Кўз тегиши ва унинг давоси

    Савол:

    Кўз тегиши ҳақиқатан бор нарсами, Аллоҳ таолонинг «Ҳасад қилаётган ҳасадгўйнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўрайман» (Фалақ: 5) ояти шунга далолат қиладими? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Қабрдагиларнинг учдан бири кўз тегишидан (ўлган)» деган маънода айтган ҳадислари борми? Агар инсон бировнинг ҳасад қилаётгани ҳақида шубҳаланса, мусулмон киши бундай ҳолатда нима қилиши ва нима дуоларни ўқиши лозим? Кўзлаган (кўзи теккан) одамнинг ювинган сувини олиб, кўз теккан кишини шу билан ювинтириш ёки унга ичкизиш у учун шифо бўладими?

    Жавоб:

    Кўз тегиши аслида, кўзи тегувчининг бир нарсани ёқтириб қолишидан келиб чиқади, кейин у ўзининг хабис-нопок нафсининг сўзига кириб, кўз тегувчи ўша кишига кўзини тикиш билан ўзининг заҳрини ўтказади.

    Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ тилаб: «Ҳасад қилаётган ҳасадгўйнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўрайман» (Фалақ: 5), дейишга буюрди. Ҳар бир кўзчи ҳасадчидир, лекин ҳар бир ҳасадчи кўзчи бўлавермайди. Ҳасадчи кўзчидан умумийроқ бўлгани учун ундан паноҳ тилаш кўзчидан паноҳ тилашни ҳам англатади. У ҳасадчи ва кўзчи томонидан ҳасад қилинувчи ва кўзланувчи кишига қараб отилган ўқ бўлиб, баъзан унга тегади, баъзан тегмайди. Агар ўша киши ўзини сақламаган ва очиқ қолдирган бўлса, унга таъсир қилади, агар эҳтиётини қилиб, ўқ ўтмас тўсиқлар билан ўзини сақлаган бўлса, таъсир қилмайди, аксинча, отган ўқи ўзига қайтиб келиши ҳам мумкин («Зодул-маъод» китобидан бироз қисқартириб келтирилди).

    Кўз тегиши ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳадислар собит бўлган. Жумладан, «Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинганки: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўздан сақланиш учун руқя ўқишимга (ўзимга дам солишимга) буюрардилар» (Имом Муслим ривояти: №5851).

    Муслим, Аҳмад, Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ва Термизий саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кўз тегиши ҳақдир. Агар тақдирдан бирон нарса ўзиб кетса эди, албатта кўз тегиши ўзар эди. Агар сизлардан ювиниб бериш талаб қилинса, ювинингиз!» (Муслим: №5831).

    Аҳмад, Термизий келтирган ва саҳиҳ санаган ҳадисда Асмо бинт Умайсдан ривоят қилинади: «Мен: «Ё Расулуллоҳ, Жаъфарнинг болаларига кўз тегяпти, уларга руқя ўқийликми? (дам солайликми)», деган эдим, у зот: «Ҳа, агар тақдирдан бирон нарса ўзиб кетса эди, албатта кўз тегиши ўзар эди», дедилар» (Саҳиҳ, Ас-силсилатус-саҳиҳа: №1252).

    Абу Довуд Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Кўзчига буюриларди, у таҳорат қилар, сўнг ўша сув билан кўз теккан одам ювинарди» (Саҳиҳ, Ас-силсилатус-саҳиҳа: №2522).

    Имом Аҳмад, Молик, Насоий, Ибн Ҳиббонлар Абу Умома ибн Саҳл ибн Ҳунайфдан ривоят қилишади, унга отаси (Саҳл ибн Ҳунайф) айтиб берган экан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (сафарга) чиқдилар ва Маккага қараб йўл олдилар. Жуҳфадаги Хаззор водийсида эканларида Саҳл ибн Ҳунайф ювинаётиб устки кийимини ечди, Омир ибн Рабиа унга қараб турган эди. Саҳл оппоқ, чиройли одам эди. Омир: «Бугунги кундагидек келинларга хос бундай терини кўрмаганман» деди. Саҳл ўша жойнинг ўзида касал бўлиб қолди ва беморлиги кучайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг беморлиги ҳақида хабар берилди ва бошини кўтара олмаяпти, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бунга ким айбдор деб ўйлайсизлар?» деб сўрадилар. «Омир ибн Рабиа назар солганди» дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақиртирдилар ва аччиқланиб унга: «Нега бировингиз ўз биродарини ўлдиради?! Сени ажаблантирган нарсани кўрган пайтингда баракот сўраб дуо қилсанг бўлмасмиди?! Энди у учун ювиниб бер» дедилар. Омир юз-қўлларини, билакларини, тиззаларини, оёқлари атрофини ва изори ичини бир ишидга ювиб берди, сўнг ўша сувни Саҳлнинг устидан қуйилди. Бир киши сувни унинг бошига ва орқа томонига қуярди. Шундай қилингач, Саҳл кечга бориб, ҳеч нарса бўлмагандек одамлар билан бирга йўлга чиқди. (Саҳиҳ, Саҳиҳ Ибн Можа: №2822).

    Мазкур ва бошқа ҳадислардан, шунингдек воқеъдан ва гувоҳ бўлинган ҳодисалардан келиб чиқиб, жумҳур уламолар кўз тегиши бор нарса эканига иттифоқ қилганлар.

    Аммо, сиз зикр қилган «Қабрдагиларнинг учдан бири кўз тегишидан (ўлган)» деган маънодаги ҳадиснинг саҳиҳлигини билмаймиз[1]. Аммо, «Найлул-автор» соҳиби зикр қилишича, Баззор ҳасан санад билан Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Умматимдан вафот этадиган кишиларнинг аксарияти Аллоҳнинг қазо ва қадаридан сўнг нафаслар (яъни кўз) биландир», деганлар. (Ҳасан, Ас-силсилатус-саҳиҳа: №747).

    Мусулмон киши ўзини шайтонлардан, инсу жинлардан Аллоҳга бўлган иймон қуввати, Унга суяниш ва Унгагина таваккул қилиш, Унга илтижо қилиб, паноҳ тилаш билан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганидек руқялар ўқиш, икки «Қул аъузу» ва «Қул ҳувалоҳу аҳад» сураларини, «Фотиҳа» сураси ва «Оятул курсий»ни, дуолардан эса қуйидагиларни:

    (أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللَّهِ التَّامَّاتِ مِنْ شَرِّ ما خَلَقَ)

    Яъни: «Аллоҳнинг мукаммал калималари билан У яратган махлуқотнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман»,

    (أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللَّهِ التَّامَّاتِ مِنْ غَضَبِهِ وَعِقَابِهِ، وَشَرِّ عِبَادِهِ، وَمِنْ هَمَزَاتِ الشَّيَاطِينِ، وَأَنْ يَحْضُرُونِ)

    Яъни: «Аллоҳнинг мукаммал калималари билан Унинг ғазабидан, азобидан, бандаларининг ёмонлигидан, шайтонларнинг васвасаларидан ва уларнинг менга ҳозир бўлишларидан паноҳ тилайман» дуоларини ўқиш билан, яна Аллоҳ таолонинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир! Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзигина барҳақдир! (Мен Унинг) Ўзига суяндим. У зот улуғ арш соҳибидир» (Тавба: 129) оятини ўқиш билан, шунингдек ундан бошқа шаръий дуо ва зикрлар билан паноҳланиши мумкин. Ибнул Қаййимнинг жавобнинг бошида келтирганимиз сўзларининг маъноси шудир.

    Агар бир киши бировнинг ўзига кўзи текканини билса ёки шундай қилгани ҳақида гумон пайдо бўлса, кўзи теккан одамга шу биродари учун ювиниб (сувини) бериши буюрилади. Унга бир идишда сув келтирилади. Сўнгра у ўша идишга қўлини солиб, ундан сув олиб, оғзини чаяди ва оғзидаги сувни бошқа идишга чиқаради. Кейин ўша идишни тутиб туриб, унга юзини ювади. Кейин чап қўли билан сув олиб, ўнг тиззасига сув қуяди ва сувни ҳалиги идишга оқизади. Кейин ўнг қўли билан сув олиб, чап тиззасига шундай қилади. Кейин изори (шими, иштони) ичига сув қуйиб (тиззадан белгача бўлган ўринлар назарда тутилмоқда, тарж), ҳалиги идишга оқизади. Кейин ўша идишдаги сувни кўз теккан одамнинг бошига орқа томонидан қуйилади. Шу билан Аллоҳнинг изни билан у тузалиб кетади.

    Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга ҳамда у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўлласин.

    (Илмий Тадқиқотлар ва Фатво бериш Доимий Қўмитаси: 1/270).

    [1] Мавзуъ, Табароний «Ал-кабийр»да Асмоъ бинт Умайсдан қуйидаги лафзлар билан марфуъан ривоят қилган: «Умматимнинг ярмига қазиладиган қабрлар кўздандир». Ҳайсамий: «Ушбу ҳадис ровийлари силсиласида Алий ибн Урва ад-Димашқий бор, у каззобдир», деган. Албоний «Аз-заифа»да келтирган: №1648).

    Ислом Нури
    Ислом Нури

    Ислом Нури ўзбек тилидаги Исломий аҳлуссунна веб саҳифаси

    Articles: 1962