. Йўлда ётган тошни оёғинг билан тепма ва сотувчилар дўконларининг эшикларига осиб қўйган молларни ўйнама.
9. Агар сен велосипед ёки машинага минган бўлсанг, кўчанинг ўнг томонидан юр.
10. Юриб кетаётган трамвайга минишга ёки ундан тушишга уринма.
11. Агар йўлдан адашиб қолсанг ёки биродаринг жойини билмай қолсанг, одоб билан ён-атрофдагилардан сўра.
12. Агар бирон кишига билмасдан озор етказиб қўйсанг, масалан унга туртилиб кетсанг ёки қўлидан бирон нарсани тушириб юборсанг ёки унинг оёқ кийимини босиб олсанг, ундан мулойимлик билан кечирим сўра.
13. Ўзинг танимайдиган одамнинг юзига узоқ тикилиб турма ва ногиронларни-заифларни масхара қилма.
Ҳикоя
Бир ота ўғлига мактабга трамвайда бориб келиши учун йўл ҳақи бериб турар эди.
Бир куни нафси бу ўқувчини трамвайнинг пулига холва сотиб олиб пиёда қайтгин деб
васваса қилди. У уйга қайтаётганида баъзи ёмон болаларнинг трамвай орқасига
осилиб кетаётганларини кўриб, бу ҳам уларга ўхшаб трамвайга осилиб олди. Трамвай
тез кетаётган эди. Тўсатдан чипта текширувчи уни кўриб қолди. Бола қўрқиб кетиб
ўзини ерга отди. У юз-қўли билан ерга йиқилиб, кийимлари йиртилди. Китоблари
сочилиб кетди. Юзи, билаклари ва оёқлари шикастланиб хушидан кетди. Кейин
тез-ёрдам машинаси келиб уни шифохонага олиб кетди. У шифохонада бир неча кун
қолиб, бутунлай соғайгандан кейин уйига қайтди. Қайтиб бундай иш қилмасликка аҳд
қилди.